“Одам ҳали ҳам борлиқ олдида ожиз” – ёзувчи Назар Эшонқул билан суҳбат


Сақлаш
20:01 / 27.10.2025 8 0

Адабиётимизда миллий насрда мавжуд адабий қолипларни янгилаш истагида ижод қилувчи ёзувчи Назар Эшонқулнинг бетакрор асарлари бадиий эстетик ҳодиса ўлароқ бўй кўрсатади. Адабий қолипларни янгилаш ва шахс эркинлиги масаласини бирламчи ўринга қўйиш адиб ижодининг бош хусусиятларидан, дейиш мумкин. Назар Эшонқулнинг қаҳрамонлари ва жамият ҳаётидаги тафаккур қарама-қаршилиги асарларда муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Ёзувчи идеалидаги қаҳрамон ёлғиз ўзи бутун бошли жамиятга қарши туради. Чунки инсон руҳиятидаги кечинмалар, тафаккур изтироби ёзувчини кўпроқ қизиқтиради. Айнан мана шу инсоний ҳолатларга ёндашув ва ўзига хос талқинда муаллиф услубининг моҳияти мужассам бўлади. Шунинг учун ёзувчи билан бўлган суҳбатда унинг ижодига, қаҳрамонлари, ижодий концепциясига кўпроқ  эътибор қаратдик.

 

“Фаришта” ҳикоясидаги қаҳрамон – катталарнинг масхара нишони бўлган Санчо ота-она томонидан полвон ва муллалардан эди. Тоғалари полвон, отаси чавандоз, бобоси мулла бўлган наслдан бундай фарзанд туғилиши… Оқибат бор сабаб ҳам мулоҳазага ундайди. Нега айнан етим ва чала инсон аждодларининг қадриятларига содиқ қолади? Катта авлоднинг таназзули десак, давомчи авлод бор. Исмда ҳам икки олам, яъни Бой+қул акс этган.

 

Бойқул ва унинг ҳикоядаги кўриниши болаликдаги хотирам билан боғлиқ. Бойқул деган узоқ қариндошимиз бўларди. Гавдаси, кўриниши ҳикоядагидай. У турган шох бизнинг тўртинчи бобомизга бориб тақаларди. Бобонинг феъли ёш болалигича қолганди. Бойқул бобо биз билан мол боқар, қўшилиб ўйнарди. У билан кураш тушишни яхши кўрардик, чунки уни ҳаммамиз йиқитардик. Момомнинг айтишича, у чала туғилган экан. Баъзида Ҳанифа деган полвонсифат аёл ҳам мол ҳайдаб чиқарди. Иккаласи бўйинса, тенгдош эди. Баҳс бойлашиб, иккаласи олишиб кетишар ва ҳамиша Ҳанифа момо ютарди. Бойқул бобо бундан ҳеч қачон хафа бўлмас, ўзини болалар олдида изза бўлдим деб ўйламасди. Ўзи умуман, у болалар орасида ҳеч қачон ҳеч нарсадан хафа бўлмасди. Ҳамиша ёш боладай кулиб юрар, унга ким билан бўлса ҳам ўйнаса бўлди эди.

 

Мен ақлимни таниб, унча-мунча китоб ўқиб ўзимни ақлли ҳисоблай бошлагач, унда ибтидоий аждодларимизнинг қайсидир гени такрорланган, деган хулосага келгандим. Бахши тили билан айтганда, “дунё ҳали жуда ёш“ бўлган ибтидоий тасаввурлар билан бугунги қариб қолган дунёмизни солиштирганда кўп нарса йўқотганимизни ҳис қилганман. Мана шу ҳисдан қолган таассурот ҳикояда шунчаки фон вазифасини ўтайди. Аслида, мен унинг вужуди ва ҳали болалик жўш уриб турган ақл даражаси орқали тобора кичрайиб кетаётган қадриятларни, бизни қудратли ва кучли қилиб турган ичимиздаги ўтмишнинг емирилишини тасвирлашни истагандим. У шу ниятнинг моддий кўриниши, холос. Исм борасида ҳам англамингиз тўғри. Бойқулнинг асл исми Боймирзо бўлган. Шўролар давридаги “ҳушёр” одамлар мафкурага мослаб мирзони қулга алмаштиришган. Айни болалик хотирам менга ҳикоядаги ғояни айтиш учун деярли тайёр материал бўлган.

 

Ҳикояда қаҳрамонга Санчо лақабининг берилиши ҳам мулоҳазали. Сервантес ижодини тадқиқ қилганингизда “Дон Кихот” асари талқинида Санчо гуманизмни бошлаб берди”, деган фикрни ёзгансиз. Бу асарингизда ҳам “Дон Кихот” билан боғланишларни илғагандай бўлдик.

 

Тўғри англабсиз. Ҳикоя қаҳрамонига Санчо лақабини бериш Дон Кихот ҳақидаги эсселарни ўқиётганимда келган. Гассет Санчо образига оломон тимсоли сифатида баҳо беради. Уни оломон вакили ва рамзи дейди. Менга эса Санчонинг Дон Кихотнинг хаёлпарастлигига ўзини қурбон қилиши ва шу қурбон бўлган ҳолатда ҳам ҳаётдан нолимаслиги, Дон Кихотга содиқ бўлиб қолиши кўпроқ таъсир қилган. Сервантес роман ёзган даврларда оддий одамнинг хаёлий қаҳрамонлари бўлган рицарлар қаторида бўлиб қолиши – қаҳрамон қилиб олиниши жасорат эди. Сервантес Санчони бош қаҳрамонлардан бирига айлантириш билан адабиётнинг ўзанини оддий гуманизм томон буриб юборган. Менга ҳам қачонлардир улуғвор бўлган қадимги шавкатли руҳимизни эслатиб турадиган бахшилар давримизнинг Дон Кихотлари бўлиб туюлади.

 

“Қултой” ҳикоясида Арзихол нега бунчалик таҳқирланади? Ўз уйидан, қишлоғидан кетган, Терсота уни 40 йил қабул қилмайди. Яратган уни шундай яратган экан, бандалари уни бунчалик таҳқирлашининг боиси не? Бир аёлда шунча дард. Яна унинг қаҳратон қишда жон бериши... Тақдирни шунчалик қаҳри қаттиқ деб биласизми?

 

Саволингизга савол билан, ўзингиз келтирган саволни ўртага ташлаб кўрай. “Нега Арзихол бунчалик таҳқирланяпти. Ўз уйидан, қишлоғидан кетган, Терсота уни 40 йил қабул қилмаган, Яратган уни шундай яратган экан, бандалари уни бунчалик таҳқирлашининг боиси не?”..

 

Асли бу саволга жавоб бериш учун бутун инсониятнинг яратилиш тарихини титиб чиқишга тўғри келади. Мен аёл образларнинг ҳеч бирини мифик қатламдан узиб олмайман, уларнинг нимасинидир ўша – мифлар яратилган даврда қолдираман. Бу қайси аёл образи мен учун муҳим саналган бўлса, уларнинг ҳаммасига хос. Дейлик, Бийди момо мен учун мифлар яратилган даврларнинг аёл маъбуди бўлиб туюлади. Арзихолнинг гуноҳи билан Момо Ҳавонинг инсон зотини қувғин қилинишга олиб келган гуноҳини ёнма-ён тасаввур қилиб кўринг. Дин мифологиясидан келиб чиқсак, биз ҳалигача Момо Ҳавонинг тақиқланган мевани еганини қабул қилолмаймиз ва буни гуноҳ сифатида қабул қиламиз. Бунинг олдида терсоталикларнинг 40 йил Арзихолни қабул қилолмаслиги нима бўлибди. Умуман олганда, Арзихолнинг ва Момо Ҳавонинг гуноҳкорлиги ўртасида универсал хулосалар бор. Афсуски, бизнинг айни тафаккур тарзимиз бу саволга юзма-юз жавоб беришга ҳали қодир эмас.

 

Мифлар ибтидоий аждодларимизнинг қадимги тасаввурлари эмас, улар биз билан бирга яшашда давом этяпти. Улар ичимизда, тафаккур тарзимизда, оламни қабул қилишимизда ҳали ҳам гегемонлик қилиб, бизни бошқаришда давом этяпти. Фақат шакллар, ранглар, ифодалар, либослар ўзгарган. Арзихол мана шу саволларга жавоб сифатида, Момо Ҳавога бўлган бугунги муносабатларимизнинг бир кўриниши сифатида яратилган. У миллий номус ва шаън тушунчамизнинг, соддароқ айтсак, бизнинг ибтидога бўлган қарашларимизнинг – ичимиздаги мифнинг қурбони эмасми?

 

Адабиёт фақат ҳаётнинг эмас, инсон тафаккурининг ҳам инъикоси. Мифлар, халқ оғзаки ижоди турларидан битта жиҳати билан фарқ қилиб туради: Миф тўқилмаган, у яшалган. Одамнинг борлиқ олдидаги ожизлиги саволлар уйғотган, уларга жавоб излаб тасаввур қилинган ва шу тасаввур билан яшалган, оламдаги инсоннинг ўрни масаласи мушоҳада қилинган. Шунинг учун ҳам мифлар инсониятнинг дастлабки бадиий мушоҳадаси саналади, шу сабабли бадиият тили миф тили билан уйғун келади.

 

Гарчи биз техник асрда яшаётган бўлсак-да, одам ҳали ҳам борлиқ олдида ожиз, унинг жавоби топилмаган саволлари кўп. Тўғри, бугун маъбудлар, илоҳларга сиғиниш йўқ, бунақа ишончни фан инкор қилиб бўлган. Аммо улар ўрнини ғоя ва таълимотлар, эътиқоду ишончлар, қарашлар, бошқарув тизими эгаллаган. Булар инсонни худди маъбудлар ва илоҳлар каби бошқаришда, манипуляцияда ушлашда давом этяпти. Инсон муҳит ва борлиқ олдида ҳали ҳам ожиз, худди мифлар яратилган даврдагидек.

 

Мен аёлни қурбонликка маҳкум айбсиз айбдор деб биламан. Таъқиқланган мевани ейиш, иблисга алданиш бу аёлнинг айбими ёки пешонасига шу битикни аввалдан ёзганнингми? Қизиқ мантиқ. Диний тушунчага кўра, Яратган яратиғининг қисматини яратишдан аввал белгилаб қўяди, оқибатни тақдир қилиб битади. Унда тақиқ мевасини ейиш битикмиди ё гуноҳ… Момо Ҳаво қувғинга муносибми ёки пешонасидаги битикка мос яшагани учун эътирофгами? Анзиратнинг таҳқири мана шу фалсафий масалалар орасидаги масала асли.

 

Бийди момони эслатдингиз. “Уруш одамлари” қиссасидаги момо, умуман, аёллар тимсоли, табиати мулоҳазага чорлайди ўқувчини. Бу асарнинг сув ичган илдизи, қудуғи ҳам болалигингизми?

 

“Уруш одамлари” қиссасидаги аёлларга Масил момомнинг хислат, фазилатларини, ожизлигу қудратини сингдирганман. Бобом урушда вафот этганида момом 22 ёшда бўлган. Худди Бийди момо ва бошқа аёллар каби машаққатларга елка тутган. Момом эркак сўзига катта маъно юклар, ўғил бола невараларига оиланинг эркаги деб қарарди. Беш яшар ўғил болани ҳеч қачон ўзидан пастга ўтирғизмасди. Болаларини, невараларини ҳам шу удум билан тарбия қилган.

 

Қиссадаги Анзиратнинг аянчли ҳаётини ҳам болалик хотираларим асосида тасвирлаганман. 5 ёки 6-синфлигимда қишлоқда бир аёл ҳақида ноҳақ гап-сўз тарқалди. Эри қамалиб кетган аёлни ҳеч ким ҳимоя қилмади. Менда ўша пайтдан аёлни фисқу фасоддан ҳимоя қилиш комплекси пайдо бўлгандир балки.

 

Қиссада нима учун авлод давомчисини тарбияловчи аёл сифатида шаддод, ушлаган жойини узиб оладиган кенжа келин эмас, ювош, сал нарсага йиғлайдиган катта келин танланган?

 

Бийди момо ёшлигида шунақа бўлган, аммо ҳаёт – тарбиячи, уни аста-секин пишитган, тарбиялаган. Юмшоқ феълли одам ўзига кўп нарсани ола билади, хулоса қилолади, ўзини ўзгартира олади. Кичкина келин эса ҳаёт ҳақида хулосага келиб бўлган, унинг фикрини ўзгартириб бўлмайди. Шунинг учун катта келин танланган.

 

“Уруш одамлари“даги асосий мавзу бу – давр билан азалий ахлоқ тушунчаларининг тўқнашуви, ахлоқ тушунчаларининг давр босимида ўз ўрнини бошқа қарашларга бўшатиб беришга мажбурлиги эди. Бу қиссани 22 ёшда ёзгандим. Шунгами, уни қайта ўқигим ёки шу қисса ҳақида гапиргим келмайди.

 

Назар ака, ижодий концепциянгиздаги асосий ғоялар, ижтимоий муҳитни бадиий талқин қилишнинг энг муносиб кўриниши “Гўрўғли ёхуд ҳаёт суви” романида тўлалигича бўй кўрсатган. Асарнинг яратилиши ҳақида сўзлаб берсангиз?

 

Талотўп замонларда эркинлик ва мустақил фикрни ҳимоя қилувчи газетада ишлаганман. Иброҳим Ҳаққул бош муҳаррир, мен уларнинг ўринбосари эдим. Кейинчалик газета ёпилиб, суд қилинди, учтача ходим олти ой давомида сўроқ қилинди. Бу суриштирувлар ўта абсурд эди. Биз абсурд тузум билан юзма-юз турардик, унинг саволлари ҳам, усули ҳам, мақсади ҳам абсурд эди. Ҳар куни сўроққа чақиришарди. Эшик олдида соат 6-7 гача қабул қилишларини кутиб ўтирардик, кейин сўроқ олинмасдан кетаверинглар, дейишар, эртасига яна чақиришарди. Роман ғояси ўша пайти туғилган. Ўша жараёнда менда савол пайдо бўлган: Бу қандай жамият, нимани истайди? Буларнинг ҳеч бири ақлга сиғмайди. Бундай жараён инсонни чеклайди. Чунки ҳамиша ва ҳар қадамда худди “1984” романидаги каби сизга қадалган бегона нигоҳни ҳис қилиб турасиз. Кейин англаб етганманки, бош мақсад – айбдорни топиш бўлмаган, одамни шахс сифатида синдиришга, йўқ қилишга мослашган система ишга тушган бўлган. Романни синчиклаб ўқисангиз, буларнинг ҳаммаси бор.

 

Бизнинг тасаввуримиздаги эзгулик, адолат куйчиси, миллат виждони бўлган шоир асарда тузум қуроли, унинг чўлтоқ супургиси қиёфасида гавдаланади. Шоирнинг бутун бир адабиётни маддоҳлик, мақтов, хушомад қуролига айлантирган мадҳиябоз қиёфада тасвирлангани, унинг беҳузур қиладиган кўнгил айнишлари каби асосий ишораларнинг моҳияти мулоҳазага чорлайди.

 

Шоир асарда замонавий санъатга бўлган муносабатимизнинг карикатураси сифатида тасвирланган. Санъат зўрлик, зулм, адолатсизлик, ёлғоннинг қуролига айландими, ўша жамиятда шахслар тарбияланмайди, шахслар пайдо бўлмайди, оломон етишиб чиқади. Оломон бу –тўда, тўда ҳамиша серкага эргашади. Серка одам, ғоя, таълимот, эътиқод, инонч, ҳатто қулнинг қадрияти шаклида ҳам бўлиши мумкин. Миллат қачон миллат бўла олади? Қачонки, миллатнинг подшоси ҳам, оддий фуқароси ҳам хушомадни онг жиҳатдан ўзига ҳақорат деб била оладиган, тушунадиган даражага етса, шундагина у миллат бўла олади. Асардаги шоир образи – ижодкор эмас, романдаги тизимнинг бир мурвати, холос. Унинг ўзи ҳам, ёзганлари ҳам Шахсни синдиришга, йўқ қилишга, шахсларни қурбон қилишга хизмат қилади. Шоирнинг сиз айтган беҳузур қиладиган саҳналарини ўқиган китобхонда унга нисбатан ҳеч қурса жирканишдек бир ҳис пайдо бўлсин, деб атайин натурал тасвирланган воқелик.

 

“Китоб бандаси”да ижодкор қалбининг изтироблари тасвирланган. Бу илоҳий қалб озгина нопоклик, озгина хиёнат, озгина адолатсизлик юз бериши билан титраб кетишини ва ўзининг изтироб рамзи бўлган сўзлари билан бузилган, алданган дунёни поклашга киришишини ёзгансиз. Бугунги “илоҳиёт нури тушган қалблар” нимадан изтироб чекяпти ва бу изтиробни халққа билдира оляптими?

 

“Ижод завқи бор экан, ҳатто дўзахда ҳам қўшиқ айтиш мумкин“, деганди Алберт Камю. Маҳкумлик бор экан, унга тоқат қилиш ва уни енгиб ўтиш завқи ҳам бор. Фақат қандай завқ деган саволга жавоб топилса бўлди....

 

Айимхан ЭШНИЯЗОВА суҳбатлашди

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 22654
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//