Сўз гўзаллигининг хилқати ҳеч бир мавжудотда йўқ. Ибора, сўзнинг ёши қанчалик улуғ бўлса, латофати, сеҳри шунчалик ортади. Замон, макон, талаффузлар таъсирида шакли ўзгариши мумкин. Лекин маъно ўша, ўша тартибда тураверади. Жой номлари эса маъно билан бирга шу ерда яшовчи халқ ўтмишини ўзида ташийди. Шунинг учун ҳам уларни ўз ҳолида қолдириш, асраш муҳим. Аммо кўпчилик улардаги маънони билмагани учун кўп нарсадан қуруқ қолади, дейиш мумкин. Ушбу мақолада юртимиздаги айрим шундай жой номларининг мазмунига тўхталиб ўтамиз.
Варахша. Қадимий кент номи. Кентни Сиёвуш қурдиргани учун унга ўзи Афрахш деб ном қўйган. “Доим порлаб тур”, маъносида. Йиллар ўтди. Аср, замон ўтди, Афросиёб даврида қурилган Афрахш Варахша бўлиб яшаб келмоқда.
Ромитан туманида Ажинатепа қабристони бор. У ҳақида аҳоли сал ҳадиксираб гапиради. Гўёки у ерда ғайриоддий кучлар бормиш. Аслида, эса Ас-Санъоний бу шаҳардан етишиб чиққан олимларга “Ажинасий” деб мурожаат қилади. Уларнинг ном, насабини келтириб ўтади. Биз Ажинатепа ўтмиши илдизларини топдик. Кент Афросиёбнинг набираси – Аржостнинг шаҳри экани юз кўрсатди.
Вобкент тумани олдин Комот деб номланган. Зарафшон дарёсининг серсув ирмоғи туман қуёш чиқаридан оқиб ўтгани сабабли ариқ, руд, комалар кўп, номланиши ҳам шунга қараб қўйилган. Комо – ариқ, -от эса, кўплик шаклини билдирувчи сўғд тилидаги қўшимча. Ариқлари кўп жой маъносини билдирган. Кейинчалик номланиш шаклини ўзгартирган, лекин маъно ўша: Вобкент – Обкент. Об – сув, кент – шаҳар, қалъа, ҳисор, диза, аниқроқ қилиб айтсак, сув, дарё, руд, ирмоқ ёнида жойлашган шаҳар дегани. Шу сабабли ҳам туманда сув билан боғлиқ қишлоқ, гузар, шаҳарчалар кўп учрайди. Миллат, элат, касб-корни билдирувчи жой номлари ҳам кўпчиликни ташкил этади. Туманда жуда қадимий қишлоқлар бор. Уларнинг номларини тушунмасдан, замонавийлаштирмоқчи бўлган айрим мутасаддиларнинг нияти амалга ошмади. Чунки аҳоли ота-боболари яшаб, номлаб кетган меросни ўзгартиришни исташмади. Масалан, “Сакбиён” қишлоғини олсак. Сўз шакли вақт ўтиб ўзгарган, айрим одамлар тушунмай, қишлоқ аҳли итни саг дейди, деб “Сакгўён” дейишган. Аслида, бу ном жуда қадимий бўлиб, маъноси Суғдиёндир. Сўғд элати яшайдиган қишлоқ маъносида қўлланган.
Катта ҳудудни қамраб олган Шакаркент Вобкент марказининг қуёшчиқар, ариқ, кўклик ярим ўрмони бор томонида жойлашган бўлиб, унда овчилар қалъаси ҳам бўлган. Шаҳар қадимда “Овчилар шаҳри” деб аталган. Сўғд-тожик тилида овчи шикорчи дейилади. Йиллар ўтиб, номланиш талаффузда ўзгаришга учраб, Шикоркент эмас, Шакаркент бўлиб кетган.
Тарихчи-олимлар кўп етишиб чиққан Бисбирий қишлоғи аҳолиси қишлоқ номини насабларига қўшиб олишган. Ҳудуддаги Боски Бирулоний тепалиги қишлоқ номига асос бўлиб, “Бирулон қурган бино, қалъа, ҳисор” маъносини билдиради. “Шоҳнома”да келтирилишича, Бирулон Афросиёбнинг турк вазирининг исми бўлган экан. Ўша вазир қурдирган бино бугун қишлоқ номи, олимлар насаби бўлиб турибди.
Пирмаст қишлоғи тарихи ҳам вазир Бирулонга бориб тақалади. Қишлоқда Пирмаст ариғи бўлиб, Бирулон қаздирган ариқ, кент деган маънони англатган: Пирмас – Бирмас, Бирулон ташкил этган яшаш жойи.
Анжир Фағнавий – буюк пир номига боғлиқ Вобкент туманидаги маснад. Ажир – ботирлар, фағна – пахса деворли қалъа, дегани. Бу Афросиёб давридаги шаҳар номи бўлиб, Ажир Фағна – баҳодири кўп, девори пахсадан бўлган кент, деган маъноларни англатади. Чунки, “анжир” сўзи луғатда бўлмаган. Анжир – ажирнинг эскирган шакли. Бу қишлоқ аҳли эса, пир номига ҳар хил эртаклар боғлаб, анжир экиб юрибди.
Вобкентдаги яна бир эски кент Наршахқалъадир. Сомонийлар тарихнависи бўлган буюк тарихчи Наршахий шу дизада туғилиб, ўсган. Хўш, кент номи нега Наршахқалъа? Тожикистон ФА академиги Асрор Мухторов бу ҳақда шундай ёзади: “Сомонийлар Баҳроми Чўбинонинг Олий Сомон номли ўғлидан тарқалган авлод. Улар Бухорода 102 йилу 20 ярим кун подшоҳлик қилдилар. Улар шу йиллар давомида учта шаҳар (қалъа) қурдилар. Учта шаҳарнинг иккитаси Тожикистон ҳудудида борлиги маълум, битта шаҳарлари номаълум”. (“Сомонийларнинг амир ва вазирлари” китоби. 1997 йил, Душанбе, “Олий Сомон” нашриёти.)
Сайфиддин Ҳожийнинг “Осор ул-вузаро” китобида сомонийлар ҳақида ҳам (5-боб) маълумот берган. У сомонийлар ҳақида шундай ёзади:
Нўҳ тан буданд з-оли Сомон машҳур,
Ҳар як ба валояте шаҳри мазкур:
Исмоилу Аҳмад, ду Насру, ду Нуҳ,
Ду Абдул Малик, ду Мансур.
Таржимаси: Сомонийлар авлодидан тўққизтаси машҳур бўлиб, ҳар бири шаҳарда ҳоким эди.
Булар Исмоилу Аҳмад, икки Наср, икки Нуҳ, икки Абдул Малик, икки Мансур.
Бу маълумотни номланиш нуқтаи назаридан кўрсак, Нўҳ – тўққиз, дегани Шоҳи Музаффари – тўққиз маротаба зафар (подшоҳлик)га эришган шоҳ, подшоҳ бўлиб чиқади. Йиллар ўтиши билан бу сўзлар жой номларига айланган – Наршах, Нарчоҳ, Нўҳшоҳи музаффари олий. Бу бизнинг Наршахқалъа номи. Демак, сомонийларнинг қурган уч кентидан бири Вобкентдарёнинг шундоқ юқори қисмида жойлашган, ҳудуди 200 гектарни ташкил этувчи бизнинг Наршоҳқалъамиз бўлиши мумкин...
Бундай жой номлари тарихини ўрганиш орқали биз ўзлигимиз, илдизларимизга етгандек бўламиз. Зеро, жой номлари бебаҳо қадриятларимизни, юксак маданиятимизни ўзида мужассам этган. Миллий ва юксак тараққиётни орзу қилар эканмиз, мана шундай жой номлари билан боғлиқ изланишларга ҳам тийрак кўз билан қарашни ҳаётий эҳтиёжга айлантирмоғимиз лозимга ўхшайди.
Ибодат РАЖАБОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Адабиёт
Фалсафа
Тарих
Маънавият
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ