Халқ оғзаки ижодида армиямизнинг тарихий қиёфасини, туркий жангчиларимизнинг сўнмас шижоатини, аёвсиз курашларда орттирилган тажриба ва маҳорат намуналарини ҳам кўриш мумкин. Қуйида биз турли жангнома достонлар, тарихий манбаларда акс эттирилган баҳодирлик ва алплик, ҳарбий тактика ва жанговар руҳ масалалари ҳақида фикр юритамиз.
«Оқшом юрар шабгир тортиб...»
Ўтмишда душманга кутилмаганда зарба бериб, уни ваҳимага солувчи махсус куч – «шабгир»лар ҳақида халқ достонларида қизиқарли маълумотлар мавжуд. Ёвқур шабгирлар асосан тунда, қўққисдан ҳужумга ўтиб, душманни яксон қилишган. Улар одатда ўзини сездирмасдан, хуфиёна ҳаракат қилган. «Алпомиш» достонида бу ҳақда шундай дейилади:
Бедовларга қамчи чатиб,
Оқшом юрар шабгир тортиб,
Жўнади қирқ икки сардор,
Ҳар қайси мисли аждаҳо.
Достонларда учрайдиган яна бир тактик усул – бу кам сонли қўшинни душманга кўп кўрсатиш ҳийласидир.
«Алибек билан Болибек» достонида тасвирланишича, шаҳзоданинг қўшини сон жиҳатидан оз бўлсада, улар тоғда қуюқ ва улкан чанг ҳосил қилиб, душманга қўрқув солади. Натижада душман қўшини орасида ваҳима ва саросима уйғонади:
Ўзбек лашкарининг бари бўридир,
Майдонга кирганда эрнинг эридир.
Энди тананг сувсиз чўлда чирийди,
Бизнинг қўшин бевақт келган ўхшайди.
Тарихий манбаларда Соҳибқирон Амир Темур ҳам шу усулдан фойдаланиб, лашкар сонини бўрттириб кўрсатиш учун тунда бир қанча ерда гулхан, машъала ёқтиргани, бу усул «Арғай ўт» (мўғулча арға – алдаш, туркча – ўт, олов) деб номланиши келтириб ўтилади. Шунингдек, достонларда разведка ва турли ҳийлакор ҳужумларни ифодаловчи чопқун, чоповул, турктоз, татовул, илғор, тил, оқинчи, ўқруқ, тутғоқ, езак каби атамалар ҳам тилга олинади.
Қуролланиш
Ўзига хос қуролланиш тизими туркий халқларнинг деярли барча достонларида учрайди. Қардош халқлар достонларида ботирнинг қуролланишига оид бешлик мавжуд, яъни қилич (шамшир), найза (пика), ўқ-ёй, ойболта, гурзи. Шунингдек, қалқон, совут, милтиқ каби қурол-аслаҳалар ҳам кейинчалик бу саноқни тўлдириб борган.
Достонларимизда жанг атамаси кўпроқ «саваш» шаклида келади ва сардорнинг жангга киришидаги ҳозирлиги, анжом-аслаҳаларининг жойлашувига ҳам алоҳида урғу берилади. «Алибек билан Болибек» жангномасида жангчиларнинг даврага от қизитиб, қалқон ўйнатиб, қиличини сўйлатиб, найзадаст, жуганбозлик қилиб, сипоҳлик ўйинлари қилганини кўрамиз.
«Тез тиббий ёрдам», «йўлхалта»
Бугунги замонавий армиямизда жангчининг қурол-яроғлари асосан пишиқ камарга таяниб жойлаштирилади. Жангчиларда аввало ўзига, сўнгра сафдошига тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмалари шакллантирилади. «Юсуф билан Аҳмад» достонида ҳам қуролларнинг белдаги камарга осилиши, ўз-ўзига тиббий хизмат кўрсатиш жараёнлари батафсил тасвирланган: «Ашурбек сардор салласини йиртиб, икки кам ўттиз ярасига пахта қўйиб, дастори билан маҳкам чандиқлаб боғлаб, либосларини икки эгнига ташлаб, устидан совутини босиб, қиличини белига боғлаб, қалқонини кифтига ташлаб, найзага суяниб эгарни ушлаб, «оҳ-воҳ» деб отига миниб, йигитларига бош бўлиб жангга киради».
Бугунги армиямиздаги йўлхалта жанговар эртаклардан тортиб, достонларгача қуролланишнинг бир қисмини ташкил этади. Бу деталь «Юсуф билан Аҳмад» достонида ҳам учрайди. Қуршовда қолган Гўзалшоҳ Юсуф билан Аҳмад ҳузурига элчи юбориш учун Рустам исмли жангчисини сафарга ҳозирлайди. Унга йўл озиғи сифатида толқон, туршак, қурут бериб, меҳтарларга сув солиб, ёв-яроғини шайлаб, хуфтондан сўнг бир дарвозадан чиқариб юборади.
Илк жасорат
Замонавий армиямизда аскарликнинг илк босқичидан жангга киришигача бўлган даврга қадар шакллантириб бориладиган маълум бир руҳий-психологик босқичлар бор. Достонларда ҳам қаҳрамонларнинг жисман ва маънан улғайиш категориялари, яъни рамзий «ўлик»лик ҳолатидан «қайта тирилиши»гача бўлган давр ётади.
«Китоби Дада Қўрқут»да қаҳрамоннинг илк жасорати кенг ёритилган. Унда Бамси ўн беш ёшида биринчи бор мардлик кўрсатади. Асарда йигитлар ўз жасоратини исботламагунча, уларга ҳатто исм берилмаслиги таъкидланади. Алпомиш етти ёшидаёқ, Гўрўғли ва қирғиз халқ қаҳрамони Манас эса тўққиз ёшида илк бор қаҳрамонлик намуналарини кўрсатганлари тасвирланади.
«Юсуф билан Аҳмад» жангномасида боланинг жанговарлиги билан боғлиқ ахлоқий масалалар ҳам яққол кўзга ташланади. Етти ёшда мактабга бориб, саводи чиққан боланинг ҳарб ишидан бехабарлиги отани номусга қўяди. Масалан, достонда Бўзўғлон мактабдан келаётган икки хонзоднинг кимлигини билгач, шундай дейди:
«Баракалла сизларга, буларни бунча ўқитибсизлар мулла бўлсин деб, ё бир масжидга, ё хонақога хатиб қиламизми? Бизлар сипоҳи кишимиз. Шунча суврат, хати бўлса сипоҳларга бўладида, ўзи хат битса, биров хат битса ўқиса, сипоҳнинг мулла бўлгани шу бўлади. Энди буларга сипоҳилик ўргатинглар: от чопмоқ, ўқ отмоқ, сипар тортмоқ, қилич чопмоқ, ҳам найзадастлик, кирбастлик, суришбозлиқ, кўпкарибозлик», деб ўтиб кетади.
Жанговар саҳналар
Жанг, шубҳасиз, ҳар қандай достоннинг кульминацион нуқтаси. Чунки аёвсиз савашларда қаҳрамонларнинг ички дунёси, жанговар салоҳияти, ватанпарварлиги бор бўй-басти билан юзага чиқади. Жангда бош қаҳрамон қўшинга илҳом бағишлайди, намуна кўрсатади, аскарларнинг руҳиятини мувозанатга солиб туради. Қўшиннинг жанг арафасидаги кайфияти жуда муҳим саналиб, достонларда бунга алоҳида аҳамият берилган.
Лашкар ҳар доим жанговар руҳни қўзғатувчи кучли чорловлардан илҳом олган. «Алибек билан Болибек» достонида қаҳрамонларнинг жанг олди ўз-ўзига бераётган далда ва тасаллиларига гувоҳ бўламиз: «Асло ваҳми-тарс кўнгилга келтирманг, майдонда душман билан савашиб, талашиб ўлсак, бизларга қандай ғанимат. Охири одам бор, ўлим бор. Бир кун бўлмоқ, бир кун ўлмоқ. Иймони билан ўлган ўлмайди. Иймонли қул ўлмайди, деган. Эй, йигитлар, асло ғам еманглар, ўламан деб войим қилманг».
Достонда юрт тақдирига хавф солувчи ҳар қандай ҳолат жангчиларни илондай қўзғатиб, шердай наъра торттиради. «Алибек билан Болибек» достонида Мизробшоҳ от ўйнатиб, майдонга киради ва душман лашкарига қарата шундай хитоб қилади:
«Ў, Пўлатшоҳнинг лашкари, бу кун майдонга мен келдим, эшитмадим дема! Қани мардинг борми, кел энди, ҳариф келди!
У бир киши билан эмас, керак бўлса бутун қўшин билан курашишга тайёрлигини ишонч билан айтади:
Бошимда дубулға, белда беллиги,
От, анжомнинг йўқдир сира камлиги,
Ўттиз қўрқса, келсин қирқи, эллиги,
Ким талабгор бўлса келсин майдонга.
Қадимий оркестр ва байроқ
Турк султонлари ҳаётидан ёзилган «Раксолана» асарида ноғора тилидан янграган шундай жанговар монолог бор:
«Мен қаҳрамонлик даъваткориман. Ўзини ҳимоя қилиш ҳисси менга бегона. Менинг овозим раҳм-шафқатни билмайди. Қўрқинчли овозим момақалдироқдек бир хил босимда атрофга назар солиб туради. Мен калтаклашга яратилганман десам, тўғри бўлади. Мени қанча кўп урсангиз, мендан шунча кўп фойда бўлади».
Бу сатрларда ноғоранинг жанг майдонидаги руҳи, унда мужассам шиддат ва даъват ҳисси ўз ифодасини топган. Дарҳақиқат, ноғора азалдан қўшинининг шиддати ва овозасини белгилаб берувчи асосий чолғу асбоби ҳисобланган. Унинг товуши қўшиннинг ички руҳиятини қўзғатган, жангга чорлаган, курашга илҳом бағишлаган.
Шунингдек, қадимий достонларда ҳам ҳарбий мусиқанинг, яъни карнай, сурнай, ноғора каби чолғуларнинг жанг манзараларини ифодалашдаги ўрни доим муҳим бўлган. Достонларда доимий равишда учрайдиган ҳолатлардан бири сифатида қўшиннинг жанговар мусиқа садолари остида юришидир. Бундай манзараларда мусиқанинг шиддати ва ритми жанг майдонидаги тартибни белгилаб турган.
Масалан, «Юсуф ва Аҳмад» достонида: «Сарбоз уришади карнай наҳрига...» деган жумла орқали қўшиннинг мусиқа садолари ичида жангга кириши тасвирланса, «Алпомиш» достонида: «Ўзбаклар устига лашкар қилади, намойишга карнай-сурнай қўяди...» деган манзара орқали жанговар мусиқанинг урғуси, шиддати ва руҳий таъсири янада ёрқин намоён бўлади.
Шундай қилиб, ноғора ва бошқа ҳарбий чолғулар нафақат мусиқа воситаси, балки қўшиннинг руҳий кучи, унинг интизоми ва жангга шайлиги рамзи сифатида ҳам халқ достонларида, ҳам тарихий асарларда муҳим маънавий вазифани бажариб келган.
«Алибек билан Болибек» достонидаги жанг саҳналарида ҳарбий оркестрнинг қадимий кўринишларига оид бўлган чолғу асбоблари намоён бўлади: «Энди қўшин майдонга бориб, қиёматнинг сафидай бўлиб, саф тортди. Шуйтиб, замзама карнай, сурнай, добул, кус, шикори дабилбон, ғижжак вағир-вағири оламни бузиб, у ёқдан ҳам масал лашкари зарбасидан минг шаразиси узулгудай оламни ҳай-ҳай шовқини босиб келиб майдонга саф тортди». Достонларда бизга нотаниш бўлган замзама, добул, кус, шикори дабилбон каби қатор терминлар фаол қўлланилиб, уларнинг ҳар бири жангда муҳим сигналлар бериш вазифасини бажарган.
Бугунги замонавий армиямизда ҳам байроқ – давлатнинг рамзи, карнай-сурнай эса ҳарбий оркестр гуруҳлари кўринишида яшаб келмоқда.
Фахрий унвонлар
«Қутадғу билиг»да жангда мардлик ва қаҳрамонлик кўрсатган аскарлар, ботирлар тўнга (йўлбарс), тўнга алп (шавкатли баҳодир), сўкман (душман сафини ёрувчи) сингари унвонлар билан шарафлангани қайд қилинади. Кўк турк хоқонлигида навқирон, ёш жангчилардан тузилган қўшин «Ўғлон» термини билан аталиб, уларнинг сони етти-ўн минг атрофида бўлган. Ҳар бир жангчининг жисмоний етуклиги ва жанговар салоҳияти индивидуал тарзда баҳоланиб, баҳодир, мард, паҳлавон аскарларга «алп», «алпағу» унвонлари берилган. Ҳатто моҳир ўқ отувчи, яъни мерганлар ҳам алп унвонига сазовор бўлишган.
Достонларда жазойил, исфаҳон қиличи, пўлат қалқон, гулгун ёлули найза каби қурол-яроғ турлари, «кировка» (совут), «чоройна», «бувунчоқ» – яъни мустаҳкам камар, шунингдек, «жеба» деб аталувчи қалқон, «табар» деб номланган ярим доира шаклидаги болтасимон яроғ, жавшан (симдан тўқилган совут) каби воситаларни ҳам кўплаб ўринларда учратиш мумкин.
Халқ оғзаки ижоди миллатнинг юрагида ва хотирасида асрлар давомида яшаб келаётган маънавий қудратдир. Биз фольклорга қай даражада яқинлашсак, шунчалик кучли бўламиз. Бу куч ва жасорат нафақат миллий армиямиз, балки юрт ҳимоясини ўз зиммасига олган ҳар бир инсон учун сув ва ҳаводек зарур.
Бобур ЭЛМУРОДОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Фалсафа
Тарих
Маънавият
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ