“Лоқайдлик туфайли жуда қимматли меросдан айрилдик” – Аҳмад Яссавийнинг бизга замондош авлоди билан суҳбат


Сақлаш
17:03 / 19.02.2024 526 0

Ҳазрат Аҳмад Яссавий билан бизни қарийб 1000 йил ажратиб туради. Соҳибқирон Амир Темур билан орамиздаги йиллар масофаси эса салкам 700 йил. Энди тасаввур қилинг, минг йил олдинги Яссавий бобомиз хотирасига боғлиқ, етти юз йил аввал яшаган Соҳибқирон назари тушган, эҳтимол, қўлида тутган, ҳарбий юришларда байроқдорлари баланд тутган байроқ кўз олдингизда турса, кўнглингиздан қандай ҳиссиётлар кечади? Тарих қадрини биладиган халқлар бутун бошли байроқни-ку қўятуринг, ўтмишига тааллуқли  сопол бўлаги ёки занглаган тўғноғични ҳам кўзига суради, тўғрими?

 

“Тўғри”, деб бош ирғаган бўлсангиз, мана бу тарихни эсланг.

 

Бундан ўн йил бурун таниқли адиб Аҳмад Аъзам “Куни бизга қолган байроқ” сарлавҳали эссе эълон қилди. Жуда қизиқ, ҳаяжонли, шу билан бирга одамни афсус-надоматга соладиган эссе... Унга кўра, адибга асли сайрамлик Гулпошша Эргашхўжаева қишлоқ масжидида сақланаётган қадимий байроқ хабарини беради. Байроқки, нақ Соҳибқирон Амир Темурнинг ўзи ҳазрат Аҳмад Яссавий қабрига ёпган! Дастлаб Аҳмад Аъзам бунга ишонқирамайди, бироқ байроқнинг видеотасвирини кўргач, бир неча бор Туркистон тарафларга қатнайди, уни ўз кўзи билан кўради, сўнг Ўзбекистонга олиб келишга уринади. Таассуфки, уни қўлга киритиш имкони бўлмайди...

 

Хуллас, жуда қизиқ, ҳаяжонли, афсусланарли тарих. Эссени ўқиб худди байроқни ўзим кўргандай бошида қувонган, сўнг қўлдан чиқарилганини билиб, афсусланган эдим. Ўтган йилнинг декабрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган “Туркий халқлар тарихида Туркистоннинг ўрни” мавзусидаги халқаро илмий конференция ишини кузата туриб, Аҳмад Яссавийнинг ўзбекистонлик ва туркиялик авлодлари учрашувини кўрганда хаёлимга лоп этиб ўша машҳур, қўлга тегай-тегай деганда бой берилган байроқ келди. Чунки ҳазрат Яссавийнинг ўзбекистонлик авлоди сифатида саҳнага чиққан олима Гулпошша опанинг исмини эшитибоқ раҳматли ёзувчи Аҳмад Аъзамнинг мана бу сўзларини эсладим: “Исми ҳам эскичасига, ҳам янгичасига чиройли бир Гулпошша деган аёл телефон қилди”.

 

Тўғриси, конференцияда кўрганим Гулпошша опа эсседа ғойибона таниганим Гулпошша Эргашхўжаева билан бир кишими-йўқми, ҳали билмасдим. Лекин табаррук байроқ ҳақида балки бирон янгилик эшитарман, деган ўйда Гулпошша опа билан боғланиб билдимки, бу киши ўша – эсседа зикр этилган ватандошимиз экан. Эътиборингизга шарқшунос олима, Аҳмад Яссавийнинг бизга замондош авлоди Гулпошша Эргашхўжаева билан мухтасар суҳбатни ҳавола этамиз.

 

– Гулпошша опа, очиғи, негадир сизни хорижда, ҳеч бўлмаганда Қозоғистонда яшайсиз, деб хато ўйларканман. “Куни бизга қолган байроқ” эссесида келтирилган аждодларингиз сайрамлик экани ҳақидаги изоҳдан шундай хулоса чиқарган бўлсам керак. Конференцияда шажарангиз ҳазрат Аҳмад Яссавийга бориб тақалиши ҳақидаги тарихий ҳужжат билан жамоатчиликни таништирдингиз. Дастлаб ушбу шажара ҳақида сўзлаб берсангиз?

 

– Шундай улуғ, қадимий тарихга эга инсонлар билан қариндошлик ришталаримиз боғлангани, албатта, бизга катта ифтихор бағишлайди. Болаларим ҳам, невараларим ҳам аждодларимиз билан фахрланадилар. Уларга чин маънода муносиб бўлишга, “Шундай улуғ зотларнинг авлоди” деган номни оқлашга ҳаракат қиладилар. Тўғриси, яссавийлик тариқати анча мураккаб, шу сабабли фарзандларимни, невараларимни Яссавий бобомизнинг ҳикматлари билан таништиришга ҳаракат қиламан, шеърларини ўқиб-ўрганишга даъват этаман. Отам Эргашхўжа эшон Яссавий бобомизнинг шеърларини ёддан билардилар, бизга ўқиб берардилар. Бугун мен ҳам ўша анъанани давом эттириб, болаларим тарбиясида Аҳмад Яссавийнинг сермазмун меросидан фойдаланаман.

 

– Яширишимнинг ҳожати йўқ, сизни конференцияда кўрганимдан бери байроқ ҳақида тезроқ сўрагим келяпти. Ўзи, ўшанда нима бўлганди? Байроқ қаердан топилганди?

 

– Раҳматли Аҳмад Аъзам ажойиб ёзувчи, ватанпарвар, тилпарвар инсон эди, охиратлари обод бўлсин... Ўтган асрнинг охирларида Сайрамдан узоқ бўлмаган Манкент қишлоғида Набихон отанинг уйи бузилади. Шунда девор орасидан қадимий шажара топилади. Тарихчи укам Аҳмаджон Эргашхўжаев билан исломшунос Мираҳмад Мирхолдоров шажарани ўрганишади. Шу вақтда қишлоқ масжидида қадимий байроқ ҳам сақланаётгани маълум бўлади.

 

Албатта, булар катта янгилик эди. Биз бу ҳақда жамоатчиликни бохабар қилишни лозим топдик. У маҳаллар хабар тарқатишнинг энг яхши, самарали усули телевидение бўлгани учун мен “Ассалом, Ўзбекистон” кўрсатувида иштирок этдим. Шажарамиз билан байроқ ҳақида, уларнинг белгилари тўғрисида гапириб бердим. Байроқнинг ҳошиясида анчагина арабча матн битилганди. Туғидаги темирга эса “Кўрагоний” деб Амир Темурнинг номи ёзилган экан, буни Мираҳмад Мирхолдоров ўқиган.

 

“Ассалом, Ўзбекистон”даги чиқишимни кўрган ёзувчи Аҳмад Аъзам мени қидира бошлайди, билганлардан сўраб-суриштиради. Шу сабабли мен у кишига қўнғироқ қилдим, учрашиб гаплашдик. Байроқни укам билан Мираҳмад Мирхолдоров видеотасвирга тушириб берган эди менга, шуни кўрсатишимни сўради. Тасвирни кўриб у ҳам жуда қизиқиб қолди.

 

– Байроқни ўзингиз ҳам кўрганмидингиз?

 

– Байроқ бир ой уйимда сақланган. Бунинг ҳам тарихи бор. Байроқ ҳақида президент давлат маслаҳатчисига маълум қилдик. У менга “Агар байроқни олиб келолсангиз, ўрнига Манкент масжидига иккита катта гилам берамиз”, деди. Масжид имоми Рўзиқул ота ҳам бу таклифга кўнди. Шу орада, аниқроғи, 1996 йил 6 июлда Ўзбекистон Фанлар академияси Президенти ҳузурида кенгайтирилган Илмий кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди. Кўп олимлар, шарқшунослар, тарихчилар қатнашди. Илмий кенгашда шажара билан байроқ масаласи муҳокама қилинди. Сайрамдан Рўзиқул отани чақиртиргандим, у байроқ билан Илмий кенгаш ишида қатнашди.

 

Илмий кенгаш ҳужжатларини ҳозиргача сақлайман. Сизга ҳозир шундан айримларини ўқиб бераман.

 

Йиғилишда қатнашган Халқаро ислом тадқиқот марказининг илмий ходими Ҳабибулла Солиҳ байроқ четидаги битикларни таржима қилиб, шундай деди: “Мен байроқ четидаги битикларни ўқиб чиқдим. Битиклар бундан 200 йил аввал ёзилгани кўрсатилган. Аммо байроққа битиклар анча кейин ёзилган”. Эътибор қиляпсизми, ёзувларнинг ўзи бир неча асрлик тарихга эга, лекин байроқнинг ёши ундан ҳам катта.

 

Диний қўмита вакили Ҳайдаров: “Қуръон ақидалари битилган байроқ аслида хонларнинг мақбараларига қўйилган. Подшоҳлар байроғининг туғи бўлган. Байроқ яшил рангли бўлиб, сокинликни билдирган. Бу байроқ четидаги пайғамбарлар номлари ва Қуръон битиклари ҳижрий 1215 йилда битилган ва  ҳарбий юришлар олдидан байроқ олиб юрилган. Байроққа “Урушда шаҳид бўлганлар жаннатга тушади” деган суралар ёзилган”.

 

Файзиев: “Битиклар эски ўзбек тилида эмас, балки эрамизнинг бошларида мавжуд бўлган ўзбек тилида ёзилган ва йили ҳам шунга тўғри келади”. Эрамизнинг бошлари, дейиляпти!

 

Ўринбоев: “Байроқ Аҳмад Яссавий қабри устига ёпилган ҳам бўлиши мумкин. Чунки байроқнинг тепа қисми бутун. Пастки қисми эса одамлар тавоф қилавериб, кўзларига суртиб, ушлайверганларидан титилиб, йиртилиб кетган”.

 

Тўғриси, Илмий кенгаш иши қизғин бўлди. Турли фикрлар билдирилди. Бировлар “байроқни тарих музейига топшириш керак”, деди. Худди шу пайтда Темурийлар тарихи музейи қурилиб, очилишга тайёргарлик кетаётганди. Ўзбекистон ФА мухбир аъзоси Бахтиёр Назаров сўзга чиқиб, “Қанийди музейнинг очилиш тантанасида шу байроқ кўтариб кирилса! Жуда катта тарихий воқеа бўларди”, деган таклифни билдирди. Лекин қарши фикр айтганлар, “байроқнинг Амир Темурга дахли йўқ”, деганлар ҳам бўлди.

 

Мен Илмий кенгаш йиғилишидан кейин президент маслаҳатчисига яна учрадим. Унга олимларнинг хулосалари, хусусан, Ҳабибулла Солиҳнинг фикрларини айтиб, “Ёзувлар кейинроқ ёзилган, байроқ жуда қадимий бўлиши мумкин, дейишяпти. Текстил институтида илмий текширишларни амалга оширса бўлади-ку, шу орқали матонинг қачон тўқилганини билиб оламиз”, дедим. Аммо ўйчининг ўйи узоқ чўзилиб кетди. Байроқ уч ойча давлат маслаҳатчиси сейфида сақланди. Президентга бу ҳақда айтилмади. Президент рухсатисиз музейга қўйишга эса ботинишмади, менимча. Манкент масжидига ваъда қилинган гиламлар ҳам берилмади. Байроқ теварагида ҳар хил гап-сўзлар кўпайиб, тақдири узил-кесил ҳал қилинавермагач, қолаверса, байроқнинг қанчалик қиймати баланд эканини билган Рўзиқул ота уни қайтариб олиб кетди. Ҳеч бир гапга кўнмади. Аҳмад Аъзамнинг саъй-ҳаракатлари бекор кетгани сабаби ҳам шунда.  Кейин нима бўлди-ю, байроқ масжиддан изсиз йўқолгани ҳақида хабар олдик. Кимдир деворни бузиб, ўғирлашган, деди. Яна кимдир сотилган, деди. Хуллас, сувга тушган тошдай ғойиб бўлди.

 

Байроқни ҳар эслаганимда беихтиёр кўзимга ёш келади. Лоқайдлик, қарор қабул қилишдаги сусткашлик туфайли жуда қимматли меросдан айрилдик. Етти ўлчаб бир кесиш керак, деймиз-у, гоҳида етти минг марта ўлчаб ўтираверамиз, поезд эса кетиб бўлади. Шундоқ қўлимизда турган, бебаҳо байроқни қўлдан бой бердик. Уни Амир Темур аламбардорлари сафарларда кўтариб юрган,  соҳибқиронга зафарлар келтирган. Қанчадан-қанча илмий тадқиқотларга асос бўларди агар йўқолмаганида. Қаттиқ афсус қиламан ҳозир, уйда сақлаб турсам, қайтариб бермасам бўларкан, деб ўйлайман. Лекин пушаймондан фойда йўқ. Ким билибди дейсиз бундай бўлиб кетишини, байроққа харидорлар кўпайишини. Сотилдими ё бошқами, буниси ёлғиз Оллоҳга аён...

 

– Шажарангизнинг тақдири нима бўлди?

 

– Шажарани Туркияда фаолият юритувчи Туркистон саййидлари ва эшонлари халқаро шажарани тасдиқлаш ташкилоти уч йил текширди. Кейин ундан шажаранинг тўлиқ саҳиҳ, ишончли экани ҳақида хабар олдим. Менга 4 метрча келадиган шажарамизни сертификатлари билан топширишди. Шу ўринда масаланинг бир жиҳатига ойдинлик киритиб кетай. Декабрда бўлиб ўтган конференция кунлари айрим оммавий ахборот воситалари “Аҳмад Яссавийнинг 42-авлоди” деб ёзди. Гап шундаки, шажара дарахти ҳазрат Яссавийдан эмас, Муҳаммад алайҳиссаломдан бошланади. Яъни қирқ икки авлод деганда Аҳмад Яссавий бобомиздан кейинги шунча авлод тушунилмаслиги керак.

 

Ҳозирги кунда шажарамиз, Туркистонга ислом динининг кириб келиши, бобокалонларимизнинг фаолияти ҳақида ёзяпман. Тўғриси, игна билан қудуқ қазигандай бўляпти, чунки материаллар жуда кам, турли манбаларни ўқиб-ўрганишга тўғри келяпти. Насиб этса, тадқиқотимни китоб ҳолида чоп эттириш ниятим бор.

 

Отабек МУҲАММАДИЙ суҳбатлашди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//