Куни бизга қолган байроқ


Сақлаш
21:08 / 15.02.2024 484 0

Бу воқеани айтиб берсамми, йўқми ё тарихий обидаларимизга ҳурматимиз катта, осориатиқаларимизни ниҳоятда эъзозлаймиз, деганимиз билан, аслида, аҳ­во­лимиз шундай деб ўкиниб юравериш керакми, деган иштибоҳларга бораман. Йўқ, айтмасам бўлмас экан, энди фойдаси йўқдир, лекин кўпчилик билиб қўйгани яхши. Ке­йин, яна балки, шояд деган умидлар ҳам тарк этмайди.

 

Тўқсон саккиз ё тўқсон тўққизинчи йили, “Ўзлик” кўрсатуви авжида пайтлари исми ҳам эскичасига, ҳам янгичасига чиройли бир Гулпошша деган аёл телефон қилди. Фамилияси Эргашхўжаева экан. Шунга қараб негадир тагли-тугли оиладан, камида хўжалардан деган фикр келди хаёлимга, бу ҳам бежизга эмас экан. Аёл келди, рисоладагидек бежирим кийинган, жиддий, ўқимишли экани ўзини тутишидан ҳам билиниб турибди, Дипломатия ва халқаро иқтисодий муносабатлар университетида ишлайди ва ҳақиқатан ҳам томири Жанубий Қозоғистоннинг Сайрам қишлоғида ётган азизу авлиёларга бориб тақалар экан. Албатта, аждоди реп­рессияга учраган ва албатта, қатағон ҳақидаги навбатдаги кўргуликларни эшитаман деб ўйладим…

 

Йўқ, Гулпошша опа тамомила бошқа гапни кўтариб келибди ва бу гап бошда менга ривоятга ўхшаб туюлди: соҳибқирон Амир Темур буюк мутасаввуф Аҳмад Яссавий бобокалонимиз қабри устига ёпган табаррук байроқ бугунгача асраб келиниб, ҳозир ҳам бир яхши одамлар қўлида сақланаётган эмиш. Ана холос, дедим ичимда. Жуда ишонгим келди, лекин ичимда шубҳа бор. Эсласангиз, ўша пайтлари башоратчию экстрасенслар сафи селгимаган, ҳаммасида камида биттадан каромат бор, Тошкентда тинчиган миш-миш Фарғонадан чиқиб турар эди. Опа шунақа бир таъсирчан ривоятни эшитган, ривоят Амир Темур ва Аҳмад Яссавийга тааллуқли бўлгани учун жуда ишонгиси келган ва ўйлаб-ўйлаб ишонган ҳам деб ўйладим. Бошда унинг гапларини ана шундай шубҳа-гумонлар кўчасига кириб-чиқиб эшитдим. Илм одамлари орасида соддалари камми, кейин, олти юз йилдан бери не-не осори атиқалар хоку туроб бўлиб кетди-ю, Амир Темур бобомиз Аҳмад Яссавий қабри устига ёпган байроқ тилла толадан тўқилган бўлса-да, ҳалигача омон қолар эканми, хуллас, ишониш ҳам қийин-да. Лекин Гулпошша опа бу байроқ ўз аждодларида сақланган ва ҳозир ҳам бор, деяпти! Опанинг гаплари мўъжизага тортиб кетади-ю, лекин тарих тубидан чиқиб келяпти, аввалбошдаги шубҳаларим энди ҳайратга айланди: бордию ривоят эмас, рост бўлиб чиқса-чи!

 

Опа сувратини ҳам олиб келганман, деди, видеотасвирда! Ана, энди ҳақиқатан ҳам мўъжизани кўргандек ВХС тасмасига туширилган тасвирларни кўриб олдим. Йўқ, бу уруш ялови, ҳарбий байроқ эмас, жуда катта учбурчак, икки киши икки учидан тортиб турибди, шунга қараганда тенг томонлари икки метрча чиқади, ўртаси нимадир кўк-яшил материал, ғиж-ғиж арабча матнга тўла ҳошияси йигирма сантиметрлар келади. Бу нимадир диний, тариқат мақоми акс этган байроқ, шунинг учун безаксиз. Зиёратларга борган жойларимда азизу авлиёларнинг марқадига ёпилган сўзана, гулдор чойшаб, гиламчаларни кўрганман, баъзилари жуда эски, лекин бунақа байроққа дуч келмаганман. Ўзим варақлаб кўрган тарих китобларидаги суратлар, альбомларда ҳам бунақасига кўзим тушмаган. Бу байроқ ноёб эди: матоси ўша даврлар Каъба устига ёпилган бахмалнинг бир бўлаги экан. Энди табиийки, жуда эскириб кетган.

 

Йўқ, буни ҳозир кўрсатмаймиз, унга бош­қа­ларнинг эътибори тушмасдан олиб келамиз, кейин бамаслаҳат бир йўли топилар. Ҳозир у бошқа давлатнинг мулки, жория қилсак, ўша ернинг ўзидан олиб кетиб қолади, олиб келгандан кейин билдирсак, қайтариб беришни талаб қилади. Аммо уни бу ҳолда ҳам қолдириб бўлмайди. Бугунги кунда янги мустақил давлатлар ўз тарихини яратишга интилиб, ҳақиқий умум тарих кўрпасини ўз устига тортиб ётган давр, айниқса Аҳмад Яссавий бобомиз икки миллатнинг ҳам бирдек табаррук ҳазрати. Кейин Амир Темур бобомиз Яссавий бобомиз қабри устига маҳобатли мақбара тиклаганини, жуда кўп ҳо­жатмандларнинг кунига ярайдиган баҳайбат дошқозон қуйдирганини тарих китобларидан биламиз, қозон ҳозир ҳам бор, зиёратга борганда кўрганман, ичи тўла содда халқимиз ташлаган хайр-эҳсон пули, бир давр Петербург музейида бўлиб яна қайтиб келган, лекин у тунч, яъни бронзадан қуйилган, яна минг йиллар туриш беради, аммо қабр устига ёпилган байроқ матодан тикилган, бу мато ҳар қанча пишиқ бўлмасин, олти юз йилдан бери сақланиб келаётгани, барибир, кўнгилнинг туб-тубида иштибоҳ туғдиради ҳам. Шунинг учун байроқ ҳақида кўрсатув қилишга ҳали бор, деган фикрга бордим. Энг асосийси – байроқнинг ўзини кўриш, иложини қилиб яна Тошкентга олиб келиш (яна деганимнинг тагида кўп гап бор, расамади билан буни ҳам айтаман). Албатта, бекитиқча, билдирмай келтириш керак. Унгача Гулпошша опанинг аждодлари бошига тушган кўргуликларини ёзиб турамиз. Ими-жимида бир ўзим бораман, нима қилиб бўлса ҳам қайтариб олиб келаман! Байроқ жуда азиз, лекин назаримда тақдири омонат эди.

 

Бир мўъжиза юз берадигандек ва ўзим аралашиб, мушкулотни ечадигандек ишонч уйғонди. Шундай табаррук нарсанинг тақдирига аралашиш бир шарафга эришиш имкониятидек ва бу имконият олдимга келиб тургандек туюлди.

 

Тўғриси, бориб олиб келаман деган фикрдан кўнг­лим ёришиб, ёш боладек серҳаяжон бўлиб қолдим. Қаранг-а, шундай табаррук нарсани билдирмай олиб келиш менинг чекимга тушса-я! Худо ол, қулим, дегани шу-да. Аммо у Тошкентга бир келган, сейфда қулфланиб ётиб-ётиб яна қайтиб кетган. Айтсам ишонмайсиз-а? Шундай бўлган! Уни олиб келган отахоннинг гапларига ҳам, байроққа ҳам ишонмаганлар, буни тарих музейига топширинг-да, Сайрамингизга қайтиб кетаверинг, де­йишган. Отахоннинг дили озор топиб, байроқни қайтариб олган-да, Сайрамига жўнаб юборган. Ишонмайсиз-а? Албатта, ишониш қийин, лекин шундай бўлган.

 

Байроққа ана шундай муносабат ўйлантиради, одамни кўп нохуш хулосаларга тортиб кетади. Унгача бундай бўлмаган, Туркистон, хусусан Сайрам аҳли бу байроқни Амир Темур бобомиздан мерос деб кўз қорачиғидек сақлаб келган.

 

Гулпошша опанинг айтишича, бундай бўлган. Со­ҳибқирон Амир Темур буюк мутасаввуф Аҳмад Яссавий қабри устига мақбара тиклагандан сўнг унинг қабри устига бу байроқни ёпган. Байроқ чор Россияси босқинигача қабрга ёпиғли турган, зиёратга келган халқ тавоф қилиб юрган. Ясси – Туркистон шаҳри истило қилинишидан олдин, чор қўшини яқинлашиб қолганидан хавотирга тушиб, байроқни руслар олиб қўяди, деган ўйда уни олиб яширганлар, қаерда, кимдалигини оғзига маҳкам, хос одамларгина билган. Тўғри қилинган, чунки руслар келгандан кейин Яссавий бобомизга тегишли ҳамма нарса хатга олиниб олиб кетилган. Билмаган одамга кўримсиз туюладиган байроқнинг тақдири аянчли бўлиши турган гап эди. Дошқозонни биласиз, тортиб олиниб, Петербургга олиб кетилган. Руслар олиб кетган ашёларнинг икки жилдлик альбоми Қозоғистонда нашр этилган, улар орасида, табиийки, байроқ тасвири йўқ. Шунга қараганда, байроқ Туркистонга руслар кирмасидан олдин олиб яширилган. Шу билан авлодма-авлод, сандиқма сандиқ ўтиб келаверган.

 

Мустақилликдан кейин ҳам байроқдан ажралиш хавфи сақланиб, яна сир тутилган, қабрга, ўз жойига ёпсак, давлат олиб қўйиши, пойтахтдаги бирон музейга бериши ва музейларнинг бу аҳволида шу билан бадар кетиши мумкин деган хавотирда. Бу орада Тошкентда Амир Темур музейи қурилади. Шу билан Туркис­тон аҳлининг кўнглида умид ҳам кўтарилади: ана энди байроқнинг ўрни топилди – Амир Темур бобомиз ёпган байроқ унинг музейида туриши керак!

 

Байроқ очиқланади, оқсоқолларга маслаҳат солинади: уни ўзимиз бундай сақлаб туролмаймиз, Тошкентга олиб бориб, соҳибқирон бобомиз музейига берайлик, унинг шунча вақт сандиқларда бекиниб ётгани етар, энди бутун ўзбек халқи кўрсин, фахрлансин. Бу маслаҳат ҳаммага маъқул тушади ва охирги марта байроқ уйида сақланаётган отахон халқнинг дуоси ва розилигини олиб уни Тошкентга олиб келган…

 

Отахон байроқни очилажак музейга келтирган ва бу соҳибқирон Амир Темурнинг байроғи деб, унинг тарихини айтиб берган, буни музейга қўйсангиз-да, эвазига битта гилам берсангиз, мен гиламни олиб бориб масжидимизга, халқнинг пойига тўшасам, деган.

 

Ана, бюрократиями, илмий шубҳачиликми ё ло­қайдликми шу ердан бошланади. Аввалига бай­роқнинг Амир Темур давридан бери сақланиб келаётганига ишонишмаган ва бу ҳам тўғри туюлади, кейин Амир Темур музейига қўядиган бўлгандан кейин албатта ишончли экспертизадан ўтказиш керак. Гулпошша опанинг югур-югури билан бай­роқ тарихчи ва бошқа мутахассис олимларга кўр­сатилиб, уларнинг жуда қадимий деган хулосаси олинган. Уни экспертизадан ўтказишнинг техник имконияти бўлмаганми, ишқилиб қилинмаган, фақат ҳошия қисмидаги ёзувлар Шарқшунослик институтида кўчириб олиниб, таржима қилинган. Олимлар байроқ тарихи борасида қатъий фикрга келганми, келмаганми, ишқилиб, у ўша пайтлардаги катта бир раҳбар ҳукмига топширилган. Совет комсомолининг шонли юришлари мавзуида докторлик диссертацияси ёқлаган бу раҳбарга байроқ жўн бир эски латта бўлиб туюлганми ё Амир Темур билан Аҳмад Яссавийга тегишли деган гапни оми халқ тўқиган бир чўпчак-да, деб ўйлаганми, ишқилиб, уни икки-уч ой сейфига ташлаб қўйган. Айтишларича, уни Амир Темур музейи залларида намойиш этиладиган осориатиқалар сафига киритмаган ҳам. Балки ишонмагандир, балки иккилангандир, бу ёғини ўзи билади, ишқилиб, бобойга айтинглар, бу нарсасини олиб бориб тарих музейига топширсин-да, Сайрамига кетаверсин, деган. Вассалом, отахонга битта гилам бериш, байроқнинг тарих музейида ҳам экспонат қилиб қўйилиши ҳақида гап бўлмаган. Ҳолбуки, бунақа байроқ на Ўзбекистоннинг, на Марказий Осиё давлатларининг бирон жойида, эҳтимолки бутун ислом оламида йўқлиги ҳақиқат эди. Кейин, халқнинг Аҳмад Яссавийдек улкан диний арбоб, тариқат пирига тегишли ашё ҳақида ривоят тўқиши ҳам ақлга сиғмайди. Умуман бу байроқнинг Тошкентга келиши ва қадр топмай қайтиб кетиши ҳам ақлга сиғмайди.

 

Бу ёқда қазилмалардан чиқиб қолган ҳар бир ашёни пуфлаб кўзга суртиб ётибмиз, чет эллардан тад­қиқотчилар келиб, бир сопол кўза синиғида безак топса, дўпписини осмонга отяпти-ю, соҳибқирон бобомизнинг байроғига муносабат шу бўлса! Байроқ нима бўлганда ҳам узоқ тарихда Аҳмад Яссавий қабрига ёпиб келингани билан ҳам табаррук осориатиқа-ку!

 

“Ўзлик” кўрсатуви от устига миндирган пайтлар, ўзимга ишончим ўзимдан ҳам баланд. Шу ишончимга таяндим, ўша отахонни топаман, у киши қайтиш бўлган бўлса, авлодини топаман, нима қилиб бўлса ҳам байроқни беришга кўндираман! “Ўзлик”ни гапираётганим бу кўрсатувнинг машҳурлиги байроқ борасидаги музокараю гуфти-гўларда кўп қўл келган.

 

Гулпошша опанинг аждодлари бошига тушган реп­рессия кўргуликларини ёзиб олдим-да, эртаси куни кассетани қўлтиқлаб бош вазир ўринбосари Ҳамидулла Кароматов ҳузурига кирдим. У киши бир йиғилишга отланиб турган, гаплашишга вақти йўқ экан, ака, кейинроқ келинг, деди. Кўп вақтингизни олмайман, атиги икки дақиқа, бир нарсага кўз ташлаб беринг, илтимос, деб кассетани кабинет қуйисида турган магнитофонга тиқ­дим. Ҳамидулла Кароматов сал диққат бўлиб магнитофонни қўшди ва байроқни кўриб, ҳайрону лол бўлиб қолди: нима бу, бор нарсами? Мен шоша-пиша икки оғиз изоҳ бердим. Бош вазир ўринбосари тарихни яхши биладиган одам, ҳайратга чўмди, бунақасини кўрмаганман, дунё кезиб юрибман, шарқ мамлакатларидаги кўп азиз-авлиёларнинг қабрини зиёрат қилдим, аммо бунақа байроқни кўрмадим, ўзимизда ҳам йўқ, жуда эскилигига қараганда ноёб дурдона, Амир Темур бобомиздан мерос бўлиши бор гапга ўхшайди, биздан олдингилар чатоқ иш қилган экан, қанийди қайтариб олиб келсак, деди. Мен бориб олиб келаман, дедим. Қандай қилиб, чегарадан қандай олиб ўтасиз, деб хавотирланди у киши. Машинамнинг ўриндиғига тўшаб, устида ўтириб ўтавераман, қайси чегарачи билиб ўтирибди, бу бир эски латта экан, деб ўтказиб юбораверади, дедим. Бош вазир ўринбосари ўйланиб қолди, маъқул, олиб келолсангиз, зўр иш бўлар эди, лекин тез бориш керак, у ёқнинг ўзи эга чиқмасдан, деди. Бир оз харажати чиқиши мумкин, байроқни сотиб олсам, катта пул сўрашса, дедим, топинг, қайтганингиздан кейин ҳаммасини ўзим қоплаб бераман, деди Ҳамидулла Кароматов.

 

Шундай қилиб борадиган бўлдим. Хаёлимда ҳар хил ҳисоб-китоб, ҳаммаси тўғри бўладигандек, аммо байроқнинг қадри баландлигини энди билиб, ростдан ҳам катта пул сўрашса-чи? Масалан, минг-икки минг… балки ўн минг доллар берасан деб қолишса, бу ёғи чатоқ. Ана шу чатоқликни ҳал қиламан деб, валломат, фидойи дўстим, “Матбуот тарқатувчи”нинг бош директори Рустам Қосимов олдига бордим. Унга масалани тушунтирган эдим, катта савоб иш экан, хўп десангиз, бирга борамиз, деб қолди. Зўр бўларди, дедим, фақат ёнингизга каттароқ пул олиб оласиз-да, кўкидан, дедим.

 

Келишдик-да, эртаси куни эрталаб Рустам аканинг “Эсперо”сида қайдасан Сайрам деб йўлга отландик, Ғишткўприк божхона постига етай деганда чегарадан паспортсиз ўтказмаслиги эсга тушиб, орқага қайтиб, ҳужжатдан камимизни тўлдириб ол­дик. Ўзимизнинг божхонадан беишкал ўтдик, Қо­зоғистон божхонаси ҳужжатларни текширди, машинага рухсатномани ичкаридан оласизлар, деди аскар йигит. Ичкари кирсак, машина учун олти минг тўлашимиз керак экан, зобит йигит, ТВнинг кучи-да, мени таниб қолди, ҳам депутатлик гувоҳномамни кўриб, сиздан пул олмайман деб, текинга рухсатнома ёзиб берди. “Эсперо”нинг тумшуғини Чимкент йўлига тўғрилаб, газни босдик…

 

Йўл бўйи биронта “дан”чи кўрмадик, ҳеч ким тўх­татмади. Сайрам йўлига бурилиб, қишлоқлардан оралаб ўтаётганимизда бу ерларнинг нимасидир ғалати туюлди: ҳар бир ҳовлидан жуда узун, ўттиз-қирқ метрлик қувур ё тўғри улама хода кўтарилган. Аввал, бу ерларда кўп чақмоқ чақади шекилли, яшинқайтарғичмикан, лекин нимага бунча баланд деб ўйладим. Кейин разм солсам, ҳаммасининг учида “мўйлови” бор: антенна экан, бари Ўзбекистонга тўғриланган. Борганда сўрадим, бу ердагиларнинг ҳаммаси шунақа узун антенна билан “Ўзбекистон” телеканалини тутар экан. Демак, бу ёғидан кўнгил тинч: “Ўзлик”ни кўрадилар, мени кўпчилик танийди.

 

Тўғри тарих музейига бордик. Олдин ҳам бир келганман. Музей директори Мираҳмад ака ишлаб ўтирган экан. Кўришиб-сўрашиб, байроқни суриштиришга тушдик.

 

Байроқни отахон Тошкентдан қайтариб олиб боргандан кейин, менда турса бир кор-ҳол бўлиб қолмасин деб, Сайрам тарих музейига, Мираҳмад акага топширган. Орадан вақт ўтиб, чол вафот қилган, байроқ музейда қолган. Яна орадан сал вақт ўтиб, чолнинг яқинлари байроқ ўзимизда турсин, халқ Сайрамда қолиб кетадими деб безовта бўляпти, деб, сўраб ўзларига олиб кетган. Кейин яна нимадир бўлиб, нимадир қўйиб, байроқ бир одамнинг қўлига ўтган ва Манкент қишлоғининг тарих музейидан қўним топган. Байроқ ҳозир шу музей деворида осиғли экан. Бу гапни эшитиб юрагим тушиб қолай деди: шундай ноёб нарсани қанақасига очиққа осиб қўйишади! Яна қишлоқ музейида!

 

Бир гапни айтиш керак: Қозоғистондаги кўп ўзбек қишлоқларида тарих музейи бор, уларда ўз тарихини билишга қизиқиш жуда катта. Музейларки, мослаштирилган биноларда эмас, кўпи учун алоҳида иморатлар қурилган, кўплаб осориатиқалар йиғилган. Аҳолининг ўзи тиклаган, ўзи ғамхўрлик қиладиган бу музейлар четдан борганга жуда қизиқ, одамнинг ҳавасини, нимага бизда бунақа эмас деган озгина ҳасадини ҳам уйғотади.

 

Хай, майли, бу алоҳида мавзу, биз учун асосийси, байроқ омон, музейда осиғли, музей Манкент деган қишлоқда. Манкентга етгунча бир неча қишлоқ ораладик, Оқсувми деган сой ёқалаб юрдик, биздагига қараганда уч-тўрт даража салқинлиги учунми, ҳавоси хушёқим, умуман чиройли жойлар экан. Манкент ҳам баҳаво, ҳовлилари пасту баланд, кўчалари иланг-биланг, истарали бир қишлоқ экан. Музейни топиб борсак, берк, кўчада юрганлар бизни қизиқсиниб ўраб олишди, Рустам ака бу қадар эътиборга тушганимиздан ҳайрон, менга эса сабаби маълум – осмонга баландлаб кетган антенналар. Шу одамлар айтди, музей директори, Нормаматми, Тош­маматми деган одам экан, очиғи, исми аниқ эсда йўқ, шунинг учун, келинг, Нормамат дейлик, хуллас, шу кишининг бугун музейга келиш-келмаси даргумон, ҳозир – масжидда бўлса эҳтимол. Урим-бурим кўчадан масжидни топиб бордик, намоз вақти бўлмагани учун одам йўқ, қўшни ҳовлидан бир ёши ўтган киши чиқиб қолган эди, ундан музей директорининг уйини сўрадик. “Э-э, Нормамат аками?” деганига қараганда, Нормамат ака бизга ака эмас, отахон бўлар экан. Яна бир бурилмали кўчага бурилдик. Салдан кейин бу кўча ҳам торайиб, олдинга юрсак, орқага бурилиб олишимиз гумон, “Эсперо”дан тушиб, икки оёққа миндик. Кўчанинг охирларига бордик, учта дарвозага тақалдик. Айтдим-ку, бу ердаги ҳовлилар пасту баландлигини. Шу одам бўйи пастликдаги чўп-чўқир билан ўралган томорқасида бир кампир куймаланиб ётган экан, кўча лабида туриб чақирдим, салом бериб, Нормамат отахоннинг эшигини сўрадим.

 

Кампир бошини кўтарди-да, бир муддат каловланиб қолди, кейин “Вой! Вой! Аҳмад Аъзам! Аҳмад Аъзам! Бугун ўнг ёғим билан турган эканман. Бу томонларда нима қилиб юрибсиз? Вой, айнониб кетай” деб биз томонга келаверди. Мени таниётгани телевизор туфайли эканини билсам ҳам кўнглим бошқача бўлиб кетди. Эътибор кимга ёқмайди дейсиз! Рустам ака ҳам жуда ҳайрон: “Э-э, шу ерда ҳам сизни билишадими?” деб ғуруримга мой сепади. Кампир гапни “Ўзлик”дан олди. Аҳмад Аъзамдек одамки ўз оёғи билан келиб қолган экан, бир пиёла чой қилиб бермасдан қўйиб юбормаслигини билдирди. Ичимда бу ердагилар шу кампиригача мени билса, демак, сиздек одам ўзи сўраб келибдики, манг, байроқ сизга, деб қўлимга тутқазиб юборишадигандек туюлди. Шу-да, ким ўзини яхши кўрмайди, бу ёқда бошқа мамлакатнинг овлоқ қишлоғида кампирларгача таниб турса! Ишқилиб Худойимнинг ўзи ишимизни ўнглаб тургани рост бўлиб чиқсин-да, деб юрагим пўкиллаган.

 

Сал наридаги уй ўша Нормамат отахонники экан, ҳали ўзини кўрмай, отахон деб ғойибдан хушомадни бошлаб юбордим. Аммо отахони тушмагур уйида ҳам йўқ экан.

 

Яна музейга қайтиб келдик, энди нима қилдик деб бошимиз қотиб ўтирганда бир отахон келиб музей эшигини очди. Ана, ниҳоят мақсадга эришдик! Ўзи экан!

 

Нормамат отахон соқоли бежирим кузалган, бошида дўппи, эгнида пўрим яктак, босиқ-вазмин, ҳадеганда очилавермайдиган киши экан, менга ичимдагини топ деган қувлардан туюлди. Майли, бу ҳақда кейин.

 

Музейга киришимиз билан аланглаб байроқни топдим. Мана, шунча орзиқтирган нарса кўз олдимда турибди! Томонлари икки метрча, чеккасига йигирма сантиметрлар келадиган пишиқ бўз ҳошия тикилган, қолган жойи, яъни ўртаси пати тўкилиб, тўқ яшил ранги унниқиб кетган бахмал. Бахмали Маккада Каъбага ёпилиб, ҳар ҳайитдан кейин янгиланадиган бахмалдан махсус олиб келтирилган, четидаги ҳошия бу ерда тикилиб, эскирганда янгилаб турилган. Бахмал байроқ шунча эскилигига қарамай салобати билан босади, кўнгилга бир маҳобат солади. Фақат… очиқ деворга қоқилган! Ҳа, ишонаверинг, ҳалиги дераза шишасини қотирадиган бир сантиметрлик майда мих бор-ку, тортиб, шу билан қоқиб чиқилган. Пастга осилган қисмига қўл етади, ана шу қўл етадиган қисми титилай деб турибди – ким кирса тавоф қилади-да.

 

Музей биноси ялангликда янги қурилган, деразалари кенг, баланд, лекин панжараси йўқ. Турган гап, байроқни шу шароитда шундай сақлаётган, яна ёши катта одамга бунақа қилиш нотўғри, уни махсус иқлим муҳитида, қулфланадиган экспонат сифатида сақлаш лозим деб ақл ўргатишдан фойда йўқ. Ҳозир унинг кўнглини ранжитмай, иш битишини ўйлаш керак.

 

Отахон Тошкентдан келганимизни эшитиб чой дамлади, қанд-қурс қўйилган столига манзират қил­ди.

 

Мен сипориш олиб, секин байроқ ҳақида гап бошладим. Ҳали мақсадга ўтганим йўғ-у, аммо отахон бирдан сергак тортди, мисоли осмонга хира булут пардаси тортилди. Гапларимни ҳар замонда ҳа, ҳм деб эшитгани билан буқиниб олаверди. Ҳа, осиб қўйибмиз-да, халқда шунақа қадимги деган гап бор, энди Худо билади, бизлар билмасак, одамлар кириб тавоб қилади, бир нарса дейиш ноқулай, ўзларининг мулки-да, биз бир қоровул… Байроқни сал пачакилаб, келганларингга ҳам унча арзимайди, демоқчи. Менга ўхшаганининг кўпини кўриб, ичдан пишиб кетган чол, энди уни отахон дегим келмай қолди. Гаплашгани сайин руҳим тушиб боряпти: ҳай, бу чолнинг байроқни берадиган сиёғи йў­ғов. Бўлмаса, ваъдани катта қиляпман: байроқни Амир Темур музейига қўямиз, чолнинг ўзига “Ўзлик”нинг икки сонини бағишлаймиз, Манкент ҳақида ҳужжатли фильм яратамиз, туман оқсоқолларини тўплаб суҳбат уюштирамиз… Йўқ, чол синини бузай демайди. Хўп, бўлмаса, қанча десангиз, пулини берайлик, долларда? Йўқ, бай­роқ халқнинг мулки экан, сотилмайди. Камина ҳам чоллар билан гаплашишга устаси фаранг бўлиб кетганман, Рустам ака ҳам қўллаб турди, буни ҳам бурчакка қисиб боравердик. Охири у юмшагандек бўлди, майли, мен халқимизнинг олдидан бир ўтай, туман оқсоқоллар кенгашига келганингизни айтиб, розилигини олай, сизни бу ерда ҳамма танийди, йўқ дейишмайди, лекин ҳозир эмас, кейин ўзим олиб бораман, Тошкентда иккита фарзандим туради, шуларникига борганда, ўзим сизга телефон қиламан…

 

Маъқул дейишдан бошқа илож йўқ. Чолга бай­роқ­ни олиб боргунча ҳам бунақа кўргазмадан олиб, эҳ­тиётлаб қўйишни илтимос қилиб Сайрамга қайтдик. Яна Мираҳмад акага учрашдик. Мираҳмад ака ҳикоямизни эшитиб, бошини чайқаб қолди, бизга таскин берди. Бу қув бобойни кўпчилик бўлиб ўртага оламиз, инсофга чақирамиз, ишқилиб, бай­роқни сизга етказамиз, деди. Гулпошша опанинг Аҳмаджон деган укаси йўқлаб келди, у ҳам дардимизга шерик бўлди, бир пиёла чой қилиб берди, катта тадбиркор одам экан, ҳаммага таниқли, у ҳам бизни умидлантирди. Энди сизнинг келганингизни халқимиз ўз кўзи билан кўрсин, байроқни ўзингизга беришимизга ишонсин деб, бир катта маъракага олиб борди. Ана кўрдингизми одамларнинг ҳур­матини, Худо хоҳласа, байроқ сизники, етказамиз, деб кузатиб қолди тадбиркор дўстимиз ҳам.

 

Барибир, кайфиятимиз тушиб, “Эсперо”ни Тошкент йўлига солдик.

 

Ҳеч ишни битиролмай қайтдиг-у, лекин у ёқ­да катта ҳаракатлар бошланиб кетди. Тадбиркор дўстимиз Манкентга бориб, чолга хўп ишлов берган, чол бизга берган ваъдасини пеш қилиб, бошқа гапга унамаган. Мираҳмад ака гапни туман оқсоқоллар кенгашига қўйган, чолни ўртага олишган, ҳаммамиз рози, беринг Тошкентга деб, чол бу ерда ҳам ваъда билан чап берган. Бу ёқдан режиссёримиз Маҳкам ака Муҳамедов ҳам аралашди. Бир неча марта бориб келди, ўз туғилган қишлоғи Қорабулоқ қарияларини ҳам ишга солди, чол тушмагур ўша журналистга айтган гапим – гап, шу гапимда турибман, ўз қўлим билан обориб топшираман деяпман-ку, деган гапини такрорлашдан бу ёққа бир қадам ҳам силжимаган. Кўп одамлар аралашди, кўп уринишлар бўлди, чол ҳам қайсарларнинг қайсари экан, ҳеч кимга бўй бермади.

 

Ҳатто бир куни бир одам келди, қайси тоифадан эканини айтмай, ҳар қалай, тутган жойидан кеса­диганлардан, шу киши, ука, музей директори сизга ўх­шаганнинг ўнтасига дарс беради, сувга олиб бориб, суғормай қайтариб келадиган одам, шунинг учун мен йигитларимга айтай, кечаси музейга тушиб, байроқни олсинлар, бир-икки кунда қўлингизда бўлади, деди. Менинг кайфим учиб кетди, шундай табаррук байроқни ўғирлатишга… очиғи, гуноҳидан, Туркистон аҳлининг кўнглини оғритишдан қўрқдим. Ўзим тушмаганим билан, ким туширганини билади-ку одамлар деб ўйладим. Йўқ, дедим ўшанда, ҳозирлари ўйлаб афсус ҳам қилиб қўяман, унинг гапи тўғри эди…

 

Кутиб юравердим, одамларнинг ҳаракати тўх­та­ганидан ва айни пайтда Нормамат аканинг келишидан дарак йўқ. Орадан анча муддат ўтди.

 

Маҳкам акага яна Манкентга бориб келсамми, деган эдим, у киши йўқ, борманг, боролмайсиз ҳам – Қо­зоғистон ҳудудига киришингиз билан ҳибсга олинасиз, деди. Ий-э, бовурларимизга қарши нима қилибман, деб ҳайрон бўлдим. Байроқ йўқолган, ана шу йўқолиши юзасидан жиноий иш очилган, айбланувчилар орасида сиз ҳам борсиз, деди Маҳкам ака.

 

Кўп эмиш-мемишлар чиқди: байроқни музей директори пуллаган, байроқ чет элга чиқиб кетган, байроқ у ёқда кимнингдир шахсий коллекциясида, байроқни олиб яна бекитиб қўйишган, бир куни чиқиб қолади… Биласиз-ку, бунақа пайтлари ишнинг те­пасида ўзлари тургандек тўқиб ташлайверадилар.

 

Яқинда Гулпошша опадан сўрадим: йўқ, янги гап йўқ. Байроқ ўзидан кейин кўп миш-миш қолдириб, изсиз ғойиб бўлган.

 

Бизнинг уни излаб борганимиз, деворга қо­қилган ҳолида кўрганимиз, қув чолни кўндиришга уринганларимиз энди бир чўпчакка ўхшаб қоляпти.

 

Ҳангома бахтли якун топмагани учун узр албатта. Лекин кўнгилда умид сўнмайди: балки бу муқаддас байроқ орадан эллик-юз йил ўтиб яна кимнингдир сандиғидан чиқиб қолар, ҳар ҳолда соҳибқирон бобомиз буюк мутафаккир яна бир бобомиз қабрига ёпган, халқимизга мерос қолган ноёб осориатиқа шундай йўқолиб кетавермас, уни йўқотиб юбориш гуноҳи азим эканини, бунинг қиёматда бўлса ҳам жавоби борлигини қўли эгрилар ҳам билар…

 

Яна умид шуки, уни ўғирлаган бўлсалар, демак, қадр-қимматини билганлар, йўқотиб юбормайдилар, сотган бўлсалар, катта пулга, уни олган одам ҳам нимани олаётганини билган, авайлаб асрайди ва ҳоказо-ҳоказо. Энди бу ёғи чиндан кўнгилни юпатадиган ривоятлар.

 

Лекин ўкинч ўша-ўша – кўплашиб шундай табаррук мулкимизни олдириб ўтирганимиз…

 

Аҳмад АЪЗАМ

 

2013 йил.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//