Сўнгги қирқ-эллик йилликнинг энг муҳим аломатларини мужассам этган – Хайриддин Султоннинг “Осмони фалакларда” китоби ҳақида


Сақлаш
15:03 / 23.05.2025 142 0

Куни кеча атоқли ёзувчи Хайриддин Султоннинг “Осмони фалакларда” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Oyina.uz зиёлиларнинг ушбу китоб ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

 

“Башоратгўй”лар адашди

 

Мен бу китобга муҳаррир эдим, қисқароқ сўзбоши ҳам ёзганман, шунга бир-икки оғиз қўшимча қилмоқчиман...

 

Осмон, “осмон одамлари”га қизиқиш муаллифда, менимча, бундан қирқ йиллар бурун – Сент-Экзюперининг “Митти шаҳзода” асарини таржима қилиб юрганида бошланган бўлса керак. Бошқа мотивлар кейин қўшилган.

 

Хўш, бу тўплам қандай дунёга келди? Ундан олдинги асарлар, китоблар-чи?

 

Биласизлар, ардоқли ёзувчимиз Хайриддин Султон ўттиз йилдан ортиқ масъул вазифада. Бундай лавозимда ўтирган одам китоб ёзмоқ тугул китоб ўқимоққа-да вақт топиши қийиндир.

 

Шундан, адибнинг “истеъдоди сўнгани”дан башорат қилгувчилар ҳам топилди. Биров “Аттанг, шундай ёзувчимиз қаламини мансабга алмаштирди-я!” деб куйинди, бири эса “Мана, майдон бўшаб қолди, энди ўзимиз қирчанғимизни елдираверамиз!” деб суюнган ҳам бўлса керак.

 

 

Бизнингча, ёзадиган-чизадиган одам тўхтовсиз қоғоз қоралайверса, қалам ундан, у қаламдан безиши, ёзгани суюқлашиб-сийқалашиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Демак, вақт-вақти билан қоғоз-қаламга тин берилгани дуруст. Йиғиш-йиғинишда гап кўп, қалам тутган кўнгил бойийди, мавзулар, қарашлар янгиланади, теранлашади; самара ҳам шунга яраша!

 

Боя айтганимиз “башоратгўй”лар адашди. Кейинги йилларда муаллиф қаторасига беш-олти китобини эълон қилди. “Одамлардан тинглаб ҳикоя”, “Навоий, 30”, “Ишонч телефони”...

 

Буларнинг ҳар бири – ёзувчи ижодида бир босқич, ҳавас қиларли босқич. Булар – шакл жиҳатидан ҳам, мазмун жиҳатидан ҳам ўзбек адабиётида янги асарлар.

 

Булар – адабиёт ва ҳаёт ўртасидаги масофани кескин қисқартиргани билан ҳам қимматлидир. Бугунги воқеликнинг мураккаб, зиддиятли, гоҳо аччиқдан-аччиқ томонларини шижоат ила бадиий тадқиқ этгани билан-да аҳамиятлидир.

 

Ва ниҳоят – “осмон туркуми”.

 

Даставвал “Тафаккур” журнали саҳифаларидан жой олган “Осмони фалакларда” ҳикояси адиб ижодида яна бир таҳсинбоп босқич десак бўлади.

 

Биламизки, асарнинг тақдирини асосан унда нақл этилмиш қаҳрамон, унинг нечоғли ҳаётийлиги, қабариқ-бўртиқ тасвири, қандай инсоний маъно сарҳадларига бориб туташуви масаласи ҳал қилади.

 

Мазкур ҳикоядаги Шамшетов образи – адабиётимизда илгари учрамаган чинакамига янги қаҳрамон. Шўро замонида туғилиб, байналмилал тарбия муҳитида суяги қотган бу одам сиртдан қўполу дағал, ҳиссиз, меҳрсиздек кўринса-да, касбга садоқат, инсоний эътиқод, мардлик, тантилик синовидаги зўр қатъияти билан кишини лол қолдиради.

 

 

Хўш, бу ҳикоя шундай келибоқ журналда силлиққина чиқиб кетди деб ўйлайсизми? Ҳар бир сўз, ҳар ифода устида муаллиф билан телефонда кечган баҳсу мунозараларни айтсам, ижодий сирни очиб қўйган бўлмасам керак! Ишонасизми, қўлёзма тап-тайёр, энди босмага кетади дея имзоланиб турганда ҳам унинг янги таҳрири келарди!..

 

Бу ҳол тажрибали, ижодий ишда пишиқ-пухта муаллифнинг азбаройи инжиқлигу эҳтиёткорлигидан эмас, ўзига ва сўзига масъулиятидан, адабиёт ва унинг мухлиси – китобхонга ҳурматидандир!

 

Бунинг номини чинакам профессионаллик, яъни соҳибкорлик, соҳибикорлик дейдилар!

 

Салмоқдор асарлар, янги адабий қаҳрамонлар билан муаллифни ҳам, мухлисларни ҳам қутласак арзийди.

 

Муборак бўлсин!

 

Эркин АЪЗАМ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси

 

 

Асар қаҳрамонлари бугунги ижтимоий типга кучли руҳий рағбат беради

 

Ҳикоя қаҳрамони Шамшетов сиртдан қараганда ёқимсиз, қўрс, қўпол бир одам. Уни таниган-билган аксарият ҳамкасблари номини эшитгандаёқ рўпара келмасликка уринади. Уни сурбет, дилозор, жанжалкаш кимса деб билади.

 

Ёш учувчи Бадалов гарчи Эстониядан Шамшетов ҳақида ажабтовур таассуротлар билан келган бўлса-да, илк учрашувидаёқ унинг дағал муомаласидан ранжиб, ўзини четга тортмоқчи бўлади. Бироқ кейинчалик Шамшетов билан тўрт йил бирга ишлаб, халқаро рейсларда учиб, командирининг табиатини, характер моҳиятини ўзи ва китобхон учун янгитдан кашф этади.

 

 

Шамшетовнинг кўксига муҳрланган “Рожденный ползать – летать не может!” (“Ўрмалашга туғилган – парвоз қилолмас!”) деган татуировка-ёзув аслида унинг кимлиги, ҳаётий эътиқоди ифодаси эканини англайди.

 

Ҳикоя қаҳрамони мана шу эътиқодига умр бўйи содиқ қолади. Энг қалтис синовларда, суронларда ҳам синмайди. Бир вақтлар Шамшетов билан яқин дўст, қуролдош бўлган Эшбеков кейинчалик вазир бўлиб, “мансабга, соққага берилиб кетади. Осмонни кўрмай қолади”. Ҳолбуки, учувчи сифатида Эшбековнинг тенги йўқ.

 

“Қилмиш-қидирмиш”, деганларидек, у жиноят содир этиб, хорижга қочиб кетади. Ниҳоят, чет элда қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинади. Тасодифни қарангки, собиқ вазир айнан Шамшетов командирлигидаги самолётда Тошкентга қайтиши керак. Қўли кишанланган Эшбеков ёнида икки конвой ходими билан самолёт трапига келтирилади. Шамшетов эса ораларида зиддият-адоват борлигига қарамасдан, эски ҳамкасби, собиқ раҳбарининг шаънини ҳимоя қилади. “Менинг самолётимда учувчининг қўлига кишан солишга йўл қўймайман!” деб туриб олади. Ҳар қандай таҳдиду оқибатга тупуриб, Эшбековнинг қўлидаги кишанни ечтиради ва унга – вазир мақомидаги раҳбарга кўрсатиладиган барча қонуний ҳурмат-эҳтиромни бажо келтиради.

 

Конвой бошлиғининг “Шамшетов, тушун, менда буйруқ бор!” деган дағдағасига совуққонлик билан “Сен ҳам мени тушун, менда виждон бор!” деб жавоб беради.

 

Айни шундай кескин вазиятлардаги қатъияти ва иродаси билан у кўз ўнгимизда ҳақиқий ШАХС бўлиб гавдаланади.

 

Осмони фалакларнинг содиқ фуқароси Шамшетов ёрқин характер, юксак маънодаги ижтимоий тип – тимсол ўлароқ, бугунги одамлар, аввало, ёшлар онгу шуурига руҳий таъсир кўрсатади. Уларга кучли рағбат беради. Бу китоб сўнгги қирқ-эллик йиллик даврнинг энг муҳим белги-аломатлари, инсон тафаккури ўзгаришларини ўзида мужассам этган. Унинг аҳамияти ва қиммати ҳам ана шунда.

 

Иқбол МИРЗО,

Ўзбекистон халқ шоири

 

 

Зиддиятлар ҳикояси

 

Истеъдодли адиб Хайриддин Султон қаламга олган учувчилар ҳаётининг бадиий тасвири ўзбек адабиёти учун янги мавзу. Ҳар учала ҳикоя жуда қизиқарли. Ҳаётий, самимий, ишланган бадиий тил, ҳаракатдаги образлар, муҳими, ҳикояни ичкаридан бутун қилиб ушлаб турадиган жиҳат – бу зиддиятлар (конфликт).

 

“Икки карра қаҳрамон” – ташқи ва ички зиддиятлар асосига қурилган ҳикоя. Муҳаммадкамол – Камол – ҳикоя қаҳрамони учун бу исм бежиз танланмаган. Муҳммадкамол учувчиликдаги маҳорати, фаҳм-фаросати энг хавфли вазиятда йўловчиларни бир ўлимдан қутқаради. Ҳаётий бир конфликт. Самолётни қабул қилмаган макон билан бир амаллаб ерга қўниш воқеаси ўртасида зиддиятга ўқувчи кўп ҳам эътибор бермаслиги мумкин. Аммо Камол ёнига келиб ўдағайлаган, ўзидан ботир ясаб олган дағдағачи “важоҳатли бир кимса” – бундай увоқ образ ҳаётда кўп учрайди. Аэродром телеэкранидаги 2001 йил 11 сентябрдаги фожеавий воқеликдан хабар топгач, у кимса узр сўрайди.

 

Ҳа, Камолга Қаҳрамонлик унвони берилади.

 

Шу билан ҳикоя гўё туганчига етгандек бўлади. Аммо ҳикоя воқелиги, айнан, Камол қисмати билан давом этади.

 

 

“Пешона экан, яқинда дўстимнинг бошидан оғир бир воқеа ўтди” – у жумладан кейин гап ишдан оилага кўчади. Ўқувчини қизиқтириш учун “Бечора, дардини ичига сиғдиролмасдан, менга ҳасрат қилган эди. Мен ҳам азбаройи ишонганимдан сизга айтяпман, битта-яримтага достон қилиб юрманг яна, илтиос, хўпми?” деб сирни ровийнинг ўзи “достон” қилишга ўтади. Бу ёзувчининг ўзига хос баён усули. Ўқувчини ушлаб туриш муҳим. Шу сабаб юқоридаги гапнинг давомида: “Энди, сал нозикроқ, интим масала-да”, деган илдирги ҳам бор.

 

Камол Бангкокдан Тошкентга учиши керак. Уйдагилар учун совғалар олади. Жумладан, куёвига ҳам. Камол бошидан ўтган оғир воқеа ва ўзи айтмоқчи “қаҳрамонларча ўлими” шу арзанда куёви Шерали билан боғлиқ. Ҳаддан ташқари ҳурмат қилинган бу кимса наҳс босган ювиқсиз нусха бўлиб чиқади. Адибнинг ўзи ҳам бу шармандали ҳол баёнида воқелик устига “ёпинчиқ” тортади.

 

Табиийки, шарманда куёв билан орада зиддият пайдо бўлади. Камолнинг ичкарисидаги зиддият ундан кучаяди: “Ичимдаги шайтон, авария эшигини очгин-да, бу наҳс босганларни самолётдан улоқтириб ташла, аламингдан чиқ, деб тинимсиз гижгижлайди. Раҳмон бўлса, ҳушингни йиғ, жинни бўлишга ҳаққинг йўқ, чидайсан, дейди”. Камолнинг сағлом кайфияти бузилган, кетма-кет дорилар ичади. Учувчи “қоп-қора бепоён осмонга тикилиб” ўтиради. Ўй-хаёллар тўқнашади. Аваллари Камол учун етти ярим соат нима экани билинмаган йўл унмайди, вақт ўтмайди.

 

Камол шайтон васвасасига кирмайди. Ўзини, ғазабини енгади. Ҳақиқий қаҳрамон ўзини қўлга олган, ўз ғазабини енгган одамдир. Камолнинг қарорлари исмига мос. Камол ўзини тутган, ўзини босиб олган қаҳрамон. Ўз дардига кўмилган, ўзидан ўтганини ўзи билган Камол икки марта қаҳрамондир. Бироқ бу қаҳрамонлик ўртасида ҳам зиддият бор. Бири тирик ва иккинчиси “посмертно”.

 

“Қўнғиздан ҳам оппоқ, типратикандан ҳам юмшоқ” – бу таъбирда ҳам, умуман, ҳикоя охири қайнота билан куёв, қиз билан йигит, қудалар – буларнинг барчасида зиддиялар бор.

 

“Икки карра қаҳрамон” – бу зиддиятлар ҳикояси, деб ўйладим.

 

Дарвоқе, кейинги ҳикоядаги ғалати Шашметов – бутун борлиғи зиддиятларга тўлиғ образ...

 

Ёзувчи ижтимоий-маиший турмуш ҳам, одамлар табиати ҳам ниҳоятда мураккаб ва зиддиятларга тўла эканини жуда яхши билади. Назаримда, Хайриддин Султон тақдим қилган янги туркум ҳикоялари жозибасининг бир қирраси ҳам шунда бўлса керак.

 

Яна бир қўшимча. Ҳикоялар ёзилган сана ва жойлар ҳақида бир оғиз сўз. “2022 йил 31 декабрь. Банкок”, “2025 йил 19 январь. Тошкент”, “2025 йил 8 март. Мюнхен”. Иккитаси – 31 декабрь ва 8 март, яъни туганчига етибди. Яна бирига 19 январда нуқта қўйилган. Бу ҳам адиб ҳаётидаги алоҳида кун. Хайриддин Султоновнинг таваллуд кунлари. Нима демоқчиман? Ижод аҳли учун ҳамма кун бирдек – банд кунлар, ижод кунлари. Ижод аҳли учун дам олиш, байрам кунлари ёки бўш кун йўқ. Зеро, бўш кунларда ёзилган асарлар бўш бўлади. Ижодкор доимо банд одам, баланд одам, энг асосийси банда одамдир.

 

Адибнинг янги ҳикояларини ўқиб завқ топасиз, азизлар.

 

Баҳодир КАРИМ,

филология фанлари доктори, профессор

 

Фото: Аҳмад Тўра

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

15:06 / 11.06.2025 0 39
Ҳамзанинг “мактублари”





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18754
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//