Япон, олмон, корейс, турк уйғониш моделлари. Қай бирини танлаган маъқул?


Сақлаш
16:02 / 22.05.2025 25 0

Ҳар бир халқнинг тарихи, тили, анъаналари ва қадриятлари бўлгани сингари унинг ўзига хос фалсафаси ҳам мавжуддир. Бир-бири билан узвий ва чамбарчас боғлиқ экани боис уларни айро ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Фалсафа гарчи универсал қонун ва категорияларни ўрганувчи умуминсоний фан ҳисобланса-да, башарият ҳаётига хос муаммолар билан бирга муайян халқ турмуши ва тараққиётига доир қонунлар, мақсад-муддаоларни ҳам тадқиқ этади. Буни миллий фалсафамиз тадрижи мисолида ҳам кўриш мумкин.

 

Кучли давлат омили

 

Фалсафий фикр ва тафаккур бобида бой анъаналарга эга эканига қарамай, бир неча ўнйилликлар мобайнида халқимизнинг илмий меросига таъна-маломат тошлари отилди. Собиқ Иттифоқ даврида барча соҳалар каби миллий фалсафамиз ҳам сиёсий тамойилларга, аниқроғи,  “катта оғалар” қолипларига мослаштирилди. Оқибат шу бўлдики, миллий фалсафамиз ривожланиш ўрнига ҳукмрон мафкура қобиқлари доирасида “ўгай бола” сингари маъюс қиёфада кун кўрмоққа мажбур бўлди.

 

Собиқ тузум даврида фалсафага доир илмий изланиш ва тадқиқотлар гўё бир маромда олиб борилгандек туюлса ҳам, аслида, “социалистик турмуш тарзи”, “атеистик дунёқарашни шакллантириш” каби мавзулар сунъий равишда долзарблаштирилиб, жилд-жилд номзодлик, докторлик диссертациялари ҳимоя қилинди. Бу сира тадқиқотлардан ўзбек фалсафаси жилла наф кўрмади, билъакс, унинг обрў-эътибори тушди, тадқиқотлар самарадорлиги ошиши ўрнига диссертациябозлик авж олди, илмий даража ва унвонларни тезроқ қўлга киритиш асосий мақсадга айланди. Аждодларимиздан қолган диний меросни пухта ўрганишга эса мустамлакачилик йилларида авжига чиққан таъқибу тазйиқлар йўл бермади.

 

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида совет тузумининг интиҳо топиши ўзбек фалсафасининг қайта уйғониши учун ибтидо бўлиб хизмат қилди. Буни теран англаган биринчи президент Ислом Каримов файласуфларимиз олдига “замон ва макон билан боғлиқ мураккаб фан”ни янги давр талабларига мос равишда ривожлантириш вазифасини қўйди: “Фалсафа – барча фанларнинг отаси. Фалсафани билмайдиган одам – медицина ёки таълим, санъат ёки маданият соҳаси вакили бўладими, бундан қатъи назар, ҳаётнинг, ўз касбининг маъно-мазмунини яхши тушунмайди. Мисол учун, тарихни таҳлил қилиш учун ҳар бир воқеа ва жараёнга фалсафий қараш, уларни умумлаштирган ҳолда зарур хулосалар чиқара олиш керак. Шу боис тарихчи бўлиш учун фалсафий тафаккур қобилиятига эга бўлмоқ даркор” (Каримов И. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият. Тошкент, “Ўзбекистон”, 2006. 117-бет).

 

Жаҳон фалсафаси тарихига назар ташланса, ўз миллий фалсафаси ва тараққиёт моделини яратган халқлар унчалик кўп эмаслигига ишонч ҳосил қиламиз. Юнон фалсафаси, рим фалсафаси, ҳинд фалсафаси, хитой фалсафаси, инглиз фалсафаси, француз фалсафаси, олмон фалсафаси, рус фалсафаси... бу мактабларнинг ҳар бири борлиқ, ҳаёт ва воқеликка айрича ёндашуви билан ажралиб туради. Айни чоқда, уларнинг ҳар бирида халқига хос бўлган менталитет ва маънавият, дунёқараш ва тафаккур тарзи ҳам акс этган. Айтайлик, дунёвий фанлар ҳали “йўргак”да бўлган бир вақтда шаклланган қадимги юнон, ҳинд, хитой фалсафий мактабларига хос бўлган умумийлик олам ва борлиқ биносининг асосларини аниқлаш, унинг мавжудлиги ва ривожланиш қонуниятларини фаҳмлашдан иборат бўлган эса, француз  фалсафаси бу ёруғ дунёда  эркин  яшашдан  ўзга  муқаддас қадрият   йўқлиги, бунга  эришмоқ учун   маърифат аҳкомлари   ила қуролланган   ҳолда,  жанговарроқ турмуш  кечириш усулини тарғиб қилган. Олмонлар эса, аксинча, “ақлга мувофиқ нарсаларнинг ҳаммаси воқеий, воқеий нарсаларнинг ҳаммаси ақлга мувофиқ” (Ҳегель) экани ҳақидаги шиорни баланд кўтарган ҳолда муросасозлик йўлидан бориш тарафдори бўлган.

 

Фалсафанинг асосий мазмун-моҳияти ҳаёт маъносини англашдан иборат экани бугун барчага кундек равшан. Совет даврида фақат фойда кетидан қувишнигина тарғиб этади деган даъво билан прагматизм фалсафий мактаблари қаттиқ танқидга учраган эди. Ҳолбуки, “ўзини оқлайдиган иш билан шуғулланиш” (Уильям Жеймс) деган ахлоқий императив асос устига қурилган ушбу фалсафа ўз даврида Ғарб давлатларини ижтимоий тараққиётга ундаган эди. Бозор иқтисодиёти муносабатлари устунлик касб этаётган бугунги кунда ўзбек фалсафасида ҳам ана шундай прагматик қарашлар зарурлиги эътироф этилмоқда.

 

Миллий давлатчиликнинг юксалиши кўп ҳолларда фалсафий қарашлар, таълимотлар тараққиёти билан узвий боғлиқ кечган. Зотан, кучли давлатчилик мудом кучли фалсафага эҳтиёж сезган. Қадимги Афина ва Рим, Амир Темур салтанати, умуман, инсоният тарихида ўтган кўплаб давлатлар гуллаб-яшнаган даврда фалсафа фани ривожига алоҳида эътибор қаратилгани маълум. Хусусан, Амир Темур давлати довруғининг етти иқлимга ёйилишида Соҳибқироннинг ҳарбий куч-қудратидан ташқари ўз атрофига оқилу фозилларни тўплагани, салтанат ишига доир машваратларда уларнинг фикрларини пухта ўрганиб, файласуфона қарорга келгани ҳам муҳим роль ўйнаган. “Темур тузуклари”да қайд этилган “...тажрибамдан ўтмишким, гарчи ишнинг якунланиши тақдир пардаси ортида яширинган бўлса ҳам, ақли расо ва ҳушёр кишилардан кенгаш тадбир истаб, фикрларини билмоқ лозимдир”, деган фикр Соҳибқирон донишманд ҳам бўлганидан далолат беради (Темур тузуклари. Тошкент, 1991. 15-бет).

 

Эътиборга молик жиҳати шундаки, ўтмишда Самарқанд фалсафа мактаби, Бухоро фалсафа мактаби, Мовароуннаҳр фалсафа мактаби, Туркистон фалсафа мактаби кабилар ҳам машҳур бўлган. Мазкур мактаблар турлича аталса-да, ўзбек халқининг фалсафий тафаккур тараққиётига тегишли бўлган умумий жиҳатларни ўзида мужассам этгандир. Бу эса донишманд халқимиз фалсафаси тарихимиз каби қадим, маънавиятимиз сингари теран демоққа асос бўлади. Истиқлолга эришганимиздан сўнг бой фалсафий меросимиз “Ўзбек фалсафаси” деган ном билан янгича маъно-мазмун касб этиб, ривожланиш босқичига қадам қўйди.

 

Қай моделни танлаган маъқул?

 

Ўзбекистон мустақил бўлгач, Иккинчи жаҳон урушидан кейин қисқа давр ичида мислсиз муваффақиятлар келтирган  “япон модели”, “олмон модели”, “корейс модели”, “турк модели” каби хорижий тараққиёт усулларидан бирортасини андаза сифатида танлаши мумкин эди. Аммо, назаримизда, хорижий моделларни Ўзбекистонга айнан кўчириш фалсафий мантиққа мос келмас эди. Чунки ҳар бир халқнинг давлатчилик анъаналари, асрлар мобайнида шаклланган маънавий-руҳий қадриятлари мавжуд. Миллий тараққиёт йўлини танлашда уларни эътибордан соқит қилиш ва хориж моделини кўр-кўрона қўллаш кутилган натижа бермас эди. Шу сабаб “ўзбек модели” деб аталган янги концепция ишлаб чиқилди. Мазкур концепция шунчаки тараққиёт йўли эмас, балки, таъбир жоиз кўрилса, ўзбек фалсафасининг мазмунан ўзига хос янги таълимоти бўлди.

 

Тараққиёт бобида мустақил йўл танлаш ҳар бир халқ учун жаҳоншумул воқеа саналади. Янги даврда ўтмишга хос кўплаб тамойиллар ўз аҳамиятини йўқотади, узоқ муддат қадрият ҳисобланган моҳиятдан воз кечилади. Бусиз иложи йўқ. Чунки янги давр барча соҳаларда туб ислоҳотларни тақозо қилади. Орзудаги жамиятни барпо этиш эса ҳамма вақт ҳам осон кечмайди. Эскилик билан янгилик ўртасида муросасиз кураш юз беради. Янгилик тарафдорлари ўз мақсадларига эришмоқ учун оммани эзгу ғоялар атрофида бирлаштиришга интилса, эски “гвардия” жамиятда рўй бераётган ижобий ўзгаришларни тан олмаслик, анъанавий турмуш тарзидан воз кечмаслик йўлини тутади. Дарвоқе, ўта хатарли бўлган учинчи   –   бефарқ ва лоқайд тоифа ҳам пайдо бўлади. Ана шундай масъулиятли дамда миллий тараққиёт фалсафасини ишлаб чиқиш ва уни кенг омма онгига сингдириш фавқулодда катта аҳамият касб этади.

 

Мужодала эмас, муроса

 

Бугун ўзбек фалсафасининг сарчашмалари – халқимизнинг бой илмий мероси, аждодларимиз тафаккур зиёси ила яратилган дурдона асарларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Улар жаҳон фани ва маданияти ривожига шу қадар катта таъсир кўрсатганки, буни машҳур инглиз олимаси Ҳилда Ҳукҳемнинг “Амир Темур тарбия топган заминда X – XI асрлардаёқ фалсафа, тиббиёт, математика, астрономия, география, назм ва тарихнавислик борасида жаҳоншумул асарлар яратилган. Бу беқиёс илмий-маърифий тараққиёт Европа Уйғониш даврига туртки берди ва Европа илм-фани камол топишида мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилди”, деган эътирофи ҳам тасдиқлайди.

 

Бироқ шунга қарамай, мозийнинг турли даврларида яшаган аллома боболаримизнинг дунёвий ва диний илм соҳаларидаги мероси бор бўй-басти билан, тугал ўрганилган дея олмаймиз. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистонда ҳозирга қадар ўрганилмаган нодир қўлёзмалар 80 мингдан зиёдни ташкил этади. Уларни дақиқлик билан тадқиқ қилиш ва халқимизга тақдим этиш наинки манбашунослик ёки шарқшунослик, балки ўзбек фалсафасининг ҳам кечиктириб бўлмас вазифаларидандир. Зеро, қарийб уч минг йиллик давлатчилик тарихига эга бўлган халқимиз дунёқарашининг шаклланиши ва такомиллашув босқичларини ҳар томонлама чуқур ва пухта ўрганиш миллатнинг ўзлигини англашида муҳим ўрин тутади.

 

Гарчи инсоният тарихи бир-биридан фарқ қиладиган турли-туман даврлардан иборат бўлса-да, асл мазмун-моҳиятига кўра у бирбутун умумий қадриятдир. Шундай экан, халқимиз яратган бебаҳо мерос “европацентризм”, “осиёцентризм” сингари маҳдудлик ёки этник тарафкашлик даъволари асосида эмас, балки одамзод тафаккурининг умрбоқий маҳсули ва таркибий қисми сифатида холисона ўрганилиши керак. Бизнингча, ушбу муносабатларда Ғарб ҳам, Шарқ ҳам мутлақ етакчилик даъвосини қилмаслиги, бунда ҳар икки цивилизациянинг бир-бирига катта таъсири бўлганини таъкидламоқ лозим. Зеро, Шарқ олимлари юнон фани ва фалсафасидан қанча баҳраманд бўлган эса, минг йил жаҳолат зулматига ботган Fapб фани Шарқда кўтарилган илм-фан қуёши нурлари таъсирида кўз очиб уйғонди. Ҳатто Шарқ фани ва фалсафасига беписандроқ муносабатда бўлган буюк олмон файласуфи Георг Ҳегель ҳам “Нур – Шарқдандир” дегани Машриқзамин салоҳиятининг жаҳоний эътирофига ишорадир.

 

Ортга суриб бўлмас вазифалар

 

Миллий фалсафамиз тадрижи хусусида сўз борар экан, соҳа вакиллари олдида турган вазифаларга ҳам эътибор қаратиш ўринли бўлади. Ўзбек фалсафасининг туб илдизлари, назарий-методологик манбалари, ривожланиш хусусиятлари батафсил баён қилинган фундаментал тадқиқотлар, ўқув адабиётлари етарли эмас. Бинобарин, бунинг учун салоҳиятли интеллектуал кучларни саралаб, ушбу вазифалар ижросига сафарбар этмоқ лозим. Қолаверса, мамлакатимиздаги барча олий таълим даргоҳларида ўзбек фалсафаси кафедралари фаолиятини йўлга қўйиш ва шу бўйича дарсликлар тайёрлаш мақсадга мувофиқдир. Масалан, Буюк Британияда инглиз фалсафаси билан бирга Бэкон фалсафаси, Юм фалсафаси, Германияда олмон фалсафаси билан бирга Кант фалсафаси, Ҳегель фалсафаси каби махсус курслар ўқитилади. Француз ва испанларда, юнон ва итальянларда ҳам шундай. Ҳар бир миллат ўз фалсафасини биринчи навбатда ўзи чуқур билиши, ҳурмат қилиши, дунёқарашининг ажралмас қисмига айлантириши лозим, сўнгра эса бошқаларга ҳам тарғиб-ташвиқ этгани маъқул. Форобий фалсафаси, Хоразмий фалсафаси, Фарғоний фалсафаси, Беруний фалсафаси, Ибн Сино фалсафаси, Улуғбек фалсафаси сингари махсус курсларни йўлга қўйишга эҳтиёж ҳам, имконият ҳам бор.

 

Олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларда ана шу эҳтиёж ва заруриятни инобатга олмоқ лозим. Ижтимоий-гуманитар фанларни қисқартириш, фалсафа фанини ўқитишга нисбатан беписандлик тайёрланаётган кадрларнинг мафкуравий иммунитети сустлашуви сингари салбий иллатларни келтириб чиқаради. Бу ҳол мутасадди ташкилотларни жиддий ташвишга солмоғи даркор.

 

Юқоридаги мулоҳазалар миллий фалсафамизни янада юксак босқичга кўтариш ҳақида тинмай қайғуриш кераклигини эслатади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, мазкур ишни миллий манфаатлар қобиғида амалга ошириб бўлмайди. Жаҳон фалсафасини чуқур ўрганиш, сайёрамизнинг ўзга ҳудудларида умргузаронлик қилган файласуфлар таълимотлари билан яқиндан танишиш, уларни қиёсий таҳлил қилиш, замонавий фалсафий қарашлар ривожига хос бўлган умумий ва жузъий тенденциялардан оқилона хулоса чиқариш, дунё алломаларининг мумтоз асарларини она тилимизга таржима қилиш кабилар бугунги куннинг долзарб юмушларидир. Афсуски, миллий фалсафамизда “мураккаб, тиш ўтмайди” деган баҳона билан жаҳон фалсафасининг Афлотун, Арасту, Беркли, Кант, Ҳегель каби мумтоз вакиллари қарашларини ўрганиш, гносеология ва онтология, фан ва фалсафа тарихи, фанларнинг фалсафий масалалари сингари жиддий мавзуларда тадқиқотлар олиб бориш ўрнига ижтимоий-тарихий воқелигимиздаги сийқаси чиққан енгил-елпи мавзулардан “фалсафа излаш” анъанаси тобора илдиз отаётир.

 

Фикримизча, бугунги кунда жаҳон фалсафаси олдида ҳозирги дунёнинг илмий-фалсафий манзарасини, ғоялар ва ёндашувларнинг замонавий тараққиётга таъсирини теранроқ тасаввур этишдек залварли вазифа турганини ҳам ёдда тутмоқ даркор. Сираси, бу масала ўзбек миллий фалсафасига ҳам бегона эмас.

 

ХХ аср дунёда буюк ўзгаришлар ва кашфиётлар асри бўлиши билан бирга, мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам хавфлироқ тус олгани ила тарих саҳифаларидан жой эгаллади. Файласуфларимиз ХХI аср бундан-да мураккаб кечишини эсдан чиқармаслиги лозим. Негаки, инсон қалби ва онги учун кураш авж олган ҳозирги даврда бир ҳудуд ё мамлакатда пайдо бўлаётган ғоя, мафкуралар қисқа муддатда бутун ер юзига ёйилмоқда. Халқаро терроризм, оммавий маданият, нигилизм, космополитизм, тажовузкор миллатчилик, шовинизм, экстремизм каби мафкуралар дунёдаги тинчлик ва барқарорликка рахна солаётир, қабиҳ кучлар ғаразли мақсадлари йўлида ана шундай вайронкор мафкуралардан ғоявий қурол сифатида фойдаланаётир. Бундай шароитда геостратегик мақсадлар ва давлатларнинг мафкуравий сиёсатини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.

 

Дунёнинг мафкуравий манзараси тез ўзгараётгани, ахборот алмашинуви жараёнининг глобал тусга киргани, универсал технологияларнинг жаҳон халқлари ҳаёти ва турмушидан кенг ўрин эгаллаётгани ҳар томонлама чуқур таҳлилни талаб этаётир. Айниқса, ахборот майдонида кун сайин авж олаётган хуружлар алоҳида ёндашувни тақозо қилади. Хоҳлаймизми-йўқми, барчамиз ахборот оқими таъсири остида дунёга ўзгалар кўзи билан ҳам боқаётганимизни инкор этиб бўлмайди. Бас, шундай экан, инсоннинг ўзлигини йўқотмаслик чораларини кўриш асосан фалсафа фани вазифаси эканини чуқур англамоқ шарт ва зарур.

 

Бугунги беқарор даврда миллий ўзликни сақлаш, халқимизнинг азалий қадриятларини асраб-авайлаш ва келажак авлодларга безавол етказиш; ахборот уммонида ғарқ бўлиб кетмаслик учун кишиларда, айниқса, ёш авлод вакилларида оқни қорадан, чинни ёлғондан, ростни бўҳтондан ажрата олиш кўникмасини шакллантириш ниҳоятда долзарб. Боз устига, дунёнинг ахборотлашуви унинг технократлашуви билан ҳам мувозий тарзда юз бермоқда. Бунинг оқибатида эса, баъзи мутахассисларнинг фикрича, замонавий одам технократ роботга айланаётир. У кўпроқ виртуал дунёда яшашни маъқул кўрмоқда, аста-секин реал дунё кишиларидан узоқлашиб, жамиятдан бегоналашиб бормоқда. У учун қаерда яхши яшаса – ўша ер ватан. Бизнингча, бундай ёндашувни оқлаб бўлмайди. Бинобарин, миллий фалсафамиз соғлом фикрли, ҳушёр ва огоҳ инсонларни тарбиялашга ҳисса қўшмаса, зиммасидаги тарихий вазифани бажаролмайди.

 

Миллий фалсафамиз шиддаткор даврдан орқада қолаётгани, баъзи олимларнинг замон билан ҳамнафас бўлолмаётгани, давлат ва жамият талабларига жавоб беролмаётганини ҳам тан олиш керак. Фалсафа бўйича дарслик, ўқув қўлланмаларини яратишда муқобиллик асосидаги рақобат муҳити ҳали-ҳануз яратилмаган, муаллифлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш тизими ҳам мукаммал эмас. Бу борада аҳвол ижобий томонга ўзгармаса, фалсафа асл моҳияти ва қиёфасини, фан сифатидаги қадри ва аҳамиятини, ҳаёт ва таълимдаги ўрнини йўқотиб қўйиши мумкин. Шундай экан, бу борада зудлик билан туб ўзгаришларни амалга ошириш, илмий парадигмаларни янгилаш, мутахассисларнинг фан ва жамиятдаги қадри, ўрнини муносиб баҳолаш лозим.

 

Бугунги воқелик фалсафий адабиётларнинг халқчиллигини таъминлаш, дарслик ва қўлланмаларнинг тили, ифода усулларини миллий руҳимизга яқинлаштиришни ҳам талаб этаётир. Фалсафа мавзуларини қандай ёритиш, қай тариқа асослаш ва тушунтириб беришни ўрганмоқчи бўлсак, жаҳонда илғор намуналар бор. Энг мураккаб, серқирра фалсафий категория ва тушунчаларнинг таъриф ва изоҳларини ҳам содда, равон тилда, маҳорат билан ифода этиш тажрибаси мавжуд. Демак, ўзбек фалсафасининг эволюцияси ва динамикаси, умумий қонуниятлари ва ўзига хос хусусиятлари ҳар томонлама кенг ва чуқур ифодаланган асарлар яратиш, уларда замонавий фалсафанинг тушунча ва тамойилларини яхлит тизимга келтириш, ривожланиш йўллари ва имкониятларини атрофлича кўрсатиб бериш замондош файласуфларимиз олдида турган вазифалар сирасига киради.

 

Модомики шундай экан, илдизлари минг йилликлар қаъридан куч оладиган миллий фалсафамизни янги босқичга кўтариш, уни замонавийлаштириш, қолаверса, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш файласуфларимиз зиммасига катта масъулият юклаётганини янада теран ҳис этмоғимиз даркор.

 

Исматилла ТЎХТАРОВ

 

“Тафаккур” журнали, 2025 йил 1-сон.

Уйғонаётган фалсафа” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18180
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//