
Тилимизда бугунги авлодга анчайин нотаниш бўлган либосни ифода этувчи бир сўз бор – ширдоғ. Бир замонлар адабий тилимизга кўрк бериб турган бу сўз аллақачон тарихга айланиб улгурди. Чунки бу кийим номини турмушда сира ишлатмаймиз. У фақат ҳазрат Навоий асарлари ва уларнинг изоҳли луғатларидагина сақланиб турган эди. Жонли сўзлашувдан ва адабий истеъмолдан чиқиб кетган шу сўзни яқинда ёзувчи Наби Жалолиддиннинг “Оралиқ” (“Хайём”) романида учратиб, тилимизга ўз сўзимиз қайтаётганидан роса қувондим, бироқ озроқ ажабландим ҳам. Чунки бу сўз романда ўрнига тушмагандай таассурот қолдирди.
Умар Хайёмга бағишланган бу асарда султонга ҳамроҳ бўлган шоирнинг шер ови воқеаларида иштироки шундай тасвирланган:
“Шоирнинг тани қизиб, ўрнидан турди-да, эгнидаги ширдоғини (иссиқдан сақланиш учун кийиладиган кийим) ва Шокир Талх тикиб берган таги ясси ўнғай этигини ечди. Ширдоғини тахлади ва сўл ёнига ёнбошлаб, унга бошини қўйди”.
“Хайём унинг (султоннинг – Т. Т.) ширдоғини ечиб, ёз офтобидан қорайиб, озғинлашган юзидаги совуқ терларни артди. – Менга не бўлди, шоир? – сўради у титраркан (kh-davron.uz/kutubxona/uzbek/nabi-jaloliddin-xayyom-roman.html, 73-75-бетлар).
Сўз ўрнига тушмабди деганим маъниси шуки, ширдоғ буюк ҳаким замонида ва муҳитида подшоҳлар ҳам киядиган либос, шунингдек, иссиқдан сақланадиган кийим бўлгани даргумон. Чунки ширдоғ жун матодан тайёрланган устки кийим бўлиб, XIV-XV асрлар кўчманчи туркий қавмга хос бўлган. Бу сўзнинг машҳур “Девону луғотит турк”да учрамаслиги ҳам унинг кейинги давр маҳсули эканига ён босади.
Ўйлашимча, тарихий мавзуда асар ёзишга тутинган муаллиф ўтмиш манзарасини, хусусан, ўша вақтдаги нарса-буюмларни, либосларни тасвирлаш, аташ учун луғатларга мурожаат қилган. 1972 йили Тошкентда, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган “Навоий асарлари луғати”ни очиб қараса, “ширдоғ – иссиқдан сақланиш учун кийиладиган кийим” экан. Луғатда тарихий атама – ширдоғ ҳақида бундан бошқа маълумот бўлмагач, муаллиф нима қилсин: борича китобига киритган-қўйган. Шунинг учун муаллифни тўғри тушунишимиз керак.
Лекин кейинроқ, 1983 йили “Фан” нашриётида чоп этилган тўрт жилдли “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати”да ширдоғ сўзига берилган изоҳда унинг иссиқдан сақловчи деган сифати тушириб қолдирилган ва шунчаки устки кийим деб кўрсатилган. 1993 йилги “Навоий асарлари учун қисқача луғат”да ҳам ширдоғ сўзи қисқа, содда қилиб “1) уст кийим; 2) намад” деб изоҳланган.
Яъни, “Навоий асарлари луғати”ни тузувчилар ширдоғни иссиқдан сақловчи кийим деб таърифлаган бўлса, кейинги луғатларни тузган мутахассислар буни уст кийим деб кўрсатиш билан кифояланишган.
Бу бежиз эмас, албатта. Будапештда 1902 йилда нашр этилган Шайх Сулаймон афандининг “Чиғатойча-усмонлича луғат”ида “ширдоғ” шундай изоҳланган: “širdaγ: bir nevi libas, bejaz kaftan (ширдағ: бир турли либос, оқ кафтан – Т. Т.) (Šeyχ Suleyman Efendi”s Ǧagataj-Osmanisches Wӧrterbuch. Budapest, 1902. 180-бет)”.
Асли туркий сўз бўлиб, Маҳмуд Кошғарийдан тортиб, Навоий асарларида ҳам тўн, устки кийим маъноларини англатган кафтан (қафтан, қаптон, хафтон), бизнингча, иссиқдан сақлашдан кўра кўпроқ мўътадил об-ҳавода кийиладиган устки кийимни англатади.
Кўпчилик илм-маърифат, ижод аҳли қуйидаги машҳур байтни ҳазрат Навоий ўзбеклигимизни мадҳ этганига далил сифатида келтиришни хуш кўради:
Шоҳу тожу хилъатиким, мен томоша қилғали
Ўзбегим бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас.
Уларнинг ёзганларида ширдоғ – тўн, русча таржималарда эса халат деб изоҳланиши бу сўзнинг маъноси бугунги ўқувчи учун ноаён қолаётганидан далолат беради. Бу ўринда шеърдаги қалпоқ ҳам дўппи (тюбетейка) эмаслигини қайд этиш лозим.
Ширдоғ кўпроқ туркийларнинг бир қавми бўлган ўзбекларга (шайбонийларга), кўчманчи халққа хос кийим экани англашилади. Кейинроқ туркий халқларнинг кўпига оммалашиб кетган бўлса керак.
Ҳазрат Навоий ғазалларидан олинган қуйидаги байтлар ҳам бизнинг ширдоғ тўғрисидаги тушунчаларимизни анча кенгайтиради:
Гули раънодин этти кисватин сарви равон ёхуд
Сариғ терлик уза ул шўхму киймиш қизил ширдоғ.
Маъноси: ул хушқомат ёр либосини раъно гулидан қилдими ёки ул шўх маҳбуба сариқ терлик устидан қизил ширдоғ кийиб олдими?
Бундан ширдоғ терлик, яъни ичкўйлак устидан кийиладиган кийим эканлиги, айни ўринда аёлларнинг бу устки либоси асосан қизил тусда бўлиши англашилади.
Қуйидаги мисол ҳам бу фикримизни қувватлайди:
Меҳриға кўкта шафақ хўб эрмас андоқким манга,
Мовий терлик узра ул ойнинг қизил ширдоғи хўб.
Шоир кўпроқ маъшуқалар васфида сўз айтганидан ширдоғ аёллар либоси сифатида яна бир бор тилга олинганини кўрамиз:
Сарвиға тортиб қабо, чеккан қуёшқа соябон,
Чобуким бўйида ширдоғ, бошида қалпоғидур.
Маъноси: сарв қоматидаги ярашиқ кўйлак ва қуёшга тутилган соябон ул шўхнинг эгнидаги ширдоғию бошидаги қалпоғидир.
Хуллас, ҳазрат Навоийнинг сўзларидан ширдоғнинг устки кийим экани билиниб турибди. Бу луғатларда ҳам қайд қилинган. Бироқ луғатлардаги ширдоғ сўзининг изоҳлари ушбу кийим ҳақида аниқ тасаввур бермайди, кийимнинг нимадан қилинганлиги, матоси ҳақида умуман маълумот йўқ.
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳам, ўзбек тилига доир этимологик луғатларда ҳам, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”-ю, кейинги йилларда чоп этилган “Алишер Навоий: қомусий луғат”да ҳам ширдоғ сўзи ва унинг изоҳи учрамайди. Ваҳоланки, ширдоғ атамаси Навоий асарлари тилида бир неча бор қайд этилган. Машҳур “Муҳокаматул-луғатайн” асарида бир қанча кийим-кечакларнинг туркийча номи келтирилиб, бу қатордан ширдоғ ҳам ўрин олган:
“Ва маъҳудий албисадин мисли: дастор ва қалпоқ ва наврўзий ва тўппи ва ширдоғ ва дакла ва ялак ва ёғлиғ ва терлик ва қур йўсунлуғ нималарни борисин турк тили била айтурлар”.
Навоий бобомиздан ширдоғ сўзи кийимни англатишини билган бўлсак ҳам, унинг не кийим эканлигини, қай матодан тикилишини дафъатан тушуниб олиш қийин. Вақтлар ўтиб, ўзбекларнинг ўзи бу сўзни тушунмай қолиши мумкинлигини буюк бобомиз қайдан ҳам билсин? Ўйлаймизки, бу кийим ўша пайтлар халқ орасида кенг тарқалган бўлиб, улуғ шоир уни тушунтиришга эҳтиёж сезмаган.
Тилшунослик илми бирон сўзнинг маъносини чуқурроқ тушуниш учун аввало унинг шевалардаги, кейин қардош тиллардаги муқобилларига мурожаат қилади. Биз ҳам ширдоғ/ширдоқ атамасининг маъносини ойдинлаштириш учун шева луғатлари ҳамда бошқа туркий тиллардаги луғатлар, шунингдек, қадимги туркий тиллар тадқиқотига бағишланган луғатларни кўздан кечирсак, дастлаб бироз ҳайрон қоламиз. Чунки бу луғатларда ширдоғ сўзининг Навоий ишлатган маъноси деярли учрамайди. Уларда ширдоғ сўзи асосан кигиз, намат маъносида қўлланади.
“Ўзбек халқ шевалари луғати”да ширдоғ/ширдоқ атамасига генетик ва семантик жиҳатдан алоқадор бўлган бир сўз бор:
“Шърдǝмɔл, ширдамол – (Ўш, Жалолобод, Ўзган) тикилган гулдор кигиз “шитый, орнаментированный войлок”: хɔтиллǝр бекǝрчили:дǝ шърдǝмɔл тоқыйды (Ўш). (Ўзбек халқ шевалари луғати, –Т.: 1971. 316-бет)”.
Яна бир гап. Тил қонуниятига кўра ҳар қандай тилда аввал иш-ҳаракатни ифодаловчи сўзлар, яъни феъл туркумига оид сўзлар пайдо бўлади. От туркумига тегишли сўзлар эса кўпинча (доим эмас, албатта), кейинчалик феълдан ясаб олинади. Ширдоғ сўзининг пайдо бўлишида ҳам шу қонуният ўз исботини топганини англаш қийин эмас.
“Девону луғотит турк”да қайд этилган “сириди” сўзининг маъноси ҳозирги ўзбек тилида “пишиқ қилиб тикди”ни англатади: “oл кiзiз сïрïдï” – “у наматни ...зич қилиб, пишиқлаб тикди” (Девону луғотит турк, 3-том. –Т.: 1963. 278-бет).
Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асаридаги ва ҳозирги қирғиз тилидаги рўзғор буюмларини билдирган айрим сўзларнинг ўзаро муносабати этнолингвистик аспектда текширилган бир мақолада “ширдоқ” сўзи шундай изоҳланган: “икки қават қилиб тикилган нақшли кигиз”. Тадқиқотчи қирғизча “шири” сўзи ҳозир “бирор нарсани қават қилиб тикиш, қат қилиб қавиш” маъноларига эгалигини қайд этади. “Сири/шири” феълидан “ширдоқ” сўзи келиб чиққан деган фикрни билдиради. Қирғиз халқининг ҳозирги моддий маданияти буюмлари бўлган кигиз, ола кигиз ва ширдоқ қадим замонлардан бери қирғизлар томонидан фойдаланиб келинган деб хулоса чиқаради (Усмамбетов Б. Словарь Махмуда Кашгари “Диван лугат ат турк” и кыргызский язык. Филологические науки. Вопросы теории и практики. Тамбов, 2016. №5, 154-156-бетлар).
“Древнетюркский словар”да “sïrï – крепко пришивать, стегать” деб берилган (Древнетюркский словар, 1969. 505-бет). Кўринадики, sïrï – пишиқлаб тикмоқ, қавимоқ маъноларини англатмоқда.
“Девону луғотит турк”нинг Солиҳ Муталибов тайёрлаган ўзбекча нашрида шундай берилган: “сïрïшди – тўқишди, босишди. Қïз анасïңа кiзiз сïрïшдï – Қиз онасига кийиз тўқишда, кийиз босишда ёрдам берди. Бу туркманларнинг сарой маҳкамалари ва бошқаларнинг ўрови – чодирини тикиш кабидир (сïрïшур сïрïшмақ)” (Девону луғотит турк, 2-том. –Т.: 1963. 103-бет).
Машҳур туркологлар Н. А. Баскаков, В. М. Насилов тузган “Уйгурско-русский словарь”да şurdaq (ширдоқ) атамасига қуйидагича изоҳ берилган: “şurdaq اق شورد 1. Орнаментированный войлок” (Уйгурско-русский словарь, 1939. 144-бет). Ўзбек тилида бу – нақшли кигиз, гулдор намат.
Ҳозирги замон уйғур тили изоҳли луғатларига ҳам ширдоқ сўзи киритилган бўлиб, у гулли, нақшли кигиз деб изоҳланган: “Ширдоқ – ўнг юзига қўл билан кашталанган ҳар хил гул нусхалари чочилиниб ишланган пухта, кўркам бир хил кигиз: Улар озода уч эғизлиқ уйда ўлтуридиган, мен покор суписиға икки парча ширдоқ селинғон покиза бир уйга бошландим” (Ҳозирқи замон уйғур тилининг изоҳлиқ луғати, 2011. 687-бет).
Истанбулда 1984 йилда нашр қилинган “Қозоқ туркчаси сўзлиги” ҳам бу сўз ҳақида бизга маълумот беради: “Sırmaq (isim) – Üzeri işlenerek oyularak süslenen halı veya kilim yerine kullanılan keçe parçası” (Kazak türkçesi süzlügü, 1984. 254-бет). Ўзбекчага буни “юза қисмига нақш солиб безатилган гилам ёки гилам ўрнида ишлатиладиган кигиз парчаси” деб ўгиришимиз мумкин.
Йирик туркийшунос Э. В. Севортяннинг “Этимологический словарь тюркских языков” асарида ширдоғ ва унинг изоҳи, этимологиясига оид анча батафсил маълумотлар берилган. Чунончи:
“СЫР – тикмоқ (бошқирд диал.); чок қилиб тикмоқ (қирғиз); гул тикиб безамоқ (бошқирд диал.); тикмоқ, тикиб чиқмоқ (олтой); қавимоқ, мас., кўрпа қавиш (татар, бошқирд);
СЫРА, СЫРЫ, СИРИ, ШЫРЫ – 1. чокламоқ, бахяламоқ (озарбoйжон); тикмоқ, чокламоқ (турк); зич қилиб тикмоқ (ДЛТ); маҳкам ва зич қилиб тикмоқ (турк диалект.); бигиз билан тикмоқ (чиғатойча); бир неча қават қилиб қўшиб тикмоқ (қўмиқ, қозоқ, қорақалпоқ); нақш солиб тикмоқ (уйғур); тикмоқ (тува); 2. қавимоқ (турк тили ва турк диалект.); қавимоқ + тикмоқ (озарб., қўмиқ, қирғиз, қозоқ, қорақалпоқ, нўғай, уйғур, хакас, тува, ёқут)”.
Олимнинг талқинига кўра, турк тили шеваларида шырдақ – қирғоғи, чеккасида нақши бўлган намат, кигиз; қирғиз тилида шырдақ – икки қават қилиб тикилган нақшли намат (кигиз); чиғатой тилида (эски ўзбек тилида – Т. Т.) шiрдағ – 1) эгар остига солинадиган тери тўшама; 2) кенг уст кийим тури; тува тилида ширтек – намат гиламча, кигиз тўшак; сиртоқ – палто тури; қозоқ шеваларида сырдақ – қавилган намат (кигиз), шырдақ – қавилган адёл (кўрпа). Шу жойда қайд этилишича, шырда сўзидан жанубий қирғиз тилидаги шырдамал ва ўзбек диалектларида шърдǝмɔл – “икки қават қилиб тикилган нақш солинган кигиз” ҳосил бўлган.
Ҳозирги пайтда ширдоғ/ширдоқ қозоқларда, айниқса қирғизларнинг ҳаётида ҳам, тилида ҳам сақланиб қолган. Улар учун ширдоқ энг аввало ерга тўшаладиган ё ўтовнинг усти ва атрофига ёпиладиган кигиздир. Ширдоқ ва олакигизларни тайёрловчи ҳунарманд усталар камайиб бораётгани учун уларнинг йўқолиб кетиш хавфи пайдо бўлди. Шу сабабли ширдоқ – кигиз гиламлар тайёрлаш анъанавий қирғиз санъати 2012 йилда UNESCO томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган (https://dic.academic.ru).
Бу сўзнинг қардошларимиз тилидаги аввалги ва бугунги маънолари Алишер Навоий бобомиз ишлатган ширдоғ сўзидан анча фарқ қилиши кўриниб турибди. Бироқ юқорида келтирилган мисолларимизга асосланиб, ҳазрат Алишер Навоий ғазалларида ишлатилган ширдоғ сўзи англатган устки кийимнинг матоси жундан бўлганини тасдиқ этишимиз мумкин. Илло, беш юз йил наридаги кўчманчи ўзбек қавмлари жун матодан фақатгина кигиз ё намат эмас, гўзал қизларнинг зебо қаддига янада кўрк берадиган нафис матолар тайёрлашни ҳам уддалаганига шубҳа қилмасак бўлади.
Ширдоғ/ширдоқ атамаси тикмоқ, қавимоқ маъноларига эга бўлган сир(и)/шир(и) феълидан келиб чиққани фактига асосланадиган бўлсак, бу атама эски ўзбек тилида (чиғатой туркчасида) юпқа жун матодан тикилган, четларига гул, нақш солинган устки кийимни англатган деган хулосага келамиз.
Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратишни лозим кўрдик. Гап шундаки, жун матоларнинг тайёрланиш тарзи икки хил бўлади: улар ё жун иплардан тўқилади (тўқима усули – жун рўмол, шол рўмол шундай тайёрланади), ё майин жундан худди кигиз каби босиб тайёрланади (босма усули – боболаримиз кигиз, наматни босишган, ҳозир мавжуд бўлган нотўқима материаллар ҳам шу усулда тайёрланади). Замонавий қирғизларнинг ширдоғидан тортиб, миллий бошкийим саналган оққалпоғи ва айрим кийимлари жундан босма усулда тайёрланиши эътиборга олинса, ўзбекларнинг аёллар қоматига зеб бериб турган ширдоғ либоси ҳам босма усулда тайёрланганига шубҳа йўқ.
Жундан босма усулда фақатгина қалин кигиз ё намат эмас, юпқа мато ҳам тайёрланиши мумкинлигига яна бир далил шуки, яқин эллик-олтмиш йиллар олдин ҳам Сурхондарё томонлардаги чўпонлар жундан босма усулда тайёрланган чепкан отлиғ уст кийимдан фойдаланишар эди. Чепкан кигизга нисбатан юпқа бўлиб, ўзаро киришиб кетган толалари тиғизлигидан сув ҳам ўтказмаган. Чепкан матосининг ўта пишиқлигига далил ўлароқ содда бир кишининг “Босма чепкандан ҳам ўқ ўтадими?” деган гапи халқ орасида машҳур бўлган. Бу маълумотни бизга етказган адабиётшунос Мусулмон Намознинг билдиришича, бу либосдан чўпон боболаримиз ҳарбийларнинг ҳозирги плаш-палаткаси сингари фойдаланишган. Уни тунлари қўшхонада тўшамчи, кундузи чодир ўрнида соябон қилишган; сафарда эса ундан иссиқ ва совуқдан сақловчи кенг устки кийим сифатида фойдаланишган.
Қадимги уста ҳунурманд аждодларимиз босма усулда жундан ширдоқ каби ўта нафис мато тайёрлаш анъанасига эга бўлган деб айта оламиз.
Тўлқин ТОҒАЕВ,
филология фанлари номзоди
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 1-сон.
“Ширдоғ” нима?” мақоласи
Адабиёт
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ