
Бундан беш юз йилча олдин бўлсин, бугунги кунда бўлсин, тарихий ва бадиий асарларда Шайбонийхон, Муҳаммад Шайбонийхон исмлари билан аталган шахс, ўз даври ёзма манбаларида эса асл исми Шоҳибек эканига урғу берилган ҳукмдор билан боғлиқ тарихий воқеликлар жамиятимизда турлича баҳоланаётгани кўзга ташланади. Айниқса, Шайбонийхон шахсини оқлаш ёки қоралаш каби ёндашувлар “илмий” тус олган кезлар – ХХ юзйиллик бошларида Туркистонда бўлган ёки бу ўлка тарихи билан шуғулланган рус тарихчи ва шарқшунослари изланишларида бу ҳолат яққол кузатилади. Бундай ёндашув биргина Чор Россияси илмий муҳитига мансуб кишилар орасида етакчилик қилиб қолмай, ерли ойдинлар, айниқса, жадидларга ҳам юққани кузатилади. Совет даврида эса айримларини айтмаганда, кўпчилигига қора бўёқлар чапланган ҳукмдорлар сирасидан жой олган Муҳаммад Шайбонийхон, мустақилликнинг илк ўнйилликларида “қора рўйхат”га олинган тарихий шахслардан бири бўлди. Фақат кейинги 3-4 йилдирки, бир неча юзлаб тарихчиларга эга мамлакатимизда бармоқ билан санарлигина изланувчиларимизнинг бу борада бирмунча фарқли қарашлар билдираётганликларига таниқ – гувоҳ бўляпмиз.
2020 йилларнинг бошларидан бугунги кунгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсини ёритган тарихчи, адабиётчи ва журналист ойдинларимиз – Элдор Асанов “Шайбонийхон шахсияти нега эътиборсиз қолмоқда? Ўзбек тарихининг энг зиддиятли нуқтаси ҳақида мулоҳазалар”, Сулаймон Мардиев “Заҳириддин Бобур ва Муҳаммад Шайбонийхон. Миллатнинг бу икки буюк фарзандини бир-бирига душман танитиш кимга керак?”, Ўлжабой Қаршибой “Шайбонийхон бизга “бегона”ми?”, Бахтиёр Алимжонов, Акбар Замонов “Муҳаммад Шайбонийхон даврни ўзгартирган сиёсий лидер эди(ми?)”, Жаҳонгир Остонов, Акбар Идиев “Ўзбекистон таваллудининг бошланиши – Муҳаммад Шайбонийхон бизга ўгайми?” каби мақолалари билан ушбу тарихий шахс тўғрисида жамоатчилик кўзқарашини ўзгартиришга интилдилар. Сарлавҳаларнинг ўзиёқ уларнинг бу масалага қанчалик жон куйдираётганликларини кўрсатиб турибди. Хўш, ушбу ойдинларимизнинг Муҳаммад Шайбонийхон шахси учун бунчалик қайғуришларининг негизида нима ётади? Нега бошқа тарихчиларимиз Шайбонийхонга бутунлай бошқача ёндашадилар-у, буларнинг қарашлари уларникидан тубдан фарқ қилади ё ҳар кимнинг ўз ҳақиқати борми, бор бўлса у қанақа каби савол-сўроқлар кўнглимиздан ўтади. Бизнингча, қуйидагича омиллар Шайбонийни “оқлашга уринаётган” ушбу изланувчиларимизни бошқача ёндашишга ундаган:
1. Ёзма манбаларни синчиклаб ўрганган ҳар бир киши шу чоққача қайта-қайта ёзиб келинганидек, Шайбонийхон “ўзбек давлатчилигининг илдизига болта урган ҳукмдор” эмас, аксинча, Ўрта Осиёдаги энг кўп сонли аҳоли гуруҳининг битта ном – “ўзбек” атамаси остида тўпланишини бошлаб берган киши.
2. Чет эллик тадқиқотчиларнинг изланишларини ўқиган ҳар бир юртдошимиз хорижликларнинг “Ўзбекистон”, “ўзбек халқи” деганда кўпроқ Муҳаммад Шайбонийхонга урғу беришлари, уни “ўзбек” ҳарбий-сиёсий тоифа номидан этник атамага айланишдаги асосий яловбардор деб билишларига дуч келади. Шу ўринда савол туғилиши мумкин: “Шайбонийхон фаолияти натижасида ўзбек атамаси Ўрта Осиёда тарқалишидан олдин ҳам бу ҳудудда бугунги ўзбек халқининг ота-боболари яшар эди-ку, хорижликларнинг қутқусига учсак, ўзбеклар фақат Шайбоний ва унинг издошлари даврида юзага чиққан, шаклланган халқ бўлиб қолади-ку?”. Аслида чет эллик изланувчилар Шайбонийлардан олдин ҳам бу ерда бугунги ўзбекларнинг аждодлари яшаганликларини тан оладилар, бироқ улар бу ер аҳолисининг “ўзбек” номини олишлари Шайбонийлар бошқаруви чоғи маҳсули экани, шунинг учун бугунги ўзбек халқи тўғрисида сўз борганда Шайбонийлар омилига катта эътибор берилиши тўғри эканига урғу берадилар.
Яқинда бир гуруҳ зиёлиларимиз билан олиб борилган илмий суҳбатларда шунга гувоҳ бўлдикки, Муҳаммад Шайбонийхон шахси бўйича бирёқлама ёндашув ҳали ҳам кучли экан, ҳатто уни қоралашга мойил тадқиқотчилар анчагина кўпчилик экан. Улар ўзларининг ҳақ эканини қуйидагича исботлашга уриндилар:
Аслида бу каби ёндашувлар бирёқлама эканига ўнлаб ўрнаклар келтириш мумкин. Биринчидан, дунёда, айниқса, Туронда бошқарувда бўлган сулолаларнинг бошқарув йиллари 150-200 йилдан ошмайди. Тўғри, туркийлар томонидан қурилган сулолалар орасида 300-500 йил ҳукм сурганлари ҳам бор, бироқ улар бизнинг ўлкаларда эмас, туркийлар томонидан кейинчалик эгаллаган ерларга тўғри келади. Ўрнак келтирадиган бўлсак, деярли 600 йил бошқарувда бўлган Усмонийлар сулоласи (1299-1922) Кичик Осиё ва теграларида, 1070- йилларда Салжуқийлар томонидан қўлга киритилган ўлка – Онадўлида ўртага чиққан бўлса, 350 йилга яқин ҳукм сурган Бобурийлар сулоласи (1526-1858) Ҳинд ўлкасида юзага келган сулола ўлароқ тарихда қолди. Туркийларнинг ўз ўлкаси бўлмиш Турон – Ўрта Осиё ва теграларида ўртага чиққан сулолалар – Эфталийлар (450-565) 100 йилдан кўпроқ, Турк хоқонлиги (552-744) 200 йилга яқин, Уйғур хоқонлиги (745-840) 100 йилга яқин, Қорахонийлар (960-1212) 200 йилдан кўпроқ, Хоразмшоҳ-Ануштегинийлар (1070-1220) 150 йилга яқин яшади. Темурийлардан олдинги Чиғатой улуси (1240-1344) 100 йилдан сал кўпроқ бошқарувни ўз қўл остида тута олган бўлса, Темурийлардан кейин ҳукм сурган Шайбонийлар (1500-1601) 100 йил, Аштархонийлар (1601-1753) 150 йилдан сал ортиқ бошқарувни сақлаб тура олди.
Демак, Темурийларнинг 140 йил яшаши – бу ундан олдин ва кейин давом этган туркий давлатчиликнинг ёрқин ўрнагидир. Яъни бу ҳудудда, айрим истисноларни айтмаганда, бирорта сулола 100-200 йилдан ортиқ яшамаган, яшай олиши ҳам мумкин эмасди. Туркийларнинг кейинчалик эгаллаган ўлкаларидан фарқли ўлароқ Турон – Туркистонда кўп юзйилликлар бўйлаб бошқарувни қўлда тутиб туриш қийин эди. Сабаби, кўпчилик қисми кенг далалар – қир-адирларни қамраб олган бу ҳудудда бир неча ўнлаб йирик кўчманчи уруғ ва элатлар яшаб, уларнинг бошлиқлари – “бек”лар ўрни келганда ўзи хизмат қилаётган сулолани йиқитиб, янги сулола тузишга қодир эди. Улар ўз уруғи ёки қўл остидаги уруғлар, ё бўлмаса қариндош уруғларини бир орага тўплаганда ўн минглаб қўшин туза оларди. Ҳар бири бир неча от – арғумоққа эга бўлган жангчилар эса урушда суяги қотган кишилар ўлароқ янги ҳукмдор бошчилигида янги-янги ўлкаларни эгаллашга тайёр эдилар. Яъни савашларда кўп йиллик тажрибага эга бўлган кўчманчилар ўртами – муҳитида бирор бошқарувчи сулоланинг 400-500 йил яшаши анча қийин эди. Шунинг учун “Шайбонийлар келмаганда Темурийлар салтанати яна бир неча юзйиллар яшар эди, бизнинг давлатчилигимизнинг “олтин чоғи” давом этаётган бўларди” деб қараш бутунлай янглиш. Қолаверса, Шайбонийхон Темурийлар чегарасига кириб келган кезларда ушбу сулола 5-6 та бўлакка ажралиб кетган, Бобур ёзганидек, “Ҳусайн Байқародек ёши улуғ ҳукмдор қўл остидаги шаҳарларда ҳукмдордан то фаррошгача исрофгарчиликка берилган”, Андижон марказ бўлган Фарғона водийсида Бобур, Туркистон (Ясси) ва теграларида Темурийлардан бўлмаган тархонлар, Бухорода ҳам шунга ўхшаш тархонлар ва бошқа тоифаларга мансуб кишилар, Самарқандда Бобурнинг отаси – Умаршайх мирзонинг оға-инилари, Ҳисорда ўзларини “қадимги Искандар Зулқарнайн уруғи” билан қариндошчиликка эга деб билувчи Хисравшоҳ ва унинг уруғлари, Ҳирот маркази бўлган Хуросон Ҳусайн Байқаро ва унинг кўплаб ўғиллари қўл остидаги, бир-бири билан келишмай, мулк талашилаётган, ўзаро ички курашлар кетаётган бир палла эди. Бир вақтлар Темурийларнинг таянч ерлари бўлган Тошкент ва Сайрам аллақачон ушбу сулола қўл остидан чиқиб кетган, бу ерларда Чингизий бошқарувчилар – Юнусхон ва унинг ўғиллари ҳукм сураётган бир давр эди.
Шу ўринда Турон юртида давлат бошқаруви, сулолаларнинг бошқарувда оз ё кўп қолишининг негизларига қисқача тўхталиб ўтсак. Ўша кезларда минтақада етакчилик қилиш учун “кўчманчилар дунёси” билан узликсиз алоқада бўлиш талаб этиларди. Қора денгизнинг шимоли ва кунчиқаридан кунботарда Олтой тоғларигача, ундан ўтиб Ўрхун водийси (Мўғулистон) ва Сибирнинг кунгай тупроқларигача, Волга-Уралбўйидан Сирдарёнинг ўрта ва қуйи оқимларигача, шунингдек, Ғарбий Сибирдан Еттисув ва Шарқий Туркистонгача чўзилган улкан Евроосиё кенгликларида, битта ном билан айтганда Дашти Қипчоқ ва унинг яқин теграларида бир неча ўнлаб йирик кўчманчи туркий ва турклашган мўғул уруғлари яшаб, уларнинг ҳар бири ўн минглаб жангчи етиштириб бериш имконига эга эдилар. Уларга қўшни ўлкаларда, айниқса, ўтроқлар кўпчиликни ташкил қиладиган воҳаларда кўпинча бунинг тескариси бўлиб, касби экин-тикинчилик, сувчилик, қурувчилик, юнуғчилик(дурадгорлик), новвойлик, ошпазлик, темирчилик, бўёқчилик, эгар-жабдуқ ясаш, мударрислик, боғбонлик, табиблик, диний билимлар билан шуғулланиш ва бошқа ўнлаб соҳалардаги кишилар қўшинга деярли олинмас эди. Уруш бу – кўпинча ота-боболари, қариндош-уруғлари ҳарбий бўлиб, жанг санъатини яхши ўзлаштирган, қўлида оғир қилич-у қалқонларни кўтариб юра оладиган, улардан тўғри фойдалана биладиган, ёв ҳужум қилганда биринчилардан бўлиб қарши турган, ҳужум чоғида олд сафларда борган кишиларга хос деб тушунилган. Туронда ҳарб иши кўпроқ унинг кенг қир-адирларида яшаб, кундалик турмуш йўсинида кўчманчи чорвачилик етакчи бўлган эл-улуслар вакилларининг иши деб билиниб, хон-у хоқонлар уларга таяниб, ўз чегараларини қўриқлашга, янги-янги ўлкаларни эгаллашга интилганлар.
Тўғри, айрим ўринларда ўтроқ деҳқонлар, турли касб эгалари ҳам урушга олинган кезлар бўлган, бироқ, бу ҳолат кўпинча кутилган натижа бермагани ўрта аср ёзма манбаларидан англашилади. Ўрнак келтирадиган бўлсак, Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома”да Муҳаммад Шайбонийхон Самарқандни қамал қилган кунларда айрим ёшлар, дин вакиллари – муллалар шаҳар дарвозасидан чиқиб, яёв ҳолда Шайбоний қўшинига ҳужум уюштиргани, буни кўрган отлиқ шайбоний аскарлари улар устига от ҳайдаб, барчасини тумтарақай қилиб юборгани, шунинг учун унинг ўзи бу ишни, яъни уруш кўрмаган кишиларнинг ёвга қарши бундай чиқишларини тақиқлашга уринганини қуйидагича келтириб ўтади:
“Икки-уч кундин сўнг Шайбоқхон келиб қўрғондин йироқроқ тушти. Самарқанднинг маҳалла-маҳалла, кўй-кўй авбош ва ятимлари фавж-фавж йиғилиб, ятимона салавотлар чекиб, мадраса эшигига келиб, урушға чиқарлар эди. Шайбоқхон урушқаким отланур эди, қўрғоннинг ёвуғига ҳам кела олмас эди. Неча кун бу ватира била ўтти. Ўқ ва қилич заҳм зарбини ва масоф ва майдон қитол ва ҳарбини кўрмаган авбош ва айтом бу муомаладин далир бўлуб йироқ-йироқ чиқа кириштилар. Иш кўрган йигитлар мундоқ бесирфа чиқишларидин манъ қилсалар, таън қила кириштилар.
Бир кун Шайбоқхон Оҳанин дарвозаси сари уруш келтурди. Ятимлар чун далир бўлуб эрдилар, доимғидек далир ва йироқ чиқтилар. Бунинг орқасиға баъзи йигитларни отлиқ чиқорилди. Уштургардан тарафида кўкалтошлар ва ёвуқ ичкилар чиқиб эрдилар, мисли Ширим, Нуён кўкалтош, Қулназар тағойи ва Мазид ва баъзилар андин бир-икки уч ўзбак буларға от солди. Қулназар била қилич олиштилар. Бўлғон ўзбаклар яёқлаб зўр келтурдилар. Шаҳр ятимларини тебраттилар. Оҳанин дарвозасиға тиқтилар. Қўчбек ва Миршоҳ қавчин Хожа Хизр масжидининг ёнида тушуб қолдилар. Яёқларни тебратган била илгариги отлиқлари Хожа Хизрнинг масжидига йиғилиб келдилар. Қўчбек чиқиб, ушбу илгари келган ўэбаклар била яхши чопқулашиб намоён иш қилди. Бори эл боқиб туруб эди, қуйиға қочқонлар худ қочмоқлари била ўқ бўлуб эдилар. Ўқ отардин ва урушқа турардин иш ўтуб эди” [Бобурнома 1960: 146-147].
Бундан кўринадики, қадимда бўлгани каби ўрта асрларда ҳам ҳарб ишига ҳамманинг ҳам қўлидан келаверадиган шунчаки бир иш деб қаралмаган. Чиндан-да, Турон ўтмишига кўз ташлайдиган бўлсак, милод бошларидаги Кушон салтанати, илк ўрта асрлардаги Хион (хун)лар, Кидарийлар, Эфталийлар (Абдаллар – 450-565 йй.), Турк хоқонлиги (552-744), Уйғур хоқонлиги (745-840), Қорахонийлар (960-1212), Салжуқийлар (1038-1194), Хоразмшоҳ-Ануштегинийлар (1077-1231), Чиғатой улуси (1224-1340), Темурийлар (1370-1507), Шайбонийлар (1500-1601), Аштархонийлар (1601-1753) ва сўнгги ўрта асрлардаги учала ўзбек хонлиги қўшини кўпроқ ўз уруғ тизимига эга бўлган эл-улуслар вакилларини, туркийларнинг кўчманчи эллари орасидан чиққан кишиларни қамраб олган.
Энди, юқорида Муҳаммад Шайбонийхоннинг “айблаб”, унга ҳукм чиқарган изланувчиларнинг “Шайбонийхон унга ёрдам берган Темурийларга хиёнат қилди, уларга тегишли ерларни босқинчилик билан қўлга киритди. Ушбу хонадон вакилларини қириб ташлади”, “Шайбонийхон Хожа Яҳёни ўлдиртириб юборди, ушбу муборак хонадоннинг қарғишидан унинг қариндошлари кўп ҳукмронлик қила олмай, тез орада сиёсат саҳнасидан тушиб кетди” каби қарашларининг айримларига қисқача жавоб беришга тиришамиз.
Биринчидан, Шайбонийхоннинг Темурийлар сулоласига нисбатан тутган сиёсати – бу ўтмишда ўтган барча бошқарувчи сулолалар учун хос бўлиб, ҳокимият учун интилган кишиларнинг кўпчилиги шундай йўлдан борган, яъни ўзидан олдинги сулола вакилларини аямаган, бундан бошқача йўл тутиши ҳам мумкин эмас эди. Ўша кезларда ҳокимиятга сайлов йўли билан эмас, қилич кучи билан келинганини яхши биламиз. Бунинг учун фақат Шайбонийхонни айблаш керак эмас. Темурийлар орасида ҳам бундай йўл тутган ҳукмдорлар кўп бўлган.
Иккинчидан, ўрта асрларда Турон ва унга қўшни мусулмон ўлкаларда диний кишиларнинг бошқарувга аралашгани, айрим ўринларда улар жамият ва давлат бирлигини сақлаб қолишдек эзгу ишларни амалга оширганликлари, айрим ўринларда эса бунинг тескариси бўлгани кузатилади. Шу ўринда Хожа Аҳрор издошларининг айримлари бир неча Темурий шаҳзоданинг қони тўкилишига олиб келган воқеликлар бошида турганини ҳам унутмаслик керак. Қолаверса, илм бирор сиёсий йўлбошчининг ҳаётида қўлга киритган ютуқлари-ю, омадсизликларини “илоҳий”лик, “қанақадир қарғиш уриш” билан очиқламайди. Бундай ёндашув аллақачон – бундан юз йилча олдин рад этилган ва ўзбек илмига қайта кириб келмаслиги керак.
Учинчидан, Шайбонийхон тўғрисида Бобур “негатив” ёзганидан келиб чиқиб, “Бобурнома”да қандай очиқланган бўлса, шундай тушунмаслик керак. Бобур уни қора бўёқлар билан кўрсатиши табиий ҳол. Деярли бир ярим асрдан бери минтақанинг улкан бир бўлагини бошқариб келаётган сулола бошқарувини бошқа бир киши келиб эгаллашини енгилган сулола вакили бошқача қабул қилиши ва уни олқишлаб тушунтиришини тасаввур қилиш қийин. Ҳолбуки, ўша воқеликларга ўз кўзи билан гувоҳ бўлган, Шайбонийхондан жабр кўрган дуғлат уруғи вакили, Бобурнинг бўласи Муҳаммад Ҳайдар ўзининг “Тарихи Рашидий” асарида Шайбонийхон фаолиятига бошқачароқ ёндашган [Мирза Муҳаммад Ҳайдар 1996]. Учта туркий сулола – Темурийлар, Шайбонийлар ва Сафавийлар хизматида бўлиб, ушбу сулола бошқарувчилари билан яқин мулоқотда бўлган, сўнгги кунларини Бобурийлар саройида ўтказган Хондамир (1475-1535) ўзининг “Ҳабиб ус-сияр” асарида Муҳаммад Шайбонийхонга тарафсиз ёндашиб, давлат бошқарувининг Темурийлар қўлидан Шайбонийлар қўлига ўтишини “ўз даврининг талаби экани, тобора нураб бораётган Турон давлатчилигини сақлаб қолиш Муҳаммад Шайбонийхонга насиб қилгани”га урғу бериб ёзганини ҳам унутмаслик керак [қаранг. Хондамир 2013].
Муҳаммад Шайбонийхон Туркистон (Ясси) шаҳри ва тегралари – Сирдарёнинг ўрта ҳавзасидан чиқиб, 1500-1509 йил орасида – 10 йилга яқин қисқа муддат ичида Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Фарғона, Жиззах, Қарши, Шаҳрисабз, Денов, Термиз, Ҳисор, Балх, Қундуз, Марв, Ҳирот каби ўша кезларда Турон – Ўрта Осиёнинг бош шаҳарларини қўлга киритиши, Бобур урғу бериб ёзган “300 минг қўшинга эга қозоқ хони Қосимхон” қўшинларини тўхтатиб қўйиши, ўнлаб Темурий ҳукмдорлари бирма-бир тор-мор қилишига гувоҳ бўлганлари учун ҳам ўша давр муаллифлари унинг ҳарбий ишда моҳир, сиёсий ва мафкуравий ҳаётда илғор бўлганинга урғу берадилар.
“Шайбонийхон ҳеч қандай фойдали иш қилмади, на масжид қурдирди, на мадраса” дегувчилар ўз давлатини қуриш учун умрининг сўнгги 10 йиллигини фақат саваш-у урушларда ўтказган бу шахснинг жанглардан сўнг ёки урушлар чоғида ҳам турли кенгашлар ўтказиб, аҳолининг иқтисодий турмуш йўсинини тартибга солиш учун ер, сув, мулк билан боғлиқ ишларни кўриб чиққани, ундан бир неча вақф ҳужжатлари етиб келганини билиб қўйишлари керак.
Ўрнак келтирадиган бўлсак, “Меҳмонномайи Бухоро” (XVI юзй.) асарида келтирилишича, Шайбонийхон ер-сувдан фойдаланиш ва солиқ ишларини тартибга солиш учун Самарқанд яқинидаги Конигил мавзесида фиқҳ олимларини йиғиб, махсус кенгаш ўтказади. Унда солиқларнинг оғирлиги ва амалдорларнинг зулмидан ер-сувларини ташлаб кетган мулк эгаларининг ерларидан унумли фойдаланиш масаласи кўриб чиқилади. Бундай ер-сувларни хон тасарруфига топшириш, қачонки ер эгалари қайтиб келгач, уларга ўз мулк ерларини қайтариб бериш ва ердан давлат фойдалангани учун хазинадан маълум миқдорда ҳақ тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинади [Жалилова 1963: 40-43].
Шунга ўхшаш билгилар Шайбонийлар ўтмишини ёритувчи бошқа манбаларда ҳам учрайди. Камолиддин Биноийнинг “Шайбонийнома” номли асарида 1503 йили Куҳак (Зарафшон) дарёсининг Оқдарё ва Қорадарёга ажралган жойида Шайбонийхон буйруғига кўра, сув айирғич кўприк қурилиб, теваракдаги аҳоли учун қулайлик бўлиши ва деҳқончилик билан шуғулланиши учун шароит яратилгани айтиб ўтилади [Азамат Зиё 2003: 249]. Шайбонийхон “масжид, мадраса қурдирмаган” деб урғу берадиганлар у томонидан Самарқандда қурдирилган “Хонийа” тўғрисида ҳам билиб қўйсалар зарар қилмайди [қаранг. Азамат Зиё 2003: 251].
Шайбонийхон ва унинг фаолияти натижасида юртимизда кенг ёйилиб, кейинчалик бизни бирлаштирувчи атамага айланган “ўзбек” сўзига шунчаки жўн қараб, “у бизнинг юртга фақатгина “ўзбек” этнонимини олиб келди” деб тушунтирадиган бир қатор изланувчилар борлигини эса тушуниб ҳам, тушунтириб ҳам бўлмайди, бир қарашда. Биринчидан, ҳар бир атаманинг юзага чиқиши, куртак ёзиб, борган сари кенгайиб, ўзига янги-янги юкламалар олиб бориши ўз-ўзидан бўлмайди. Айниқса, бирор ҳудудда яшасалар-да, турли-туман урф-одатларга, ҳатто турлича сўзлашувларга эга, мафкураси бир-биридан анча фарқ қилувчи ўлкалардаги эл-улусларни бирлаштира оладиган бир атаманинг ўртага чиқиши – бу жамиятнинг улкан ютуғидир. Тўғри, ўша кезларда Амударё – Сирдарё оралиғи ва унга туташ ўлкаларда “турк” атамаси ялпи ўзликлардан бири эди. Аҳоли – ўтроқ бўлса кўпинча яшайдиган шаҳар ва қишлоқлари номи билан аталган (тошкентлик, бухоролик, самарқандлик, хоразмлик, андижонлик, қаршилик ва б.), кўчманчи бўлса ўз уруғи номи билан билинган (қўнғирот, барлос, найман, манғит, уз, кенагас ва б.) бир паллада кўпчилик учун ялпи – умумий бўлган “турк” атамасининг ёнига “ўзбек” атамасининг кириб келиши ва тобора унинг ўрнини олиб бориши ўз-ўзидан бўлмади.
Яшаш ери ёки уруғи номи билан билиниш – бу кўпинча аҳоли ўз юртидан ташқаридан чиқмаган ўртам – муҳитга хос бўлса, узоқ ўлкалар – Ҳинд, Эрон, Араб ўлкаларига борган минтақа вакиллари кўпроқ “турк” атамаси остида танилиб келган бўлса, эндиликда “ўзбек” деган ном довруқ қозона бошлаши Шайбонийлар ва ундан кейинги сулолалар бошқарув чоғига тўғри келади. Ҳатто, туронликлар билан битта илдизга эга усмонли турклари ҳам сўнгги ўрта асрларга келганда у ерларга борган қардошлари учун туронликлар, туркистонликлар атамасини қўллаш билан бирга уларга нисбатан “ўзбеклар” атамасини кенг қўллай бошлашлари ҳам ушбу тарихий жараёнлар билан боғлиқ эди.
Муҳаммад Шайбонийхон ва унинг издошлари бошқарувининг энг йирик хизматларидан бири бу –Ўрта Осиё ва унга қўшни ўлкалардаги бир неча ўнлаб туркий уруғ ва элатларнинг ўзаро уюшуви натижасида “92 бовли ўзбеклар” тушунчасининг юзага келиши ва бугунги ўзбек миллати шаклланиш босқичига улкан улуш қўшганлигидир. Бунгача турли атамалар остида билинган минтақа эл-улуслари асрлар ўтган сайин бирлаштирувчи этник атаманинг юзага чиқиши, бу атамага бир неча юкламаларнинг юклатилиши ўз-ўзидан бўлмади. Энг олий бошқарувчилар – хонларнинг “ўзбек” деб аталиши-ю, сарой ва қўшиндаги кишиларнинг катта қисми ушбу этноним билан юритилиши, Ўрта Осиёнинг ўнлаб воҳаларидаги юзлаб қишлоқ ва овуллар турғунларининг шу ном остида билинишлари, албатта, Муҳаммад Шайбонийхон томонидан бошлаб берилган ишларнинг амалдаги натижаси эди. Яъни Шайбонийхон қўшинларининг кўпчилиги йирик уруғ ва элатлар – бошланғичда сиёсий-ҳарбий тоифа номи бўлган “ўзбек” атамаси остида уюшган бўлиб, бу уюшувга шунчаки бир тарихий воқелик деб қарамаслик керак.
Масъуд ибн Куҳистонийнинг “Тарихи Абулхайрхоний” асарида (XVI юзй.) келтириб ўтилган етакчи уруғлар – оқ-ўрдалик яъни Ўзбек улусидаги бурқут, қият, қўшчи, ийжан, қўнғирот, ушун (уйшун), ўтачи, найман, жат, чимбой, қарлуқ, кенагас, дурман, қурлаут, тубай, манғит, нукуз, танғут, уйғур, хитой, тоймас, эчки, туман-минг уруғлари [Ахмедов 1965: 16] Амударё – Сирдарё оралиғида томир ёйиб, ўнлаб қишлоқ ва овулларга асос солдилар. Кейинчалик улар сирасига арлот, барлос, арғун, жалойир, қовчин, уз, дўрман, батош, қатағон ва яна ўнлаб – бир бўлаги шу ерлик, бир бўлаги эса Шайбонийлардан олдин ёки кейинроқ Дашти Қипчоқ ва Туркистоннинг ўзак ҳудудларида, айниқса, Амударё – Сирдарё оралиғида кўчиб юрган дашти қипчоқлик уруғ ва элатлар ҳам қўшилиб, янги бир этносиёсий уюшув – “92 ўзбек уруғи”нинг юзага келиши албатта ота-боболаримизнинг энг улкан ютуқларидан биридир.
Ҳар бири бир неча юзлаб оилаларни ўз ичига олган ушбу аҳоли гуруҳлари Ўрта Осиё воҳаларида янги-янги аҳоли масканлари – қишлоқ, овул, маҳаллаларнинг ўртага чиқиши, минтақанинг кўплаб шаҳар ва қишлоқларда яшовчи ерли аҳоли билан қўшилиб, сони бўйича энг кўп салмоққа эга элга айланишининг негизида албатта Муҳаммад Шайбонийхон ва унинг издошлари бошқаруви чоғида кечган ижтимоий-сиёсий ва этномаданий жараёнлар ётишини кўздан қочирмаслик керак бўлади.
Ғайбулла БОБОЁР,
Тарих фанлари доктори, профессор
Қўлланилган адабиётлар
Алимжанов Б. “Муҳаммад Шайбонийхон даврни ўзгартирган сиёсий лидер эди(ми?) // https://uza.uz/uz/posts/muhammad-shayboniyxon-davrni-ozgartirgan-siyosiy-lider-edimi_306667
Алимжанов Б., Замонов А. Не Тимуром единым: игнорирование Шибанидов в рамках концепции «Централизованного государства» // Золотоордынское обозрение / Golden Horde review, 2025, 13 (1). – C. 207-223.
Асанов Э. Шайбонийхон шахсияти нега эътиборсиз қолмоқда? Ўзбек тарихининг энг зиддиятли нуқтаси ҳақида мулоҳазалар // https://kun.uz/kr/news/2021/10/05/shayboniyxon-shaxsiyati-nega-etiborsiz-qolmoqda-ozbek-tarixining-eng-ziddiyatli-nuqtasi-haqida-mulohazalar
Ахмедов Б. Государство кочевых узбеков. – М.: Наука, 1965.
Бобир, Заҳириддин Муҳаммад. Бобир-нома. Нашрга тайёрлаган П. Шамсиев. – Тошкент, 1960.
Жалилова Р. К истории аграрных отношений в государстве Шейбани-хана в начале XVI века // ОНУ, №9, 1963. – С. 40-43.
Зиё А. Ўзбек давлатчилиги тарихи. – Тошкент: Шарқ, 2001.
Мардиев С. Заҳириддин Бобур ва Муҳаммад Шайбонийхон. Миллатнинг бу икки буюк фарзандини бир-бирига душман танитиш кимга керак? / https://zarnews.uz/post/zahiriddin-bobur-va-muhammad-shayboniyxon-millatning-bu-ikki-buyuk-farzandini-bir-biriga-dushman-tanitish-kimga-kerak (07.02.2022)
Мирза Мухаммад Хайдар. Тарих-и Рашиди. Введение, перевод с персидского А. Урунбаева, Р. П. Джалиловой, Л.М. Епифановой. – Ташкент: Фан, 1996.
Остонов Ж., Идиев А. Ўзбекистон таваллудининг бошланиши – Муҳаммад Шайбонийхон бизга ўгайми? // https://oyina.uz/kiril/article/1795 (15.07.2023)
Қаршибой Ў. Шайбонийхон бизга “бегона”ми? // https://rost24.uz/uz/news/1449 (2023 й.)
Хондамир, Ғиёсиддин ибн Ҳумомиддин. Ҳабиб ус-сияр фи ахбори афроди башар (Башар аҳли сийратидан хабар берувчи дўст). Форс тилидан таржима, муқаддима муаллифлари Ж. Ҳазратқулов, И. Бекжонов. – Тошкент: Oʻzbekiston, 2013.
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ