Исмини подшоҳ қўйган, Мирзо Бедилни опичлаган бола. Жони Жонон ким бўлган?


Сақлаш
12:56 / 22.05.2025 13 0

Илҳом қўри

 

Баҳор айёмидур, дағи йигитликнинг авонидур,

Кетур, соқий, шароби нобким, ишрат замонидур.

 

Мирзо Бобур бу сатрларда тафти ҳамиша бизнинг совқотган руҳимизни иситадиган қўрнинг энг катта чўғи тасвирини берган. Тафт томирларга ўтгач, туйғулар жонланади, сўзлар уйғонади, ҳаёт бошланади. Бу чўғ атрофида ҳамиша бир ажойиб суҳбат содир бўлади. Бу сатрлар ярим минг йил илгари Ҳиндистонда ёзилган. Аммо у шунча вақтдан бери Туронда тинимсиз янграйди. Бобур ҳеч қаерга кетмаган, ё қайтиб келгандай...

 

Бисотимда яна бир шундай ҳодиса бор. Ҳиндистон, бобурийлар сулоласи кечмишлари саҳифалари очилиши билан у ҳам ярқ этиб кўзга ташланаверади. У воқеа ҳам бобурийлар саройидан бошланади. Бу тарихнинг бир учи Тошкентнинг Қоратош маҳалласига келиб тақалади. Қизиғи, у ҳозир ҳам давом этмоқда.

 

Нақшбандий-мужаддидий Аҳмад махдум Қоратоший муҳр силсиласининг саккизинчи қаторидаги учинчи катакда “Ҳазрат Мирзо Жони Жонон қуддисаллоҳу сирриҳу” деб ёзилган. Муҳрда исми нақш этилган бу азизга манбаларда анча илгарироқ, илк марта дуч келганимдаёқ ифорга тўла илҳом эпкинини ҳис қилдим. Ҳали у тўғрида билгиларим жуда кам эди. Дунёга келиши биланоқ бошига ошиқ туғроси тож қилиб кийдирилган, ҳаёт бозорида ишқ савдоси аҳли сафидан жой берилган бу инсон ким бўлди экан?

 

У турли қўлёзма манбаларда Мирзо Мазҳар, Жони Жонон, Шамсиддин Ҳабибуллоҳ номлари билан кўп учрарди. Бу исмларда йўғрилган-жам бўлган улуғ мартабани ҳазрат Жалолиддин Румий, Фаридиддин Аттор, Алишер Навоий сингари ваҳдат дунёсини кезган кўплаб сиддиқлар алқаган.

 

Ниҳоят, фурсат етиб унга тааллуқли сатрларни йиғиб, тартибга солишни бошладим. Йиғилганларнинг ҳаммасини бу мақолага жойлашни уддалай олмаслигимни ҳам билиб турибман. Ифорли илҳом эпкини эсганда ҳатто қалблар ҳам ўзида содир бўлаётган воқеаларни эплай олмай қолади. Ҳеч қурса, ушоққинадек бир иш бўлар...

 

Исмини подшоҳ қўйган гўдак

 

Бобурийлар хонадонидан бошланган ўша ҳикояга кирамиз энди. Аслида қаҳрамонимизнинг отасининг исми Мирзажон Жонон эди. У Мирзо Жони Жонон номи билан машҳур бўлишига ҳам отасининг шу исми сабаб бўлганди. Айрим бирламчи манбаларда у 28 насаб билан Муҳaммaд Ҳaнaфий ибн ҳaзрaт Aли ибн Aбу Тoлиб хонадонигa туташиши таъкидланади.

 

Ривоят қилинишича, XV аср бошларида катта боболаридан бири Амир Камолиддин Тоиф шаҳридан Туркистонга кўчиб келади ва бу ерда давлат бошқарувидаги мансаблардан бирида хизмат қилади. Бобурий Ҳумоюн подшоҳ (1507–1556) ҳукмронлиги даврида Амир Камолиддин авлодларидан Амир Мажнун ва Амир Бобо Туркистондан Ҳиндистонга бориб, сарой аъёнлари қаторидан жой олади.

 

Отаси Мирзажон Жонон бобурий ҳукмдор Аврангзеб Оламгир (1657–1706) саройида нуфузли ходим эди. Кунларнинг бирида Мирзажон лавозим ва мартабадан воз кечиб, фақирлар йўлини танлаб, тариқат аҳли даврасига қўшилади. Бойлигини ҳақиру мискинларга тарқатади. У мамлакатда саховати, гўзал ахлоқи ва фазилатлари билан танилган эди. Айтишларича, қизининг никоҳи учун йиғиб қўйган йигирма беш минг рупия маблағини қашшоқликда қийналган бир дўстига ҳадя қилиб юборади.

 

Мирзо Мазҳарнинг бoбoси – онасининг отаси Aмир Aбдусултoн ҳам сулук аҳлидан эди. Чиштия тaриқaтининг етук вакили бўлган. У вaзир Aсaдхoн қизининг ўғли эди.

 

Шaмсиддин Ҳaбибуллoҳ – Мирзo Жoни Жoнoн ҳижрий 1111 йили (1699/1700) Малва музофотига қарашли Галабоғ мавзесида дунёга келади. Баъзи адабиётларда ҳазратнинг таваллуди ҳижрий 1113 йил (1701/1702) деб кўрсатилади.

 

Бу воқеадан замона ҳукмдори Аврангзеб ҳам хабардор бўлади. У “Ўғил отанинг жонидир, гўдакка Жони Жонон деб исм қўйинг” деб тайинлаб юборади. Кейинчалик уни барча Жони Жонон деб атай бошлайди ва бу исм унга қисмат бўлади. Тариқат аҳлининг барчаси бир умр “Жонон”ни ахтарган, унинг висолига талпинган ошиқлар эди. Шундай “Жонон”нинг жони Ҳинд Акбарободида яшаб, улғаяди. У болалигидаёқ Аврангзеб подшоҳдан ошиқ “ёрлиғи”ни олган дарвеш эди.

 

У болалигида отаси ва Ҳофиз Абдурасул Деҳлавийдан илм ўрганади. Аграда Абдуқодир Мисрий унга Қуръон илми ва форс тилидан таълим беради. Ўн олти-ўн саккиз ёшларида бир муддат давлат ишларида хизмат қилади. Тез орада уни тарк этиб, сулук аҳли қурига қўшилади.

 

Қутлуғ умр ибтидосидаги воқеалар

 

У дерди: “Болалигимда Иброҳим алайҳиссаломни тушимда кўриб, илтифот ва эҳсонларига кўп-кўп сазовор бўлдим. Ўша пайтлар ҳазрат Абу Бакрни ёдга олсам, муборак сурати кўз олдимда пайдо бўларди. Руҳониятини кўзим билан кўрардим. Менга илтифоти чексиз эди”.

 

Тарбия баракати

 

Яна дерди: “Муҳтaрaм oтaмнинг бaрaкaтли тaрбияси илa менда бир ҳoл пaйдo бўлди. Бир қaрaшдa инсoнлaрнинг қaлбидaгилaрни aнглaрдим. Тургaн йўлим нури билaн инсoнлaрнинг сaoдaт вa ёки шaкoвaт aҳли экaнини пeшoнaлaридaн билaрдим”.

 

Ҳикмат йўли

 

Ёшлигимда бир куни биров отам билан гаплашаётганди. Ҳазрат имом Раббоний ҳақида сўз борди. Шу пайт имом Раббоний руҳонияти ботинимда намоён бўлди. Ўрнимдан туришга ишора қилди. Бу ҳолни отамга айтгандим, “Англашимча, ундан сенга насиба етади” деди. Аллоҳ таоло қалбимга суннатга бўйсуниш ва амал қилиш хислатини ўрнаштирди.

 

Мақсадимга етиш учун Саййид Нур Муҳаммад Бадауний ҳузурига бордим. Муборак юзини кўриб, маърифат соҳиби эканини туйдим. У амали суннат билан зийнатланган, дин амрларига тобе, гўзал ахлоқли мўмин эди. Суҳбати қалбларга ҳузур берарди. Даргоҳида сулук аҳли мақсадларига эришар, ўлган қалблар тирилиб, иймонга келарди. Ҳаққа етишга муяссар бўларди. Хизматига олишни сўраганимда, истиҳорасиз шогирд қабул этмаслигига қарамай, менга шу заҳоти қуридан жой берди. Файзи ўта баракатли ва таъсирли эди. Бир таважжуҳи билан шогирд қалби зикрга киришарди. Хизматига етиб, файзига қовушгач, кўнглим ойдинлашди. Кўп илтифотларига ноил бўлдим.

 

* * *

 

Мирзо Мазҳар қидириб-қидириб, файзу осорларга тўла ҳикмат йўлини шу тариқа топган. У мужаддидий нақшбандий Саййид Нур Муҳaммaд Бaдаунийнинг (вафоти 1723) илғор ва истеъдодли xaлифaлaридaн эди. Унинг даргоҳида тўрт йил тариқат таълимини олади ва иршод ижозатига эришади. Бaдаунийнинг ўзи шайх Сайфиддин ибн Муҳаммад Маъсум Сирҳиндийнинг халифаси эди.

 

Ҳазрат Мирзо Мазҳар ҳинднинг шайх Муҳаммад Афзал Сийалкотий, шайх Ҳофиз, Муҳаммад Сиддиқ ибн Муҳаммад Мaсъумнинг халифаларидан бири Саъдулла Деҳлавий каби улуғларидан ҳадис ва бошқа илмлардан таҳсил олади.

 

Ниҳоят, Аҳмад махдум Қоратошийнинг муҳр силсиласида номи келтирилган Муҳаммад Обид Синомий ҳузурида 11 йил қолиб, адаб ва шеър илмини ўрганади. Шу тариқа Мирзо Жони Жонон 25 йил бир қанча улуғлар суҳбатида иштирок этиб, иршод мақомига етишади ва Деҳлида мужаддидия-нақшбандия тариқати муршиди бўлади.

 

Ҳадя ва ўзгалар ҳаққи

 

Aфғoн уруғлари бошлиқларидaн бири ҳазрат Мирзога уч юз ашрафи oлтин ҳaдя юбoрди. Мирзо Жони Жонон: “Ҳaр қанча бўлса ҳам ҳaдяни қaбул этиш дуруст, аммо у қaбул этилиши шарт қилинган ҳукм йўқдир. Биз ҳaттo асҳобимизнинг иxлoс вa эҳтиёткoрлик илa ҳаром аралашмаган ҳaдялaрини олмаймиз. Бу каби ҳaлoллиги шубҳали туҳфалaрни асло қaбул этолмаймиз. Бoйлaр ҳaдясидa бировларнинг ҳaққи бўлади. Қиёмaт куни унинг ҳисoби жуда оғирдир”, дeйди.

 

Шубҳа

 

Ҳазрат Мирзо Мазҳар: “Емаклар орасида энг зарарлиси топиш-тутиши шубҳали бадавлат кишилар дастурхонига қўйилган таомлардир. Ҳатто фақирлар таомлари ҳам шубҳалидир. Улар бу таомларни тайёрлаш учун топгани шубҳали бойлардан қарз олади”, дерди.

 

Луқма ва ибодат

 

Мирзо Жони Жонон яна дейди: “Тановул қилинган луқмалар инсонни муваффақиятга етказиб, тоат-ибодати нурини орттирсин. Фақирликни бой бўлишдан ортиқ кўриш ва сабру қаноатга интилиш, таслимият ва ризони одат қилиш лозим. Оламлар сарвари жанобимизнинг “Аллоҳим! Оли Муҳаммад ризқини етарли даражада қилгин” дуосига мувофиқ инсон неъматларни етарли даражадагина истасин ва сўрасин”. Саҳобалар ҳам шундай дуо қиларди. Исроф қиладиган даражада бойлик ва муҳтожлик ҳамда қарзга ботирадиган фақирликдан сақланинг”.

 

Фақирлик дарси

 

Нур Муҳаммад Бадаунийнинг файзли суҳбатига етишдим. Тасаввуфнинг турли ҳолларига ғарқ бўлдим. Илоҳий муҳаббатга чулғаниб, уйқу, истироҳат ва емак-ичмакни тарк қилдим. Анжумандан узилиб, ёлғиз қолдим. Очлик шиддатидан дарахт баргларини ердим. Муроқаба ҳолида ҳушимни билмай вақтимни ўтказардим. Мақсадимга етиш учун шу тариқа интилардим. Ниҳоят, “Раббингни кўриб тургандек ибодат қил” ҳадисида зикр этилган васфга етдим. Маҳв, фано ва бақо ҳолларида сайр қилдим. Улуғлар таърифлаган манзил – тавҳид сири мақомига кўтарилдим.

 

Тўрт йил устозим Нур Муҳаммад Бадауний суҳбатига қатнадим. Менга суннат аҳли эътиқодига риоя қилиш ва бидъатлардан тийилишни уқтирди. Сўнгра тариқат йўлида мустақил давом этишимга ижозат берди.

 

Бу фақирлик дарси эди.

 

Бир тун суҳбати

 

Мирзо Мазҳар Жони Жонон ҳикоя қилади: “Бир куни жаҳон зийнати ва коинот сарвари жаноби Пайғамбаримизни тушда кўриш билан шарафландим. Ёнма-ён бўлиб ётардик. Шунчалик яқин эдикки, муборак нафаслари юзимга уриб турарди. Бир пайт чанқадим. Сирҳинд буюгининг махдумлари, ҳазрат имом Раббоний ўғиллари ҳам шу ерда эди. Расулуллоҳ улардан бирига сув келтиришини буюрди. Мен: “Ё Расулуллоҳ, улар менинг устозимнинг ўғиллари”, дедим. Расулуллоҳ: “Улар бизнинг айтганимизга амал қилишади”, деди. Улардан бири сув келтирди. Қониб ичдим. Сўнгра: “Ё Расулуллоҳ, сиз Мужаддиди алфи соний ҳақида нима дейсиз?” – деб сўрадим. Жаноби Пайғамбаримиз: “Умматим орасида унга ўхшагани йўқ”, деди. Мен: “Ё Расулуллоҳ, имом Раббонийнинг “Мактубот” китобига муборак назарингиз тушдими?” – деб яна сўрадим. Айтди: “Ундан эсингда қолган бирон парча бўлса, ўқи!”.

 

Мен ҳазрат имом Раббонийнинг баъзи мактубларида Аллоҳ таоло ҳақида айтилган “У варо-ул-варо кейин яна варо-ул-вародир – Аллоҳ таоло хаёлимизга келган барча нарсалардан узоқдир. Ақлимиз ўйлаган ва тасаввур қилган ҳеч бир нарса у эмас” деган парчани ўқидим. Жаноб Расулуллоҳга бу гап жуда ёқиб, “Такрор ўқи!” деб буюрди. Яна ўқидим. “Бу ифодалар жуда гўзал айтилган”, деди. Бу ҳол бироз муддат давом этди.

 

Мен бу кўрган тушимда жаноб Расулуллоҳнинг муборак нафаси ва суҳбатининг баракати билан ўзимни бутунлай нур ҳамда ҳузур ичида сездим. Уйғоқликда қўлга киритган нарсалардан анча баракатли бўлган ушбу туш файзи билан кунлар давомида очқамадим ва чанқамадим”.

 

Мирзо Бедилни опичлаган бола

 

“Маънолар отаси” Мирзо Абдуқодир Бедил умри охирларида тоғда саёҳатда эди. Худди шу пайтда Мирзо Жони Жонон ҳам зиёратга бораётганди. Йўлда улуғ шоирни учратиб қолди ва узоқ суҳбатлашди. Мирзо Бедил яшаб турган қўналғасига қайтиб кетмоқчи бўлди. У жой тоғнинг баланд жойида эди. Мирзо Жони Жонон устозга илтифот ила “Ижозат беринг, манзилингизга кўтариб олиб чиқариб қўяй” деди. Мирзо Бедил “хўп” дея унинг айтганига рози бўлди.

 

Мирзо Жони Жонон шоирни елкасида опичлаб, қўналғасига олиб борди. Хайрлашаётиб “Мени танидингизми?” деди. Мирзо Бедил уни танимаганини айтди. Мирзо Жони Жонон ўзини танитди: “Ёшлик пайти эди, бир жойда ўйин ва томоша бўлаётганди. Одамлар гурас-гурас келиб томошага йиғиларди, катта издиҳом эди. Мен ҳам ўша жойда эдим, томошани кўриш учун ҳеч қулай жой топа олмаётгандим. Менинг аҳволимни кўриб, елкангизга кўтариб олдингиз ва томошанинг охиригача турдингиз. Мен ўша сиз елкангизга кўтариб олган боламан. Мана, мен ҳам сизни кўтариб манзилингизга олиб келдим”.

 

Мирзо Бедил “Яқинроқ кел, дуо қилайин” деб ёнига чорлади. Уни эзгу алқовлар билан сийлаб, ушбу мисрани айтди:

 

Кўҳна гардун ки мардум ном карданд, навкар аст.

 

Мазмуни:

Мардум айтган бу кўҳна дунё, билгин, навкардир.

 

Туркистонлик мажзуб ва зинадаги дарвешлар

 

Кунларнинг бирида Туркистондан мақсадига ижобат излаб бир йигит борди. Ҳазрат бузруквор юқори хонада эди. Унга чиқиладиган зинанинг ҳар палласида битта сўфий ўтирганди. Улар файз истаб келган туркистонликка “Биз шу зинада ўтириб, Каъбатуллоҳни кўрамиз” дейишди. Туркистонлик воқеани ҳазрат Мирзога сўзлаб берди. Мирзо “Эҳтимол, кўришар” деб қўйди. Файз талабидаги туркистонлик ҳазрат Мирзо даврасига қабул этилди.

 

Туркистонлик бир куни ўша юқори хонада қаттиқ изтиробга тушиб, самоъда силкина бошлади. Охири тинчлангач, ҳазрат Мирзо “Ҳа, сенинг изтиробинг хайрли ва ёқимлидир. Сўфийларнинг Каъбатуллоҳни кўришлари сеники каби хўб изтиробдан эмас” деди.

        

Сўз ва ел

 

Бир куни ҳазратнинг хизматига Ҳиндистон подшоҳи келди ва деди: “Эй замон шайхи, мен янги подшоҳман. Ҳукмдорлигим узоқ давом этадими ёки йўқми, шуни айтинг. Табиблар берган дори Ҳақнинг хос ашёсидир. Сўфийлар куфр қиладими ё суфр? Мусҳафда “бод” бор. “Бод”нинг асари недир ва уни қандай изоҳлайдилар?”.

 

Мирзо “Олдин токчадан коса олиб, сув келтир ва хизмат қил!” деди. У токчадан коса олиб, ҳазрат Мирзога сув берди. Мирзо сувни ичди ва косани қайтариб, “Энди жойига қўй” деди. У шайх айтган сўзга кўп парво қилмади, идишни бошқа жойга қўйди. Мирзо “Битта косани эплаб ўз ўрнига қўя олмайсан-ку! Яна давлатинг узоқ туришини истайсан” деди.

 

Подшоҳнинг ранги ўчиб, юзи оқарди. Мирзо “Сени урмадим, бир оғиз гап айтдим, холос. Сўз бор-йўғи оғиздан чиққан елдир, шугина ҳам сенинг рангингни ўзгартириб юборди” деди.

 

Шундан сўнг подшоҳ ҳазратнинг барча ботиний амрини бажарадиган бўлди. Ул асрда ҳазрат Мирзо бирор юмуш буюрса, у каби югуриб, жону дилдан бажара оладиган бошқа бирор одам йўқ эди.

 

* * *

 

Подшоҳ форсий “бод” сўзи билан арабчадаги “риҳ”ни назарда тутаётган эди. “Риҳ” масдари ва унинг турли шакллари Қуръонда 28 оятда келган. У луғатда “шамол”, “ел”, “куч”, “қудрат” маъноларини англатади. Қуръонда ҳам ҳар хил воқеаларда бу луғавий маъноларнинг барчаси акс этган. Ушбу воқеада ҳам у яна бир бор жуда аниқ намоён бўлди.

 

Барча хасталиклар шифоси

 

Жони Жононнинг “Калимoти таййибат” номли китобида саксон етти мактуби ва суҳбати бор. Улардан бирида ёзади:

 

“Биродарим, замонамиз талабаси заифлиги, авлиёдан кашфу каромат исташи, “биринчи аср”ни кўз олдида тасаввур қила олмаслиги ҳақида ёзилган мактубингиз келди. Бошқа шайхларга майли бўлган тентаклар ва ақлсиз кимсалар шогирдликка ярамайди. Ақлли мухлис кишилар ва бу ишга астойдил толиб бўлганларни ҳалқага қўшинг. Қайғурманг, Аллоҳ таоло ҳақиқий ҳокимдир. “Оли Имрон” сурасида “Эй ҳабибим, уларга айтгин: “Аллоҳни севсангиз, менга эргашинг, шунда Аллоҳ ҳам сизни севади” ояти ила Ҳақ муҳаббатини қозониш ва розилигига етишни истовчилар жаноб Пайғамбаримизга тобеликка боғлаб қўйилди. Бу йўл толибларни охирги мақсадигача етказади.

 

У моҳир табиб қулларини ғафлат ва гуноҳ хасталигидан қутқариш учун амру тақиқларни дори ва парҳез қилиб юборди. Шу муолажага риоя этиб, дори-дармондан ўрнида фойдаланган, парҳезга риоя қилган киши шифо топиб, соғлом бўлади. Улардан қочган зиёнга дуч келади.

 

Ушбу йўлда сурат ва ҳақиқат муолажаси бор.

 

Сурат муолажаси авом мусулмонларда қўлланади. У, эътиқод тўғрилангач, динга мувофиқ амаллар, амр ва тақиқларга бўйсуниш орқали бажарилади. Эвазига бу саодатли амаллар соҳиби жаҳаннамдан қутулиб, жаннат неъматларидан баҳраманд бўлади.

 

Ҳақиқат муолажаси хос инсонлар, танланган бандалар учундир. Унда қалб тозаради, ёришади, нафс тарбияланади. Бу йўлда сурат муолажаси билан бирга риёзат ва мужоҳада бор. Бу муолажа туфайли тажалли ва кашфларга эришилади. Сурат – “иймон ва ислом”, ҳақиқат – “эҳсон” дейилади. Шариф ҳадисда “Эҳсон Раббингни кўриб тургандек ибодат қилишдир” дейилган.

 

Сурат муолажаси теридаги хасталикларни бартараф қилиш учун чипқон ва яраларга қўйилган малҳам кабидир. У яра ва чақани тузатгани сингари албатта фойдасиз эмас. Айни чоғда суратсиз ҳақиқат муолажасини амалга ошириб бўлмайди. Баъзан ҳақиқат муолажаси ўрнида ғайбий макр бўлиши ҳам мумкин. Аллоҳ таоло ундан асрасин!

 

Ҳақиқат муолажаси тозалаш, бадандан хаста, зарарли, бузуқ моддаларни чиқариб ташлашдир. Жойида қолгани яна 100 хасталикни чақиради. Шу икки муолажа бирга қўллансагина, буткул шифо топса бўлади. Ушбулардан муҳтарам Пайғамбаримиз тайинлаган муолажанинг саҳобалар табиатига кўрсатган сиҳат ва шифо таъсири осон ойдинлашади.

 

Бундай дори-дармон ва даволаш Аллоҳ таолони қаттиқ севиш, бор ғайрати ила Расулуллоҳга эргашиш, тоат ва ибодатлардан лаззатланиш, гуноҳлардан жирканиш ва узоқлашишдир. Бу муолажа қалблар ҳузури ва тозаришига таъсир кўрсатарди. Расули акрамнинг қутлуғ суҳбатлари ва ислом муолажаси баракатидан бу мартабаларга жуда қисқа вақт, ҳатто бир онда ҳам эришардилар.

 

Улар кейинги асрларда шавқ ва ҳоллардан кўра сурат ва ҳақиқатга қаттиқ аҳамият бериб, ҳақиқатни қўрувчи суратни муҳофаза қилиб, кашфу кароматга эътибор қаратмадилар. Улар камолотга етишиш шартларидан ҳисобланмади. Бундай ҳолда сиҳат истаган толиб Расулуллоҳ суннатларига эргашишни барча риёзат, мужоҳадалардан ортиқ деб билиши ва унга оид нур ва баракатларни барча файзлардан афзалроқ деб ҳисоблаши зарурдир. Ботин олами ҳамда давомли ҳузур ёнида бу йўлда талаба тўсатдан дуч келадиган завқ ва ҳоллар ҳеч қандай эътиборга лойиқ эмас.

 

Ушбу ҳақиқатларга етишишга кўмаклашувчини жаноб Расулуллоҳнинг вакили деб билиш ва унга сидқидилдан хизмат қилиш жоиздир. Бу йўлда ширин кўринган бирор нарсага дуч келиб, ёш боладек алданиб қолманг. Фиқҳ масалаларини ўргатинг, фиқҳсиз дин бўлмайди. Суннат аҳли эътиқодини ўргатиш ва тарғиб этишга қаттиқ жаҳд қилинг. Ҳар ишда Аллоҳ таолонинг ҳабиби жаноби Пайғамбаримизга эргашишдан ғайратингизни аяманг. Аллоҳ таоло ҳабибига эргашганларни жуда севади” (Мактубот. ЎзФА ШИ, №9158/3. 21-мактуб).

 

Ризолашув

 

Шaмсиддин Ҳaбибуллoҳ Мирзo Жoни Жoнoн вaфoтидaн бир нeчa кун олдин Аллoҳ тaoлo ҳузуригa боришини сезиб, зaвқ вa шaвқ ҳолидa эди. Ибoдaтлaрини oрттирди. Суҳбaт вa мурoқaбaлaридa ҳосил бўладиган ҳузурдан aқллар лол эди.

 

Ходимлaридaн муллa Қoсим юртигa бoриш учун изн сўрaгaндa ҳазрат шaйx унгa “Энди бизнинг янa кўришмагимиз мaҳолдир” дeя ўзининг вaфoт этишигa ишoрa қилади.

 

Вафоти яқинлашган кунларда шогирдларидан яна бири мулла Абдураззоққа юборган мактубида ҳам “Ёшим саксондан ўтди. Ажалим яқинлашди. Бизга хайрли дуоларда бўлиб туринг” деб ёзганди. Бу вақтларда бошқа шогирдларига йўллаган мактубларида ҳам шу тарзда кетишига ишора қилганди.

 

Дунёни тарк этиш мақоми

 

Ҳижрий 1195 йил муҳaррaм oйининг 7-куни чoршaнбa кeчaси (1781 йил 3 январ) уйи oлдидa oлoмoн тўплaнгaн эди. Улaр oрaсидa уч киши илтимoс қилиб ҳузуригa кирди ва унга яқинлашиб, “Мaзҳaр Жoни Жoнoн сeнмисaн?” дeб сўрaди. Ҳазрат “Ҳa, мeнмaн” дeди. Кирганлардан бири тўсатдан унга ҳамла қилди вa танига хaнжaр санчди. Мирзo Жoни Жoнoн оғир яраланиб, йиқилди. Воқеани эшитган нaввoб Нaжaфхон у мубoрaк зoтни дaвoлaш учун бир фрaнцуз тaбибни юборди. Зудлик билан қoтиллaрни тутиб, жaзoлaшгa буйруқ берди. Фрaнцуз тaбиб ҳазратнинг жароҳатини кўрди, енгил-елпи даволагандай бўлди. Нaввoб Нaжaфхoнни “Тузалиб кeтaди, бoшқa тaбиб юбoришгa зaрурaт қолмади” дeя алдади.

 

Ҳaзрaтнинг ярaсидaн уч кун қoн oқиб турди. У жумa куни ўрнида ётган кўйи қўллaрини дуога oчиб, “Фoтиҳa”ни ўқиди. Сўнгрa ёнидагилардан “Кун бoтишигa нeчa сoaт бoр?” дeб сўрaди. “Тўрт сoaт” дeйишди улар.

 

Ўшa айём жумa, ҳaм ашуро куни эди. Oқшoм киргaндa уч мaртa чуқур нaфaс oлди вa шaҳид мақомида бу дунёни тарк этди. Тани Деҳлидаги Жаҳонобод мавзесига дафн қилинди.

 

Шaмсиддин Ҳaбибуллoҳ Мирзo Жoни Жoнoн ислoм маърифатини жамиятга улашиш вa инсoнлaр сaoдaт йўлини топиши учун чексиз xизмaтлaр қилди.

 

У дейди: “Аллоҳ таоло менга энг комил ақл ва тўғри кўз қарашни эҳсон этди. Салтанат ишларининг идораси ва давлатнинг низоми хусусида барчага мос энг гўзал усулни ўрганган эдим. Шу сабабдан замоннинг машҳур давлат арбоблари биз билан маслаҳатлашиб қўлига қурол олар ва бошқа муҳим ишларини ҳам айтганларимга қулоқ тутиб ҳал этар эдилар”.

 

Давомчилари

 

Мирзо Жони Жонон бир қанча етук ва истеъдодли шогирдларни тарбиялаган эди. Ҳазрат юрган ва кўрсатган маърифат йўлини қози Муҳаммад Саноъуллоҳ, мавлавий Наъимуллоҳ Баҳрайжий, Санбҳалий Панипатий, мавлоно Дарвеш Муҳаммад, шaйx Aбдуллoҳ Мужаддидий Дeҳлaвий номи билан машҳур Шоҳ Ғулом Али, шaйx Усмoн Пaнипатий, Сaййид Мирмусулмoн, шaйx Фaзлуллoҳ, шaйx Aҳмaд, мaвлoно Муҳaммaд (Қайюм), шaйx Aбдурaҳмoн, мaвлoно Муҳaммaд Мунир, шaйx Қaлaндaр Бaxши, мaвлoно Aбдубoқи, мaвлoно Қутбиддин, Xoжa Муҳaммaд Қaндаҳoрий, муллa Темур каби яна кўплаб суҳбатдошлари ва шогирдлари муносиб тарзда давом эттирди.

 

Маънавий мероси

 

Мирзо Жони Жонондан бой маънавий мерос қолган. Улар шўролар даврига қадар Туркистонда ҳам кўп тарқалган эди. Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида “Ар-рисолат ул-мақомат ун-номи ва-л-боқи” (1498/1), “Девони Мазҳар” (993/3, 2907/15), “Мактуботи Мирзо Жони Жонон” (5230/4) номли асарлари сақланади. Маърифат аҳли ҳозиргача унинг муборак исмини тасаввуф улуғлари қаторида эҳтиром ила ёд этади.

 

Битта саҳна ҳодисаси

 

Ҳиндистон шўролар даврида Ўзбекистон халқи учун хорижий, бегона мамлакат ҳисобланарди. Дарсликлар, олимлар тадқиқотлари бу туйғуни кучайтирарди. Ҳолбуки, уларда зўр бериб бу икки тарихий ўлка халқлари дўстлиги йилдан-йилга ривожланиб бораётгани тинимсиз таъкидланарди. Қўлёзмаларда манзара бутунлай бошқача экан. Уларда Ҳиндистон ва Турон маърифат аҳли, бобурийлар ва бу ҳудудлардаги бошқа салтанатлар қиссалари ҳам бир неча минг йиллардан бери давом этиб келаётган битта тарихий саҳна ҳодисаси экани намоён бўлади. Улар ўзаро яқин тарихий ўлкалар, халқлар дея таъкидлайверишга сира ҳожат қолмайди.

 

Тошкентдаги машҳур Қоратош маҳалласи номи пайдо бўлиши ҳам айнан Мирзо Жони Жонон воқеаларидан бири билан бошланади. Унинг ўта қизиқарли ўз қиссаси бор. У энди алоҳида ҳикоядир.

 

Турон ва Ҳинд диёри бирлигида шаклланган азалдек кўҳна маънавий оламни улуғ подшоҳ ва шоир Мирзо Бобур тузган салтанат уч ярим аср олий мақомларда тутиб турди, тараққий этишига хизмат қилди. Барча Ҳиндистон маърифати ва маънавий ҳаёти юксалишига бобурийларнинг қўшган буюк ҳиссасини якдиллик билан эътироф этади. Мирзо Жони Жонондек кўплаб ориф зотларнинг ибратли ҳаёти шу салтанат тарихи саҳифаларидаги шараф ва зийнатдир.

 

Абдусаттор ЖУМАНАЗАР,

ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги

Шарқшунослик институти катта илмий ходими

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 1-сон.

“Қоратош-Деҳли ҳодисаси” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18175
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//