Тарих
(Гуржистон ССРдан аҳолини кўчириш корейс халқи сингари ноқулай об-ҳаво шароитларида олиб борилгани уларни Ўзбекистон ССРга жойлаштиришда ҳам катта қийинчиликларни келтириб чиқарди.)
Совет депортaция сиёсатининг қурбонларидан бири Иккинчи жаҳон уруши фронт чизиғидан анча олисда бўлган Сталиннинг она ватани Гуржистонда яшовчи кам сонли халқлар бўлди. Энг катта эътибор Гуржистон-Туркия чегарасида яшаб келаётган мусулмон халқлар – месхети туркларига қаратилди. Иккинчи жаҳон уруши даврида 46 мингдан ортиқ турклар совет армияси сафида жангга кирганига қарамасдан депортaция қилинувчи халқлар рўйхатига киритилади [1].
Месхети турклари – Гуржистоннинг жануби-ғарбий туманларидаги Месхетия деб номланган ҳудудларда яшаган халқ. Улар Месхетияда яшагани учун месхети турклари деб аталган. Бугунги кунда Месхетиянинг жанубий қисми Гуржистон давлати, шимоли-шарқий қисми Туркия давлати ҳудудига қарашли. Месхетия 1576 йилда тўлиқ Усмонли Туркияси томонидан эгалланган. Келиб чиқиши грузин бўлган месхи қабиласи усмонли турк ҳукмдорлари назоратида бўлган. Улар доим туркча ном ва исмлардан фойдаланган, турк тилида сўзлашишган ҳамда эътиқодига кўра мусулмон суннийлар ҳисобланган. Месхети турклар яшаб келган ҳудудлар 1829 йилги Андрианопол тинчлик шартномасига кўра, Россия империясининг Тифлис губернияси таркибига киритилган. Советлар даврида Гуржистон ССР таркибида бўлган. 1928–1937 йиллар давомида бу халқлар советча қатағон ва этник репрессияларни бошидан ўтказган ва Иккинчи жаҳон уруши даврида Қозоғистон ва Ўрта Осиё республикаларига депортация қилинди. Ҳаттоки, уларда умумқабул қилинган номланиш ҳам мавжуд эмас. Турклар, аҳиска турклари, усмонли турклари, месхети турклари, жавахет турклари, месхетияликлар, кавказ турклари – уларга нисбатан энг кенг қўлланиладиган атамалардир. НКВД идоралари юритган махсус кўчирилган аҳоли рўйхатларида улар Гуржистондан кўчирилган озарбойжонлар ва турклар дея кўрсатилган. Совет ва рус адабиётларида, манбаларида уларни месхети турклари, Туркия ва Озарбойжон, қисман Қозоғистонда аҳиска турклари деб номлаш одатга айланган. Илмий манбалар ва адабиётларда ушбу халқларнинг этник номланишига оид аниқ далиллар мавжуд бўлмагани учун мақолада уларни миллий ва халқаро илмий доираларга яхши маълум бўлган месхети турклари номи билан қўллаш маъқул кўрилди.
Совет ҳокимиятининг месхети турк, курд ва хешмин каби миллий озчиликни ташкил қилувчи халқларни мажбурий кўчириш сиёсатидан кўзлаган мақсади диний омилга боғлиқ бўлиб, Гуржистон ССР чегаралари ҳудудларини мусулмон бўлган халқлардан тозалаш эди. Чунки совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида месхети турк халқларини христианлаштириш ва руслаштириш сиёсати кутилган натижани бермаган. Кейинчалик аҳолини грузинлаштириш, грузинча ном ва исмларни қабул қилишга мажбурлаш чоралари ҳам қўллаб кўрилади [2]. Лекин совет ҳокимияти ушбу сиёсатдан ҳам бирор натижага эриша олмайди ва уларни Қозоғистон ва Ўрта Осиё республикаларига депортaция қилиш керак деган хулосага келади.
Л.Берия совет давлати раҳбарлари Сталин, Молотов, Маленков номига ёзган хатида месхети туркларини кўчириб юбориш учун асосли сабаблар келтириб беради [3]. Унга кўра, Месхетия аҳолиси туркияликлар билан доимий қариндошлик алоқаларини сақлаб қолиб, мунтазам контрабанда билан шуғулланганликда, жиноий гуруҳлар тузганликда, бу халқларда жосуслик элементлари мавжуд бўлиб, турк разведка органларига маълумот етказиб турганликда айбланган.
1944 йил 25 июлда Л.Берия совет давлати раҳбари Сталинга хатида Гуржистон ССР чегара ҳудудидан 16 700 турк, курд, хешмин оилаларини Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ССРга кўчиришни таклиф қилади. Натижада, Гуржистон ССР чегара ҳудудлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ахалсихе, Адиген, Аспиндза, Богданов туманларидан ва Аджария АССРдан 86 000 турк, хешмин, курдларни мажбуран кўчириш, уларнинг 40 минг нафарини Қозоғистон ССРга, 30 минг нафарини Ўзбекистон ССРга, 16 минг нафарини Қирғизистон ССРга жойлаштириш режалаштирилган [4].
Лойиҳада кўчириш амалиётига СССР Ички ишлар халқ комиссарлиги масъул қилиб тайинланади. Ҳар бир оилага ўзи билан озиқ-овқат ва зарурий буюмлар олишга рухсат берилиши, кўчирилган оилалар томонидан қолдирилган мол-мулк ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қабул қилиб олиш учун комиссия ташкил қилиниши, Қозоғистон ССР, Ўзбекистон ССР, Қирғизистон ССР раҳбариятлари томонидан кўчирилган оилаларни қабул қилиш, жойлаштириш тадбирларининг ўтказилиши, кўчирилган оилалар қолдирган хўжаликлар ўрнини тўлдириш учун Гуржистоннинг бошқа зич яшовчи ва кам ерли аҳолисининг жамоа хўжаликлари билан бирга кўчириб ўтказилиши, кўчириш оперaциясини амалга ошириш учун пул ва моддий-техник ёрдамнинг ташкил этилиши лойиҳада кўрсатиб берилади.
Ушбу лойиҳа асосида Ўзбекистон ССР ХКС ва Ўзбекистон КП(б) МҚнинг 1944 йил 9 августда “Гуржистон ССР чегара ҳудудларидан махсус кўчирилганларни жойлаштириш ва иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қарор [5] қабул қилинади ҳамда Фарғона вилоятига 5 000, Тошкент ва Самарқанд вилоятидаги колхозларнинг ҳар бирига 10 000дан, Совхозлар халқ комиссарлигига 3000, полиз маҳсулотлари ишлаб чиқариш комиссарлигига 2000 нафар кишини бириктиришга кўрсатма берилади. Москвадаги совет раҳбарлари Кавказортидан кўчирилаётган аҳолини фақатгина қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ ишларга йўналтириш топшириғини берган эди [6].
1944 йил 31 июлда СССР ДМҚнинг 6279-сонли буйруғига асосан, Ўзбекистон ССР ҳудудига Гуржистон ССРдан 30 минг аҳолини кўчиришга кўрсатма берилган эди [7]. Ушбу буйруқ 4 ноябрда ўзгартирилиб, Ўзбекистонга кўчирилаётган аҳоли сони 50 мингга оширилгани маълум қилинган [8]. Режадагидан икки баравар кўп Қирим халқларини қабул қилишга мажбур этилган Ўзбекистон ССР ҳукумати, мўлжалидан икки карра кўп Гуржистон ССР аҳолисини ҳам жойлаштириш вазифасини олгач иқтисодий жиҳатдан танг аҳволда қолади.
Гуржистон ССР аҳолисини депортaция қилиш учун НКВДнинг 4 минг оператив ходимлари бириктирилади [9]. Ўзбекистонга Гуржистон ССРдан эшелонлар келиши 1944 йилнинг 25 ноябридан 13 декабрига қадар давом этган ва жами 29 та эшелондаги одамлар республиканинг 7 вилоятнинг 44 та туманига тақсимланган. Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссари ўринбосари Меернинг СССР НКВД махсус манзилгоҳлар бўлими бошлиғи М.Кузнецов номига ёзган ҳисоботига кўра, 1944 йил 14 декабрда Гуржистон ССРдан кўчирилган аҳолини Ўзбекистон ССРда қабул қилиш якунланган. Уларнинг умумий сони 53 127 киши (10 616 оила)ни ташкил қилган.
Советча қатағон сиёсати қурбони бўлган халқлар мажбурий кўчириш тадбирлари давомида оғир синовлар ва машаққатларни бошидан ўтказишига тўғри келди. Ҳисоботда келтирилишича, йўл давомида ҳар бир кишига 400 грамдан нон ва 2 маҳал иссиқ овқат берилган. Аслида эса, одамларга овқатлар асосан йирик шаҳарлардаги темир йўл тўхташ бекатларидагина тарқатилган ва улар кўпинча оч қолишган. Бундан ташқари, одамларнинг товар вагонларига ғуж жойлаштирилиши, ноқулай шароитлар туфайли аҳоли турли юқумли касалликларга дучор бўлади. Шунингдек, совуқ ҳаво туфайли ўткир шамоллашдан касалланганлар кўп бўлган ва уларнинг 45 нафарига сафар вақтида, 46 нафарига станцияларга туширилгач тиббий ёрдам кўрсатилган [10]. Гуржистондан Қозоғистон ва Ўрта Осиё республикаларига йўл қарийб 3 ҳафта давом этган ва йўл давомида 262 нафар одам (бир киши поезд тагида қолиб кетиб) ҳалок бўлган, яна 6 киши эшелондан туширилгач вафот этган, уларнинг асосий қисми қариялар ва кичик ёшдаги болалар ҳисобланган [11].
Станциялардан аҳолини махсус манзилгоҳларга кўчириш давомида оддий юк машиналаридан фойдаланган. Ёмғирли ва совуқ об-ҳаво шароитида Булунғур туманидаги Туятортар канали атрофида махсус кўчирилганларни олиб кетаётган юк машинаси ҳалокатга учраши натижасида 1 аёл ва унинг 4 нафар фарзанди кўприкдан қулаб, каналга чўкиб ҳалок бўлишган [12]. Гуржистон ССРдан аҳолини кўчириш корейс халқи сингари ноқулай об-ҳаво шароитларида олиб борилгани уларни Ўзбекистон ССРга жойлаштиришда ҳам катта қийинчиликларни келтириб чиқарди.
1944 йилда Қирим АССР ва Гуржистон ССР минтақасидан энг кўп кўчирилган халқлар жойлаштирилган ҳудудлар Тошкент ва Самарқанд вилоятлари бўлса, энг кам миқдорда аҳоли Бухоро ва Қашқадарё вилоятларига қабул қилинган. Республикага кўчирилган жами аҳолининг 1/3 қисми Фарғона водийси вилоятларига тўғри келган. Тошкент, Самарқанд вилоятлари ва Фарғона водийсига мажбурий кўчирилган аҳолининг кўп миқдорда жойлаштирилишини ушбу ҳудудларда қишлоқ хўжалиги тармоқларини кенгайтириш ва янги деҳқончилик туманларини ўзлаштириш, фронт чегараларидан кўчириб келтирилган заводлар фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда ишлаб чиқариш ва саноат корхоналарида ишлаш учун меҳнат ресурсларига талаб юқори бўлгани билан изоҳлаш мумкин.
Шундай қилиб, Иккинчи жаҳон уруши бошидан то И.Сталиннинг вафотига қадар кенг қамровли оммавий этник депортaциялар ўтказилиб, ўнлаб халқлар Ўзбекистон ССРга жойлаштирилди. Айрим халқлар ватанга хиёнат қилганликда айбланиб, айримлари эса ҳеч қандай сабабсиз совет ҳокимиятининг душманлари қаторига киритилди. Темир йўл орқали эшелонларда кўчирилган халқларнинг оила аъзолари бир-бирини йўқотиб, ўзаро айрилиб кетади. Аҳолини махсус манзилгоҳларга жойлаштириш давомида бахтсиз ҳодисалар туфайли одамларнинг вафот этиш ҳолатлари рўй берган. Депортaция қилинган халқлар кўпроқ Ўзбекистон ССРнинг қишлоқ хўжалиги ва саноатида ишчи кучига талаб юқори бўлган вилоятларига жойлаштирилади.
Мавлуда РАҲМОНОВА,
ЎзФА Тарих институти таянч докторанти
Фойдаланилган манба ва адабиётлар
1. Юнусов А. Ахыскинские турки: Дважды депортированный народ // Газета Турецкого национального центра «Ахыска». https://www.ahiska-gazeta.com.
2. Полян П. Не по своей воле. История и география мигрaций в СССР. – Москва: Мемориал, 2001. – С. 129.
3. Полян П. Не по своей воле. История и география мигрaций в СССР. – С. 128.
4. Бугай Н.Ф. Иосиф Сталин — Лаврентию Берии: «Их надо депортировать...». – Москва: Дружба народов, 1992. – С. 151.
5. ЎзР ИИВА. 32-жамғарма, 1-рўйхат, 36-йиғмажилд, 3-варақ
6. ЎзР ИИВА. 32-жамғарма, 1-рўйхат, 36-йиғмажилд, 19-варақ.
7. ЎзМА. Р-314-ж, 7-рўйхат, 5-йиғмажилд, 134–139-варақлар.
8. ЎзР ИИВА. 32-жамғарма, 1-рўйхат, 36-йиғмажилд, 21-варақ.
9. Вачарадзе А. 1944 წლის ოფიციალური დოკუმენტები საქართველოში მცხოვრები უმცირესობების გადასახლების თაობაზე (Гуржистонда яшовчи миллий озчиликларни депортация қилиш тўғрисидаги 1944 йилдаги расмий ҳужжатлар) // https://idfi.ge/ge/official_documents_of_1944_on_the_deportation.
10. ЎзР ИИВА. 32-жамғарма, 1-рўйхат, 36-йиғмажилд, 67-варақ.
11. ЎзР ИИВА. 32-жамғарма, 1-рўйхат, 35-йиғмажилд, 297-варақ.
12. ЎзР ИИВА. 32-жамғарма, 1-рўйхат, 36-йиғмажилд, 68-варақ.
Тарих
Тарих
Жараён
Адабиёт
Фалсафа
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ