Адабиёт
Қардош ва қўшни халқ тарихчиларининг ўзаро зиддиятлари Туркистоннинг парчаланиши билан боғлиқ
Марказий Осиё, Ўрта Осиё, Туркистон, Турон – бу атамаларда Евросиё материгининг марказий қисмидаги Каспий денгизидан Мўғулистонгача, Афғонистондан Россиягача бўлган ҳудуддаги 6 млн. кв. км.гача бўлган майдон назарда тутилади.
Марказий Осиё (Central Asia ) атамаси географик термин бўлиб, юқоридаги Турон, Туркистон, Ўрта Осиё каби терминларга нисбатан кенгроқ жўғрофий макон (Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, қисман Мўғулистон, қисман Хитой, қисман Россия ҳудудлари киради) тушунилади. Аммо бу географик атама сўнгги пайтларда Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон каби мамлакатларни қамраб оладиган сиёсий тушунчага айланган.
Ўрта Осиё эса советлар даврида Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, жанубий Қозоғистонга нисбатан ишлатиладиган географик атама бўлган. Аслида, бу ҳудуднинг Туркистон деган асл номи бўлса-да, советлар мазкур сўзни ишлатишдан қочишга ҳаракат қилишган.
Туркистон, яъни турк халқлари юрти маъносини берадиган бу тушунча Каспийдан Хитойнинг ички ҳудудларигача бўлган ерларни ифодалаган. Туркистон атамаси илк бор VI асрда Хитой[1], Византия манбаларида, қадимий Ўрхун-Энасой битикларида (Билга хоқон, Тўнюқуқ), Сомонийлар даврида ёзилган Наршахийнинг “Тарихи Бухоро” асарида, Қошғарийнинг “Туркий девон луғати”да, XIII асрга оид “Йинглинглар достони” (Скандинавия)да “Туркланд” шаклида, XIV асрда Камол Хўжандий, Миср Мамлуклар тарихчиси Умарий асарларида, Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи Турк” ва яна кўплаб сўнгги ўрта аср тарихий манбаларида қайд этилади.
Туркистон ерларига русларнинг XVIII-XIX асрлардаги икки асрлик ҳужумлари натижасида дастлаб Жанубий Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудларида 1867 йил Туркистон генерал-губернаторлиги тузилади. Туркистон атамаси яна сиёсий аҳамият касб эта бошлайди. Русларнинг Каспийгача давом этган босқинчилигидан сўнг қадимий Туркистон ерларига қайта шу ном – Туркистон атамаси қўлланила бошлайди. 1917 йилда эса туркистонлик зиёлиларнинг қаҳрамонона ҳаракатлари натижасида Туркистон Мухторияти тузилади. Советлар 1917 йилдан то 1925 йилгача бу номдан воз кечиш ўрнига Ўрта Осиё деган атамани муомалага киритишга зўр бериб ҳаракат қилади. Ниҳоят улар ўз мақсадларига етишади. Туркистон 5 та “истон”га ажратилади. Аслида советлар Туркистон деган бирликни йўқ қилишдан бир қанча мақсадларни кўзлаган эдилар:
– Хитой таъсири остидаги Шарқий Туркистондан руҳий ва маданий узоқлаштириш;
– Туркистоннинг озодлик, тараққий салоҳиятини бўғиш ва ўз назоратида ушлаб туриш имкониятини ошириш;
– келгусида мустақиллик учун кўтарилиши мумкин бўлган турли хил ҳаракатларнинг олдини олиш.
Шунингдек, Туркистон нисбатан сиёсий тушунча бўлиб, унинг ўрнига таклиф қилинган ва муомалага киритилган Ўрта Осиё атамаси кўпроқ географик аҳамиятга эга эди, холос. Ўрта Осиёдаги 1925 йилги миллий ҳудудий чегараланишдан сўнг янги тузилмаларга сиёсий тус бериш ва заруриятини кўрсатиш учун сохта миллий тарихлар ёзила бошланади. Ўзининг давлатчилиги тарихида ҳеч қачон бу географик чегаралар доирасида бўлмаган янги миллий давлатлар тарихини ёзиш осон бўлмасди. Чунки бу ҳудуд азалдан туркий халқларнинг миграцияларида муҳим роль ўйнаганлиги сабабли миллий жиҳатдан қоришиқ бир ҳолда эди. Шу билан бирга, Ўрта Ер денгизидан марказий Хитойгача борадиган савдо йўлларининг туташган жойлари айнан Туркистон заминидан ўтганлиги ҳам миллий таркибни бойитган. Шунинг учун бу заминда сиёсат юритган кўпчилик қудратли туркий сулолалар одатда миллий устунлигига эмас, қадриятлар, эътиқодлар ва анъаналарга суянганлар.
Хуллас, Туркистоннинг 1925 йилдаги парчаланишидан сўнг советлар давлатининг Туркистонни бўлиб ташлаш, орасидан чегара тортиш сиёсати тўғрилиги ва зарурийлигини асослаш учун ёзила бошланган тарихлар 1991 йилдан бошлаб янги босқичга чиқади.
Чалкаш тарих
Туркистондаги аксарият мустақил давлатлар тарихи ёзилишида автахтон назарияга суянилади. Уларда миллат тарихи ёзилса-да миллат эмас, жўғрофий чегара назарда тутилади. Ҳатто жўғрофий жиҳатига ҳам эътибор қаратишмайди. Масалан, Геродод ва бошқа муаллифлар берадиган маълумотларда массагетларнинг асл ватани Орол ва Каспий денгиз оралиғи, Амударё бўйлари деб кўрсатилиб, хоразмийлар массагетларнинг бир қисми сифатида эътироф этилади. Бироқ қозоғистонлик қардошларимиз массагетлар маликаси Тўмарисни қозоқларнинг аждоди, унинг энг катта душмани сифатида эса хоразмликларни кўрсатиб, тарихни сохталаштириб фильм ишладилар.
XIII аср бошларидаги тарихга ёндашувларни кўриб чиқамиз. Туркманистонлик тарихчилар Хоразмшоҳлар давлатини Гурганч давлати деб, тарихни сохталаштиради. Бошқа қардошлар малика Туркон хотуннинг қозоқ бўлганини, яна бошқа қардошлар эса Туркон хотуннинг қариндоши Темур Маликнинг тожик миллатига мансублигини “исботламоқдалар”. Туркистон илм-фан бешиги. Бу бешикда камолга етган Яссавий ва Фаробийлар ўзининг қозоқ эканидан, Беруний ва Хоразмийлар эса форс эканидан хабардормиди? Энг ачинарлиси, уларнинг аждодлари бир – туркий ёки туркистонлик эканига эътибор қаратилмайди. Бу тарихнинг турли даврларида яшаб ўтган сиёсий арбоблар, уламоларнинг келиб чиқиши у ёки бу миллатга мансублиги бўйича даъволар навбати Одам Ато ва Момо Ҳавогача етади. Масалан, тожикистонлик миллатчи тарихчилар ўз асарларида ўзбекларни келгинди халқ, Амир Темурни эса тожик миллатининг тарихдаги биринчи рақамли душмани, дея кўрсатиб, нафақат тарих ихлосмандлари, балки бутун Тожикистон аҳли онгини заҳарлашга уринмоқда. Айниқса, ижтимоий тармоқлар, хусусан фейсбук тармоғи бу борада тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришга қулай минбар бўлиб хизмат қилмоқда[2]. Самарқанду Бухоро ўзбеклар эмас, тожикларнинг тарихий ватани эканлигига даъво қилинади. Ҳатто қадимда ҳам, бугун ҳам тожик миллатига мансуб аҳолиси бўлмаган Хоразмнинг қадимий тарихи тожикларга дахлдорлиги даъвоси ўринсиз. Яна Регистондаги Шердор мадрасасини барпо қилган Ялангтўш Баҳодирнинг келиб чиқиши қозоқ эканлиги ҳақида бир қанча қозоқларнинг илмий ва оммабоп мақолалари эълон қилинган, бу мавзу нафақат академик доирада, балки ижтимоий тармоқлар ўзбек ва қозоқ қардош фойдаланувчиларининг ҳам бир-бири билан тортишуви объектларидан бирига айланиб улгурган.
Айнан мана шундай тортишувлар 1925 йилда Марказий Осиёдаги миллий чегараланишдан бошланган бўлса, бу ҳолат 1991 йилдан янада кучлироқ босқичга кирган. Туркистонлик тарихчиларнинг бу масаладаги муаммоси туфайли мустақиллик фарзандлари чалкаш ва нохолис тарихни ўқиб тарбияланмоқдалар. Натижада бу тарихни ўқиган ўқувчида қардош миллатларга нисбатан қардошликдан кўра, нафрат туйғуси устунлик қилишига олиб келмоқда. Миллий тарихнинг миллий руҳда ёзилиши миллат учун фойдали, аммо унинг нохолис бўлиши қўшни ва қардошлар ўртасига нифоқ солишга олиб келади. Бундай тарих ҳеч кимга наф келтирмайди.
Марказий Осиё интеграциялашувига тўсқинлик қилаётган омил
Уч минг йиллик давлатчилигимизнинг гоҳ аччиқ, гоҳ чучук тарихий тажрибаси, бугун дунёда, минтақамиз атрофида юз бераётган глобаллушув жараёни Марказий Осиё халқларининг жипслашувини, ўзаро интеграциялашувини тақозо этмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг хизматлари катта. Турли хил ташкилотлар – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари орқали Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамжиҳатлигини яхшилаш, қўшничилик ва қардошлик, дўстлик ва бирдамликни янада мустаҳкамлаш, буюк давлатлар томонидан оғир мерос сифатида қолдирилган чегара муаммоларини бартараф қилиш сингари долзарб масалалар ҳал қилинмоқда. Натижада эса қардош мамлакатларнинг ўзаро алоқалари янада мустаҳкамланиб бормоқда. Минтақамиз атрофида юз бераётган геосиёсий ўйинлар, шунингдек, қардош давлатлар раҳбарларининг интгерациялашув борасидаги ҳаракатларига қарамасдан тарихчиларнинг “аждод талашуви” ва “қардошига тош отуви” ҳануз тўхтамаётир. Айнан мана шундай тортишув ва тош отувлар Марказий Осиёнинг ўзаро интеграциялашувига тўсиқ бўлаётган омиллардан биридир.
Тарихчилар томонидан ўз халқига сингдирилаётган миллатининг бошқалардан устунлиги ҳақидаги ғоялар, мафкуралар алал-оқибат қардошларини ўзидан паст кўришга олиб келади. Зеро, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбайи экан, халқнинг бундай қарашлари давлат сиёсатида акс этмасдан қолмайди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб қуйидаги таклифлар берилади:
– Туркистон тарихчиларининг ўзаро мулоқотини йўлга қўйиш, бу борада турли хил тузилмалар, илмий ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш;
– Марказий Осиёнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий алоқалар учун мўлжалланган тузилмалари каби Туркистон тарихчиларининг доимий мулоқот платформасини яратиш (Туркистонда тожик қардошларимизнинг ҳам борилигини ҳисобга олиб, уларни ҳам бу платформага жалб этиш);
– Туркий давлатлар ташкилоти ёки Турксой каби тузилмалар воситасида Туркистон тарихи, Туркистоннинг буюк қаҳрамонлари рукнида тарихий асарларни яратиш ва қардош тилларда нашр этиш;
– Ўрта Осиё деган советлардан мерос қолган тушунчани илмий муомаладан чиқариш;
– Туркистон тушунчасининг Марказий Осиёга нисбатан ишлатилиши одатда фақатгина руслар босқини жараёнидаги жўғрофий макон назарда тутилиши билан боғлиқ. Бу тушунчани илмий муомалада Марказий Осиёнинг эквиваленти сифатида уч минг йиллик давлатчилик тарихимиз бошланишидан то бугунги кунгача бўлган даври учун қўллаш зарур бўлади.
Хулоса ўрнида
Марказий Осиё тарихчиларининг аждод талашуви ва тош отуви жараёнларига ўзбеклар ҳам қўшилиб кетса, бу жараённи янада чигаллаштиради. Балки қардошлар наздида аллақачон шундай бўлаётгандир. Фикримизча, биз ўзбек тарихчилари бу борада қардошларимизга эргашмаслигимиз зарур. Аксинча, умумий тарихимиз, Туркистон тарихини ўрганиш, тадқиқ қилиш, тарғиб этиш билан бунга жавоб беришимиз зарур. Буюк халқ эканлигимизга бошқаларда шубҳа бўлмаса керак. Бу ҳақда буюк ёзучимиз, Туркистон фарзанди – Чингиз Айтматовнинг қуйидаги сўзини келтирамиз:
– “Ўзбек халқининг мамлакат учун қилган меҳнатини бирма-бир санайверсак, буларнинг бари бошимизни қуйи эгиб, таъзим этишга сазовордир. Қадимдан қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг Қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин. Советгача бўлган даврларда ва совет даврида ҳам Ўзбекистон бизнинг Шарқдаги сўзимизу юзимиз бўлиб келди. Йўқ, ўзбек халқининг бокира юзига ҳеч нарса доғ туширолмайди!”
Ўзбекистон тарихи нақадар улуғ, муҳташам бўлмасин, ўзбек тарихчиларидан кўра ўзбек адабиётшунослари илғор чиқдилар. Уларнинг меҳнатлари самараси сифатида 100 жилдли “Туркий адабиёт дурдоналари” тўплами ўзбек тилида нашр этилди. Бу ҳам ўзаро интеграция йўлидаги адабиётшуносларимизнинг муҳим қадами ва ютуғи бўлди. Туркистон тарихчилари ҳам шу йўналишдаги умумумий тарихимизга оид илмий асарларни ёзиб, бу борада Туркистон xалқлари олдида ҳисобдорлигимизни ҳис қилсак айни муддао бўлар эди. Бугунги тарихий қулай шароитдан фойдалана олмасак, 100 йил олдинги жадид боболаримиз каби армон билан қолишимиз тайин!
Бекзод АБДИРИМОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Хоразм вилояти бўлими раҳбари
[1] Султанов Т.И. Чингизхан и Чингизиды. Судьба и власть /Турсун Икрамович Султанов. – М.: АСТ МОСКВА, 2007. – 446,[2]с. – (Историческая библиотека). – ISBN 5-17-035804-0 – С. 123. (Перевод согдийского документа на русский язык с лингвистическим анализом осуществлен иранистом В. А. Ливщицем // Петербургское востоковедение. – СПб., 1994. – Вып. 6, стр. 693.)
[2]https://www.facebook.com/groups/164349237440455/?hoisted_section_header_type=recently_seen&multi_permalinks=1431224087419624
Oyina.uz'ни Телеграмни кузатинг!
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ