Анъанавий адабиёт қоидаларига сиғмайдиган шоир – Фахриёрнинг қолипсиз шеърлари таҳлили


Сақлаш
19:10 / 05.10.2023 455 0

Чўлпон айтганидек, ҳаммаёқ “бир хил, бир хил, бир хил” бўлса, бари бир одамни зериктиради. Гапимиз қанчалик муҳим бўлмасин, одамлар тингламаса, биз ўйлаган мазмун нишонга етиб бормаса, демак, шакл ҳақида ҳам ўйлаб кўришга тўғри келади. Шу маънода Фахриёрнинг сўнгги йиллардаги ижодий изланишлари “бир хил, бир хил”ликдан қочмоқчи бўлган адабиёт ихлосмандларига айни муддао бўлди, дейиш мумкин.

 

Инсонни моддиятдан, уни ўраб турган оламдан ажратиб олиб тадқиқ қилиш замонавий ўзбек адабиётнинг асосий белгиларидан бирига айланиб бормоқда. Эндиликда адабий қаҳрамоннинг қиммати унинг фаоллиги ёхуд ижтимоий мавқе билан эмас, балки инсонлик мақомини тўғри англаб етиши, мифологизмни, тасаввур кенгликларини ўз фикратида қай даражада синтез қила олиши билан ўлчанмоқда.

 

Юқорида тилга олинган бир қатор хусусиятларни ўзида жамлаган истеъдодли шоир Фахриёр ижоди шу пайтгача амалда бўлган поэтик қолипларга кўпам тушавермайди. Мавжуд “изм”ларга сиғмайди. Унинг поэтик оламига, метафоралари дунёсига ошно бўлмоқ учун “кўз қорачиғини ичкарига қаратиш” лозим. Чунки шоирнинг айтганларидан кўра айтмоқчи бўлганлари залворлироқ. Ижодкорнинг кўпчилик истиоралари оддий китобхон ўрганиб қолган анъанавий маъносидан кўра тагдорроқ.

 

 

Шоир бир ўринда борлиқ мувозанати бузилиб кетаётганидан, олам мавжудотлари ўз зиммасидаги юкни кўтаришнинг эвини қилолмаётганидан зорланади. Наққоши азал гарданига юклаган олам ва одамни поклаш, борлиққа тириклик улашиш вазифасини ўринлатолмаётган Сувдан ёзғиради. Бу қарашларини “Дарё, сени қандоқ чўмилтирамиз, қайда ювинарсан, булғанчиқ дарё?” [1] тарзида ифода этади. Халқ тилида дарё куч-қудратнинг (“Бирлашган дарё бўлур), чексизликнинг (“Қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур”), бағрикенгликнинг (юраги дарё, дарёдил инсон) тимсоли. Барча эзгу ва беминнат нарсаларга, одатда, дарё тимсол. Шеърнинг ўзгачалаги, шоирнинг ютуғи шундаки, мана шундай катта кўламдаги тимсолни бошқа ракурсдан кузатган. Барчага софлик бағишловчи дарё(АСЛ ИНСОН)нинг ўзи ҳам ёрдам(АСЛ ДАРЁ)га муҳтож бўлса, унда нима қилмоқ лозим (!) деган оғриқли саволни ўртага ташлайди. Шоирнинг ДАРЁси шу даражада афтода (қуриб кетмасмисан, касалманд дарё), шу даражада абгор (Елканг қани, беяғиргинам, елканг йўқлигига куяйми?), шу даражада хастаю беҳолки (Дарё, сен заҳар ичгансан, хастахонага олиб бормоқнинг ўзи бир ғурбат), ундан илинж йўқ. Шоир дарё тимсолида жамиятнинг қаллобликларидан қалби ларзон бўлган инсонни кўради.

 

“Аҳли одам асли олам сарвари” (Саъдий) бўлса, дарё (сув) — барча тирик организмларнинг таркибий қисмини ташкил этадиган асосий элемент ҳисобланади. Демак, дарё (ОДАМ) инсоният(БУТУН БОРЛИҚ)нинг пок сақланишига жавобгар. Аммо унинг ўзи ҳам ачинарли бир ҳолда. Бу масала адабиётнинг азалий муаммоларидан биридир. Бундан салкам саккиз юз йил аввал Жалолиддин Румий ҳам жаннатдан ҳайдалган инсоннинг покланиш ўрнига тубанлашиб кетаётганидан, “мен”ий ақлдан кўра дунёвий ақлнинг устунлашувидан хавотирга тушади. Ва “Боз ақл ку? Рамид аз ақл ақл[2], яъни ақлнинг ўзи ақлдан озаётир, деб ёзғиради. Юқоридаги шеърида Фахриёр ҳам бу муаммога янги аср одами нуқтаи назаридан ёндашишга ҳаракат қилган.

 

Янгича тафаккур тарафдорларидан бири Жан Пол Сартр инсоният ҳақидаги қарашларини жамлаб, “Одам – бу хавотир” қабилидаги хулосага келади. Румий Ҳазратлари эса “Фиҳи мо фиҳий” асарида инсон ҳаётини қил устида рақс тушаётган дорбозга менгзар экан, Унинг чегарасини Умид ва Қўрқув оралиғида кўради. Муаллақ қолган инсонга СЎЗдан ўзга юпанч қолмайди. У аросатдан қутилмоқ илинжида фарёд чека бошлайди, бу нолаю афғонлар фойдасиз, аммо мантиқсиз эмас. Бу фиғонлар, арзу додлар, шикоятлар шеърга айлана боради ва ҳеч бўлмаганда, ўзидан кейин келаётганларни сергаклантиради. Шикоят қилмоқ – саволлар бермоқ ва жавоб кутмоқдир. Пайдо бўлган чоғида жавоби ўзида бўлмаган саволларга ҳеч қачон жавоб олинмаслигини Ф.Кафка ўзининг “Мактублар”ида қайд этган бўлсада, “Излаш азобининг тотлари тополмаслик сингари қадим” эсада, шоир “...Изладим сендан мен ўзим тинимсиз”, – дея нолаю афғон қилади ўзининг “Излам” номли шеърида. Шоирнинг лирик қаҳрамони ўзини излаётган, гоҳо топиб, гоҳо тополмай овора юрган инсон:

 

Мен ўзимни сендан изладим,

Излаш азобининг тотлари

Тополмаслик сингари қадим.

Мен сенга сочилдим тариқдай.

Раҳми келган ёлғиз сенмикан,

Менга излам имконин берган?

Ўзни тополмаган менмикан,

Ўз ўрнига маломат терган?

 

Ўзини излаётган одам – покланаётган одамдир. Машойихларимиз ҳам бу масалага такрор ва такрор мурожаат қилишган. Ривоят қиладиларки, бир мурид Боязид Бистомийдан “Боязид қани?”, деб сўраганида. Аллома: ўттиз йилдирки, Боязидни қидириб тополмайман. Истасанг ўзинг ҳам қидириб кўр, деган экан. Ўзлигини англашга интилиш инсониятнинг азалий ва абадий муаммоларидан ҳисобланади. Эзгуликка хизмат қилувчи мазкур жараён осонлик билан кечмаслиги(излаш азоби)ни, аммо инсонга катта руҳий завқ(излаш азобининг тотлари) ато этилишини шоирнинг лирик қаҳрамони яхши англайди. Қаҳрамонга қанчалик излам имконлари берилмасин мақсадга етиш душвор. Чунки ўзлик қидирилаётган маконнинг ўзи ҳали ташландиқ уй каби ҳувуллаб ётибди (Сени сендан изладим, йўқсан. Эгалари кўчиб кетган уй каби бўм-бўш турибсан). Изламай деса, ларзон кўнгил изтироблари (кўксингни ичидан тирнар бир нима...) тинчлик бермайди. Излай деса, “ўзни топмаслик ўйи” қаҳрамон юрагига ваҳима солади. Излаётганнинг ўзи ҳам изланаётганга муносиб бўлсагина орзулар ижобат бўлишига ишоралар бериб борилади.

 

 

Фахриёр шеърларининг асосий объекти ўз “мен”и ва кўнгил изтиробларига тўқнаш келиб, уларга сўроқ бераётган, нимагаки эришмоқчи бўлса, барини ўз қалбидан қидираётган чигал тақдирли одамлар. Шоир наздида инсон қалби тасаввур кенгликлари орқалигина забт этилиши мумкин бўлган тилсимот. Тасаввурга дош бера олган (“...Ўлим қўрқинчлимас, Фақат тасаввурга дош берсанг бўлди”) инсон юқоридаги каби чигал саволларга ечим топиши мумкин. Тасаввурга ўрин қолмаган жойда рационал тафаккур ўз ҳукмронлигини ўрнатади. Фақат кўрганинигина мавжуд деб ўйлайдиган моддиян авлод шакллана бошлайди.

 

Баъзи ўринларда шоир кўнгилнинг энг нозик сезимларини англатмоқ учун сўзнинг шаклий имкониятларига таянади. Тажнис санъатига хос бўлган бадииятни вужудга келтирувчи сўзларни ёрдамга чақиради:

 

Кўнгил,

кўнгил!

кўнгилсизликка,

кўн, гулсизликка.

 

“Омонимона” шеъридан олинган бу парча ҳам бир қарашда бадииятнинг мавжуд қонуниятларига асло мос келмайди. Аммо матн остидаги моҳиятга диққат қилсак, ижодкорнинг поэтик маҳоратига таҳсин ўқиймиз. Чунки инсонликнинг биринчи шарти иймон эканлигини ҳазрат Навоий ўз “Хамса”сининг биринчи достонидан ўрин олган дастлабки мақолатнинг илк байтидаёқ айтиб ўтган : “Кимки жаҳон аҳлида Инсон эрур, Билки нишони анинг иймон эрур”. Инсонликнинг бирламчи шарти иймон бўлса, иймони бутунликнинг асосий шартларидан бири сабрли бўлишдир (Авлиё бўлиш учун сабрли бўлиш лозимТурк халқ мақоли). Лирик қаҳрамон ўз қалбига мурожаат қилиб, кўнгилсизликларгада, гулсиз – қайғули кунларгада, кўнмоққа чақиради. Агар бу шеър бир оз бошқачароқ шаклда ифодаланганда, балки ҳиссий таъсири у қадар кучли бўлмасди. Бундай ўринларда тафаккурни бир оз толиқтириб тасаввур кенгликларига эрк берсак, Фахриёр шеъриятининг тилсимланган қўрғонига осон йўл топамиз. Чунки шарқона фалсафага кўра: одамларнинг бир-бирини тушунмаслигининг сабаби, маънога эмас, балки номларга, атамаларга, ташқи кўринишга қараб ҳукм қилишда.

Кўнгил фазосида,

кўнгил қасосида –

кўнгил қазосида

Ойнинг гуноҳи бор,

ойнинг савоби.

 

Эртадан умиди бўлмаганнинг ичгани талх май бўлиб, тишларигина эмас ҳатто ТУШлари ҳам қонайди. Кўнгли кулга айланади. Лекин кўнгилнинг ўлимида ойнинг не айби бор? Наҳотки, ойда ҳам гуноҳ бўлса?.. Шу пайтгача ой гўзаллик, поклик рамзи сифатида қараларди-ку?.. Аммо ойда ҳам гуноҳ бор, чунки у шоирга сирдош. Шунингдек, яхшию ёмонга баробар нур сочади. Шул боис ҳам лирик қаҳрамон “Ойларга бошин уриб йиғлайди”. Бу кўнгилсизликларга чидай олмасдан “Муҳаббатнинг сочи оқарди”.

 

Шоир ижоди давомида ой образига кўп бора мурожаат қилган. “Аёлғу” достони марказида ҳам ой образи туради. Достонда шоирнинг бу образ ҳақидаги аксилфалсафий қарашлари давом эттирилган. Муаллифнинг ўзи асарни “беш жуфт тахайюл сабоғи ва тўрт танаффусдан иборат” эканлигини билдириб ўтади. “Танаффус”ларида халқона йўсиндаги гўзал оҳангларни шеърга солган бўлса, “тахайюл сабоқ”ларида шоир томонидан кашф қилинган ва ясалган кўплаб метафоралар тақдим қилинган. Достон ўттиздан ортиқ бўлимларга ажратилган бўлса, битта бўлими икки сўздан иборат:

 

ОЙ

          БОЛТА

 

Ой аввало гўзалликнинг рамзи сифатида шууримизда ўринлашган. Бундан ташқари юқорида кўриб ўтганимиз кўплаб ижобий маъноларни ўзида жамлай олган. Ҳар нарсанинг ўз мароми бўлганидек, гўзалликнинг ҳам ўз чегаралари бор. Ҳаддидан ошган гўзаллик баъзан қурбонликлар талаб қилади, яъни Ой – болтага айланади (Бу ҳолат Г.Г.Маркеснинг “Ёлғизликнинг юз йили” романида Ремедиос ҳамда Э.Аъзамнинг “Фаришта” киноқиссасида Ойпари образлари мисолида ўринлатиб тасвирланган). Ойболтанинг ягона вазифаси бор: жаллод ёки мирғазаб қўлида туриб, гуноҳкор-у бегуноҳнинг бошини олаверади. Сарҳадлар бузилса, гўзаллик билан шаҳвоний ҳирс аралашиб кетади. Бу тимсолга салбий тўн кийдириш Фахриёрдан олдин ҳам учраган: “Куларда ва қалқиб борар ой, Ул ҳаёсиз шундоқ яланғоч. Кимни алдаб балқиб борар ой – Теваракда кеча қорақош (Рауф Парфи). Аммо Фахриёр ойни катта ижтимоий, фалсафий образ даражасига олиб чиққан ва бутун бошли достонни ой метафораси асосига қурган.

 

Достонда ой образи тагзаминида аёл тийнати бўй кўрсата боради ва Ой билан Болтанинг бирлашиш нуқталарини ойдинлаштириб кетади. Асарнинг “Ўқилиш шарт бўлмаган иловалар” қисмида геометрик шакллардан фойдаланиб аёл образига тавсиф берилади:

 

 

“Кимланиш” шеъридаги саволнинг залвори янада оғир. Дунёда сени кимдир йўқламоғи лозим: хоҳ дўст бўлсин, хоҳ душман. Ана шунда сен ё исён қиласан, ё итоат этасан, қалбингда умид учқунлари пайдо бўлади. Қутилиш умиди. Яшаш умиди. Акс ҳолда:

 

Сен кимсан – ўн саккиз мингта оламдан,

Ҳеч бирининг кўзи учмаган кутиб?

 

Бутун борлиққа унутилган соҳилдек бўлиб қолишнинг сабабини эса қўйидагича изоҳлайди. “Ўлмаган – умиди дунёдан ўтиб”. Чунки у муҳаббатнида, нафратнида билмайдиган, фақат изтироблари билан овуниб, кўз ёшлари билан қорнини тўйдириб юрадиган кас. Қулликданда, маҳрум. “Исён қилаётган ҳам, итоат қилаётган ҳам қулдир” деган фикрни илгари суради Ницше. Ҳар иккисида ҳам ҳаракатдаги жараён мавжуд. Ҳаракат эса тириклик. Инсонни минг ўлиб – минг тирилишига сабаб бўлган нарса, албатта, ёруғ кунлар умиди. Лирик қаҳрамон эса дунёда умргузаронлик қилмоқда, лекин умидлар уни аллақачон тарк этган. У яшамаяпти, шунчаки вақт саҳросида тентирамоқда, холос. Исломий фалсафага кўра, бефойда сарфланган вақтнингда сўроғи бўлар экан:

 

Ёзилмаган шеърлар

ўқилмаган китоблар

рўй бермаган муҳаббат

сарфланмаган эҳтирослар

гуноҳи

 

Шу ўринда Аҳмад Отабойнинг ҳақ эканлигига яна бир бор амин бўламиз: шеър – номаълумликка ишора таниш-нотаниш нарсанинг ўзи. Ҳамма томони ҳамма маъноси таниш, тушунарли бўлган равон сўз аслида шеър эмас, чунки у ақлни бойитиши мумкин, аммо кўнгилни озиқлантирмайди. Шоир бир шеърида “Сенга тушар соянинг кўланкаси” жумласини қўллайди. Соя ёруғликни, нурни тўсувчи нарсалардан тушадиган кўланка. Соянингки сояси унга тушяптими, демак, унга келаётган нурлар шу даражада заиф. Нурлардан қувватланмай туриб кўкка бўй чўзмоқ, замон тўфонларига дош бермоқ душвор:

 

Томонлар йўқ, қаён сузса келажакдир ўшал ёқ,

...борар жойи макон эмас, борар жойи замондир.

 

“Учланиш” шеърида шоир уч ўлчамли оламда умргузаронлик қилаётган инсон тийнати ҳам бадбинлик, некбинлик ва худбинлик каби уч хусусият асосига қурилган деган хулосага келади. Вақти-вақти билан гоҳ униси, гоҳ буниси ўзларини намоён қилиб туради. Инсон гуноҳдан эмас, гуноҳкор бўлишдан қўрқади. Уни мувозанатда ушлаб турувчи бирдан-бир нарса – қўрқув.

 

Фахриёр ижодига диққат қилинса, у халқ орасида мавжуд бўлган метафора ва ўхшатишларни олиб ўзи идрок этганидек кўринишларда китобхонга ҳавола қилади. Шоирнинг тафаккур маҳсули бўлган топилмалар асосан ноодатий шакллар орқали ўқувчи диққатини тортади. Шеърларида “Ой юзинг доғларига қараб йиғладим”, “Йиғи сени қандоқ кулдирай?”, “вақт саҳроси”, “сархуш вақт”, “Ажин туша бошлар кўзгу юзига”, “Гуллаб ётар шу мўъжаз Ватан Қўллардаги кишани билан”, “Юрак пўст ташлайди”, “Тонг ўрнига қайғулар отар” каби ўнлаб оҳори тўкилмаган топилмалари борки, асрлар давомида шаклланган поэзиянинг мезонлари (ассоциатив тафаккурга таяниш) бузилаётган (аниқроғи, поэзия даражасига кўтарилолмаётган) бир пайтда бундай чуқур метафораларнинг ўрни беқиёс. Аммо шоирнинг сўнги ижодида зўрма-зўраки ясалган метафоралар (ҳаттоки шеърлар ҳам) сони ортиб бораётгандек таассурот уйғотмоқда. Масалан, “онтарилган онтолог”, “ҳар бир фалсафа хулосалар ясаб олади воқеалар такроридан дунёнинг устидан ҳукм юргизмоқ учун сўғинча...”, “фалсафа ҳам пайғамбар мисол хато қилмас ҳеч қачон”, “бугун дам олиш куни мен ўзимга четдан қараб ва миямнинг фикр тўлдириб ташланган жойларини тартиб келтирмоқ учун тушунчаларни бешинчи қаватдаги уйим деразасидан сигарет қолдиғидай асфальт кўчага отиб ўйнайман” сингари парчаларни “Геометрик баҳор” тўпламининг “Ўнгарилган тушлар” бўлимида кўплаб учратиш мумкин. Булар ўнгарилмаган тушлар каби таассурот қолдиради.

 

Булардан ташқари Фахриёр ижодида айрим ўринларда ижтимоийлашув ҳоллари ҳам учрайди. Аммо унутмаслик керакки, ижодкор сизу биз, ўзидан олдинги ва кейинги ижодкорлар қатори ўз даврининг фарзанди. Бошқача айтганда, шеър шоирнинг сояси, шоир эса жамиятнинг парчасидир. Бадиий яратиқлар воқеликнинг ё иқрори, ё инкори сифатида вужудга келар экан, ижтимоий ҳаётнинг таъсири истасак-истамасак барибир унда акс этаверади. Даврнинг ўзи, юз бераётган воқеа-ҳодисалар ижодкорга мавзу беради. Шунинг учун ҳам шоир ижодида айрим ҳолатларда учраб турадиган публицистик оҳангларни шоирнинг камчилиги сифатида эътироф этиш кўпам тўғри бўлмас.

Фахриёр ижоди давомида макон, замон, вақт (вақт оғриғи, вақт саҳроси, вақт муваққатлиги), ой (ой болта, ой узук, ой тирноқ), армон (армон — жўнатилмай қолган кўҳна хат) каби деталларни ўз оҳангига солиб образ даражасига олиб чиқди. Шунингдек, ўзининг аксилметафораларига муносиб қолиплар топа олди ҳамда шакл ва мазмун бирлигига эришди.

Сафарали ҚУРБОНОВ,

ЎзРФА Ўзбек тили,

адабиёти ва фольклори

институти тадқиқотчиси

 

Ўхшаш мақолалар: Геометрик шоир ёхуд авлодининг авангард ижодкори ижодига чизгилар

Таниқли шоир Фахриёр Oyina.uz карикатурасини сотиб олди 

 

Oyina.uz'ни Телеграмда кузатинг!

 

[1] Келтирилган парчалар шоирнинг “Аёлғу” ва “Геометрик баҳор” тўпламларидан олинди.

[2] Жалолиддин Румий. Маънавий маснавий. ­ Т., Шарқ. 1999. Биринчи жилд.

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси