Геометрик шоир ёхуд авлодининг авангард ижодкори ижодига чизгилар


Сақлаш
18:09 / 22.09.2023 877 0

Адабиётимизнинг 80-йиллар авлодига мансуб бўлган Фахриёр октябрь ойи аввалида 60 ёшга тўлади. Бир-икки ёш катта бўлган Ҳалима Аҳмад, Азиз Саид, Эшқобил Шукур аллақачон бу ёшдан ҳатлаб ўтишди. Бу авлоднинг энг жўшқин ва новатор шоири Абдували Қутбиддин бу ёшга етмади ҳам... Салим Ашур, Зебо Мирзо каби бир-икки кўйлак кам кийганлар ҳам 60 ёш чорраҳасига яқинлашди. Демак, бутун бошли авлод 60 ёшга киряпти. 60 атрофидаги бу авлод ўзи адабиётга нима берди? Уларни яхлит ҳолда авлод дея оламизми? Авлод сифатида адабиётнинг қайси тамойилларини янгилади? Бу авлоднинг қайси фазилатларига қараб, “авлод” дея атай оламиз? Авлодликка муносибми бу 60 ёшлилар?

 

Бу саволларни мен ўйлаб топганим йўқ. Қачондир келиб, эҳтимол ҳозир ҳам адабиёт деб аталган уммонга қуйилиб ё қуйилмаган ўзанлар ҳақида барибир холис хулоса қилиш учун бу саволларга жавоб топиш керак бўлади. Чунки авлодликни ижодкорлар уюшмаси қарори ёки шахсий ва ўзаро манфаатли муносабатлар туфайли пайдо бўлган эътирофлар билан барпо этиб бўлмайди.

 

Мен бир пайтлар бир баҳсимизда ўзим тенгиларни авлод сифатида шаклланиб улгурмаган дегандим. Ўзим тенги шоирлар менинг бу фикримдан ранжишган ҳам эди. Ёзувчилар эса шунчаки тишларини тақиллатиб қўйишган.

 

Бу қараш 80-йиллар адабиётга кириб келган авлоднинг ўзидан олдинги авлод каби ўз қарашларини яхлит ҳолда ҳимоя қилолмагани, тарқоқлиги, бир-биридан айролиги, ўзлари кўтарган байроқлари тагида фақат ўзлари қолиб кетгани туфайли туғилган эди. Ўшанда фикримнинг иккинчи қисмини эшитишга авлоддошларимнинг сабри етмагани учун бу хулоса шу ҳолида тўхтаб қолганди.

 

Ҳар қандай авлоднинг ўзига хослиги унинг оламга, одамга, сўзга, ватанга, миллатга, виждонга Муносабатида кўзга ташланади.

 

Ҳар қандай янги қараш аввало дунёқарашнинг янгилиги билан ўлчанади. Дунёқараш – оламга, одамга, муҳитга, ўзигача бўлган тушунча ва қарашларга, шаклларга муносабат янгиланмай туриб, янги қараш, янги услуб пайдо бўлмайди. Авлодлик ҳам ана шу янги қарашлар, янги муносабатлар, янги ифода усуллари, янги шакллар устида ўтиради. Янги қараш бўлмаган, адабиётда бадиият имкониятларини, қарашларини янгилай олмаганлар авлод сифатида фақат хроникал аҳамиятга эга.

 

Шунга кўра, бу 60 ёшлилар қайси қараш ва ёндашуви билан адабиётимиз учун янги? Бу саволга ҳали адабиётшунослигимиз тугал ва тўлиқ тасаввур бера олгани йўқ. Хусусан, бу авлоднинг энг авангард қарашларини ўзида акс эттирган Фахриёр ҳақида ҳам.

 

Шу сабабли Фахриёрнинг 60 ёши арафасида хаёлимга келганлари аслида бугун 60 ёшга қараб оғишмай келаётган ёки ундан ошиб ўтса ҳам ҳали-ҳануз 60лик нусхидан қутулолмаган авлод ҳақида.

 

Бу авлод бир нарсаси билан – юқорида тилга олган, тилга олмаган бўлмасам ҳам шунга муносибларнинг ҳар бири бадиий сўз имкониятларига бир авлодга хос янги тамойиллар, шакллар, ифодалар, оҳанг ва қарашлар олиб киргани билан характерлидир. Бу авлодда мен неоклассизмдан тортиб, метамодернизмгача бўлган барча услубий тажрибаларни ўз ижодларида муввафақиятли қўллай олган ижодкорларни кўраман.

 

Умуман олганда, 60 ёшлилар, яъни ўтган асрнинг 80-йилларида адабиётга кириб келган авлоднинг асарлари ўзидан олдинги авлодга қараганда, сўзнинг нафақат маъно қатлами, балки ифода қатламларининг ранг-баранглигига, жанрлар қоришиғида турли шакллар формуласи топишга уринишлари, поэтик мушоҳода эркинлигига урғу берганлиги, шакл ва мазмунда серқатламлилик, поэтик ғоялар ассоциатив ракурсга қурилганлиги, ўқувчилардан нафақат мутолаа, балки адабий хабардорлик ва бевосита муаллиф билан баравар мулоқат талаб қилиши, фикрда ва тасаввурда, сўзда бадиий ўйин уюштириши каби жиҳатларига кўра жаҳон адабиётининг концептуал адабиётга мойиллиги билан алоҳида ажралиб туради.

Борлиқ, муҳит, даврга муносабатга доир барча саволларга жавобларни бу авлоднинг, жумладан Фахриёрнинг бадиий сўз дея тақдим қилганларидан олиш мумкин. Зеро, ижодкорнинг энг яхши таржимаи ҳоли бу унинг асарларидир, инчунин, энг асл биографи ҳам муаллифнинг ўзи.

 

Фахриёр ижоди ўзининг характери ва моҳиятига кўра бу авлоднинг адабиётдаги ўрнини яққолроқ ифода қилади. Унинг ижоди бугунги 60 ёшлилар ижодий дунёсининг фазовий кенглиги ҳамда геометрик ўлчамларини белгилаши билан бирга бу авлод адабий дунёси моҳиятан бадиий концептуализмга яқинлигини исботлаб туради.

 

“Мен бу куйни тирилтирмоқ истайман, Вақтнинг чексиз даштларида адашиб кетган” дея даъво қилади шоир бир туркумида. У шундай шеър бўлиши керакки, “ҳақиқатнинг ёвшан ислари анқиб” турсин.) Ўша “жодуланган” даҳолар ҳам дард чеккан, оғриган, изтиробларини баён қилган. Агар улар ҳам дард чеккан, оғриган, азобланган бўлса-ю, лекин охир-оқибат буларнинг ҳаммаси жодудан бошқа нарса бўлиб чиқмаса, унда уларнинг дарди қанақа дард? Улар қандай дард чекишган, қай шаклда дард чекишган, бу дарднинг адабиётга нима алоқаси бор? Агар уларнинг дарди билан Вақт англаб турган дард ўртасида фарқ бўлса, унда дардларнинг ҳам шакли, туси бўларкан-да? Шунда ўз-ўзидан хулоса пайдо бўлади: инсон шаъни ва ғурури яна тупроқ қадар топталмаслиги учун, энг аввало Дардлар ўз шаклини топиши керак. Хўш, у қандай шаклни танлайди? Масала шунда.

 

...Мен эсам, мен сўзларни бошга

Кўтараман... Ўзгадир мақсад

Шундан, балки, йўриғим бошқа,

Шундан, балки, мағлубман аксар.

 

Демосфен билан баҳсга кирган шоир мавжуд ҳақиқатлар олдида мағлубликни тан олади. Аммо бу мағлубият эмас. Бу аслида янги “кийим” кийган, шаклини ўзгартирмоқчи бўлган дард юришининг бошланиши. Чунки у ўзнинг оғриғига “шакл” топа олди. Бу нафақат услуб, балки дунёқараш ҳам.

 

Илк тақдимнинг “Дарднинг шакли” дея номлаши биланоқ шоир ўзининг адабий услубига тамал тоши қўйиб бўлганди. Номда шоир фақат дардга эмас, унинг тусига ҳам урғу беради ва уни геометрик ўлчовга айлантиришни истайди. Агар кўникиб қолган тасаввуримиз билан ёндашсак, бу каби ном ғализроқ туюлади. Чунки биз шу пайтгача дарднинг шакли ҳақида ўйлаб кўрмаганмиз. Дард – бу дард, оғриқ – бу оғриқ, изтироб – бу изтироб деб қабул қилиб келинган. Биз юрагимизга чўккан ҳар бир ҳиссиётни бир хил шаклга солиб ўрганганмиз. Аслида, бугунги постмодернистик билимлар хулосаси билан қарасак, ҳатто руҳоний олам ҳам моддий олам каби маълум бир шакллар қоришувидан ташкил топади:

 

◊●

 

Биз Фахриёр ижодида бу каби семиотик ишораларга кўплаб дуч келамиз. Борлиқни геометрик ўлчамлар орқали ифода қилиш бу фазовий тасаввур эҳтиёжини келтириб чиқаради. Геометрик ўлчовлар аслида фазовий ўлчовлардир. Фазодаги ҳар қандай ўлчамлар худди унинг қонунлари каби руҳий дунёмизда ҳам аксланади ва шу ўлчамлар орқали биз англамаган ҳолда ваҳдатул вужуд қонунлари билан уйғунлашамиз. Геометрик шакллар бизга ана шу уйғунликни моддийлашган ҳолда тақдим қилади. Жорж Брак ва Пикассонинг кубистик услубдаги суратлари бу фикримизни тасдиқлайди. Фахриёрнинг шеърларида ҳам биз ана шу ёндушувни кўрамиз: шоир бизга сўзларнинг орқа томонида қолиб кетган маъноларига, уни акслантираётган ишора-ўлчамга таянган ҳолда асл маъно ва шаклу шамойил кесишмасида бизнинг одатий тасаввурларимиз деворларини йиқитиб ташлайдиган янги метофора таклиф қилади.

 

Фахриёр ўзининг дастлабки шеърларидан бирида мавжуд воқеликнинг манзарасини шундай тасвирлайди:

 

Деворга осиғлик қилич

Зангларини тўка бошлади.

Ярақлай бошлади тўсатдан

Янги ой шаклида.

Лекин девор қизил эди.

 

Бу ёш шоирнинг, шу ёшдаги авлоднинг ўз даврига муносабати. Буни уларнинг ижодини таҳлил қилсангиз, ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз. “Қилич зангини тўкиб” “ярақлай” бошлади. Аммо у осилган девор “қизил”лигича турибди. Бу шоир ва авлод сўз айтишга даъво қилишга киришган муҳитнинг манзараси. Бу ерда шоир учун муҳими қиличнинг янги ой шаклида, бошқача айтганда, умид шаклида ялтирай бошлаши. Бу умидни ундан олдинги авлод пайдо қилган. Бу барча масалага – ижтимоий умиддан то бадиий умидгача тааллуқи. Алалхусус, “Ой” ташбеҳи Фахриёр ижодини бирлаштириб турувчи истилоҳлардан бири. Кейинчалик шоир шеърларида бу “янги ой” бешикка, аёл юзидаги доғга, ўроққа, фалак туйнугига, тирноққа, пўсти арчилган олмага, узукка, болтага ва дорга қиёс қилинади, кўнгил тазаррусини қабул қилувчига айланади (“Ой юзингга қараб йиғладим” дейди шоир “Аёлғу”да). Ой кимнинг юзи? Гўзал ёрнингми, борлиқнингми, яратганнингми, Сўзнингми? Бу саволларга жавобни бу авлодга тааллуқли бўлган ҳар бир ижодкорнинг асарларидан топа оласиз.

 

“Ой болта”деган икки сўздан иборат шеър бор бу достонда. Агар достонни яхлит тасаввур қилинганда бу достон муқаддимасидаги ойга қилинган тазаррунинг давоми, лекин алоҳида олинганда бу икки сўзли яхлит шеър. Шу икки сўзли шеърнинг ўзи бизга бир дунё тасаввур лаззатини беради.

 

Дастлабки ўқишимизда ойнинг болта шакли эсимизга келади. Кейин эса бу тасаввур кенгайиб боради. Ойнинг болта шакли қадимги жанг қуроли ойболтани эсга солади. Жанг қуроли ҳамиша кишида ҳадик ва хавотир уйғотади. Ой болта шаклида ойболтага ўхшаб азалу абад устимизда осилиб туради. Демак, бизнинг ичимиздаги ҳадик ва хавотир ҳам азал абад бизни тарк этмайди. Сўзнинг ойболтага ўхшаши эса ичимизда учинчи тасаввур қатламини уйғотади. Энди ҳарфлар ёхуд товушлар йиғиндиси бўлган сўзнинг ўзи ойболтага айланади.

 

“Асарда дард бўлиши керак” дерди 80-йилларда адабиётга кириб келганларга устозлик қилганлар. Уларнинг бу талабига бугун ҳам эътироз уйғонмайди. Адабиёт бошдан оёқ изтироб ва оғриқдан туғилади. Адабиёт инсон, миллат, ватан ҳақидаги изтиробларнинг бадиийлашган кўриниши. Бу ўтган Сўз тарихида исботсиз қабул қилинган аксиома. Аммо Фахриёрни фақат дарднинг ўзи эмас, унинг шакли ҳам қизиқтиради. Кўзга кўринмас дарднинг кўзга кўринмас шакллари ҳам бор. Шундай экан шакллардаги эркинлик-стихия аслида руҳиятнинг эркинлиги ва стихиясидир. Сўзга айланишни истаган руҳият ўзига шакл излайди ва топади ҳам.

 

Яна тупроқ бўлар алданган ақл,

Шамоллар руҳ бўлиб қайтажаклар бот.

Дардларим кийина бошлайди – ШАКЛ.

 

Ақлнинг, Юнг таъбири билан айтганда, “Персона”нинг мутелигидан қутилган руҳ шамолга айланади. Энди у дард кўринишида ўзига шакл излайди. Дардга шакл излаш аслида шоирнинг муҳитга, ўзига оғриқ, изтироб бераётган, унда сўз айтиш истагини пайдо қилаётган муносабатларга шакл излаш дегани. Бу шоирнинг мавжуд ҳақиқатлар билан тўқнашувини, ўзини ифода этиш шаклларини, ўзи излаш интилишларини билдиради. Оламни қабул қилиш қанчалик ранг-баранг бўлса, ўзини ифода этиш шакллари ҳам шунчалик ранг-баранглашади. Фахриёр ижодида биз анъанавий шеърий услублардан тортиб, насрий шеърларни учратамизки, буларнинг ҳаммаси шоирнинг ўзини ифода этиш йўлларига шакл излаганликдан дарак беради. Шоир айнан дардга шакл излаш орқали мавжудликка ўз норозилигини, ўзининг мавжудликка даъвогар ҳақиқатлари борлигини баён қилади. Дард шакли – айтилмоқчи бўлган сўз шаклини келтириб чиқаради. Шакл излаши унинг охир-оқибат борлиққа муносабатидан туғилади. Бу эса, энг аввало, дардни баён қилиш учун кимга талпиниш ва талпинмасликни англаб олишни талаб қилади:

 

Даҳога талпинма, даҳодан талпин,

Маънисин унутма қадим оятнинг.

Даҳолар – жодугар, ғоялар – фолбин,

Кўзларин боғлайди инсониятнинг.

 

Агар “даҳолар – жодугар”, “ғоялар – фолбин” ва бу даҳо ва ғоялар Инсониятнинг “кўзини боғлаган бўлса”, бу авлодлар сиғиниб келган даҳолар ва ғояларнинг ёлғонлиги, сохталиги, ясамалиги аён бўлиб қолса, ҳақ сўзни айтаман деган шоирда нима қолади? Менимча, “...тозартса бизни шоядким” деган умид ва фақат тазарру қолади.

 

Қўлларидан тутгил устоз ҳаётнинг,

Сиғинчга – сиғинчдан – бошлагин, қалбим.

Тазарру тозартса бизни шоядким...

Кўҳна туркуларни шивирлар лабим.

Кўзларин боғлайди инсониятнинг.

 

Шоирликка даъво қилган лаб халос бўлиш умидида “қадимги туркуларни” беихтиёр “такрорлай” бошлайди. Бу турку кейинчалик, ҳали адабиётшунослигимиз томонидан етарли баҳо бермаган, аммо бу авлодда дунёга, сўзга муносабат ўзгарганини даъво қилган, ҳам шаклан, ҳам мазмунан адабий ҳодиса сифатида ҳанузгача кашф этилмаган орол бўлиб қолаётган, дунёга ва одамга экзистенциал муносабатини аён қилган “Аёлғу”, “Геометрик баҳор”, “Мучал ёши” экспрементал туркумлар қиёфасида бўй кўрсатади. (“Тепангда увиллар қисмат бўрони. Тегрангда айланар номаълумликлар. На истак аёндир, на мақсад аён, на кимни излаганинг ва на изламаганинг”... “Шайтон ҳам ўзингсан, акси ҳам ўзинг, Умидсиз – шайтонсан, умидли – банда.”  “Мучал ёши”)

 

Фахриёрнинг геометрик шаклларни ўз ичига олган шеърлари шуниси билан характерлики, шоир нафақат мазмунда, балки шаклда ҳам айтмоқчи бўлган асосий мажозга ишора беради, дарднинг шамойилини ўқувчига таклиф қилади. Бу шаклга қараб, ўқувчи ўз диди ва савиясидан келиб чиқиб, шаклга зуҳрланган метафорани ўзи тасаввур қилиб олади. Бу эса шеърни худди ҳайкал ёки тасвирий санъат асари каби маълум бир геометрик ўлчов, демак тасаввурнинг моддийлашган модели тасаввурини беради. Агар Эвклид назариясига таянсак, ҳар қандай фикр ўзининг моддий шаклига эга. Шу сабабли ҳам қадимги файласуфлар донишмандликни аввало геометрияни ўрганишдан бошлашган. Геометрик ўлчовлар – борлиқни таҳлил қилувчи фалсафий ўлчовлар сифатида қабул қилинган. Биз фикрнинг моддийлашган кўринишини юнон ва Рим меъморчилиги ва ҳайкалтарошлигида яққолроқ тасаввур қиламиз: ҳалигача башариятни лол қилиб келаётган бу обидалар аслида тасаввурнинг моддийлашиш ҳосиласи эди. Шу каби Фахриёр ҳам ўз шеърларида тасаввурни моддийлаштиради.

 

Кўнгил бу кеча ҳам уйда ётмади.

 

Кейин шу тасаввурни яна тасаввурий ўлчовларини келтира бошлайди.

 

Беш

ёш ҳисобланса

ўғил боланинг

аллақачон

суннат тўйи бўлиб ўтган бўлар эди

беш

йил ҳисобланса

бир одам

диплом олар эди эски замонда

беш

кун ҳисобланса

шуларнинг ҳаммаси

кириб кетар эди битта умрга.

 

Бу шеърда Шоир “беш”лик ўлчами орқали инсоннинг бутун умрига шакл беради. Инсон ҳаёти бор-йўғи шу “беш кун” деган ўлчамдан иборат. Демак, дунё, азал ва абад маълум бир ўлчамлар ва шакллар орасида яшайди.

 

Осмон ерда юрар Тибетда.

 

Аслида осмон билан ернинг ораси ҳеч бир ўлчамга сиғмайди. Эҳтимол бу саноқсиз ноллар билан ифода этиладиган ёруғлик йилларига тенгдир. Умуман, биз “осмон” деб биладиган мавжудлик аслида бизга чексизлик ва нисбийликнинг моддийлашган кўриниши. Пастдан, бизнинг мавжуд тасаввуримиздан туриб қаралса, кеча ва кундуз, фасллар, ой ва қуёш, юлдузлар ва булутлар алмашувида Тибет тоғлари осмонни нафақат суяб турган бўлади, балки осмон бу баланд тоғ бағрида ётгандек (юргандек) туюлади. Фазо инсон қанча тубанда бўлса шунча яқин туюлади, қанча юксалса шунча баландлашади. Бу тафаккурга ҳам хос қонуният. Лекин сатрнинг маъноси фақат бу ўлчам билан якунланмайди. Бу ерда яна бир нарсага ишора кетади: Тибет ер куррасининг илоҳий қувватлари маркази ҳам саналади. Илоҳий қувват – бу осмон, коинот билан боғлиқликни англатади. Илоҳий қувват қаерда бўлса, ўша ерда фазовий қонунлар тан олинади, амал қилинади, боғланилади, бу эса осмоннинг ўша ерда “юрганини” тасдиқлайди. Шоир эса руҳоний тушунчаларни бетиним моддийлаштирверади: хотира “култепага”, туш – “афт-ангорини аниқ кўриб бўлмайдиган” култепада, яъни онг остидаги майлларни ўйнаб ётган “бола”га айланади.

 

Хотира

куйган ҳислар култепасидир

туш

култепада ўйнаган бола

афт ангорини кўриб бўлмайди.

 

Нега туш кап-катта эсини таниган одам эмас, “бола” шаклида моддийлашаяпти? Психоаналитикага кўра, тушлар онгостидаги майл ва кечинмаларнинг турли образларда намоён бўлишидир. У Эго – Ақл ҳукмронлигини қабул қилмаган. Агар халқ тилида айтилса, “ақли кирмаган”. Шунинг учун ҳам онгости инъикоси бўлган туш бола шаклида моддийлашиши руҳиятшунослик илмига кўра ҳам мантиқли.

 

Худди Ньютоннинг бутун олам тортишиш ёки Эйнштейннинг нисбийлик назарияси каби борлиқдаги барча нарса ва ҳодисалар оламнинг ваҳдатул вужуд қонунларига бўйсунади. Ижодкор ана шу қонунларни мажозлар орқали акс эттиради ва бу билан бизга ваҳдатул вужуд қонунларини қайта-қайта эслатади. “Гўзаллик”дан завқ ва лаззат туйиш тушунчаси мана шу қонунларни ҳис эта олиш тушунчасидир. Фахриёр шеърларида турли шакллар қўллаш орқали бизнинг тасаввуримизнинг эшикларини очиб, ана шу манзил сари таклиф қилади. Ўзимиз турган эшикдан у манзил томон чиқа олиш салоҳияти энди шоирга эмас, бизнинг ўзимизга боғлиқ бўлади.

 

Фахриёр ҳар китобида рационалистик хулосалардан эмперик хулосаларига яқинлашиб боради. Унинг “Мучал ёши”, “Имло луғати” достонлари бунга яққолроқ мисол бўлади: бу достонларда лирик қаҳрамоннинг борлиққа муносабати ўта хусусий ҳиссиёт, кечинмалар, ҳолат ва кайфиятларига қурилади. Шу сабабли ҳам бу қаҳрамонлар жаҳон адабиётидаги мавжуд воқеликдан бегоналашган ва айни пайтда воқеликка шунчалик яқинлашган образлар сифатида гавдаланади: борлиқнинг мавжуд ифода қолипларидан қочиш, аслида, борлиқнинг асл моҳиятига янада яқинлаштиради.

 

Бугунги универсаллашган инсон руҳияти шу даражада мураккаб ва ранг-барангки, уни ифода этишга, тасвирлаб беришга Шарқу Ғарбнинг бор бадиий ифода усуллари ҳам қодир эмас. Инсон универсаллашгани сари бадиий сўз ифодалари ҳам универсаллашиб боради. Биз Фахриёр шеърларида универсаллашган инсон истилоҳларига дуч келамизки, бу ҳолат бу авлодни ҳам, шоирнинг ўзини ҳам ўзидан аввалги салафлардан ажратиб туради. Шунинг учун ҳам биз унинг шеърлари битилган қатъий бир шеърий шаклни кўрмаймиз. Кези келганда, шуни айтиб ўтиш керакки, Фахриёр ХХ ва ХХI асрларни бирлаштириб турган инсон, тўғрироғи, ўзининг руҳиятини акс эттириш учун Шарқу Ғарбнинг турку, верлибр, сонет, рондел, элегия, тўртлик, учлик, мумтоз ва  халқ оғзаки ижодининг шеърий шаклларидан унумли фойдаланади – бу билан бир томондан, бугунги давр кишисининг тийнати шу шеърий жанрлар дунёга келган замонлардаги инсон руҳияти билан чамбарчас ва узвий боғлиқ эканига ишора қилса, иккинчи томондан, бадиий сўзнинг тасвирий ҳудудини Шарқу Ғарб қадар кенгайтиради. “Аёлғу” ўнлаб алоҳида шеърлардан ташкил топган универсал инсоннинг руҳиятини акс эттирувчи достон. “Геометрик баҳор” шеърида биз турли семантик маъно ташийдиган турли шакллар ифодасига дуч келамиз. Агар бу шакллар олиб ташланса, шеърнинг оҳори ҳам, мазмуни ҳам кутилган натижани бермайди. Бу шеърдаги шаклларнинг ҳар бирининг қадимги тош ёхуд Миср битиклари каби ўз мажозий шаклига зуҳрланган маъноси ҳам бор. Бу шакллар шеър мазмунининг ажралмас бир бўлагига айланган. Ҳар ким ўз қувваи ҳофизасидан келиб чиқиб, қатламларни тасаввур қилаверади. Постмодернизмнинг асосий талабларидан бири ҳам шу: шакл ўзининг шамойилини йўқотиб, мазмунга айланиши керак. Бунинг учун нафақат шоирдан, балки уни англаш, идрок ва тасаввур қилиш учун ўқувчидан ҳам савия, дид ҳамда фазовий ўлчамдаги  дунёқараш талаб қилинади.

 

Фахриёр шеърлари бугун жаҳон адабиётида “потмодернизм” деб аталган овим тамойилларига тўлиқ жавоб бериши билан аҳамиятли. Маълумки, постмодернизм ўзидан аввалги маърифатчилик, неоромантизм ҳамда хаос ва абсурдга субъектив маъно излаш орқали модернизм қарашларини, демакким, борлиққа бўлган муносабатини инкор қилароқ пайдо бўлди. Шаклий ва жанр қолипларини тан олмаслик, жанрлар қоришиғи (“Ёздиғ”, “Аёлғу”достонлари мисолида), истеҳзо, қора юмор (“...аста болға билан ушатиб, ва тарози палласига ташлаб қайтиб олиб, ошиқчасини сотар бир дўстим, мени чакана нархда, шукр, харидорим бор экан менинг ҳам “), ички драманинг тадрижий ривожини инкор қилиш постмодернизмнинг асосий хусусиятлари саналади. Фахриёр ижодини кузатсак айнан мана шу хусусиятларнинг урғуланганига гувоҳ бўламиз. Бу миллий адабиётимизда ҳам умумий ўзанга қўшилиб олганини, шу даврдаги дунё адабиётига ёндош тарзда тараққий этганидан дарак беради.

 

Умуман, ўзи мансуб авлодининг ҳам мазмунан, ҳам шаклан энг авангард йўналишларини ўзида жамлаб турган Фахриёр ижодига тўлақонли баҳо бериш орқали биз бугунги 60 ёшлиларнинг миллий, қолаверса, жаҳон адабиётининг асосий тамойилларидан бохабар бўламиз ва авлоднинг авлод сифатидаги адабий улуши ҳақидаги кўплаб саволларга жавоб топамиз.

 

Назар ЭШОНҚУЛ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси