Жадид тараққийпарварларининг кенжа авлоди бўлган Шокир Сулаймон “Туркистон” газетасининг 1923 йилги сонларидан бирида “Учқун” номли шеърини эълон қилган. Унда муаллиф Германияга ўқишга юборилган ўқувчиларни учқунга ўхшатиб, улар бир кун келиб ватанга ёруғ нурга айланиб қайтишига, жаҳолат, илмсизлик сояси остида зулматга чўмган Туркистон заминини ёритишига умид билдирган эди. Ана шу “учқун”ларнинг ичида Тоҳир Шокир (Чиғатой) ҳам бор эди.
Тоҳир Шокир (Чиғатой) 1902 йилнинг 27 март санасида Тошкентда туғилган. Унинг отаси Шокир ҳожи Розиқбой ўғли Тошкентдаги обрўли хонадон соҳибларидан бири эди.
Ёш Тоҳир илк таҳсилни Тошкентдаги янги усул мактабида, кейингисини рус-тузем мактабида олди. Тоҳир Истанбулда ўқишни истаса-да, шарт-шароит тақозоси туфайли Уфа шаҳридаги Мадрасайи-олияда илм олишни давом этдирди. У ердаги таҳсил давомида Тоҳирнинг қалбида Истанбулга бориб ўқиш истаги оловланиб турди. Шу мақсад йўлида у 1917 йилда Озарбойжонга бориб Туркиянинг Бакудаги элчиси Мамдуҳ Шавкат Асандал билан учрашади. Тоҳир Бакуда таҳсил олаётган йилларда ушбу элчи жаноблари билан яқиндан алоқа ўрнатган, элчи ҳам унинг илм йўлидаги тиришқоқлиги сабаб ўз боласидек яхши кўриб қолган эди. Тоҳирнинг Истанбулда ўқиш истагини эшитган Мамдуҳ Шавкат унга Европада ўқишни маслаҳат беради. Тоҳир Чиғатой кейинчалик ўз хотираларида бу тўғрида эслар экан: “У (яъни элчи Мамдуҳ Шавкат – М.Алижонов) доимо менга “Ўғлим, сен Истанбулга бориб бекор қилган бўласан. Истанбулнинг бугунги ҳоли ишга ярамас. Сен йўлини топиб Оврўпага кет” дея насиҳат қиларди”, деб ёзган.
Тоҳир Чиғатой Идил-Урал минтақасининг Уфа шаҳридаги Олия мардасасида бир нечта дўстлари билан бир йилча таҳсил олса-да, бир тарафдан иқлимнинг ноқулайлиги, иккинчи томондан моддий қийинчиликлар сабаб ўқишни давом эттира олмайди, Бакуга йўл олади. Унга бу сафарда Абдуваҳоб Ўқтой ва Собир Туркистонли ҳамроҳлик қилади.
Тоҳир Чиғатой 1921 йилгача Озарбойжонда ўқиш билан бирга, бакулик тараққийпарварларнинг миллий ҳаракатларида фаол иштирок этади, йиғин ҳамда мажлисларда қатнашади.
1921 йилда Озарбойжондан Тошкентга қайтган Тоҳир Чиғатой неча йиллак истаги рўёби устидан чиқади. Айни шу дам Туркистоник талабаларни Германияга ўқишга юборишга доир даъватлар бошланган, айниқса, Бухоро бу борада фаол иш олиб бораётганди. 1922 йилнинг кузида Бухородан Германияга 70 га яқин талаба юборилиб, улар орасида ёш Тоҳир ҳам бор эди. Тоҳир Чиғатойнинг рафиқаси Саодат Чиғатой кейинчалик турмуш ўртоғининг ўз ҳисобидан Германияга ўқишга кетганини ёзган (Hakan Torun. Tahir Çağatay'ın hayatı ve faaliyetleri. –S. 7). Бошқа бир маълумотга кўра эса, ўша пайтларда Туркистон ўлкасида босқинчи большевикларга қарши миллий истиқлолчилик ҳаракатларини олиб бораётган Анвар Пошшо Тоҳир Чиғатойни Германияга ўқишга юборишга ҳомийлик қилган.
Тоҳир Германияга келгач бир муддат немис тилини ўрганади, бу масалада шу ерлик дўстлари Сомбарт ва Бернҳард катта ёрдам беради.
Тоҳир Чиғатой немис тилини пухта ўзлаштиргач, дастлаб Берлин университетида, кейин эса Heidelbergdagi Ruprecht-Karls университетининг Фалсафа факультетида ўқийди ҳамда доктор Пҳилнинг илмий раҳбарлиги остида олий таълимни тугатади.
Қаҳрамонимиз дастлаб Берлинда Геҳ Шумаҳер, профессорлар Сумбарт, Бернҳард, Дессоир, Диетзе каби олимлардан илм ўрганган бўлса, Heidelberg'да эса А.Вебер, Бринкман, Ледерер, Алтман, Гумбел, Салин, Соммерфелд, Эккард, Манҳейим, Салз, Бергстрассер каби олимларнинг маърузаларини тинглади. Профессор Ледерер Тоҳирнинг келгусида етук социолог олим бўлиб етишишида катта ҳисса қўшган бўлиб, у университетда талабаларга дарс берган айни пайтда Вашингтон шаҳридаги Социлогия институтининг директори сифатида ҳам фаолият олиб борар эди.
Тоҳир Чиғатой ҳуқуқшуносликга ҳам қаттиқ меҳр қўйган бўлиб, бу фанни ўзлаштириш йўлида у профессорлар Томас, Желлинек, Ҳеиншеймер, Перелс, Гаилер каби олимлардан дарс олган. Шунингдек, у фалсафа борасидаги илмларни Геҳ Риккерт, Жасперс, Ҳоффман, Бубнофф, Фаус каби олимлардан ўзлаштирган.
(Чапдан: Тоҳир Чиғатой, Мустафо Чўқай ва Абдуваҳоб Ўқтой. Берлин)
ХХ асрнинг 20-йиллари иккинчи ярмидан бошлаб Германияда таҳсил олаётган талабаларни Туркистонга қайтариш вазифаси фаол тарзда амалга оширила бошланди. Натижада 1927 йилнинг ёзги таътил вақтида юртга қайтган Солиҳ Муҳаммад ва Насриддин Шераҳмад қайта Германияга қўйиб юборилмади. Ҳатто, бунга чидай олмаган Насриддин Шераҳмад ўз жонига қасд қилади ва тасодифан ўлмай қолади (Ш.Турдиев. Улар Германияда ўқиган эдилар. –Т.: Академ-хизмат. –Б. 18).
Большевиклар қатағон сиёсатини олдиндан ҳис қилган Файзулла Хўжаев Германияга мактуб йўллаб, қолган талабаларга қандай қилиб бўлса ҳам ўқишни битиришни ва юртга қайтиб келмасликни буюради. Тоҳир Чиғатой Берлинда таҳсилни давом эттирган ҳолда, кейинчалик Туркистоннинг иқтисодиёти ва социолигияси бўйича докторлик диссертациясини муваффаққиятли ҳимоя қилади.
Тоҳир Чиғатой 1932 йилда Берлинда истиқомат қилаётган қозонлик татар тараққийпарвари, газетачи ва сиёсат арбоби Муҳаммад Аёз Исҳоқийнинг қизи Саодат билан турмуш қуради. Қайд этиш лозимки, Саодат Чиғатой ҳам келгусида етук олима сифатида ном қозонди.
(Тоҳир ва Саодат Чиғатой (1932 йил).
Тоҳир Чиғатой илмий фаолият билан бирга “Туркистон пахта хўжалиги” (Берлин, 1934 йил), “Туркистон миллий адабиёти ва адиблар фожиасига доир” (Берлин, 1934 йил), “Туркистон миллий ҳаракати ва Мустафо Чўқай” (Истанбул, 1950 йил), “Туркистонга доир баъзи жараёнлар ҳақида қарашларимиз” (Истанбул, 1952 йил), “Қизил имперализм” (Истанбул, 1958 йил) ва шу каби қатор асарлар яратди.
Ўз пайтида Абдуваҳоб Ўқтой маслакдоши ва дарддоши Тоҳир Чиғатой тўғрисида қуйидагиларни ёзган эди: “Доктор Тоҳир Шокирбек йигитликнинг энг қизғин чоғини ўз юрти ва халқининг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий турмушига сарф этиб юрган ғайратли ёшларимиздан биридир. Эссизки, унинг маслаги орқасиндан кетиш бир қанча Туркистон ёшлариға муяссар бўлмағон. Оврўпада фалсафа ва иқтисодиёт таҳсил этмакчи бўлғон Туркистон ёшлари то 1922 йилдаёқ Совет ҳукуматининг раҳмсиз ҳужум ва тадбирларига гирифтор қилинғонлар. Биз Тоҳир Шокирбек тувғонимизни мувафаққиятли одимлари билан олқишларканмиз, ундан янада буюк вазифалар кутамиз”.
Айниқса, Тоҳир Чиғатойнинг Берлинда туркистонлик талабалар ва муҳожирлар томонидан ташкил этилган “Ёш Туркистон” журналидаги фаолияти ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. У ушбу журнал саҳифаларида “Бир Туркистонлик”, “Чиғатой”, “Эсон Турсун”, “Тоҳир Шокир”, “Тошболта”, “Темур ўғли” каби тахаллуслар остида мақолалар эълон қилди. Шу билан бирга, Тоҳир Чиғатой “Олтой Нўён”, “Ёш туркистонлик”, “Туркистон истиқлолчиси”, “М.Н.”, “Н.М.”, “Бойсунғур”, “Билгин”, “Откелтир”, “Туркистонлик турк” каби тахаллусларнинг ҳам ўзига оид эканлигини қайд этиб ўтган (Hakan Torun. Tahir Çağatay'ın hayatı ve faaliyetleri. –S. 50).
Тоҳир Чиғатой “Ёш Туркистон” журналида “Туркистонда мактаб сиёсати”, “Ҳиндистон-Туркистон”, “Туркистонда Русияга қарши исёнлар”, “Унутилмас тарихий ваҳшийлик”, “Андижон қўзғолони ҳақида”, “Туркистонда 1916 йил исёни”, “Туркистондаги ер ости бойликлари”, “Туркистондаги совет матбуотига бир қараш”, “Туркистонда очлик”, “Туркистонда маориф ишлари” каби қатор мақолаларни эълон қилди.
Жумладан, у ўзининг “Туркистоннинг ер ости бойлиқлари” мақоласида ўлканинг ниҳоятда бой конларга ҳамда маъданларга эга эканлиги қайд этиб: “Туркистоннинг кўп тоғларида вулқоний тошлар кўп учратилгани сабабли у тоғларнинг маъданларга бой бўлиши кутилган бир ҳол эди. То эски замонларда Туркистонда олтин ҳам тош-туз конларидан ҳейли миқдорда олтун ва туз чиқорилғони тарих ила исботдир. Самарқанддан ўтадирган наҳрнинг (дарё – М.Алижонов) “Зарафшон” (олтин сочувчи аталашида кечмишда унинг хусусида олтин кони бор бўлғондан бўлса керак. Фақат, ўтмишда у конлар ерли аҳоли тарафидан ибтидоий усуллар ила ишлатилгандир)” деб ёзди.
Шу билан бирга Тоҳир Чиғатой ушбу мақоласида конларнинг ўрганилишига доир муҳим тарихий маълумотларни ҳам келтириб ўтган. Хусусан муаллиф: “Туркистон ер ости бойлиқларининг илмий тадқиқи XIX асрнинг 80-йилларидан эътиборан Мушкатов исмли текширувчининг саёҳатлари ила бошланган. Бу олим Туркистонни текшириб кўрар экан кўмир ва ер мойи (нефт) конларини ахтарар эди. Мушкатовдан кейин бир қанча рус ва оврўпалик олимлар ва сайёҳлар ҳам Туркистонда фанний тадқиқотларни олиб бордилар. Тўплаган маълумотлари асосида бир қанча асарларни ҳам ёздилар. Ҳозирғача олиб борилғон текширишларнинг натижаси ва тўпланғон маълумотлар Туркистонда мана шу маъданларнинг конлари бор эканлигини кўрсатадир: олтин, тирик кумуш (симоб), боқир, тўтиё, кумуш, қўрғошин, темир, манғон, сурма, мис, тошкўмир, емак тузи, гугурт, аччиғ тош, нефт…” деб таъкидлайди, ушбу ер ости бойликларидан Туркистон халқи ҳеч бир манфаат кўрмаётганини афсус билан қайд этиб, мақолани қуйидагича тугатган: “Эссиз, бу бойлиқлар ҳам бошқа бойлиқлари бугунгача Айниқса Русиянинг ободлиғи ва русларнинг роҳати учун (Туркистоннинг) бағриндан қазиб чиқарилмоқдадир”.
Тоҳир Чиғатойнинг “Йўлбошчимиз Мунавварқори” мақоласи “Ёш Туркистон” журналининг 1934 йил 50-сонида чоп этилган, унда муаллиф Мунавварқорининг ўлка тараққийпарварлик ҳаракатида тутган ўрни тўғрисида мулоҳазалар юритган. Жумладан: “Туркистон халқи ичидаги янги уйғониш ҳаракатига ҳар тармоғини текшира бошласангиз унга Мунавварқорининг исмисиз кириб бўлмайдир. Халқимизнинг кириб қолдиғи фалокатини, бу фалокат йўлининг хатарларини тўғри кўриб, унга қарши чораларни қидира бошлағон киши Мунавварқори эди. Ичида бўлиб турдиғимиз асрнинг бошларида юртимизға кириб кела бошлағон “Усули-жадид” мактабларининг ҳақиқий шаклини Мунаввақори майдонға қўйди. У ҳеч бир воситасиз бошладиғи бу ишни хоҳ рус ҳукумати, хоҳ мутаассиблар томонидан кўрсатилган қаршилиқлар, оғирлиқ, ҳақорат, еган таёқлариға қарамасдан давом эттирди. У ўз матонати, ўз эътиқоди орқасинда оз вақт ичида бу оқимни (жадидчиликни – М.Алижонов) ёқловчи бир халқни ва уни қалбида ташувчи ёшлар дастасини етиштира билди… Тошкентдаги Мунаввақорининг ўзи тарафидан идора этилган ибтидоий, рушдий намуна мактаби бошида бўлғони ҳолда йилдан йилға ортиб мамлакатнинг ҳар тарафина ёйилғон жадид мактаблари, бир тарафдан эски мактаблар, иккинчи томондан ҳукуматнинг ерли халқ учун ташкил қилган мактабларга қарши бир таҳлика шаклини олмишдир” деб, янги усул мактаблари учун Мунавварқорининг ўзи дарсликлар тузганлигини эътироф этади.
(“Ёш Туркистон” журналининг 1933 йил 42-сонида чоп этилган Мунавварқорининг сурати)
Тоҳир Чиғатой “Истило тимсоли” номли мақоласида Туркистон шаҳарларининг кўпида баъзи эски тарихий бинолар, хусусан, мадрасалар бузилиб, ўрнида қизил майдонлар қурилганини, Лениннинг кўплаб ҳайкаллари тикланганини таъкидлайди. Муаллиф Совет ҳукумати томонидан амалга оширилган бу ишлар бекорга қилинмаётганини уқтирган ҳолда, Туркистон заминида қизил майдонлар ва Ленин ҳайкалларининг туриши миллатнинг тафаккурида қуллик синдромининг янада чуқурроқ синггишига олиб келишини айтган. Тоҳир Чиғатой “Тошкентда Лениннинг Советлар иттифоқининг ҳеч бир ерида қиёси бўлмаган энг юксак бир ҳайкалини қўймоқ ҳақинда қарор чиқарилди ва ўтган йил (1936 йил назарда тутилмоқда – (М.Алижонов) сентабрь ойининг 17-санасидан бошлаб ҳукумат биносиға яқин қизил майдонда ҳайкал қўюв ҳозирлиғина киришилди. Тошкентда қўйилмоқчи бўлғон Ленин ҳайкали лойиҳаси Москов ҳайкалтарошларидан Крулиюф тарафиндан тузилмишдир. Лойиҳа бўйича юксаклиги 12 метр бўлиши кўзда тутилғон эди. Бироқ Ленин номи Тошкентда “Лаин” (Иблис, шайтон – М.Алижонов) шаклида айтилар эди” деб ёзиб, бундай ҳайкаллар тошкентлик “қизил афандилар” айтгандек, ўзбек халқига илҳом бағишламасдан, аксинча, халқда большевикларга нисбатан маънавий қарамликни кучайтиришини урғулаган.
Унинг Алишер Навоийнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Туркистон миллий мафкураси ва Алишер Навоий” асари муҳим тадқиқотлардан бири ҳисобланади.
(“Туркистон миллий мафкураси ва Алишер Навоий” асари муқоваси (1939 йил, Берлин)
Тоҳир Чиғатой шубҳасиз, Алишер Навоийнинг асл мухлиси, муҳиби эди. Муаллиф ушбу асарида Алишер Навоийнинг таржимайи ҳолини баён қилиб, унинг ёшлигиданоқ улкан истеъдод соҳиби эканлигини қайд этади: “Алишер Навоий 844-ҳижрий йилда Ҳиротда дунёға келмишдир. Отаси кичик Баҳодир Хуросон ҳукмдори Султон Абулқосим Бобур ёнида муҳим бир маъмуриятда эди. Бу суврат-ла ёш чоғиндаёқ сарой аҳлина ҳатто Султон Бобурнинг ўзига маълум бўлғон Алишер мактаб ҳаётини мустақил Хуросон ҳокими Султон Ҳусайн Бойқаро билан бирга кечирмишдир. Ҳатто, Султон Ҳусайн билан Алишер орасинда шу бола чоғларидаёқ бир-бирина ёрдамда бўлмоқ устида аҳду паймон ясалғонлиғи ҳикоят қиланадир. У бу жиҳатдан ёлғиз оиласи доирасидагина эмас, ҳатто шахсан султоннинг тақдирловларига сазовор бўла бошлағон эди. Шахсан миллий адабиётимизнинг муҳим бир сиймоси саналғон Султон Абулқосим Бобур ёш Алишернинг миллий истеъдодини тезгина кашф этмиш ва уни ҳар турли йўллар билан қўллаб-қувватлай бошламишдир”.
Тоҳир Чиғатой Алишер Навоийнинг ижодий ва илмий меросини ўрганиш ўзбек халқининг моддий ва маънавий турмушининг негизини ташкил этиши керак деб ҳисоблаган, шу боисдан ҳам у миллатини Навоийни ўрганишга, ҳар нарсадан аввал ушбу масалани ўз ўрнига қўйишга даъват этади.
Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, 1939 йилда Берлиндан Туркияга оиласи билан кўчиб ўтган Тоҳир Чиғатой бир муддат илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланади. 1948 йилдан бошлаб Анқара университетида тил, тарих ва география факулmтетида социологиядан маърузалар ўқиди. Илм-фан соҳасидаги ишлари эътироф этилиб, Тоҳир Чиғатойга 1953 йилда доцент, 1962 йилда профессор илмий унвонлари берилди.
Тоҳир Чиғатой ҳақида академик Эргаш Фозиловнинг қуйидаги хотиралари айниқса диққатга сазовор: “Мен 1969 йили Анқарада бўлиб ўтган халқаро туркийшунослар конггресида профессор Тоҳир Чиғатой, унинг рафиқаси машҳур тилшунос олима Саодат Чиғатой ва профессор Иброҳим Ёрқинлар билан биринчи бор учрашдим. Ўшанда мен у ерда “ XI–XIV асрлардаги туркий ёзма ёдгорликлар тилининг таснифига доир” деган мавзуда маъруза қилдим. Маърузамдан сўнг олдимга профессор Тоҳир Чиғатой ва унинг рафиқаси Саодатхоним Чиғатойлар биринчи бўлиб келиб табриклашди ва улар кўзларига ёш олиб, ўзларининг биринчи бор ўзбек олими билан учрашаётганларидан хурсандликларини изҳор қилдилар, уйларига меҳмонга таклиф этдилар. Ўша конференсияда Тоҳир Чиғатой ҳам, Иброҳим Ёрқин ҳам ўзларининг асл тошкентлик бўлиб, 20-йилларнинг бошларида Бухоро ва Туркистон республикалари раҳбарлари томонидан Германияга ўқишга юборилганлари, лекин кейинчалик ўқишни битириб, у ердан ватанларига қайтган дўстларининг қатағон қилинганларини эшитиб, Ўзбекистонга қайтишдан қўрқиб, хорижда қолиб кетганликлари, ҳозир эса Тошкентда қавм-қариндошлари бўлишига қарамай, ҳамон бу ерда ўзларининг ҳаёт эканликлари ҳақида хабар етказишни ва саломларини топширишларини сўрадилар. Мен Ўзбекистонга келгач, уларнинг қариндошларини топиб, Тоҳир Чиғатой ва Иброҳим Ёрқинларнинг Туркияда ҳаёт эканликлари хабарини етказган ва соғинчли саломларини ҳам топширган эдим” (Ш.Турдиев. Улар Германияда ўқиган эдилар. –Т.: Академ-хизмат. –Б. 156-157).
Эргаш Фозилов 1972–1979 йилларда Туркияга борганда Тоҳир Чиғатойнинг уйида меҳмон бўлади. Эътиборли жиҳати шундаки, 1979 йилги Чиғатойлар хонадонига қилинган ташрифдан сўнг Эргаш Фозиловга Туркиядаги Совет элчихонаси раҳбари томонидан дакки ҳам берилади. Тасаввур қилаяпсизми, ҳатто ўтган асрнинг 80-йилларига келиб ҳам, устига устак СССР чок-чокидан сўкилиб кетаётган бир даврда ҳам Германияда таҳсил олган талабалар тўғрисида гапириш, уларнинг ҳаёти ва фаолияти борасида изланишлар олиб бориш қатъиян тақиқланган эди.
XVIII асрда яшаб ўтган француз нотиғи ва сиёсатчиси Жорж Жак Дантон ўз қайдларида “Сиз оёқ кийимингиз тагида ватанни олиб кетолмайсиз” деб ёзган эди. Бироқ Тоҳир Чиғатой ўз юрагида ватанни олиб кета олишни уддалай олди. Буни эса у хорижда ўтган бутун ҳаёти давомида исботлади. Тоҳир Чиғатой 1987 йил 27 июнда Бурсада вафот этди.
Муслимбек АЛИЖОНОВ,
Қатағон қурбонлари хотираси давлат
музейи катта илмий ходими, тарих фанлари
бўйича фалсафа доктори
Тил
Тарих
Санъат
Тарих
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ