Сизифни жазолаган жамият қоидалари керакми? Инсон эркинлиги чегаралари


Сақлаш
17:05 / 27.03.2025 141 0

Огоҳлантириш! Илтимос, бу мақолани 35 ёшдан катта бўлмасангиз, ўқиманг.

 

(Ҳайрон бўляпсизми, бу қандай чеклов экан деб? Бу шунчаки ҳазил! Бу мақолага кириш йўлакчаси эди. Сиз мақолани ўқиб кўришга қарор қилдингиз, очиб қарасангиз, сизнинг танловингизни муаллиф поймол қилмоқчи. Хўш, қарорингизда қатъий туроласизми ёки кимнингдир қарорини сўзсиз бажарасизми?)

        

Ирода эркинлиги нима? Қарорларимизни мустақил танлашимизми? Нима учун расмий доирада бўлганимизда классик услубда кийинамиз? Нима учун дарс жараёнида шунчаки туриб хонадан чиқиб кетолмаймиз? Нима учун чорраҳадан ўтишда яшил чироқ ёнишини кутишимиз керак? Мутлоқ эркинлик борми? Агар Ирода эркинлиги тушунчаси мавжуд бўлса, нега соч ўстирган ёки сақич чайнайдиган йигитларга ола қараш қиламиз? Нега фарзандларимизнинг жинсига қараб ўйинчоқлар танлаймиз? Эслай оласизми, неча ёшдан ўзингиз мустақил қарор қила бошлагансиз? Касбингиз, соҳангиз, умр йўлдошингиз каби жиддий қарорлар ўз танловингиз бўлганми? Агар буларни мустақил танловим деб ҳисобласангиз, бу қарорга келишингиз учун ким ёки нима туртки бўлган? Тасодифга ишонасизми? Тақдирга-чи?

 

Эркинлик – бу инсоннинг ўзини-ўзи бошқариш, хоҳиш-истакларига кўра ҳаракат қилиш ва қарорлар қабул қилиш қобилиятидир.

 

Унга кўра:

Инсон ўз ҳаракатларини ўзи танлайди ва ихтиёрий равишда амалга оширади;

Ҳар бир инсон ўз қарорларини фақат ўз хоҳишига кўра, ташқи босимлар ва ижтимоий омилларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилади;

Эркинлик, фақат баъзи муайян шартлар (масалан, қонунлар, ахлоқий меъёрлар) доирасида бўлиши мумкин, лекин инсон ўз ҳаракатларини тўлиқ бошқаришга қодир.

 

Инсоний эҳтиёжларга нисбатан эркинлик икки фарқли йўналишга ажралади:

 

Ирода эркинлиги (Инсоннинг танлаш эркинлиги ва ўз қарорларини қабул қилишда ташқи омилларга бўйсунмаслиги);

 

Сиёсий эркинлик (Инсоннинг жамиятда эркин ва озод яшаши, ўз фикрини эркин ифода этиши ва танлов қилиш ҳуқуқига эга бўлиши).

 

Юнон мифологиясидаги Сизиф афсонасини биласизми? У жуссасидан бир неча баробар катта тошни чўққига олиб чиқишга маҳкум. Лекин ҳар гал тошни чўққига олиб чиққанда тош пастга думалаб кетаверади. Сизифнинг ҳам иродаси эркинмиди?

 

Фалсафада Ирода эркинлиги ҳақида турли ёндашувлар мавжуд. Шулардан энг биринчиси Детерминистик ёндашув.

 

 

Детерминизм – бу фалсафий қараш бўлиб, у инсон хатти-ҳаракатлари ва қарорлари олдиндан белгиланган ва улар ташқи кучлар (табиат қонунлари, ижтимоий омиллар, генетика ва бошқалар) таъсирида амалга оширилади, деган фикрни олға суради.

 

Унга кўра:

Ҳар бир ҳодиса, жумладан, инсоннинг ҳар бир танлови олдинги сабаблар ёки омиллар натижасидир. Яъни, сабаб-натижа қонуни асосида юзага келади;

Инсоннинг фикрлари, қарорлари ва хулқ-атвори ҳар доим ташқи ёки ички сабаблар билан боғлиқ бўлади;

Инсон ўз ихтиёрида бўлган нарсаларни фақат муайян шартлар ва шароитлар доирасида амалга оширади, лекин унинг ҳаракати олдиндан белгиланган бўлади.

 

Яна Сизифга юзлансак. Хўш, у нега тошни чўққига олиб чиқишга маҳкум? Сабаби қуйидагича:

 

Сизиф эркинлик тимсоли бўлмиш тизгинсиз шамоллар худоси Эолнинг ўғли эди. Юнонистонда ҳеч ким маккорлигу зукколик бўйича Сизифнинг олдига тушолмасди. Шу зеҳн ва макр сабаб ўз қироллиги Коринфда беадад бойлик тўплади. Бу хазинанинг довруғи оламда достон бўлди. Кунлардан бир кун Сизиф Ер ости салтанатига олиб кетиш учун ўлим худоси Танат келаётганидан хабар топди ва уни хийла билан кишанбанд этди. Шундан кейин ҳеч ким ўлмай қўйди, худоларга атаб қурбонлик қилмай қўйилди. Зевс ер юзида ўрнатган тартиб-интизом издан чиқди. Буни бартараф қилиш учун Зевс Сизифнинг ҳузурига уруш худоси Аресни юборди. Арес Танатни озод қилди, Танат эса Сизифнинг руҳини ер ости салтанатига олиб кетди. Лекин маккор Сизиф бу вазиятга ҳам тайёр турганди. У ўлимидан олдин хотинига ўлгандан сўнг жасадини кўммасликларини ва дафн маросимида Ер ости салтанати худолари шарафига қурбонлик келтирмаслигини тайинлаганди. Хотини унинг амрини сўзсиз бажарди. Бу ёқда қурбонликни кутиб кўзлари тўрт бўлган Аид ва Персефона жиғи бийрон бўларди. Шунда Сизиф Аиддан ер устига чиқиб, хотинимга қурбонлик келтиришга фармон бериб келай, деб ижозат сўради. Аид ҳам бу ёлғонга лаққа ишониб унга рухсат берди. Табиийки, Сизиф ўликлар дунёсига қайтмади. У саройида ўликлар дунёсидан қайтган ягона шахс сифатида худолар устидан қозонган ғалабасини нишонлаб, базму жамшид қиларди. Аиднинг ғазаби қайнаб, Сизифни олиб келиш учун яна Танатни юборди. Танат унинг руҳини бу гал боқий дунёга олиб кетди. У ерда Сизифни барча қилмишлари учун энг оғир жазо кутаётганди.

 

Детерминистик ёндашувнинг моҳияти ҳам шунда: Сизиф худолар устидан кулгани сабаб ўликлар дунёсида баҳайбат тошни чўққига олиб чиқишга МАҲКУМ этилди.

 

Иккинчи ёндашув эса Эксистенциалистик ёндашув. Унга кўра, инсон эрки мутлоқ ўз қўлида ва буни ўзгартиришга ҳеч қандай ташқи кучлар таъсир кўрсатолмайди. Ҳар бир инсон ўз тақдирини ўзи яратади ва ҳаётининг маъносини ўзи баҳолайди, фақат ҳар бир қарори устида масъулиятни ҳам ўз бўйнига олиши керак.

 

 

Бу ёндашув моҳиятини юқорида келтирилган афсона мисолида кўрадиган бўлсак, маккорлигу зукколикда ҳеч ким олдига тушолмайдиган Сизиф ўз хатти-ҳаракатлари оқибатини аввалдан билган ва била туриб қисқа муддатга бўлса ҳам худолар устидан ғалаба нашидасини суриш учун қарорлари устидан масъулиятни ҳис қилган ҳолда уларни лаққиллатгандир.

 

Эксистенциалистик ёндашув биз яшаётган дунёнинг маъно-моҳияти йўқлигини тан олади. Шунинг учун ҳам инсон қисқа умри давомида ҳаётига маъно бахш этиши учун эрки ўз қўлида бўлишини ёқлайди. Лекин бу инсонни жамият яратган ёзилмаган қонунларга қарши қилиб қўяди. Оқибатда инсон жамиятдан ажралиб қолади, аммо бу ажралиш инсоннинг ўзлигини топишга хизмат қилади.

 

Либералистик ёндашув. Бунинг моҳиятида инсоннинг шахсий эркинлиги, тенглиги ва хусусий мулкига ҳурмат кўрсатишни таъминлаш ётади.

 

 

Либерализм – бу сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий назария бўлиб, у асосан эркин бозорни, шахс эркинлиги, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳукуматнинг аралашувини камайтиришни қўллаб-қувватлайди.

 

Либерализмдаги асосий эркинликлар:

Ижтимоий эркинлик ва ҳуқуқлар (Ҳар бир инсон ўз ҳаётини бошқариш ҳуқуқига эга, давлат уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фақатгина чекловчи ролни ўйнаши керак);

 

Тенглик (Барча инсонлар ўз ҳуқуқлари, сиёсий ва ижтимоий имкониятлари жиҳатидан тенг бўлиши керак);

 

Эркин бозор (Бозор иқтисодиёти ва капитализмни қўллаб-қувватлаш, ҳукуматнинг иқтисодиётга минимал аралашуви керак);

 

Демократик бошқарув (Оммавий фикр ва сиёсий ваколатларни ифодалашга имкон берадиган демократик тизимларни қўллаб-қувватлаш).

 

Ижтимоий эркинлик – бу шахснинг жамият ичидаги ҳаракатларини эркин амалга ошириш, ўз фикрларини эркин билдириш, ўз танловларини амалга ошириши ва ҳаёт тарзини мустақил яратиш ҳуқуқидир. Ижтимоий эркинлик жамиятда мавжуд бўлган ижтимоий, сиёсий ва маданий структуралар орқали белгиланган бўлса-да, либерализм бу эркинликни энг юқори даражага кўтаришга интилади.

 

Ижтимоий эркинликнинг асосий таркиби қуйидагича:

Фикр ва сўз эркинлиги (Инсонлар ўз фикрларини эркин билдириши, сўзлашуви ва ахборот алмашинуви ҳуқуқига эга бўлиши керак);

 

Диний эркинлик (Ҳар бир инсон ўз диний қарашларини эркин танлаш ва уларга амал қилиш ҳуқуқига эга);

 

Шахсий ҳаётга ҳурмат (Инсонларнинг шахсий ҳаётларига давлат ёки бошқа ташқи кучларнинг аралашиши чекланган бўлиши керак).

 

Буни яна Сизиф мисолида аниқроқ тушунтирадиган бўлсак, мазкур афсонани рамзийлаштириб олишимиз керак, яъни бунда Зевс – давлат, Сизиф давлат қонунларини бузган жиноятчи. Бу жинояти учун қамоқхонада маҳбус сифатида жазо муддатини ўташи керак. Ёки, умуман, умрбод қамоқ жазосига маҳкум маҳбус деб талқин этсак ҳам бўлади.

 

 

Диалектик материализм ва ирода эркинлиги. Бунда моддий дунё материя ва унинг ривожланиш жараёнига боғлиқ, онг (фикр, идрок, руҳ) эса моддий жараёнларнинг маҳсули сифатида пайдо бўлади. Шунинг учун инсон онги ва фикрини материалист тушунчалар асосида таҳлил қилиш зарур. Яъни, ҳар бир қароримиз миямизда кечаётган нейронлар реакциясига узвий боғлиқдир. Бунинг исботи тариқасида эса неврожарроҳликдаги кўплаб кузатув ва тадқиқотлар келтирилади.

 

 

Масалан, Жонатан Ҳаидтнинг “The Happiness Hypothesis” асарида келтирилишича: “Виржиния университети шифохонасида шундай ҳодиса содир бўлди. Қирқ ёшлардаги бир мактаб ўқитувчиси тўсатдан фоҳишахоналарга қатнайдиган, болалар порнографиясига оид видео материалларни кўрадиган ва ёш қизларга тегажонлиқ қиладиган бўлиб қолди. Кўп ўтмай у ҳибсга олинди ва вояга етмаганларга нисбатан шилқимлик қилишда айбдор деб топилди. Ҳукм ўқилишидан бир кун олдин у боши қаттиқ оғриётгани ва уй эгасини (Хотини уни бир неча ой олдин уйдан ҳайдаб юборгани сабабли бир аёлнинг уйида ижарада турар экан) зўрлашга хоҳиши кучайиб кетгани туфайли шифохонанинг шошилинч ёрдам бўлимига борди. Ҳатто шифокор билан суҳбатлашаётган пайтда ҳам у ёнидан ўтиб кетаётган ҳамшираларни ўзи билан ётишга ундарди. Мия текшируви шуни кўрсатдики, унинг пешона қисмидаги улкан ўсимта бошқа ҳамма нарсани сиқиб қўйган, натижада бош мия ноўрин хулқни тийиш ва оқибатлар ҳақида ўйлаш вазифасини бажара олмаётганди. (Ақли расо одам ҳукм ўқилишидан бир кун олдин бундай қилиқ қилармиди?) Ўсимта олиб ташлангач, унинг тийиқсиз жинсий майли йўқолди. Аммо кейинги йили ўсимта қайталангач, яна ўша хулқ пайдо бўлди; ўсимта яна олиб ташлангач эса белгилар яна йўқолди.” (Маълумот Хуршид Йўлдошевнинг телеграм каналидан олинди.)

 

Энг сўнггида эса Прагматик ёндашув.

 

 

Бунда диққат-эътибор амалий натижаларга, тажриба ва ҳодисаларни баҳолашда уларнинг манфаатли томонига қаратилади ҳамда унинг асосий тамойиллари, одатда, қуйидагича тавсифланади:

 

Амалий натижалар (Прагматизмда бирор нарса ёки ғоя ҳақидаги якуний қарор, унинг амалий ҳаётдаги таъсири ва манфаати орқали белгиланади. Агар ғоя ёки амалиёт ўзини оқласа, у ҳақиқатан ҳам тўғри деб ҳисобланади);

 

Тажрибага асосланганлик (Прагматизм илмий методга яқин бўлиб, тажриба ва экспериментларга асосланади. Бирор нарсанинг фойдалилиги ёки аҳамияти кўпроқ унинг амалий ҳаётда қандай ишлашига боғлиқ);

 

Инсон ва жамиятнинг амалий эҳтиёжлари (Прагматизмга кўра, фалсафий масалалар фақат назарий эмас, балки инсонларнинг кундалик ҳаётидаги амалий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган бўлиши керак).

 

Масалан, ўқув даргоҳларига алоқадор шахслар учун белгиланган форма тартиби жорий этилганига сабаб – ўқувчи ва ўқитувчиларни масъулиятли қилиб тарбиялаш, жамоадан ажралиб қолмаслиги учун шу жамиятга тегишли шахсларни тенглаштиришдир.

 

Яна бир мисол сифатида йўл ҳаракати қоидаларини олайлик. Бу ҳам асрлар давомида шаклланган тартиб-қоида бўлиб, амалиёт ва тажрибаларга асосланади. Ушбу қоидалардан мақсад эса йўл ҳаракатини тартибга солиш асносида автоҳалокатларнинг олдини олишдир.

 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, прагматик ёндашувга кўра, дарс вақтида шунчаки ўрнимиздан туриб рухсатсиз чиқиб кетолмаймиз ёки чорраҳани қизил чироқда кесиб ўтолмаймиз. Либералистик ёндашувга кўра, фарзандларимизнинг жамиятдаги ижтимоий ўрнини белгиалаш учун уларнинг жинсига қараб ўйинчоқ танлаймиз. Эксистенциалистик ёндашувга кўра, касб-коримиз, умр йўлдошимизни ўзиммиз танлаймиз.

 

Бир сўз билан айтганда ҳар бир инсонда ирода эркинлиги мавжуд, лекин ўзга шахснинг эркинлиги бошланган жойда бизнинг эркинлигимиз тугаши, қарорларимиз оқибатига масъулият билан ёндашиш кераклиги, танловларимиз жамият ва давлатга хавф солмаслиги кераклигини унутмасак бўлгани.

 

Зиёдахон ТУРДИБОЕВА

 

Фото: Абдуманнон Муҳаммад

 

#shaxsiymaromiylik

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17365
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//