
ХIХ аср охири ХХ аср бошларида юзага келган жадидчилик Туркистон тарихида муҳим аҳамият касб этди. Бу ҳаракатнинг асл мақсади Туркистонни мустамлака зулмидан қутқариб мустақилликка олиб чиқиш бўлиб, мазкур мақсадни амалга ошириш учун жадидлар турли, хусусан, таълим, адабиёт, театр, ижтимоий жамиятлар ва бошқа соҳаларда фаолият олиб бордилар. Ва мазкур фаолият моддий жиҳатдан яхши таъминотни тақозо этган. Бу даврда эса жадидлар билан бирга Туркистон тадбиркорлари ва ишбилармонлари елкама-елка туриб, уларни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаганлар.
Совет иттифоқи даврида қонли қатағондан жабр кўрган халқ қаҳрамонлари талайгина. Шулардан бири ўз даврининг буюк арбоби Исроилжон Иброҳимовдир. Унинг узоқ йиллар давомида жамоатчилик онгидан яширинган ҳикояси, жамият олдидаги хизматларига тўхталмоқчимиз.
Исроилжон Иброҳимов ўтган асрнинг 20-йилларида мустақиллик учун кураш олиб борган “Миллий истиқлол” уюшмаси раҳбарларидан бири эди[1]. У 1868 йили Тошкент шаҳрининг Шайховандитоҳур даҳаси 2-Илла маҳалласида яшовчи Иброҳимжон оиласида туғилган[2]. Отаси савдо-сотиқ билан шуғулланиб, ўз даврининг машҳур тадбиркорларидан бири ҳисобланган. Исроилжон Иброҳимов замонасининг маърифатли ва саховатли бойларидан бири бўлган, ёшлигидан отасининг изидан бориб савдо-сотиқ сир-синоатини ўрганади. Асосан тўқимачилик, мато ва ипак савдоси билан шуғулланган. Тошкент, Қўқон, Ўш, Ўратепа, шунингдек Россия империясининг бошқа шаҳарларида, жумладан Қозон, Уфа, Олмаота, Москва ва Санкт-Петербургдаги бир қанча савдо дўконлари эгаси бўлган[3].
Иброҳимов Қорёғди маҳалласида жойлашган “Карвонсарой”да савдо карвонлари билан ҳам яқин алоқада бўлган. У нафақат оиласи ва ҳамкасбларини таъминлабгина қолмасдан, хорижга ҳам кўп саёҳат қилган, тижорат алоқаларини кенгайтирган. Хорижга саёҳатлар орқали унинг дунёқараши ўзгарди, Туркистоннинг ҳолатига четдан баҳо бера бошлади. Қаҳрамонимиз ижтимоий масъулиятни чуқур ҳис қилган, буни унинг хайрия фаолиятида кўриш мумкин. У кам таъминланган ва муҳтожларга, айниқса, кўп болали оилаларга фаол ёрдам берган, шунингдек, таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш учун маблағ ажратган.
Исроилжон Иброҳимов ҳаётида халқ орасида “жума йиртиш” номи билан машҳур бўлган амалиёт – жума намози олдидан мато бўлакларини (асосан ипак) тарқатиш анъанаси алоҳида ўрин тутган ва бу унга “Исроил-шойифуруш” лақабини берган. У одамларга қийин пайтларда ёрдам берган. Тўқимачилик маҳсулотларини тарқатиш бўйича ушбу фаолият нафақат хайрия, балки жамиятнинг қўллаб-қувватлаши ва оғир ҳаёт шароитларида қолганларга ёрдам кўрсатиш рамзи бўлган муҳим ижтимоий ишора эди[4].
20-йилларда Исроилжон Иброҳимов шафқатсиз қатағон ва большевиклар сиёсати шароитида ўзбек халқи манфаатларини ҳимоя қилишга интилган сиёсий ҳаракат фаолиятида фаол иштирок этади. Бу ҳаракат “Миллий иттифоқ” номи билан машҳур бўлиб, Туркистонда большевиклар ҳокимият тепасига келганидан бери маҳаллий зиёлиларнинг кўплаб вакиллари, тадбиркорлар ва анъанавий қадриятларни ҳимоя қилишга интилган фаоллар қатағон хавфи остида қолди.
Исроилжон Иброҳимов Тошкентнинг “Эгачи” ва “Қашқар” маҳаллаларида яқин дўсти ва сафдоши Мунавварқори Абдурашидхоновга ички ва ташқи ҳовлили мактаб қуриб берган. Бундан ташқари, миллатимиз зиёлиларига Туркия давлатидан келтирган китобларни тез-тез улашган. Катта ер ва мол-мулкидан тушган фойда эвазига уларнинг моддий таъминотини мунтазам таъминлаган. Рус, немис, француз тилларини яхши билган. Франция давлатининг фахрий фуқароси сифатида катта эътиборга лойиқ кўрилган. Парижда ўша даврдаёқ Ўзбекистон номидан савдо ярмаркаларини ташкил қилган[5].
“Йўқолсин бойлар, яшасин камбағаллар”, деган мунофиқона шиорни байроқ қилиб олган тузум иймон-эътиқоди, саховати билан ажралиб турган аждодларимиз тамойилига зид иш кўрди. Алдовлар асосига қурила бошлаган янги жамият оқибатда нафақат моддий, балки маънавий бой инсонлар бошига не-не балолар ёғдирди. Бошқа алифбони тарғиб этиш билан халқимизни умуман саводсиз, омига айлантирди. Сўнг баландпарвоз шиорлар билан “Саводсизликка қарши курашамиз”, дея бонг урди. Бошдан охиригача шум ниятга асосланган ҳаёт қуришга киришилди. Одамларга ёлғон гапириш ўргатила бошланди. Эшик ва дарвозаларда қулф пайдо бўлди. Одамлар орасида шубҳа ва гумон болалагандан болалади. Миллатимизнинг асл фарзандларини бирлаштирган “Миллий истиқлол” ташкилотининг шиори “Гулласин Ватан, яшасин илму урфон” бир четга улоқтирилди[6].
1929 йил 6 ноябрда “Миллий истиқлол” уюшмаси аъзолари қаторида Исроилжон Иброҳимов ҳам жосус сифатида ҳибсга олинди. СССР ОГПУ коллегияси томонидан РСФСР жиноят кодексининг 58-модда 2-банди (қуролли қўзғолон) билан айбланиб, 1931 йилнинг 29 апрелида халқ душмани номи билан отишга ҳукм қилинди. Суд ҳужжатларида унинг дафн этилган жойи ҳақида маълумот йўқ, бу эса Иброҳимов каби шахслар ҳақидаги маълумотлар расмийлар томонидан қандай яширилганининг муҳим далили бўлиб қолмоқда.
Кўп йиллар давомида Исроилжон Иброҳимов номи унутилди, шахси расмий тарихдан ўчирилди, жамият ва халқ олдидаги хизматлари барҳам топди. Фақат 1980–1990-йилларда, Сталин вафотидан кейин ва ошкоралик даврида тарихий адолатни тиклаш йўлидаги дастлабки қадамлар қўйилди. У орадан қарийб 60 йил ўтиб, 1989 йил 21 апрелда Ўзбекистон ССР прокуратураси СССР олий совет прeзидиумининг 1989 йил 16 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг қатағон қурбонларига нисбатан одил судловни тиклаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” қарорига асосан оқланди.
Далержон МИРЗАЕВ,
ЎзФА Тарих институти таянч докторанти
[1] Ҳибсга олиниб, отилган “жосус”. “Янги Ўзбекистон” газетаси. 2021-йил 31-август.
[2] Мухаббат Исраилова. Не забыт ваши имена. “Правда востока”. 2000 г. 13 май.
[3] Мухаббат Исраилова. Не забыт ваши имена. “Правда востока”. 2000 г. 13 май.
[4] Мухаббат Исраилова. Не забыт ваши имена. “Правда востока”. 2000 г. 13 май.
[5] Ҳибсга олиниб, отилган “жосус”. “Янги Ўзбекистон” газетаси. 2021 йил 31 август.
[6] Ҳибсга олиниб, отилган “жосус”. “Янги Ўзбекистон” газетаси. 2021 йил 31 август.
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ