
ХХ асрнинг 30–40-йилларида совет ҳокимияти томонидан инсоният тарихидаги энг шафқатсиз қатағонлардан бири ҳисобланган халқларни мажбурий кўчириш сиёсати амалга оширилди. Бу сиёсатдан кўзлаган бош мақсад коммунистик мафкура ғоялари асосида ташкил этилган ҳокимиятни сақлаб қолиш ҳамда янада мустаҳкам илдиз отиши учун замин ҳозирлаш эди. Шу сабабдан, совет ҳокимиятига, унинг юритган нодемократик бошқарув тизимига қарши чиқиши мумкин бўлган ҳар қандай унсурларга шубҳа билан қаралди, гумон остига олинганларга турли айблар ағдарилиб, душманлар қаторига киритилди, қора рўйхатга олиниб туҳматлар билан бадарға қилиб юборилди.
1937 йилга келиб совет ҳокимияти шарқий чегараларни “ижтимоий хавфли” унсурлардан тозалашга киришади. Чегара ҳудудларида яшовчи халқларни кўчириш бошланиши, И.Сталиннинг юз бериши мумкин бўлган урушни олдиндан тахмин қилиб, унга тайёргарлик кўраётганини англатган. Шарқий чегараларни тозалаш учун бошланган депортaция тадбирларида корейслар оммавий кўчириб юборилган биринчи этник халқ бўлди. Япония билан уруш ҳолати юзага келгач шарқий чегара ҳудудларида яшовчи совет корейслари шубҳа остига олиниб, уларни кўчириш мақсадга мувофиқ деб топилади. Бу ҳақда И.Сталиннинг Шарқий туманлар НКВД раҳбари генерал Г.С.Люшков билан суҳбатида, чегара ҳудудларида яшовчи корейсларнинг япон ҳарбийларига жосуслик қилиши мумкинлигидан хавфсираб, олдиндан бу халқга ишончсиз муносабатда эканини билдирган [1]. Яъни, агар Япония билан уруш бошланадиган бўлса корейсларнинг душман давлат томонига ўтиб кетиши ёки япон разведкачи зобитларининг корейс аҳолиси орасида яшириниши осонлиги хавфи мавжудлиги ушбу халқни бутунлай кўчириб юборишга асос қилиб олинади. Натижада, тез орада И.Сталиннинг режасига мувофиқ, 171 781 корейсларни Қозоғистон (36000 оила) ва Ўзбекистонга (16272 оила) кўчириш бошланади[2].
1937 йилнинг 21 августида СССР ХКС ва БКП (б) МИҚнинг “Узоқ шарқ ўлкасидаги чегара туманларидан корейс аҳолисини кўчириш тўғрисида”ги (№1428-326сс) қарори қабул қилинади. Ушбу қарор қабул қилинганидан 20 кун ўтиб Посьета, Спасск, Ғарбий Ханки, Хабаровск туманларидан корейсларнинг дастлабки эшелонлари Ўрта Осиё томон йўлга тушади. Йўлда эшелонларнинг бири темир йўл ҳалокатига учраб ўнлаб аёллар, қариялар, болалар ўлади [3]. Бундан ташқари йўлдаги оғир шароит ва турли юқумли касалликлар вазиятни янада мураккаблаштириб, ўлим ҳолатларини кўпайтирган. Корейс аҳолиси орасида 1938 йилда 1927 йилга нисбатан туғилиш 10 фоизга тушиб кетган ҳамда депортация даврида 2 ёшгача бўлган болалар ўлими сони ортган [4]. Мажбурий кўчириш корейсларнинг демографик ҳолатига салбий таъсир ўтказиб, аҳоли сонининг кескин камайиб кетишига олиб келади.
1937 йил октябрь ойида яна қўшимча 5 минг оила (22–25 минг киши) Ўзбекистонга кўчирилади. СССР НКВД Махсус манзилгоҳлар бўлимининг ҳисоботида келтирилишича, 1937-1938-йилларда Узоқ Шарқ ўлкасидан Ўзбекистон ССРга 16307 нафар корейс оиласи, жами 74,5 минг киши кўчирилди.
Қорақалпоғистон АССР ҳудудига 1800 та корейс оилалари кўчирилган бўлиб, улар Мўйноқ, Хўжайли, Қўнғирот ва бошқа туманларда ташкил қилинган колхозларда балиқ овлаш ва балиқчилик маҳсулотларини етказиб бериш каби ишлар билан банд қилинади [5]. Бироқ дастлабки даврда улар жойлашган колхозлар зарур балиқ овлаш жиҳозлари ва бошқа техник воситалар билан таъминланмагани, шунингдек ишчиларнинг моддий аҳволи оғирлиги каби муаммолар совет ҳукумати томонидан республикадаги ҳал этилмаган масалалар қаторидан ўрин олган эди.
Корейсларни Қорақалпоғистон АССРга кўчириш белгиланган режа асосида кетмаган. 1937 йил 9 октябрда таркибида 1427 кишидан иборат бўлган 4 та балиқчилик колхози бўлган 37-сонли эшелон Арисдан Орол денгизига йўл олган ва уларни Қўнғирот туманига жойлаштириш мўлжалланган. Эшелон таркибида болаларнинг кўплиги ва ўта совуқ ҳавони ҳисобга олиб уларни кутиб олиш ва яна 1000 нафар балиқчи оилаларни Қўнғиротга жойлаштириш топшириғи берилган [6]. Ўзбекистон ССР ХКС раиси Сегизбоевнинг 1937 йил 19 декабрда юборган хатида Қорақалпоғистон АССРга кўчириш режалаштирилган 2300 хўжаликнинг 1383 нафари (6826 киши) жойлаштирилгани, 1529 хўжалик эса ортга қайтарилгани маълум қилинган [7]. Бунга сабаб, ноябрь ойининг биринчи ярмида Орол денгизи туманларида кучли совуқ ва бўронларнинг бошлангани бўлиб, аҳолини Орол денгизи ва Амударё қирғоқлари бўйлаб пороходларда кўчиришнинг имкони бўлмай қолади. 9 балли довул бошланиб [8], ҳаво ҳарорати -17, -21 градусгача тушиб кетган ҳамда кемалар сувда музлаб қолган.
Орол денгизи ҳудудига жойлаштирилиши мўлжалланган 6000 киши белгиланган йўналишга етиб бора олмаган ва буйруққа асосан кўчириш ишлари бутунлай тўхтатилгач, 800 та балиқчи, 300 та колхозчи, 400 та ишчи ва хизматчи оилалари ортга қайтарилган. Уларнинг 5109 нафари Ўзбекистон ССРнинг бошқа туманларига такроран кўчирилган [9].
Улар қиш ойида бекор қолиб кетмасликлари учун янги меҳнат манзилларига қайтадан сафарбар қилининади. Унга кўра, Тожикистон ССРдаги олтин қидириш ишларига қора ишчи сифатида 300 хўжаликни, Қўқон шаҳридаги корхоналарга 400 хўжаликни, совхозларга 150 та, Қуйи Чирчиқдаги колхозларга 150 та, Калинин туманига 150 та, Мирзачўл туманига 150 та хўжаликни жойлаштириш маълум қилинган [10]. Шу тариқа Қорақалпоғистон АССРга корейс аҳолисини жойлаштириш учун ноқулай вақт танлангани, уларнинг йўл ярмида совуқ довулга учраб, катта қийинчиликлар билан ортга қайтарилишига тўғри келган.
Ўзбекистон ССРга кўчирилган корейс хўжаликлари 196 та мавжуд бўлган, 50 та қайтадан ташкил қилинган мустақил фаолият юритувчи колхозларга жойлаштирилади. 1938 йилда Ўзбекистон ССР ва Қорақалпоғистон АССРдаги жами 254 та колхозда 16 908 та корейс хўжаликлари меҳнат қилган [11].
Совет давлати вужудга келган даврдан бошлабоқ, ҳокимиятни янада мустаҳкамлаш ҳамда тоталитар тузумни қарор топтириш учун қатағон усулидан кенг фойдаланди. И.Сталиннинг ҳокимият тепасига келган даврдан то унинг вафотига қадар содир этилган синфий ва этник тозалашлар туфайли миллионлаб инсонлар ўз ватанидан махсус манзилгоҳларга мажбурий кўчириб юборилди. Халқларни мажбурий кўчириш орқали совет ҳокимияти ўзининг сиёсий ва иқтисодий мақсадларини амалга оширишни режалаштириб, турли миллатлардан таркиб топган давлатнинг демографик ҳолатини сунъий равишда ўзгартириб юборди ҳамда бу сиёсат кейинги даврларда ўзининг аянчли оқибатларини бирма-бир намоён қила бошлади. Совет давлатида кучли маъмурий буйруқбозлик тизими ишлагани, инсон ҳуқуқлари ва эркинлиги тушунчасига мутлақо зид фаолият юритгани, Конституция ва қонунларда фуқaролар тенглиги эътироф этилса-да, амалда бунга йўл қўйилмагани бутун бошли халқларни сургун қилишдек инсоният тарихидаги энг оғир жиноятнинг содир этилишига асос бўлиб хизмат қилган.
Мавлуда РАҲМOНОВА,
ЎзФА Тарих институти таянч докторанти
Фойдаланилган манба ва адабиётлар
1. Бугай Н.Ф. Иосиф Сталин – Лаврентию Берии: «Их надо депортировать...». – С. 6.
2. Ким П.Г. Корейцы Республики Узбекистан. – Тошкент: Ўзбекистон, 1993. – С. 6.
3. Ким П.Г. Корейцы Республики Узбекистан. – С. 13.
4. Эдиев Д.М. Демографические потери депортированных народов СССР. – Ставрополь, 2003. – С. 103.
5. ЎзМА. Р-837-жамғарма, 32-рўйхат, 590-йиғмажилд, 4-бет.
6. ЎзР ИИВА. Р-432-жамғарма, 5-рўйхат, 2-йиғмажилд, 164-бет.
7. “По решению правительства Союза ССР...”. Сборник документоварақ. Сост. и авторы Бугай Н. и Гонов А. – Нальчик, 2003. – С. 151-152.
8. ЎзР ИИВА. Р-432-жамғарма, 5-рўйхат, 5-йиғмажилд, 522-бет.
9. ЎзР ИИВА. Р-432-жамғарма, 5-рўйхат, 5-йиғмажилд, 566-бет.
10. ЎзР ИИВА. Р-432-жамғарма, 5-рўйхат, 2-йиғмажилд, 517-бет.
11. ЎзМА. Р-837-жамғарма, 32-рўйхат, 1228-йиғмажилд, 26-бет.
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ