“Мен Туркистон учун шифокор бўлишни истаган эдим” – Германияда ўқиб, юртига қайтолмаган Абдуваҳоб Ўқтой ҳикояси


Сақлаш
01:54 / 21.07.2023 880 0

ХIХ аср охири – ХХ аср бошларига келиб Туркистон тобора глобаллашиб, ривожланиб бораётган Европа тараққиёти ва саноатидан ортда қола бошлади. Натижада, ўлкада анъанавий мусулмон таълим тизимини модернизация қилиш, Европа илм-фанини ўрганиш ва амалиётга жорий этиш тўғрисида бонг урувчи зиёли тараққийпарварлар гуруҳи шаклланди. Жадид тараққийпарварлари Туркистонда олий таълим муассасаларининг йўқлиги ва бу борада амалий тажриба ҳам пастлиги сабаб ёшларни чет элда ўқитиш, айниқса, Европа илм-фани ютуқлари билан яқиндан таништириш орқали Туркистонни эрк ва озодликка олиб чиқишни мақсад қилгандилар (Қайд этиш керакки, Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон ёшларини хорижда ўқитиш тўғрисида ХХ асрнинг 10-йилларидаёқ бонг урган эди). Бу йўлда зиёлилар “Кўмак” ташкилотини тузиб ўзбек ёшларини хорижда ўқитиш борасида катта ишларни амалга оширди. Ушбу ташкилотнинг юзага келишида Маориф комиссарияти Ўзбек билим ҳайъати қошидаги ўрта, олий мактабларда ўқувчи ўзбек ёшларининг “Адабиёт” тўгараги асосий ўзак бўлиб хизмат қилди. 1922 йил 2 майда асос солинган “Кўмак” уюшмаси  томонидан Германияга жўнатилган талабалар орасида Абдуваҳоб Ўқтой ҳам бор эди.

 

Абдуваҳоб Ўқтой 1904 йилнинг 10 февралида Тошкентда туғилган. Отаси тошкентлик савдогар Исҳоқбек, онаси Обидахоним бўлиб, уларнинг ўн бир нафар фарзанди бўлган. Абдуваҳоб Ўқтойнинг оиласини яқиндан билган Вали Қаюмхон “Профессор Ўқтой Туркистоннинг кибор, зиёли ва тараққийпарвар оиласига мансуб эди. Унинг оиласи билан бизнинг оиламиз ўртасида яқин алоқалар мавжуд эди. Абдулваҳобнинг оиласи Тошкентда катта обрў-этиборга эга эди. У ватанга бўлган миллий туйғуни энг аввало оиласида олди” деб таъкидлаган.

 

Вали Қаюмхон қайд этганидек ёш Абдуваҳоб илк таълимни ота-онасидан олади. Шундан сўнг у таълимни Мунавварқорининг жадид мактабида давом эттирди. Тошкентдаги мазкур мактабнинг таълим даври олти йил бўлиб, Ўқтой таҳсилини 1916-йилда тугатди. Вали Қаюмхон ўзининг “Профессор Ўқтойни эслаб” номли мақоласида “У таҳсилини жадидлар томонидан ташкил қилинган мактабда даъвом эттирди ва бу мактабни 1916-йилда тамомлаб ўз билимини янада ошириш мақсадида 1917-йилда Бакуга сафар қилди” деб ёзади.

 

Ўқтой 1917 йилда Озарбойжонга Тоҳир Чиғатой билан бирга келди. Озарбойжонга муаллимлар мактабида ўқиш ниятида борган Тоҳир Чиғатой Ўқтойнинг келгуси ҳаётида нафақат яқин дўсти, балки Туркистонни озод қилиш йўлида олиб борилган миллий курашдаги яқинларидан бири бўлди. Уларнинг нечоғлиқ яқин дўст бўлганлигини Ўқтойнинг қуйидаги битигидан англаш мумкин: “Тоҳир билан дўстлигим жуда эскидир. Бу дўстлик қардош Озарбойжонда бошланди, Германияда илдиз отди, Туркияда эса ривожланди”.

 

Абдуваҳоб Ўқтой ёшлигиданоқ тиббиётга қаттиқ қизиққан бўлиб, ушбу касбни мукаммал эгаллашни орзу қиларди. Тоҳир Чиғатойнинг рафиқаси Саодат Чиғатой ҳам ўзининг “Турк юрти” журналида ёзган мақоласида Абдуваҳоб Ўқтойнинг тиббиётни жуда чуқур ўрганиш истагида бўлганлигини қайд этган. Яна Саодат Чиғатойнинг ёзишича Ўқтойнинг тиббиётни чуқур ўрганишга бўлган қизиқишининг сабаби чақалоқлигида вафот этган укасининг аччиқ хотираси ҳамда туркистонликларнинг тез-тез турли хил касалликлардан азият чекиши эди. Шу боисдан ҳам Абдуваҳоб Ўқтой шифокор бўлиш йўлида ҳаракат қилди. У шу мақсади йўлида бир гуруҳ туркистонлик талабалар билан ХХ аср бошларидаги илм-фан маркази бўлмиш Германияга йўл олди.

 

Ўқтой 1922 йилда Берлинга келиб таҳсил олишга киришди. Таҳсилнинг илк йилларида немис тилини мукаммал ўзлаштиришга аҳд қилди, кутубхоналарда изланди, немис оилалари билан яқиндан танишди, дўстлар орттирди. Абдуваҳоб Ўқтой билан биргаликда 1922 йилда Германияга келган тошкентлик яна бир Туркистон фарзанди Саттор Жаббор ўша йилларнинг умумий манзарасини тасвирлаб қуйидагиларни ёзади: “Биз 1922 йилнинг сўнгги ойларида Олмонияга келгач, энг аввало, немис тилини ўргана бошладик. Буюк Туркистонни талаб, ёндириб, эзиб келган рус монархистлари, Петр Великий Оврупога юбориш учун талаба топа олмаган вақтларини эсларига олмасдан “Сартлар Оврупада нима қиладир?” деган истеҳзолар билан матбуотда (Берлинда чиқадирган “Рур” газетасида) қичқиришиб ўтган эдилар. У қорни катта жаноблар бизни Оврупо маданиятига муносиб кўрмаган эдилар. Рус миллатчиларининг бу совуқ ва қўпол қарашларига қарши Германлар томонидан яхши кутиб олиндик. Матбуот “Туркистон уйғонди, уйғонсун!” каби ундовлар билан қизғин мақолалар ёзиб ўтди”.

 

Абдулваҳоб Ўқтой 1929 йил 20 июнда Гейделберг университетининг тиббиёт факультетини тамомлаб, Дармштадт касалхонасининг жарроҳлик бўлимида биринчи тиббий амалиётини бошлади. Ушбу амалиёт 1929 йил 31 декабргача давом этди ва шу йили Абдуваҳоб Ўқтой докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб,  тиббиёт фанлари доктори унвонига эга бўлди. Абдуваҳоб Ўқтой 1929 йилдан бошлаб Германиядаги касалхоналарда фаолият кўрсата бошлади. Унинг илк иш жойи Берлиндаги Невколн номли касалхона бўлди. Бу ерда у бир муддат малакасини оширгач, 1938 йилга қадар доктор Кауфманнинг назорати остида Германиянинг қатор касалхоналарида фаолият олиб борди. Абдуваҳоб Ўқтойнинг Германияда йиллар давомида дуч келган энг катта қийинчилиги немис шифохоналари хорижлик шифокорларга ўз касалхоналарида фақат тунда ишлашга рухсат берганлиги эди. Чунки у олий тиббий таълимни тугатган бўлса-да, меҳнат қилишни орзу қилган юрти Туркистонга қайта олмади. Бунга Мунаввар қори, Убайдулла Хўжаев ва бошқа зиёлиларнинг, айниқса, Германияда ўқишни тугатиб ватанига қайтган талабаларнинг советлар томонидан мафкуравий душман сифатида қамалганлиги сабаб бўлди. Ўша йилларнинг оғир манзарасини Абдуваҳоб Ўқтойнинг рафиқаси Саида Шераҳмедова шундай тасвирлаган эди: “Туркистон ва Бухоро Халқ жумҳуриятлари томонидан амалга оширилган юрт фарзандларини Германияга ўқишга юбориш миссияси совет ҳукуматини қаттиқ ташвишга солган эди. Польша билан урушнинг тугаши ва кейинчалик Туркистонда миллий истиқлолчилик ҳаракатининг назоратга олиниши Совет Россияси маъмуриятини анча енгил торттирди. Энди чекка республикалардаги маҳаллий зиёлилар ва давлат арбоблари томонидан амалга оширилаётган, айни дамда эса, большевиклар ҳукуматига ёқмаган масалаларни ҳал қилиш мумкин эди. Шундай қилиб большевиклар талабаларни Совет Иттифоқидан ташқарига юбориш лойиҳаларини тўхтатишга ҳаракат бошлаб, шу кунгача Германияга ўқишга борган талабаларни ҳам тезроқ ортга қайтаришга интилдилар. Туркистон газеталарида Германияга оʻқишга борган талабаларнинг инқилоб даврида бу ўлкада паноҳ топган эски чор тузуми тарафдорлари, яъни оқ руслар билан алоқада бўлганлиги ва уларнинг таъсирида талабаларнинг онгги зарарли ғоялар билан заҳарлангани ҳақида мақолалар эълон қилина бошлади. Ҳаттоки большевиклар ҳукумати Туркистон ўлкасида ёшларнинг кўнглида Европада илм олиш истагини буғиш мақсадида у ерга борган талабалар немис мактабларига қабул қилинмагани, улар Германияда сиёсий қочоқлар таъсирига тушганлиги ҳақида миш-мишлар тарқатишди”.

 

Абдулваҳоб Ўқтой Совет ҳукуматининг қаттиқ босими остида 1938 йил 21 февралда Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлигига ариза ёзади. Ушбу аризада у Туркия Республикаси фуқароси бўлишни хоҳлаётганини билдирган. Ўқтой аризага қўшимча равишда ўзи тўғрисида қуйидаги маълумотномани ҳам илова қилиб келтиради: “Абдуваҳоб Ўқтой 1904 йил 10 февралда Туркистонда туғилган. Бошланғич ва ўрта таълимни 1922 йилгача Туркистон ва Озарбойжонда олган. 19231929 йилларда Германияда тиббиёт факультетида ўқиган. У Германияда икки йиллик тил курси давомида немис тилини ўрганган. Туркистонда ўрта таʼлим даврида рус тилини ўрганган. Отаси 1933 йил баҳорида, онаси 1908 йилда Тошкентда вафот этган. Унинг Туркистонда ўз мулки бор. Туркистонлик Саида Ўқтойга уйланган”.

 

Абдуваҳоб Ўқтой рафиқаси Саида Шераҳмедовани ўзидан олдинроқ Туркияга юборган бўлиб, турмуш ўртоғи келгунча Саида Ғозий таълим институти ва Анкара биринчи ўрта таълим мактабида немис тилидан дарс бериш билан шуғулланган. Ва ниҳоят Абдуваҳоб Ўқтой ҳам Туркияга киришга рухсат олгач, оила жам бўлиб бирга яшай бошлайдилар.

 

 

Абдулваҳоб Оқтай узоқ йиллар Истанбулнинг Лалилидаги клиникасида машҳур акушер жарроҳ сифатида ишлади. Унинг ҳамкасблари ҳатто уни “Жамият шифокори” деб чақиришар эди.

 

Абдуваҳоб Ўқтой Берлин ва Истанбулда тиббиёт билан шуғулланишдан ташқари хорижда туриб Туркистоннинг эрки ва озодлиги йўлида ҳам фаол ҳаракатларни амалга оширган. Жумладан, у ўзининг “Янги Туркистон”, “Ёш Туркистон” журналларида чоп этилган мақолаларида Туркистоннинг эрку озодлигини куйлади, мустамлакачи ҳукуматга қарши бор қаҳру ғазабини матбуот орқали сочди.

 

Абдуваҳоб Ўқтой журнал саҳифаларида эълон қилган мақолаларини “Илтар”, “Ўқтой”, “Жанай”, “Туйғун” каби тахаллуслар остида эълон қилиб борган. Абдуваҳоб Ўқтой томонидан журналларда ёзилган мақолалар асосан большевиклар томонидан Туркистонда амалга оширилган сиёсий, иқтисодий ва маданий сиёсатни танқид қилишга бағишланган. Булардан ташқари Ватан соғинчи, миллатпарварлик туйғулари билан шеърлар ҳам ижод қилган. Шеърларини “Туйғун” имзоси билан ёзган.

 

Ўқтойнинг ёзишича, большевикларнинг Туркистон ҳудудида олиб борган сиёсатининг номи шовинистликдир. Ушбу сиёсатнинг натижаси ўлароқ Турк номи миллат номи сифатида, Туркистон номи эса мамлакат номи сифатида йўқ қилинди ва бу ерлар Ўрта Осиё деб атала бошланди. Чор Россияси бир пайтлар бошлаб берган ассимиляция сиёсатини коммунистик Россия тўхтаган жойидан давом эттирмоқда. Совет руслари бу ассимиляцияни амалга ошириш учун кўп усуллардан фойдаланмоқдалар. Ана шундай йўллардан бири муҳожирлик сиёсатидир. Большевиклар ҳукумати рус деҳқонларини Туркистон ерларига вақт ўтиши билан жойлаштириш орқали ўзбек аҳолиси сонини камайтиришни ҳамда деҳқонларни бутунлай Москвага қарам қилиб қўйишни мақсад қилган. Ҳақиқатдан ҳам Ўқтойнинг юқорида келтирган фикрлари бор ҳақиқат эди. Жумладан, тараққийпарвар адиб, тошкентлик Ғози Юнус ҳам “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 245-сонида эълон қилган “Ҳўл бало” мақоласида большевиклар томонидан амалга оширилаётган мухожирлик сиёсатининг даҳшатли оқибатлари хусусида тўхталиб “Бу кун мамлакатимизда бўлиб турғон бузғунчилиқ ва ярамаслиқлар тўғрисида кундалик матбуотда ёзилиб турғон дод-ҳасратни бир ерга тўпласангиз эс кетар даражада бир даҳшат кўз олдингизга келиб босадир. Атрофни тамом ҳар хил бандитлар, ўғрилар, жиноятчилар босқон” деб ёзган эди.

 

Абдуваҳоб Ўқтой Берлинда чоп этилган “Ёш Туркистон” журналида ҳам ўз мақолалари билан фаол иштирок этган. “Ёш Туркистон” журналининг жами бўлиб, 117 та сони нашр қилинган. Ушбу журнал “Янги Туркистон” журналидан кейин туркистонлик муҳожирлар томонидан чоп этилган иккинчи журналдир. Абдуваҳоб Ўқтойнинг ушбу журналда жами 84 та мақоласи эълон қилинган бўлиб, улардан 20 тасини “Абдулваҳоб”, 20 тасини “Жанай”, 25 тасини “Тўқтамиш ўғли” ва 19 тасини эса “Илтар” тахаллуслари остида чоп эттирган.

 

Жумладан, Абдуваҳоб Ўқтой журналнинг 1930 йил 3-4-сонларида “Жанай” имзоси билан эълон қилган “Босмачилиқ тўғрисида” номли мақоласида Туркистондаги коммунистик даврий матбуотда “босмачилик” атамаси қўлланилаётганлигига эътироз билдириб, асл босмачилар большевиклар ҳукуматининг ўзидир деган фикрни ўртага ташлайди. Хусусан у ушбу мақоласида “Босмачи” сўзи яхши сўз эмас… уруш вақтида ҳар бир томон қаршисидаги душман аскарини “таловчилар тўдаси” деб атағани каби, большевиклар ҳам “рус пролетарияти диктатураси”га қарши чиқғон биринчи Туркистон ихтилолчилариға юқоридағи босмачи исмини берадилар. Бироқ ўшал даврларда Туркистондаги совет ҳукуматига кимлар бошлиқлик қилар эдилар? Ўғрилик учун қамоқда ўтирган Феодор Колесоф комиссарлар шўросига раис эди. Босмачиларға қарши уруш ишларини идора этган совет ҳарбий комиссари Парфилов пахта тозаловчи заводлардағи ишчилар тарафидан берилган ўн минг сўмдан ошиқ ақчани ўз киссасига солиб кетган бир ўғри одам эди. Умумият-ла Тошкентдаги большевик фирқаси ўғрилар билан тўла эди” деб таъкидлаган.

 

Айниқса Абдуваҳоб Ўқтойнинг устози Мунавварқорига бағишланган мақоласи муҳим аҳамиятга эгадир. Абдулваҳоб ушбу мақоласида ХIХ аср турк халқидан тўрт буюк шахсият етишиб чиққанлигини қайд этиб, уларнинг бири Мунавварқори эканлигини таъкидлаган. Муаллиф ушбу мақоласини 1931 йилда большевик жаллодлари томонидан отиб ташланган миллий зиёли Мунавварқорининг хотирасига бағишлаган. У Мунавварқорига таъриф берар экан, “Жаҳолат уйқусина ботмиш туркларни уйғотибдир ва миллатга нажот йўлини кўрсатибдир”, деб ёзади ва Мунавварқорини Исмоил Гаспиралидан кейинги энг машҳур сиймо ўлароқ келтиради. Хусусан у ушбу мўътабар шахс ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Мунавварқори бизнинг Туркистонда миллий маориф, миллий нашриёт ва миллий мафкурачиликнинг соғлом уруғларини сочғон ва минг турли оғирлиқ ва тўсқинлиқларға қарамасдан буларни кўкартиришға муваффақ бўлғон бир зотдир. Унинг очғон миллий мактаблари Туркистоннинг мингларча болалариға миллий руҳ берган ва уларни юрт ҳам миллат севгиси ила қураллантирғондир. Ушбу сатрларни қораловчининг ўзи ҳам Мунавварқорининг Тошкентдаги “Наъмуна” мактабида 6 йил ўқиғондир. Шунингчун мен, устозимиз Мунавварқорининг Туркистонимизнинг ҳар томониға ёйғон жадид мактабларининг ич-юзини яхшироқ танийман десам, янглишмасам керак. Бизнинг ўз Туркистон болалари, турк болалари, Чингизхон ва Темур ўғиллари эканлигимизни илк топқир зеҳнимизга ўрунлаштирғон ва бизга юрт ҳам миллат севгисини берган мактаблар шул “Наъмуна” каби миллий ўчоқлар бўлғондир… Мунаввар, ўз исмига ярашатурғон нодир бир хилқат эди. Унинг фитрий заковатидан сочилғон нурлар Туркистоннинг қора муҳитини кўпдан ёруғлантириб, халқимизнинг юмуқ кўзларини очмишдир. Уйғонган халқимиз ўз йўлини аниқ белгилаб, ўз миллий аъмоли орқасидан югурмакдадир. Душманнинг қиличи, тўпи уни бу йўлдан тўхтата олмади… Буюк устозимиз Мунавварқорининг пок руҳига фотиҳалар…”. Абдуваҳоб Ўқтойнинг юқоридаги сўзларидан яққол кўриниб турибдики, унинг ўз устози бўлмиш Мунавварқорига нисбатан бўлган меҳр-муҳаббати, ҳурмати чексиз бўлган. Буни биз ушбу мақоласи остига “Бурунғи “Наъмуна” мактаби ўқувчиларидан: Абдулваҳоб” деб имзо қўйганлигидан ҳам билишимиз мумкин.

 

Шу билан бирга Ўқтойнинг “Туркистон култур асарларининг оқибати” деб номланган мақоласи ҳам долзарб аҳамиятга эгадир. Муаллиф ушбу мақоласида Совет ҳукумати томонидан ўлка халқининг миллий-маданий меросига нисбатан ваҳшиёна хиёнатларини очиқ-ойдин танқид қилган. Жумладан, у “ХII–ХV асрлардан ҳозирги кунгача сақланиб келинган тарихий бинолар динамит воситаси ила хароб этилиб, ҳавоға учирилмакда ва Туркистоннинг хонсаройлари деворлари остидағи мармар тошлар қўпорилиб, кўприклар учун ишлатгани олиб кетилмакдадир. Масалан, Хива шаҳриндаги “Гўрунушхона”нинг мармар безаклари маҳаллий хўжалиқ бўлими тарафидан кўчирилиб, кўприкка ишлатилган бўлса, Ҳўқанддаги Муҳаммад Алихон мадрасаси бузилиб унинг ҳам деразалари кўприкка ишлатилгандир” деб ёзиб, миллатнинг маданий меросига нисбатан болmшевиклар томонидан кўрсатилаётган варварларча муносабатга кескин норозилигини билдирган.

 

Абдуваҳоб Ўқтой 1962 йилнинг 12 июлида Истанбул шаҳрида чексиз ватан соғинчи билан вафот этди. Гарчи у юртга қайтолмаган бўлса-да, доимо қалбида Туркистонга нисбатан чуқур муҳаббат билан яшади, ўзининг бутун ҳаёт фаолияти давомида устози Мунавварқорига берган ваъдасига содиқ қолди. Унинг юраги доимо Туркистон деб урди, ёшларни юрт учун жон беришга тайёр туришга, душмандан қўрқмасдан мардларча курашишга чорлади. У ўзининг “Йигитларга” номли қуйидаги шеърий мисраларини ёзганида қанчалик ҳақ эди:

 

Эрк майдонида отлар ўйнатиб,

Шон тарихиға қоний-ла ёзиб,

Кетди додамиз мерос қолдириб,

Истиқлолли юрт бизга, йигитлар!

 

Меросимизни зўр ила олғон,

“Сир”ингни ноҳақ қонга бўяғон,

Эрк ўғриси ваҳший қоратолдан,

Ўч олмоқ учун юр, йигитлар!

 

Бешотарингни ўқла тўлдириб,

Байзо қиличини қиндан чиқариб,

Саман отингни сафда ўйнатиб,

У истиқлолни қутқар, йигитлар!

 

Менлик карнайи чалинди юртнинг,

Арафасидур бу, ийди миллатнинг.

Ҳирпирағуси байроғи юртнинг

Отни қамчила, Темур йигитлар!

 

Курси, чирвонға жон отқонларни,

Русла бирлашиб қон эмганларни,

У номусфуруш отасизларни

Кесиб парчала-да гар, йигитлар!

 

 

 

Муслимбек АЛИЖОНОВ,

Қатағон қурбонлари хотираси давлат

музейи катта илмий ходими

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//