
Деярли 3 минг йиллик вақт кесимида Евроосиё кенгликлари ва туташ ўлкаларда 250 га яқин сулолаларга асос солган туркий эл-улуслар ўзларининг ўзгачаликлари билан дунё тарихида айрича феномен – сийрак учрайдиган ҳодиса саналади. Ўзак юртлари бўлмиш Ўрта Осиё, Шарқий Туркистон, Ордос ўлкаси (Шимолий Хитой), Олтой ва Мўғулистон, Кунгай Сибир, Волга – Уралбўйидан ташқари яна Европанинг кунчиқари, Узоқ Шарқ, Хуросон ва Шимолий Ҳиндистон, Шимолий Кавказ ва Қора денгиз бўйлари, Эрон, Миср, Кичик Осиё ва Яқин Шарқда ўнлаб сулолалар қурган туркийлар довруғи дунёга ёйилиши ўз-ўзидан бўлмай, бунинг негизида кўплаб омиллар ётади. Сиёсий жиҳатдан уюшув, ҳарбий ишда эпчиллик, йўлбошчини сайлаш ва унга содиқлик, жамиятда алплик ва билгаликнинг ардоқланиши, эл – давлат ишида жонкуярлик ва бошқа ўзига хосликлар туркийларнинг бу даражага эришувидаги бош омиллардир.
Юқорида туркий эл-улуслар ўзларининг ўзак она юртларидан бошқа яна ўнлаб ўлкаларда кўплаб сулолалар тузиб, биргина қондошлари эмас, ўзга эл-улусларнинг ҳам бошини бириктирганини айтиб ўтдик. Ўрнак келтирадиган бўлсак, биргина Ҳинд ўлкасида 1,5 ярим минг йилдан кўпроқ вақт кесимида ўнлаб туркий сулолалар бошқаруви ўрнатилган бўлиб, бошқарувчи элати олд-турклар билан тенглаштириладиган Кушон салтанати (мил. I – III юзй.), IV – VI юзйилликлар оралиғида Ўрта Осиёнинг ўзак ерлари, Шарқий Туркистон, Хуросон ва Шимолий Ҳиндистонни бирлаштирган Хионийлар, Кидарийлар ва Эфталийлар (Абдаллар – 440-565 йй.), кейинроқ эса Турк хоқонлиги (552-744) бошқаруви чоғида Ҳинд ўлкасида туркийлар салмоғи орта борди. Кидарийлар ва Эфталийларнинг айрим тармоқлари Шимолий Ҳиндистонда ўз сулоласини қурган бўлсалар, кейинчалик Кобул Тегиншоҳлари (640-843), Ғазнавийлар (977-1186), Деҳли султонлиги (1206-1526), Темурийлар (1370-1507), Бобурийлар (1526-1858) ва яна бир неча йирик-кичик туркий сиёсий уюшмалар бу ўлканинг жиловини ўз қўлларида тутиб турдилар.
Туркий эл-улуслар томонидан Европанинг кунчиқарида, бошқача айтганда Шарқий Европада туркий элатлар томонидан қурилган Хун салтанати (375-469), Хазар хоқонлиги (650-969), Авар хоқонлиги (565-835), Булғор хонлиги (681-1018), ўн-ўғур, қутриғур, сари-ўғур бошқарувлари, ўрта асрлардаги қуман ва қипчоқларнинг бир неча хонликлари, торки (уз), печенег (бижанак) сиёсий уюшмалари бунинг ёрқин ўрнакларидир. Улар сирасига Европанинг кунчиқаридаги ўлкаларини эгаллаган венгрларнинг Арпад сулоласи (IX – XV юзй.) ва Олтин Ўрда бошқарувида туркийларнинг ўрни юқори бўлганидек, Усмонлилар (1299-1922) ва Қрим хонлиги (1441-1783) чоғида ҳам Европанинг сезиларли бир бўлагида туркийлар бошқаруви етакчилик қилди.
Эрон ва Яқин Шарқни эгаллаган Салжуқийлар (1038-1194), Элхонийлар (1256-1353), Жалойирийлар (1336-1411), Оқ-қўйунли ва Қора-қўйунли, Сафавийлар (1502-1736), Нодиршоҳ Афшар (1736-1747) ва Кожорлар (1779-1925) каби сулолалар бу ерларда деярли минг йил бўйи туркийлар бошқаруви етакчилик қилишига олиб келди. Ҳиндистон, Шарқий Европа ва Эрондаги туркий сулолалар сони санаб чиқилса, уларнинг салмоғи 50 га етиб қолади. Туркийларнинг ўз она юртларида ва Миср, Хитой каби ўлкалардаги сулолаларни қўшиб саналганда бу ўлкалардаги туркий сулолалар сони 200 дан ошиб кетади. Шу йўсинда юқорида айтиб ўтилганидек туркийлар деярли уч минг йиллик ўтмишида 250 га яқин сулола қуриб, ўз довруғини ёйганлари янада ойдинлашади.
Дунё эл-улуслари ўтмишида ўрнаги кўрилмаган туркий давлатчиликнинг бу даражага етиши ўз-ўзидан бўлмай, бунинг негизида бошқарув ва ҳарб ишида эпчиллик бош омиллардан бири бўлгани ётади дея урғулар эканмиз, “нега шундай, улар бу ўзгачаликка қай йўсинда эришдилар, бунга нима туртки бўлди” деган саволу сўроқларга ечим топиш керак бўлади. Туркий эл-улуслар ўтмишини ёритувчи турли тиллардаги ёзма манбалар ва элшунослик билимлари билан танишиб чиқар эканмиз, бунинг негизида биринчи ўринда туркийларнинг уюшуви, жамиятлашуви бош туртки бўлганига кўзимиз тушади. Чиндан-да туркий тилда ижтимоий-сиёсий уюшқоқлик юқори бўлганини улар тилида сақланган “эл”, “улус”, “эл-юрт”, “қўш” (сиёсий уюшма), “уруғ”, “элат”, “аймоқ” каби ўнлаб сўзлар кўрсатиб турибди. Улар сирасига яна “эл-кун” сўзини ҳам қўшадиган бўлсак, туркийларнинг ўз тилида кўплаб сўз ва атамалар яратиб, бу соҳада нечоғлик ютуқларга эришганига таниқ – гувоҳ бўламиз.
Бундан бир ярим минг йилча олдин яратилган Ўрхун-Энасой битиктошларида ижтимоий тушунча ўлароқ “бўдун” сўзи халқ англамида ишлатилган бўлса, “эл” сўзи эса ижтимоий-сиёсий атама ўлароқ “давлат, ўлка, халқ” англамларини билдирувчи кенг тушунча бўлганини кўрамиз. Тунюқуқ, Кул Тегин ва Билга хоқонлар ўз битиктошларида элдошларига юзланар экан, “Турк эли” деб Турк хоқонлигини, яъни давлатни кўзда тутган бўлсалар, ушбу битиктошларнинг бошқа сатрларида бирор бир халқ ёки ўлка тўғрисида сўз борганда ҳам бу сўзни ишлатилганига кўзимиз тушади. Шу билан бирга, “эл” сўзи кўпроқ “давлат” англамида қўлланилганини Билга хоқон битиктошида “Тангри сенга эл берди, ўз элингни қўйиб, Табғач (Хитой)га қарам бўлдинг!” дея урғу бериб айтилган сўзлар, шунингдек, иноқ бўлсанг “Мангу Элни тутиб туражаксан” сўзлари кўрсатиб турибди. “Эл” сўзи минг йиллар ўтиб ҳам, туркийлар тилидан тушмагани, юзйиллар бўйи ардоқли сўз бўлиб қолаверганини буюк билгамиз Маҳмуд Қошғарий “Девону луғатит турк”да келтириб ўтган “эл – давлат, ўлка, эл” очиқламасида ҳам кузатса бўлади [Кошғарий 1960: 83; Кошғарий 1967: 42].
Бугунги кунда туркий тилларнинг деярли барчасида шу кўринишда ўзгармасдан сақланиб қолган, бироқ айримларда бирмунча ўзгаришга учраган “эл” сўзи Онадўли ва Озарбайжон туркларида торроқ, Турон – Туркистонда эса анчагина кенг англамларда ишлатилаётганини кўрамиз. Айниқса, ўзбек, қорақалпоқ, қирғиз ва қозоқ тилларида “эл”, “элчилик”, “элимиз”, “эл-юрт”, “эл-улус” каби ижтимоий тушунчалар билан бирга бу сўз билан боғлиқ кўплаб атама ва ибораларга дуч келинади. Ўрнак учун ўзбек тилидаги “эл билса бўлди”, “эл нима дейди”, “ўз элинг”, “ўз элингдан қўймасин”, “эл нархи”, “элкуёви”, “элбоши” ва яна ўнлаб улгиларни келтириш мумкин. Ўзбек тилининг очиқламали сўзлигида бу сўзнинг 3 та англами келтирилади: 1. Эл – бир жойнинг одамлари, аҳолиси, халқи; умуман, кўпчилик одам, ҳалойиқ, ҳамма; 2. Бир юртга, қабилага мансуб одамлар; миллат, халқ; 3. Юрт, диёр, мамлакат [ЎТИЛ 2008: 29]. Бундан кўринадики, бу сўз Ўрхун-Энасой битиктошларида қандай англамларда келган бўлса, ўзбек тилида ҳам шу кўринишини сақлаб қолган. Қизиғи шундаки, Маҳмуд Қошғарий бу сўзга яна “эл – икки шоҳ орасидаги келишув, ярашув” деб урғу берар экан, “икки бег бирла эл бўлди – икки бек бир-бири билан ярашди” деган очиқлама келтириб ўтгани кўзга ташланади. Ўзбек тилида ҳам бу сўз шу англамда кенг тарқалганига дуч келамиз. Очиқламали сўзликда “Эл бўлмоқ – кимса билан ўз кишисидек яқин, дўст бўлмоқ; чиқишмоқ” деб тушунтирилиб, унга қуйидагича ўрнаклар келтирилган: “Асли душман эл бўлмас. Этакни кессанг, енг бўлмас” (оталар сўзи); “Бекнинг тўплаган одамлари аллақандай бир-бирига эл бўлмайдиган олчоқ одамлар экан”[ЎТИЛ 2008: 29].
“Эл” сўзи билан боғлиқ ушбу ўрнаклар бугунги кунда туркий эл-улусларнинг кўпчилигида учрайди. Бироқ бу сўз билан бирга келувчи айрим сўзлар борки, улар аллақачон қўлланилишдан чиқиб, эски сўзга айланиб қолган. Шулардан бири деярли минг йил бўйи туркийлар тилида кенг қўлланилиб, яқин юзйилликларга келгачгина унутилиб кетган “эл-кун” (el-kün) қўшалоқ сўзидир. Бундан минг йилча илгари Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида кўп бора тилга олинса-да, “Девону луғатит турк”да эслатилмаган бу сўзга эски турк-уйғур ёзувли “Ўғузнома”да (XV юзй.), “Бобурнома” ва Ўтамиш Ҳожининг “Чингизнома”cида (XVI юзй.) дуч келинади. Қизиғи шундаки, Алишер Навоий асарларида ёки Абулғози Баҳодурхоннинг “Шажарайи турки”да учрамаган “эл-кун” сўзи бугунги туркий тилларнинг айримларидагина эски англамига яқинлигини сақлаб қолгани кузатилади.
Ушбу асарлар бўйича илмий ишлар олиб борган изланувчилардан айримлари бу қўшалоқ сўзни “эл кун” кўринишида берсалар, айримлар эса “эл-кун” кўринишида қўш сўз ўлароқ бераётганлари кузатилади. Илк бор “Қутадғу билиг”да “мунгар менгзатур сўз синамиш киши. Синамиш киши билди эл кун иши – бунга менгзатур сўз синаган киши. Синовчан киши билди эл кун (халқ) ишни”; “бу эл кун эттиги бу беглар иши. Тўру ҳам тўқу бирла этти иши – бу эл кун этгани бу беклар иши. Тўру (қонун) ҳам тўқув (қоида) билан этди бу ишни” каби тўртликларда учраган бу қўшалоқ сўзни атоқли турколог – туркий тил билимчиси Ж. Клосон очиқлашга уринади. Унга кўра, “эл” бу “a political unit organized and ruled by an independent ruler (мустақил бир бошқарувчи томонидан бошқарилган ва тузилган сиёсий бирлик, уюшма)”дир. Уйғурча ёзувли “Ўғузнома”да учрайдиган “эл-кун” сўзининг иккинчи бўлаги “кун” эски туркча матнларда шу англамда ёлғиз ўзи учрамайди [Clauson 1972: 121]. Шу билан бирга, у бу сўзни “қуёш, кун, кунботар томон” англамидаги “кун” сўзи билан билан тенглаштириб бўлмаслиги, унинг негизида эски туркчада кўпчилик (жамоа) қўшимчаси бўлган -гун (gUn) ётишига урғу беради [Ağca 2019: 177]. Унинг бу қарашига қўшилмаган Ф. Ағжа туркий тилларнинг ўғуз тармоғида учрайдиган “элä гунä қарши” (элга – кунга тескари) иборасига таяниб, “кун” сўзини эски туркчадаги -гун қўшимчасидан бошқа экани, уни туркий тилларнинг кўпчилигида “қуёш” англамида учрайдиган “кун” сўзи билан тенглаштириш тўғрироқ эканига урғу беради. Унга кўра, “эл-кун” сўзининг ялпи англами “халқ”дир [Ağca 2019: 177-178]. Бизнингча, ҳар иккала изланувчининг бу қарашларига бирмунча қўшилиш мумкин, бироқ қуйидаги ўрнаклардан келиб чиқилса, ҳар иккала қараш ўзини етарлича оқламайди.
Ушбу қўшалоқ сўз айрим ўринларда бир-биридан айри келганини Онадўли турк адабиётида учрайдиган “Буни элтажагиз белли Фағфур шоҳ. Банга эл-у гун верур-у баргоҳ. Эли гуни бекламак ўлур била. Одидур гадо гарчи ул шоҳ ўла” (Буни элтамиз белгили Фағфур шоҳ. Менга эл ва кун берур у баргоҳ (чодир). Эли, куни кутмоқ бўлади. Отидур гадо, гарчи у шоҳ бўлса-да) тўртлиги кўрсатиб турибди [қар. Ağca 2019: 177]. Бундан кўринадики, “эл-кун”га “эл” (халқ) ва “кун” (қуёш) сўзлари қўшилишидан ясалган сўз, ё бўлмаса, “эл” сўзи билан эски туркчадаги -гун кўплик қўшимчасининг бирикувидан ясалган, сўз деб қараб бўлмайди.
Шу ўринда айтиб ўтиш керак, VII – XII юзйилликларда яратилган туркий ёзма асарлар негизида ёзилган “Эски туркча сўзлик”нинг тузувчилари – В. М. Наделяева, Д. М. Насилова, Э. Р. Тенишева, А. М. Щербаклар “Қутадғу билиг”да ёнма-ён келган “эл кун бўдун”ни қўшалоқ сўз деб қараб, унинг англамини “халқ” (народ) деб очиқлаш билан бирга, “эл кун” кўринишидаги сўзни ҳам “халқ” деб тушунтирадилар [ДТС 1969: 169-170]. Шу билан бирга, улар “Ўғузнома”даги “йилқиларни, эл кунларни ер эрди” сўзларини “йилқиларини, одамларни еяр эди” деб ўгиришган бўлиб, бундан “эл кун” деганда эски туркларда “халқ”, “одамлар” тушунилган экан деган англам келиб чиқади. Шу ўринда “Эски туркча сўзлик”да турли ёзма манбалардаги билгиларга таянилиб “эл – 1. Қабила иттифоқи, қабилавий уюшма; 2. Халқ; 3. Давлат, маъмурий бирлик” деб тушунтирилганини айтиб ўтиш керак [ДТС 1969: 168-169].
Эски туркча (уйғурча) ёзувли “Ўғузнома”да “эл-кун” сўз кўп ўринларда учраб, асарни ўзбекчага ўгирган Б. Исабек бу қўшалоқ сўзни “кишилар”, “инсонлар”, “элу юрт”, “эл-юрт”деб очиқлангани кузатилади. “Ўғузнома”да бу сўзга қуйидаги ўрнакларда дуч келинади:
1) Ўшул ўрман ичинда бедук бир қиат бар эрди. Йилқиларни, эл-кунларни йэр эрди. Бедук йаман бир кик эрди. Бэрка эмгак бирла эл-кунни басип эрди – “Ўша ўрмон ичида катта бир қиат (каркидон) бор эди. Йилқиларни, кишиларни ер эди. Жуда катта ёмон бир маҳлуқ эди. Қийноқ ва машаққатлар келтириб элу юртни азоб-уқубатга ботирган эди” [Ўғузнома 2007: 13];
2) Андағ кўруклук эрдиким, йэрнинг эл-куни ани кўрса “Шунчалик чиройли эдиким: уни кўрган ер инсонлари” [Ўғузнома 2007: 4, 14];
3) Эл-кунларнинг кўнгулларида кўп телим бўлди қайғу. Тутулунч, урушунч андағ йаман бўлдиким “Эл-юртнинг кўнглини қаттиқ ва чуқур қайғу қоплади. Жанг-жадал жуда ёмон бўлди” [Ўғузнома 2007: 17].
4) Ўғуз қаған Урум қағаннунг қағанлуқин алди, элин, кунин алди “Ўғуз қоғон Урум қоғоннинг қоғонлиғини олди, элини, юртини олди” [Ўғузнома 2007: 7, 17];
5) Кўк йаллуғ эркак бўри келди. Ушбу кўк бўри Ўғуз қағанга айттиким “эмди чериг бирла мундун атла. Ўғуз атлап эл-кунларни, бегларни келдургил. Мен сенга башлап йўлни кўргурурман” теп теди “Кўк ёлли эркак бўри келди. Ушбу кўк бўри Ўғуз қоғонга айтдиким: «Энди лашкаринг билан бу ердан отлан, Ўғуз! Отланиб эл-юртларни, бекларни бўйсундир. Мен сенга йўлбошловчилик қиламан» — деди” [Ўғузнома 2007: 8, 18].
Ўрнаклардан англашиладики, “Ўғузнома”даги “эл-кун”ни изланувчилар кўпроқ “эл-юрт” англамида очиқлашга интилишган. Бироқ бу сўзни жўнгина бу йўсинда тушунтириб бўлмаслигини “Бобурнома” ва “Чингизнома”даги билгилар кўрсатиб турибди. Бобур келтирган қуйидаги билгиларга таянилса бу ҳолат янада ойдиндашади: “Хисравшоҳким, Қундуздин эл-кунига боқмай, Кобул азимати била чиқар, анга тааллуқ эл ва улус беш-олти бўлак бўлурлар. Бадахшондагилар бир бўлак...” [Бобир 1960: 183]. Ушбу билгилар “Бобурнома”нинг яқинда бугунги ўзбек тилига уйғунлаштирилган нашрида “Хисравшоҳ, Қундуздан эл-уруғига боқмай, Кобулга йўл олганида унга тааллуқли эл ва улус беш-олти бўлакка ажралади. Бадахшондагилар бир бўлак ...” [Бобурнома 136]. Бу ерда “эл-кун” “ўзбекчалаштирилар” экан, “эл-уруғ” кўринишида берилгани кўзга ташланади.
Шу ўринда айтиб ўтиш керак, бугунги кунда бўлгани каби Заҳириддин Муҳаммад Бобур яшаган кезларда ҳам “юрт” сўзи “халқ” эмас, “бирор ер, ўлка” англамида қўлланилган. “Эл”, “эл-кун”, “улус”, “юрт” сўзларини бир неча бор тилга олган Бобур уларнинг ҳар бирини айри-айри тушунчалар ўлароқ ишлатган бўлиб, юқорида Хисравшоҳ билан боғлиқ очиқламасида Хисравшоҳнинг “эл-куни”га қарамасдан Кобулга кетгани, унинг қўл остидаги “эл ва улус” 5-6 бўлакка бўлингани урғу бериб ўтади, бошқа ўринларда эса унга Тепа деган ер “юрт” ўлароқ ажратилганини ёзади [Бобирнома 1960: 136, 185].
“Бобурнома”да келтирилган қуйидаги билгилар “эл-кун” сўзининг англами “халқ”дан кўра кўпроқ бирор бошқарувчи, ҳукмдор ёки шаҳзода, ё бўлмаса, қўмондонга тегишли кишилар гуруҳи бўлгани англашилади: “Иброҳимнинг шикастидин бурунроқ Мустафо ўлди. Шайх Боязид иниси эди. Чун Иброҳим муҳимми устида эди, филҳол оғасининг эл-кунини ул бош кўз қилди” [Бобирнома 1960: 366]. “Бобирнома”нинг ўзбекчалаштирувчилар бу билгини қуйидагича ўгиришган: “Иброҳимнинг мағлубиятидан бироз илгари Мустафо ўлди. Шайх Боязид унинг укаси эди. Иброҳим муҳим ишлар билан банд эди, дарҳол уни акасининг одамлари ва ишига бош қилиб қўйди” [Бобурнома 2019: 329].
Бу ўринда “оғасининг эл-куни” сўзлари “акасининг одамлари ва иши” деб бирмунча тушунарсизроқ ўгирилган. Бобур бошқа бир ўринда “Жаҳонгир мирзони ва Носир мирзони ва улуғ бекларни ва ичкиларни тайин қилдукким, Муқимни ва Муқимға тааллуқ эл-кунни мол ва жиҳотлари била Кобулдин чиқарғайлар. Муқимға юрт Тебани тайин қилдук” деб ёзади [Бобирнома 1960: 185]. Ўзбекчалаштирилган нашрида бу билги қуйидагича ўгирилган: “Муқимни ва Муқимга тааллуқли кишиларни мол-ҳоллари билан Кобулдан дахлсиз чиқарсинлар, деб Жаҳонгир мирзо, Носир мирзо ва улуғ бекларни ҳамда ички яқинларни тайинладик. Муқимга Тепани юрт тайин қилдик” [Бобурнома 2019: 138]. “Муқимни ва Муқимға тааллуқ эл-кунни” сўзларини М. Салье “самого Мукима и зависящих от Мукима людей» (Муқимнинг ўзи ва Муқимга қарам одамлар) деб ўгирган бўлса [Бабурнаме 1958: 151], Р. Р. Арат нашрида бу билги “Bundan dolayı Mukimʼi ve Mukimʼe mensûp adamları” (Шунинг учун Муқимни ва Муқимга мансуб одамларни”) ўлароқ ўгирилгани кўзга ташланади [Baburname 1970: 197].
Қисқаси, “Бобурнома”да “эл-кун” кўринишида келтирилган бу сўзга асарни турли тилларга ўгирувчилар “(кимгадир) тегишли кишилар”, “(кимгадир) қарам одамлар” деб тушунганликлари англашилади.
“Эл-кун” сўзи Олтин Ўрда ўртамида ҳам яхши билинган бўлиб, “Бобирнома” билан деярли бир даврда ёзилган Ўтамиш Ҳожининг “Чингизнома” асарида бу сўзга қуйидагича билгилар ўрнагида дуч келинади: Олтин Ўрда хони Ўзбекхон бошқаруви билан боғлиқ воқеликларни ёритар экан, Ўтамиш Ҳожи “Ўнг қўлни қиёт Мамай олип эл-кун Қримға кетти. Сўл қўлни қиёт Жер Қутли Тенгиз Буға Сир дарёси бўйига олиб кетти. Хон ўзи ичкиси Саройда бўлур эди. ... Ул маҳалдаки Ўзбекхон алайҳираҳма ғазаб қилиб Йучи хоннинг ўзга заифасидин бўлған набираларин эл-кунлари билан қиёт Астайға қўшин берди; Астай мазкур ўлгандин сўнг ўғли Жер Қутлиға қолиб эрди” деб ёзади [Kafalı 2009: 128]. “Чингизнома”нинг ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланаётган нусхасини ўзбекча табдил қилган Ғ. Карим нашрида ушбу билгилар бирмунча бошқачароқ келтирилганига дуч келинади: 1) “Ўнг қўлни Қиёт Мамай олиб, эл-кун бирла Қиримға кетди. Сўл қўлни Қиёт Жир Қутли ўғли Тенгизбўғо Сир дарёси бўйниға олиб кетди”; 2) “Ўзбекхон қаҳр қилиб, Қиёт Исатойға ўрум четиб (иноят кўрсатиб), барча ўғлонларини эл-кунлари била қўшун берди” [Ўтамиш Ҳожи 2009: 10, 31].
Англашилича, чингизий шаҳзодаларнинг қилмишидан, иноқ эмаслигидан аччиғланган Ўзбекхон (1312-1342) Жўчи хоннинг бошқа хотинидан бўлган невараларини “эл-кунлари” билан қиёт уруғидан бўлган Астай (Исатой)нинг қўшинига аскар ўлароқ бериб юборади. Яна бир қиёт уруғидан бўлган Мамай эса Олтин Ўрданинг ўнг қўли (ўнг қўл бошқаруви)ни ўзи билан олиб, “эл-кун”и билан бирга Қримга кетади. Демак, чингизий шаҳзодалардан ҳар бири ўзига бириктирилган махсус “кишилар гуруҳи”га эга бўлган, “эл-кун” деганда шулар тушунилган.
Ўтамиш Ҳожининг чингизийлардан бўлмиш Тўхтамишхоннинг бошқа чингизий хонлар билан Олтин Ўрда тахтига талашиб, уларнинг “эл-кун”ини қўлга киритганига урғу берган қуйидаги сўзларидан ҳам ушбу қўшалоқ сўз юзасидан бирмунча аниқроқ тушунчаларга эга бўламиз: “Мамайнинг лашкари босилди, ўзи ҳам қўлға тушди, ўлтурдилар. Эл-кунин кўчуриб, Эдил дарёсининг бўйниға келтурдилар ... Жонибекхондин қолғон навкар-элларнинг кўпи Мамайда эрди. Мамайни ўлтуруб эл-кунин ва навкар-савдарин олиб Сарой вилоятинғани келди, Дашт вилоятиндақи ҳар қайда саркаш бўлуб, бош кўтариб юрган кишилар чорасиз бўлуб, ўзлари келиб мутеъ бўлуб, навкар бўлдилар” [Ўтамиш Ҳожи 2009: 45].
Юқорида тўхталиб ўтилганидек, Ж. Клосон “эл” бу “мустақил бир бошқарувчи томонидан бошқарилган ва тузилган сиёсий бирлик, уюшма” деб очиқлаганидек ўрта асрларга келгач, бу сўз бир неча босқичларни босиб ўтиб, “жамоа, хоқонликка боғли халқ” англамида қўлланила бошлаган. Шу билан бирга, бу сўз Ўрта Осиё туркийларида “элимиз” деганда “халқимиз, ўлкамиз, давлатимиз” деган англамлардан ташқари яна ўрта асрларда бўлгани каби “уруғ” ўрнида ҳам ишлатилиши кузатилади: “қўнғирот эли”, “найман эли” ва бошқалар.
“Қутадғу билиг”, “Ўғузнома”, Усмонли ўртамидаги ўғузча матнлар, “Бобирнома” асарларидаги “эл-кун” қўшалоқ сўзининг бошланғич англами эса чамаси “халқ, эл” бўлиб, “эл” тушунчасининг англамини кучайтиргани, бироқ бир неча юзйилликлар ўтиб – Чингизийлар ва Темурийлар бошқаруви чоғида бирмунча торайиб, бирор “ўғлон” (шаҳзода) ёки бошқарувчи (ҳукмдор, қўмондон)нинг яқин кишилари гуруҳи англамида қўлланила бошлаганини кўрсатади. Шу ўринда айтиб ўтиш керак, Дашти Қипчоқдаги туркий давлатчилик, айниқса, қозоқ хонлиги ўтмиши бўйича теран изланишлар олиб бораётган тарихчи – шарқшунос Бақит Эженхон “Чингизнома”да учрайдиган “эл-кун” сўзи бугунги туркий тилларда деярли сақланмаганига урғу бериб, бу сўзни қалмиқча “бовур (жигар)” англамидаги “элгн” сўзи билан тенглаштириши диққатни ўзига тортди. Унга кўра, қозоқчада кенг қўлланиладиган ва ардоқли сўз бўлган “бавыр“ (бағир, бовур) атамаси яқин қариндош-уруғларга, туғишганларга қарата ишлатилиб, ўрта асрлардаги “эл-кун” сўзи ҳам ўз англами – маъносига кўра унга яқин келади (Б. Эженхон билан оғзаки суҳбат – Ғ.Б.). Унинг бу қарашига қўшилган ҳолда, айтиб ўтиш керак, қалмиқчада “элкн – жигар; айрим ўринларда “ошқозон”, “қорин” сўзлари кўпроқ инсон танасидаги аъзолар билан боғлиқ сўзлар экани англашилади [Тодаева 2009: 369]. Айниқса, бу сўз “элкн”, ё бўлмаса, “элкун” кўринишидаги ёлғиз сўз эмас, ёзма манбаларда кўпинча “эл” ва “кун” кўринишларида айри-айри ёзилгани билинади. Ўрта аср ёзма манбаларида “эл кун” ёки “эл-кун” кўринишида ёзилганидек, “эли куни” кўринишларида ҳам ёзилгани, қолаверса, Онадўли туркларида “элä гунä” (элга, кунга) деб ишлатилиши ҳам бу сўзнинг келиб чиқишини теранроқ ўрганишга чорлайди.
Бизнингча, бу сўз эски туркча “эл” (халқ, эл, ўлка, давлат) англамидаги сўз билан унинг маънодоши, бироқ бирмунча айричаликка эга “кун” (kün) (халқ) сўзлари билан тенглаштириш мумкин. Туркийларнинг илк давлати бўлмиш Хун (Сюнну) салтанатининг тузувчилари бўлмиш “хун” атамасини айрим изланувчилар олтой тилларига хос *хун ~ *кун (kün) cўзи билан боғлаб, унинг сўзлик англами – луғавий маъноси “халқ, инсон” эканига урғу берадилар. Бу эса “эл-кун” кўринишидаги қўшалоқ сўзнинг иккинчи бўлаги – “кун”ни ҳам шу сўз билан боғлаш тўғрироқ эмасми? деган ўйга чорлайди. Бизнингча, бошланғичда бир-биридан бирмунча фарқланган ушбу тушунчалар ўзаро ёндош сўзларга бирикиб, синоним (эш англамли) қайтариқ сўзларга айланишига олиб келган. Ўрта асрларда эса туркийлар “эл-кун” деганда кенг англамли “эл” сўзидан фарқланувчи “бирор бошқарувчига ёки шаҳзодага тегишли кишилар гуруҳи”, “ҳарбий жамоа”, “бирор ҳарбийга бириктирилган, унинг яқин кишиларига айланган кишилар жамоаси” англамларини берувчи атамани кўзда тутишган.
Қисқаси, туркий эл-улуслар минг йиллар бўйи бир неча ўнлаб йирик сиёсий уюшмалар қуришлари уларнинг тили давлатчилик билан боғлиқ кўплаб ижтимоий-сиёсий ва ҳарбий атамалар билан бойишига олиб келди. Демак, ёзма асарларда учрайдиган бунга ўхшаш яна кўплаб сўзларни чуқур ўрганиш орқали туркий давлатчиликнинг бунчалик куч-қудратга эришувининг негизидан нималар ётганини англаб етиш мумкин бўлади.
Ғайбулла БОБОЁР,
Тарих фанлари доктори, профессор
Қўлланилган адабиётлар:
Бабур-наме. Записки Бабура. Перевод М. Салье. Ташкент, 1958.
Древнетюркский словарь / Под ред. В. М. Наделяева, Д. М. Насилова, Э. Р. Тенишева, А. М. Щербака. Л.: Наука, 1969.
Заҳириддин Муҳаммад Бобир. Бобирнома. Нашрга тайёрловчилар П. Шамсиев, С. Мирзаев – Тошкент, 1960.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома (Ҳозирги ўзбек тилидаги табдили). “Бобурнома”ни ҳозирги ўзбек тилига табдил қилганлар: В. Раҳмон, К. Муллахўжаева. М. Саъдий таҳрири остида. – Тошкент: 2019.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. П. Шамсиев С. Мирзаев ва Э. Мано нашрлари асосида қайта нашрга тайёрловчи: С. Ҳасанов. Масъул муҳаррир: В. Раҳмонов. Тошкент: Шарқ, 2002.
Кошғарий, Маҳмуд. Туркий сўзлар девони (Девону луғотит турк) / Таржимон ва нашрга тайёрловчи С. М. Муталлибов. 1- том. Тошкент: Фан, 1960.
Кошғарий, Маҳмуд. Девону луғотит турк. Индекс-луғат. Ғ. Абдураҳмонов ва С. Муталлибовлар иштироки ва таҳрири остида. Тошкент: Фан, 1967.
Тодаева Б. Х. Я изучаю “Джангар”. Калмыцко-русский словарь. Элеста: Герел, 2009.
Ўтамиш Ҳожи ибн Муҳаммад Дўстий. Ўтамиш Ҳожи тарихи. Нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифи Ғ. Карим. Тошкент: Oʻzbekiston NMIU, 2009.
Ўғузнома. Нашрга тайёрловчи Б. Исабек. Тошкент: Ўзбекистон, 2007.
Ağca F. Uygur Harfli Oğuz Kağan Destanı. Metin-Aktarma-Notlar-Dizin-Tıpkıbasım. Ankara: TKAE, 2019.
Arat R. R. Baburnâme (Baburʼun Hatirâtı). Cilt I – II. Ankara: Milli Eğitim Bakanlığı, 1970.
Clauson S. G. An Etymological Dictionary of Pre-Thirteenth Century Turkish. Oxford, 1972.
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ