
Ўрта асрлардаги мусулмон Шарқида аёллар катта сиёсат ва ҳарб ишида муҳим ўрин эгалламагани ҳақида стереотиплар кўп. Аслида бу даврда Шарқдан мамлакатини душманлардан ҳимоя қилган жасур саркарда аёллар ҳам, давлатни оқила идора этган маликалар ҳам ҳам етишиб чиққан. Ана шундай аёллардан бири ХVI асрда Индонезияда жойлашган Ачех султонлигининг денгиз флотига қўмондонлик қилган Комила Ҳаётийдир. Ҳаётий бугунги кунда Индонезиянинг миллий қаҳрамони бўлиб, уни индонезияликлар Кеумала ҳаяти ёки Малаҳаяти номлари билан атайди.
Индонезияликлар орасида машҳур бўлган Комила Ҳаётий Суматра оролининг шимолий қисмида жойлашган Ачех султонлигининг машҳур адмирали Маҳмуд Шоҳнинг қизи бўлиб, ёшлигидан денгизда сузишни ёқтирган. Отаси Комилани Маъҳад Байтул Мақдис ҳарбий академиясига ўқишга жойлаган. Бу ерда ёш қиз ҳарбий санъат сирларини ўрганган.
Комиланинг денгизчи сифатидаги фаолияти Малакка бўғозидаги стратегик савдо йўллари учун кураш авж олган даврга тўғри келади. Бу вақтда португаллар Малаккани эгаллаб олган, Ачех султонлиги бунга жавобан савдо йўлларини осиёлик савдогарлар учун ҳимоя қилишга киришганди. Комила португаллар ва бошқа маҳаллий султонларда қарши жангларда ўзини кўрсатади.
Султон Аловуддин Мансур Шоҳ кучли денгиз флоти тузиб, унга айнан Комила Ҳаётийни адмирал этиб тайинлайди. У кейинчалик денгизчилар орасида Малаҳаяти номи билан шуҳрат қозонади.
Малаҳаяти шу вақтга қадар биронта индонезиялик аёлга берилмаган ҳарбий лавозимни эгаллаб, ўзининг маҳоратини намойиш этади. У, нафақат жанг майдонларида, балки дипломатик музокараларда ҳам ўз қобилиятини намойиш қилади. Унинг раҳбарлигида Ачех денгиз флоти минтақадаги ўз мавқейини мустаҳкамлаб, кучли ҳарбий салоҳиятга эга бўлади.
1599 йил Ачех султонлигининг қирғоқларига Голландия армадаси қўмондони Корнелис де Хоутман етиб келади. У, ўз флотининг ҳарбий қудрати ва Европа империясининг вакили сифатидаги мақомига ишониб, Ачех султонининг саройида ўзини жуда такаббурона тутади. У султоннинг обрўсини ерга уриб, унга беҳурматлик кўрсатади. Бу ҳақоратлар фақатгина султоннинг эмас, балки бутун Ачех халқининг ғазабини келтиради.
Саройдан чиққандан сўнг Хоутман султонлик жанубига юриб, Бантемга ҳужум уюштиради. Натижада Малаҳаяти бошлиқ Ачех султонлиги флоти унга қарши юришга отланади. Бир неча шиддатли жанглардан сўнг, Малаҳаяти Хоутман флотини йўқ қилиб, унинг ўзини асир олади ва қатл қилади.
1600 йил Голландия флоти Ачех султонлигининг савдо кемасини талон-тарож этади. Малаҳаяти жавоб чораси сифатида голланд адмирали Якоб ван Некни ҳибсга олишни буюради. Шундан сўнг, голландлар Ачех султонлигига узр хати билан элчи юборишга мажбур бўлади ва товон тўлайди. Бу Малаҳаятининг обрўси нафақат мамлакат ичида, балки ташқарида ҳам ошганини намойиш қилади.
Малаҳаятининг машҳурлиги, шунингдек, Англия қироличаси Елизавета I’ни ҳам Ачех султонлиги билан тинч алоқалар ўрнатишга ундаган. У Ачехга Жеймс Ланкастер бошлиқ делегация жўнатган. Инглизлар билан музокараларга ҳам айнан Комила Ҳаётий раҳбарлик қилган.
Жасур мусулмон адмирали 1606 йилда португаллар билан жангда ҳалок бўлади. У пойтахтдан 34 километр узоқликдаги қишлоққа дафн этилади. Бироқ ҳозирги кунда Ачехдаги Рая масжидида Комила Ҳаётийнинг қабри жойлашган деб ҳисобланади.
Бугунги кунда Малаҳаятининг номи Суматра оролидаги шаҳарлар, ҳарбий денгиз кемалари, университетлар, шифохоналар ва йўлларга берилган. У дафн этилган жой яқинидаги денгиз порти ҳам Малаҳаяти Порти деб номланган. 2017 йилда Индонезия президенти Жоко Видодо Комила Ҳаятини «Индонезия миллий қаҳрамони» унвони билан тақдирлади.
Малаҳаяти, нафақат ўз даври, балки барча замонлардаги мусулмон аёллари учун ўрнак бўлиб қолади. Малаҳаяти – ватани шон-шуҳратини ҳимоя қилган, халқи учун мардларча курашган буюк саркарда ва мард аёлдир. Малаҳаяти фаолияти аёлларнинг ўз потенциалига ишониши ва жамиятда ўз ўринини топиши учун бир қўлланма ҳамдир.
Убайдулла Қувваталиев
ТерДУ қошидаги
Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тил
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ