Пўлат Солиевнинг Бобур шахсиятини тиклаш йўлидаги кураши


Сақлаш
15:39 / 26.03.2025 78 0

 

Жадид маърифатпарварлари янги усул мактабларида тарих фанини ўқитишга алоҳида эътибор қаратган. Улар миллат фарзандларини холис ўтмиш билан таништириш жуда муҳим деб ҳисоблаган. Жадидлар яратган тарих дарсликлари тарихий шахслар, миллий қаҳрамонлар ҳақидаги маълумотларга бой бўлиб, бу ёш авлодни ўз тарихини чуқур ўрганишга, уни қадрлашга ундаган. Жадидлар тарихни миллий ўзликни англаш, ватанпарварлик туйғусини шакллантириш ва келажак учун сабоқ олиш манбайи деб билган.

 

Аммо, совет ҳокимияти, аксинча, ўзбек халқини ўз тарихидан узиб қўйиш мақсадида тарих фанини сохталаштириш, миллий қаҳрамонларни қоралаш ва ўтмишга беписандлик сиёсатини олиб борган. Коммунистик мафкура жадидларнинг тарихга оид қарашларини рад этиб, уларнинг дарсликларини тақиқлаган. Жадидларнинг ўзи қатағон қилинган.

 

СССРда тарих фани синфий кураш, революцион ўзгаришлар ва коммунистик ғоялар нуқтаи назаридан ёритилган. Ўзбек халқига ўз тарихини мустақил ўрганиш ва тадқиқ қилиш имконияти берилмаган. Ўзбеклардан чиққан буюк инсонлар фаолияти умуман ёритилмаган ёки қора бўёқлар билан кўрсатилган.

 

Шундай сиймолардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур эди. Ўзбекистон тарихида ўчмас из қолдирган буюк шоир, олим, давлат арбоби ва саркарда ҳаёти ва ижоди асрлар давомида тадқиқотчилар ва мутафаккирлар томонидан ўрганилиб, турлича баҳоланган. Бобурнинг шахсияти ва мероси ўзбек халқи учун миллий ғурур ва ифтихор манбайи бўлиб келган.

 

Совет даврида эса Бобур шахсиятига бўлган муносабат бир хилда бўлмаган, балки даврнинг мафкуравий ўзгаришларига қараб ўзгариб турган. Дастлабки йилларда коммунистик мафкура амирлар, шоҳлар, саркардаларни синфий душманлар сифатида талқин этиб, уларнинг тарихий ролини инкор этишга уринган. Бобур ҳам худди шундай салбий баҳоланган тарихий шахслар қаторига киритилган. Унинг асарлари, айниқса, «Бобурнома»си феодализмни мақташ, буржуазияча руҳни сингдиришда айбланган.

 

Бироқ фидойи ўзбек тарихчилари оғир шароитда бўлса ҳам буюк ота-боболари номини ҳимоя қилишда давом этган. Улар Москва босимига қарамай, миллий қадриятларни, тарихий ҳақиқатни сақлаб қолишга, халқ хотирасини унуттирмасликка интилган. Профессор Пўлат Солиев ана шундай фидойи тарихчилардан бири эди.

 

Пўлат Солиев тарихни холисона ёритиш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида аҳамият қаратган. У жадид мактаблари учун тарих дарсликлари ишлаб чиққан.

 

Аммо, большевикларнинг мафкуравий қаршилиги туфайли Пўлат Солиевнинг кўплаб дарслик лойиҳалари рад этилган. Совет ҳокимияти миллий тарихнинг алоҳида ёритилишига йўл қўймай, ушбу фанни коммунистик мафкура манфаатларига мослаштирган.

 

Шунга қарамай, 1929 йилда олимнинг «Ўзбекистон тарихи» китобини нашр этилган. Ушбу асарда Солиев Бобур фаолиятига тарихий холислик нуқтаи назаридан баҳо беришга ҳаракат қилади. У Бобурни нафақат саркарда ва давлат арбоби, балки буюк шоир ва олим сифатида ҳам кўрсатиб беришга интилади. Унинг бу иши совет мафкурасига қарши чиқиш, миллий қадриятларни ҳимоя қилиш йўлидаги муҳим қадам эди.

 

Большевиклар Бобурни феодал ҳукмдор, истилочи ва диндор сифатида танқид қилган. Бобурнинг ижоди ва асарлари тўлиқ ўрганилмаган, аксинча, унинг «Бобурнома» асари феодал тузумнинг ифодаси деб баҳоланган. Коммунистик мафкура Бобурнинг маънавий ва маданий меросини инкор этишга, унинг халқ хотирасидаги ижобий қиёфасини йўқотишга уринган.

 

1950 йилларда тарихга бўлган ёндашувда бироз ўзгаришлар сезилган. Баъзи тарихчилар Бобурнинг илмий меросига, унинг тилшунослик, адабиётшунослик ва тарих соҳаларига қўшган ҳиссасига эътибор қарата бошлаган. Аммо бу ҳам расмий мафкура доирасидан чиқмаган. Бобурнинг фаолиятига бир томонлама, чекланган баҳо берилган.

 

Пўлат Солиев ўзининг юқорида номи келтирилган «Ўзбекистон тарихи» асарида Заҳириддин Муҳаммад Бобурни нафақат моҳир сиёсатчи ва саркарда, балки ноёб истеъдод соҳиби, бетакрор шоир сифатида тасвирлайди. Бундай ёндашув ўша давр учун ўта жасур қадам эди.

 

Бу ҳолат 1920 йилларнинг охирида, айнан Сталин қатағон сиёсати авж олаётган, миллий қадриятлар ва тарихий шахсларнинг роли камайтирилаётган, мафкуравий босим кучайган бир даврда амалга оширилгани билан алоҳида диққатга сазовор. Ушбу даврда миллий ўзликни англашга интилиш, тарихий шахсларни эъзозлаш, миллий ғурур туйғусини ифода этиш ўта хавфли бўлган. Ҳар қандай мустақил фикр, миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган ҳаракат совет режими томонидан қаттиқ жазоланган.

 

Пўлат Солиев эса ана шундай мураккаб вазиятда Бобурнинг буюклигини таъкидлашга, унинг илмий ва адабий меросини қадрлашга журъат этади.

 

Олим ўзининг мазкур асарида Бобурнинг суратини жойлаштириб, унинг тагига араб алифбосида «Улуғ адиб ва шоиримиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур» деб ёзиб қўйиши унинг ўз тарихига бўлган беқиёс ҳурматини ва садоқатини яққол намоён этади.

 

Совет ҳокимияти араб ёзувини эскилик сарқити деб билиб, уни лотин ва кирилл алифболарига алмаштириш сиёсатини олиб бораётган бир пайтда, Пўлат Солиев Бобурнинг сурати остига араб ёзувида ёзув қўйиб, ўз миллий қадриятларига содиқлигини намоён этганди.

 

Пўлат Солиевнинг бу иши ўзбек зиёлилари учун ўзига хос даъват бўлиб, уларни ўз тарихини, миллий қадриятларини ҳимоя қилишга чақирган.

 

Афсуски, аждодларимиз меросини ҳаққоний ўрганишга бўлган уриниш советлар эътиборидан четда қолмайди. Олимнинг мазкур асарига мафкуравий босимлар орта бошлайди, бу эса унинг кейинги тақдирига ҳал қилувчи таъсир кўрсатади.

 

Абрам Гуравич каби коммунистик тузум яловбардорлари олимнинг ушбу асарини «пантуркистик ва ўтмишни идеаллаштиришга уриниш» сифатида қаттиқ танқид қилади. Бу ўша даврдаги коммунист мафкуранинг миллий қадриятларга нисбатан кўрсатган нафратининг ёрқин намунаси эди.

 

1937 йил 8 февралида А. Картсев ўзнинг «Қизил Ўзбекистон» газетасидаги мақоласида «Ўзбекистон тарихини ўрганиш соҳасида марксистик танқидчилар қилиши лозим бўлган зарур ва жанговар ишлар кўп. Лекин бу соҳада ҳар қандай хатоларга қарши, айниқса, тротскийчилик назарияларининг судралиб киришга қарши курашиши керак бўлган кишилар индамай келади», дея ёзади.

 

Ушбу мақоладан сўнг, 1938 йилнинг бошидан тарих фанида ёппасига «тозалаш» кампанияси бошланади.

 

1937 йил 13 октябрда Пўлат Солиев ҳибсга олинади ва 1938 йил февраль ойида «махсус учлик» қарори билан отиб ташланади.

 

Жадид тарихчиси Пўлат Солиевнинг Бобур шахсиятини ўрганишга қаратилган тадқиқотлари Совет даврининг мафкуравий босими шароитида ўта муҳим ва жасоратли қадам эди. Унинг илмий ишлари ва қайноқ ҳаракатлари ўзбек тарихшунослигида ўзига хос бир давр ва мактаб яратди.

 


Убайдулла Қувваталиев

ТерДУ қошидаги

Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17324
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//