“Улар Германияда ўқиган эдилар” – 31 ёшида профессор унвонини олган ўзбек кимёгар олими Саттор Жаббор


Сақлаш
16:19 / 18.05.2022 1933 0

20-йилларнинг бошларида Туркистон ва Бухоро республикалари раҳбарлари ташаббуси билан Германияга ўқишга борган талабалар орасида Бухородан Аҳмад Наим, Самарқанддан Рауф Расулий, Хўжанддан Султон Матқул, Фарғонадан Темирбек Ғозибеков, Хоразмдан Марям Султонмуродова, Тошкентдан Хайриниса Султонмуродова, Саидалихўжа, Иброҳим Орифхон, Аҳмаджон Иброҳимов, Саттор Жаббор кабилар бор эди.

 

Бўлғуси ўзбек кимёгар олимларидан бири Саттор Жаббор 1905 йили Тошкентда туғилиб, аввал эски мактабда, сўнг рус-тузем мактабида, 1918–1921 йилларда эса “Намуна” мактабида ўқиди. Бу мактаб Тошкентда биринчи замонавий мактаб ҳисобланиб, унда Саттор Жаббор билан бирга бўлғуси олим ва ёзувчилар: Ойбек, Миркарим Осим, Ҳомил Ёқубов, Субутой Долимов ва бошқалар ҳам ўқиган. Уларга ўша даврнинг етакчи педагогларидан Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Эсон афанди Мусаев, Шорасул Зуннун, Қаюм Рамазонлар дарс берганлар. Саттор Жаббор 1921 йили шу мактабни муваффақиятли битириб, ўз сафдошлари билан Навоий номли билим юртига ўқишга ўтган, кейинчалик бир гуруҳ ёшлар билан бирга Бухоро Халқ Республикаси томонидан Берлинга ўқишга юборилган.

 

Саттор Жаббор Берлинда аввал хусусий йўл билан ўқиб, немис тилидан имтиҳон топширгач, 1925 йилда Ҳайдельберг шаҳрига бориб, у ерда обер-имтиҳондан ўтиб, дорилфунуннинг кимё факультетига кирган (Бу ҳақда қаранг: Олимжон Идрис. Германиядаги Ўзбекистон шогирдлари, “Фаргона” газетаси. 1926 йил 22 март). У Эртой тахаллуси билан ёзган мақоласида Германияга борганларидан кейин уларни чоризм даврида мустамлакачилик ғоялари билан заҳарланган хориждаги баъзи бир рус монархистларининг масхараомуз, истеҳзоли муносабатларига қарши ўлароқ немисларнинг яхши кутиб олганликлари, у ердаги таълим-тарбия тизимидаги мукаммалликлар, бунинг келгусидаги Туркистон талабаларининг истиқболи учун муҳим аҳамияти ҳақида бундай ёзган эди:

 

“Биз 22-нчи йилнинг сўнгги ойларида Германияга келгач, Буюк Туркистонни талаб, ёндириб, эзиб келган рус монархистлари (шу жумладан) Петровский Оврўпога юбориш учун рус ёшларини топа олмаган вақтларини эсларига олмасдан, “Сартлар Оврўпода нима қилади?” деган истеҳзолар билан матбуотларида (Берлинда чиқадурган “Рур” газетасида) қичқиришиб ўтган эдилар. Ул қорни катта жаноблар бизни Оврўпо маданиятига муносиб кўрмаган эдилар!

 

Рус миллатчиларининг бу совуқ ва қўпол қарашларига қарши германлар томонидан яхши кутиб олиндик. Матбуот: “Туркистон уйғонди, уйғонсин!” каби ундовлар билан қизғин мақолалар ёзиб ўтди. Германияга янги келганимизда кўп мухбирлар биз билан кўришиб ҳам кетдилар. Ҳар қандай немис бизни оиласига қўшиб олиш учун эшикларини очиб қўйди. Оддий муаллимдан бошлаб дўхтури, профессори тил ўрганишимиз учун қўлидан келган ёрдамини аямади.

 

Германлар дунёни севганлари каби, Туркистонга ҳам жуда қизиққанлардан эканлар. Улар мамлакатимизни, тарихимизни истиқболимизни бир туркистонликдан ортиқ биладурлар, танийдурлар. Юртимиз тўғрисида биз учун энг муҳим бўлган китоблар ёзиб, бошқа тиллардан ҳам таржима қилганлар. Дорилфунун профессорлари туркистонлик студентлардан хурсанддирлар.

 

Ўз улуғ кишиларига чанқаган Туркистон 1925-1926 йиллардан бошлаб, Оврўпода етишадурган ўз миллий агроном, мутахассис кимёгар ва дўхтурларига эга бўлғусидир.

 

 ...Ҳар бир миллат маданиятининг туб булоғи бўлган оддий мактаблар Германияда мукаммал йўсунли режага олиниши баробарида ўзича бир дунёдир. Бу хайрлик дунёда келгусига тайёрланиб турган герман ёшлари орасида бизнинг ўқувчиларимиз ҳам етишиб келурлар... Яна биз учун унутилмас бир яхшилик қилдиларки, туркчамизни Оврўпо тиллари қаторига қўйдилар. Ўрта мактаб имтиҳонларида француз ёки инглизча ўрнида ўз она тилимизда синаш берамиз” (Эртой. Германияда Ўрта Осиё талабаларининг икки йили. “Туркистон” газетаси, 1924 йил 2 сентябрь).

 

Саттор Жаббор дастлаб Берлиндаги ўрта билим юртида немис тилини пухта ўрганади ва 1925 йилдан 1927 йилгача Ҳайдельберг дорилфунунида, 19281931 йилларда эса Берлин дорилфунунининг кимё институтида ўқийди. 1931 йили совет давлати стипендия беришни тўхтатиб қўйгач, ўқишнинг охирги йилларида моддий ёрдам сўраб университет профессорлари Шлейн ва Буинштейнларга мурожаат қилади. Улар туркистонлик талабанинг ўқишдаги ютуқлари ва қобилиятини ҳисобга олиб, дорилфунунни муваффақиятли тугатишига ёрдам берадилар. У Александр Гумбольдт номидаги фонд маблағи ҳисобига ўқишни давом эттиради.

 

Саттор Жаббор муваффақиятли ўқиш билан бирга шу йилларда Германияда таҳсил олаётган бошқа туркистонлик ва бухоролик юртдошлари билан бирга барча маданий-маърифий ишларда қатнашади. Устози Фитратнинг “Ҳинд ихтилолчилари” асарининг Берлин нашрини ташкил этувчиларидан бири бўлади, ўзбек ва немис матбуотида шеър ва мақолалари билан фаол қатнаша бошлайди. Жумладан, у 1923 йили Берлинда нашр этилган “Кўмак” журналида “Тилак” деган шеърини эълон қилади. Унда Саттор Жаббор муҳаббат изтиробларини, маъшуқага бўлган муҳаббат туйғуларини романтик тасвир воситалари орқали ифодалашга уринади. Мазкур шеърда, бир томондан, севикли қизига етай деган ошиқнинг уни кўкдаги юлдузлар ёнига кетиб, қўли етмас даражада узоқлашганидан зорланишини ифодалаган бўлса, иккинчи томондан, Саттор Жаббор бу шеърдаги маъшуқа образи орқали тобора узоқлашиб бораётган истиқлол юлдузини тасвирлаётгандек бўлади:

 

Қора кийган қалам қошли, қоракўз,

Узун сочли, ўрта бўйли бир қизча

Ўйнай, ўйнай, уча-уча сайраган,

Булбул каби келиб қўнди боғимга.

 

Ёвуз қишнинг тўндиргувчи елиндан

Қотиб қолган йигитларни ўзининг

Сучук, сучук сўзи билан тургизди.

Ҳаммасини ўз изиндан юргизди.

 

Мен кўпдан-да увшиб қолган қўлимни

Тебратиб этагини тутай дедим,

Бироқ у кўкка учди,

Юлдузларга қўшулди.

Мен эса қаноти йўқ қушлардек

Унинг нурли юзига қараб қолдим термулиб

(Саттор. Тилак. “Кўмак” (Берлин), 1923. 1-сон. 21-бет).

 

Саттор Жаббор шу йилларда Берлинда яшаган Туркистондаги миллий истиқлолчилик ҳаракатининг фаолларидан бири, таниқли тарихчи олим Аҳмад Заки Валидий Тўғон билан яқин алоқада бўлади, унинг Туркистон тарихи ҳамда миллий истиқлолчилик ҳаракатига доир асарларини қизиқиб ўқийди, уларнинг баъзиларини немис тилига таржима этиб, Германияда нашр этилишига кўмак беради.

 

Заки Валидий кейинчалик туркистонлик талаба билан учрашувларини хотирлаб, бундай ёзган эди: “Файзулла Хўжаев ҳукумати Туркистондан Берлинга 70 талаба юборган эди. Шулар ичида қозоқлардан Азимбек Беримжонов билан Биййилов, ўзбеклардан Абдусаттор бор эди. Ҳар доим бирга бўлдик, уларга қараб истиқлол учун кураш истиқболидан умидланиб турардим... Ўзбек талабаларининг кўпчилиги тиббиёт, савдо, техника илмларини ўрганди. Абдусаттор эса адабиёт билан ҳам шуғулланди. Немисчани жуда пухта ўрганди, форсчани яхши биларди... Айниқса, форсча ва чиғатойча ғазалларни ёқтирарди... Жуда самимий дўст эдик. Менинг Туркистон кураши тўғрисидаги мақоламни немисчага таржима қилиб, “Немецкое обозрение” журналида эълон қилдирди, ўзбек адабиёти тарихига доир ўз мақолаларини ҳам ўша журналда чоп эттирди. Ўқишини битиргач, Туркияга олиб келишга уриндим, фақат виза ололмадик, мамлакатга қайтгач, уни йўқ қилиб юборишди. Туркистон тарихига, айниқса, озодлик курашига бағишланган ҳамма асарларини ўқиб чиқиб, менинг қўлимдаги маълумотлар билан ҳам танишган эди” (Аҳмад Заки Валидий Тўғон. Бўлинганни бўри ер. Тошкент. “Адолат”, 1997, 254-255-бетлар).

 

Саттор Жаббор 1927 йили Германияда таҳсил олаётган бир гуруҳ юртдошлари Солиҳ Муҳаммад, Тўлаган Мўмин ва бошқалар билан бирга Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон зиёлилари қурултойида иштирок этади. Республика зиёлилари орасидаги мафкуравий баҳс ва мунозараларга, айниқса, Мунаввар қори, Чўлпон, Вадуд Маҳмуд сингари покдомон инсонларнинг таҳқир қилинишларига шахсан гувоҳ бўлиб, “эски” зиёлиларга қарши кескин кураш бошланганини кўради. Ва Германияга қайтгач, советларнинг Ўзбекистонда ўтказаётган мустамлакачилик сиёсатини қоралаган, Туркистондаги истиқлолчилик адабиёти намояндаларига ҳурмат туйғуси билан йўғрилган, шунингдек, хотин-қизлар мавзуига бағишланган мақолалар ёзади. Чунончи, Берлинда чиқаётган “Ост-Европа” журналида унинг “Туркистон шеърияти ва шоирлари”, “Дойче Альгемейне Цайтунг” газетасида эса “Туркистон аёллари” деган мақолаларини эълон қилади. “Буэнос Айрес” деган немис газетасида қайта босилган сўнгги мақоласида Ўзбекистонда аёллар озодлиги ва ҳуқуқи масалаларига тўхталиб: “Уларни ҳақиқий озодликка советлар эмас, келгуси мустақил Туркистон чиқаражак”, деб ёзади.

 

Бундан ташқари, у “Республикада пахта учун кураш”, “Бугунги Туркистон” каби бир қанча мақолаларни эълон қилади, немис тарихчиларининг Туркистон тарихига оид айрим муҳим асарларига шарҳлар ёзади. Германиядаги фан ва техника янгиликлари, ўзбек ёзувининг янги, лотин алифбосига кўчишининг аҳамияти, қўшни туркий республикаларнинг бу борадаги тажрибаларини ўрганишнинг фойдали томонлари ҳақида Ўзбекистонда нашр этилган газеталарга мақолалар ёзиб юборади. Жумладан, у шу йилларда ёзган “Суюқ кўмир ва сунъий нефть” номли мақоласида ушбу масаланинг ечими жаҳон иқтисодиёти ва техникаси ривожида катта аҳамият касб этиши ва бу борада ўша йилларда Европа олимлари томонидан олиб борилаётган муҳим изланишлар ҳақида маълумот бериб, бундай ёзади:

 

“Ҳозирда кўп олимларнинг бошини айлантириб турган масала суюқлаштиришдир. Тош ҳам тупрок кўмир каби ёқилғилардан кўмирларни кимё воситаси билан бутун ҳосилмонларини (бензин, газ, иситиш мойларини ҳам гирит мойларини) секин қиздириш йўли билан чиқара олмоқчилар.

 

Еримизнинг ҳозирги нефть булоқлари оз бир замонда қуруб қолиш қўрқунчида бўлгани ва унга дунё борди-келдисининг эҳтиёжи сунъий нефть ҳосилотларини чиқариш учун янги йўллар, усуллар қидиришга мажбур этадир.

 

Автомобиллар, моторли трамвайлар, учқучлар (самолётлар муҳ.), моторли кемалар бензинни, дизель ва газ машиналари газ мойини ва буғ ҳамда уруш кемалари иситиш мойини кўп талаб қиладилар. Нефть саноати яқин ўн йил ичида ўз ҳосилотини уч топқир оширган бўлса ҳам, суюқ ўтинга бўлган эҳтиёжимизни қоплай олмайди...

 

Бензин ҳам бошқа нефть ҳосилотларини ёт эллардан келтиришга ўрганиб қолган мамлакатлар учун кўмирни суюқлаштириш жуда муҳим масалалардандир. Масалан, Германия Америкага ҳар йил юз миллионлаб олтин марка тўлайди. 1924 йилда 200 миллион марка тўлаган бўлса, ҳозирда яна ортиб кетди. Мана шунинг учун ўн йилдан бери Германия илмий техникаси табиий нефтдан бошқа сунъий нефть ўчоқлари топиш масаласи устида ишлайди. Бунинг учун Германиянинг энг бой кўмир кони олиниб тажрибалар ясалмоқда... Газ хоналарга қамалган кўмирни 1000 даража қиздирганда ҳар турли буғ ҳам газ чиқаради. Шулардан сиқиш орқасида тўпланган қуюқ сувни қатрон (пар) бутун айронланган кўмирнинг 5 фоизини ҳам бермас эди.

 

Кимё илми кўмир билан нефть орасидаги боғланишни топгандан сўнгра суюқ ўтун учун кўмир шарафини оширган бир йўл очди. Хулоса. Кўмирдан нефть чиқариш проблемаси (ҳал қилинмаган фанний масала) илм томонидан ечилган” (Саттор. Суюк кўмир ва суний нефть, “Маориф ва ўқитувчи” журнали. 1928 йил. 10-сон. 51-бет).

 

XX асрнинг дастлабки чорагида Германияга борган талабаларимиз ўз соҳалари бўйича билим олиш билан кифояланиб қолмай, шу даврда немис илмий жамоатчилигини қизиқтирган ва ҳатто ташвишлантирган масалаларнинг моҳиятига ҳам киришга интилганлар. Юқорида бир парчаси келтирилган мақолани ўқир эканмиз, Саттор Жаббор уни нефть муаммоси келажакда Ўзбекистонга ҳам етиб бориши мумкинлигини ўйлаб ёзган бўлса керак, деган фикр уйғонади.

 

Ушбу мақоладан сал кейинроқ ёзилган “Янги алифбо” номли бошқа бир мақоласида эса у 20-йиллар охирида Ўзбекистонда бошланган араб алифбосидан янги лотин алифбосига ўтишнинг турли иқтисодий, ижтимоий ва маданий ўзгаришларни бошидан кечираётган республикамиз ҳаётидаги аҳамияти тўғрисида фикр юритади, бу борада Озарбайжон, Туркия каби қўшни мамлакатларда тўпланган тажрибаларни ўрганиш лозимлигини қайд этади.

 

“Бир замонлар, деб ёзади муаллиф, чор Россиясининг мустамлакаси бўлган Ўрта Осиё ҳозир янги турмуш, янги маданият қуриш йўлига кириб кетди. Шул ижтимоий янги турмушга эга бўлиш учун фан-ҳунарга, яъни асрий маданиятга эга бўлишимиз лозимдир. Биз фанний маданиятга кечиш учун умуман иқтисодий-маданий соҳада бир талай ютуқларимиз бўлса ҳам бунда ҳали бир кўп камчиликларимиз бордир. Шу камчиликларимиздан бири бўлган тил-имло масаласидир. Биз маданиятимизга илмий тус бера олиш учун, миллий мусиқамизни, миллий саҳнамизни, миллий санъатимизни, миллий тарих ва адабиётимизни ва бутун аппаратларимизни ва шул маданият самараларини бир-биримизга ва бошқаларга ўргататурган тилимизни ва унинг ёзувини тузатишимиз керакдир.

 

Энди биз нима учун лотин асосига қурилган янги ўзбек алифбосига ўтамиз?

 

Масалан, бу кунги янги алифбомизнинг отаси озарбайжонли Мирза Фатҳали 1857 йилда араб алифбосини бутун илдизи билан ўзгартириш ҳақида китоблар ёзгандир. Мирза Фатҳали ёзган китобларни Туркия ва Эронга юборган бўлса ҳам, ул ҳукуматлардан ҳеч қандай ёрдам ёхуд дўстлар топа олмаган эди. Унинг замонасида ҳукм сурган даҳшатли империалист рус давлати, рус чорлиги, албатта, турк қавмларининг маданиятга тезроқ боришини истамас эди. Мирза Фатҳалининг ҳаракатлари шул сабабдан бир кўп ўн йилларча ўксуз қолди. Ишга етишда ўксуз қолган бўлса ҳам бутун турк дунёсига таъсирини қолдирди. Ул Қофқозия, Туркия ва Туркистон туркларида ўзи учун яхшигина чуқур ўрун тутган эди.

 

Мирза Фатҳалини етиштирган Озарбайжон бутун дунёдаги турк жумҳуриятлари ичида лотин асосида тузулган янги турк алифбосини биринчи топқир қабул этган жумҳуриятдир. Озарбайжонда 20-йилда шул янги алифбо билан газета-журнал чиқа бошлади. Ҳукуматнинг давлат алифбоси бўлиб танилди. Биз бу кун Ўзбекистонда ҳам янги алифбонинг катта муваффақиятлар билан олға қадам ташлашини кўриб туриб, унинг жонли шоҳиди бўлиш шарафига ноил бўлганмиз. Бу соҳада фаол қадам ташлаш ва қаҳрамонларча курашиш, айниқса, ўқувчилар ўрдусининг муқаддас вазифасидир” (Кимёгар: С.Ж. Янги алифбо, “Маориф ва ўқитувчи” журнали, 1929 йил, 12-сон, 29-30-бетлар).

 

Мазкур мақола Саттор Жабборнинг Германиядаги ўзбек талабалари даврасида ўқиган маърузасининг қисқартирилган нусхасидир. Ёш кимёгарнинг бу ва бошқа мақолаларини ўқиган киши унинг ҳам Германия, ҳам ватани Ўзбекистон ҳаётида рўй бераётган барча муҳим воқеаларни фаол кузатиб боргани ва уларга муносабат билдирганини кўриб, ҳайратга тушади.

 

Саттор Жаббор 1931 йилда Ўзбекистонга қайтиб, Ўрта Осиё давлат Медицина институтининг биокимё (19321934), кейинчалик ноорганик кимё кафедралари (1935–11937) мудири, Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги коллегияси аъзоси, Маориф халқ комиссарлиги ҳузуридаги Илмий кенгаш аъзоси вазифаларида ишлайди. Тошкент Давлат Медицина институти ноорганик кимё кафедраси мудири Маъфуахон Алавиянинг гувоҳлик беришича, Саттор Жабборга ўша йиллари кўп йиллик илмий ишлари мажмуаси учун кимё фанлари номзоди илмий унвони берилган. Унинг асосий илмий йўналиши хилма-хил кимёвий хоссаларнинг ташкил топиш кинетикасини тадқиқ қилиш бўлган. Олимнинг 20 дан ортиқ илмий иши мавжуд бўлиб, улар орасида немис тилидаги кимё дарсликларининг ўзбек тилига таржималари, шунингдек, русча-ўзбекча ва немисча-русча-ўзбекча кимё терминлари китоблари ҳам бўлган (Қаранг: Альманах. Ташкентский Медицинский институт (192(М980), Ташкент: “Медицина”, 1980, стр. 54). Унинг, айниқса, ўша даврда кинетика соҳасида олиб борган изланишлари аҳамиятли бўлиб, улар Саттор Жабборнинг шогирдлари томонидан давом эттирилган ва яхши натижаларга эришилган. Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси Ҳусниддин Рустамовнинг айтишича, кимёгарлик фанининг бу йўналиши ҳозир жаҳонда катта назарий ва амалий аҳамиятга эга бўлиб, кинетиканинг илмий масалаларини ҳал қилмасдан туриб, бугунги кунда тараққий қилган кимё саноати (кимё ва нефтни қайта ишлаш заводлари), биокимё, фармацевтика, медицина (тиббиёт), қишлоқ хўжалигида бирор ютуққа эришиб бўлмайди.

 

Бундан ташқари, Саттор Жаббор республикамизда мукаммал кимё дарсликларини яратиш, кимё терминларини тартибга солиш, рус тилидан таржима қилинган адабиётлардаги терминологик чалкашликлар ҳақида ҳам мақолалар ёзган. Ҳозирда Жаҳон дипломатияси ва иқтисодиёти университети немис тили кафедрасининг катта ўқитувчиси, олимнинг невараси Мухбира Жаббор ёзганидек, Саттор Жабборнинг 30-йилларнинг бошларида Германияда фашизм ҳокимият тепасига чиқиб, кўплаб илмий китоблар ёндирилаётган бир вақтда “Табиат диалектикаси” китобини немис тилидан ўзбек тилига таржима қилиши муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган (Бу ҳақда қаранг: Жаббор М. Саттор Жаббор. “Табиат диалектикаси”нинг таржимони. Китобда: “Таржима назарияси масалалари”, Тошкент. 1979, 87-бет).

 

Саттор Жабборнинг шогирди академик Ёлқин Тўрақуловнинг хотирлашига кўра, Ўзбекистоннинг бир қатор шифокор ва кимёгар олимлари Эргаш Отахонов, Собир Шамсиев ва шахсан ўзи 1930 йилнинг бошларида Ўрта Осиё Давлат Медицина институтига ўқишга кирганларида биринчи курснинг биринчи семестрида ноорганик кимё фани бўйича маърузаларни илк бор ўзбек тилида Саттор Жаббордан эшитганлар.

 

“Ўша вақтда, деган эди биз билан суҳбатда Ёлқин Тўрақулов, ноорганик кимё кафедрасининг мудири Германиядан таклиф қилинган профессор Энглянд бўлиб, у ўша йилларда Саттор Жаббор билан Германиядаги “Мерк” фирмасидан кўплаб замонавий кимё лабораторияси аппаратлари ва реактивларни олиб келган эди. Кимё ва медицина бўйича маҳаллий кадрларга эҳтиёж кучли бўлгани сабабли улар умидли ёшларни кафедрага яқинлаштиришга интилганлар. Айниқса, Саттор Жаббор мени видвиженец, субоспирант тайёрлаш мақсадида кафедрасига яқинлаштириб, кимёвий тажрибалар ўтказишда бевосита қатнаштирарди. Мен шу аснода баъзан Саттор Жабборнинг немисчадан ўзбекчага қилган кимёвий китоблардан таржималарини, мақолаларини кўчириб берар, ўзбекча лекцияларни эса русчага таржима қилиб берардим. Кейинчалик айрим дарс лекцияларини ҳам ўқишга бера бошлади. Аста-секин мен уларнинг оилавий шогирдига айлана бошладим. У Европанинг илғор таълимини кўрган юқори малакали ва маданиятли ҳақиқий педагог олим эди. Дарсларни ўзбек тилида ниҳоятда чиройли, равон ўқирди. У ўша даврнинг етакчи олимлари ва ёзувчилари Отахон Ҳошимов, Санжар Сиддиқов, Ойбек ва бошқалар билан яқин дўст эди. Ойбекнинг рафиқаси кимёгар олима Зарифа Саидносирова, Абдураҳим Шамсиев, Маҳмуд Ҳакимов, Алимов ва бошқалар ҳам ўша даврда Саттор Жаббор кафедрасида ишларди. Ойбек оиласи билан ТошМИ ўқитувчилари уйида Саттор Жаббор билан ёнма-ён қўшни эдилар. Мени Саттор ака баъзан ўзлари билан ўзбек операларига ҳам олиб борардилар.

 

Бир куни мени Тошкентдаги собиқ Карл Маркс кўчаси (ҳозирги Сайилгоҳ) билан Охунбобоев кўчалари чорраҳасида жойлашган чет элликлар билан савдо магазинига бошлаб бориб, костюм ҳам олиб берган эдилар. Ўшанда курсдошларим мени институтда янги костюмда кўриб, деворий газетада: “Ёлқин Тўрақуловнинг тушига кирадиган асосий нарсалар: немис тили, француз романлари ва инглиз костюми”, деб ҳазил ёзганлари ҳали ҳам бугунгидай ёдимда.

 

Умуман олганда, Саттор Жаббор ўша даврда Маҳмуд Ҳакимов, Абдураҳим Шамсиев ва бошқа айрим кимёгар ўзбек олимларининг дастлабки сардорлари бўлиб, биз, ёшларнинг қалбимизга илк бор кимё илмининг ёрқин чироғини ёққан илм машъалларидан эдилар”.

 

Таниқли файласуф олим, профессор Омонулла Файзуллаевнинг хотирлашига кўра, 1936 йилда Ўзбекистон Маориф халқ комиссарлиги қошидаги Илмий кенгаш Саттор Жабборга профессорлик унвонини берган. “Мен унинг 2-курс талабалари учун кимёдан ўзбек тилида ўқиган мароқли маърузасини ҳам эшитган эдим”, деган эди Омонулла ака.

 

Германиялик профессор Энглянд 1936 йилда немис жосуси сифатида шубҳа остига олинди ва у ўша йилиёқ Германияга қайтиб кетишга мажбур бўлди, унинг касбдоши Германияда таълим олган, дастлабки ўзбек кимёгар олимларидан бири Саттор Жаббор эса 1937 йил 8 январда жосусликда айбланиб, қамоққа олинди. Унинг қамоққа олинган куни тўлдирилган маҳбуслик анкетасида қайд қилинишича, ўша вақтда Саттор Жаббор Карл Маркс кўчасидаги Тошкенг Давлат медицина институти олимлари уйида яшаган. Қарамоғида рафиқаси Тошкент текстиль институти талабаси Маҳбуба Муҳамедова 26 ёшда, онаси (уй бекаси) Камолахон Жабборова 57 ёшда, ўқувчи ўғиллари Ғаффор 14 ёшда, Элхон 8 ёшда, гўдаклари Дилбар 4 ёшда, Урхон 3 ёшда, Ўзхон эса бир ёшда бўлишган.

 

Қонли 1937 йилнинг келишини интизорлик билан кутиб турган НКВД терговчилари ишни совутмаслик учун Саттор Жаббор ҳибсга олинган куннинг эртасигаёқ тергов ишларини бошлаб юборадилар. Унга асосли айб қўйиш учун унинг Германияга кимларнинг ёрдамида борганлиги, немис матбуоти саҳифаларида ва туркистонлик талабалар орасида қандай ғояларни тарқатганлиги, Ўзбекистондаги дўстларига ёзган мактубларида Германиядаги ҳаётни мақтаб нималарни ёзганлиги ҳаммасини суриштира бошлайдилар. Сўнгра уйи тинтув қилинган пайтда қўлга олинган ҳужжатларга тушунтириш беришни талаб қиладилар. Саттор Жаббор терговчиларнинг барча саволларига батафсил жавоб беради. Жумладан, 1937 йил 10 январда бўлиб ўтган терговда у уйидан топилган суратлар, хатлар, адреслар, ён дафтаридаги ёзувлар ва бошқалар хусусидаги саволларга бундай жавоб беради:

 

“1. Москва, Госпитальний берк кўчаси, 4-уй, ВХА (Ҳарбий кимё академияси)нинг 4-ётоқхона, 138-хонаси. Алиев Ёқуб. Бу киши Ҳарбий кимё академиясида ўқиган. У билан 1934 йилда Москвада танишганман.

 

2. Беркингейм 2-Москва кимё институти профессори. У киши билан 1934 йили Москвада бир марта учрашганман. Ундан кимё (фанини муҳ.) ўқитиш бўйича дастур олганман.

 

3. Гугладзе у киши билан 1934 йили Ленинградда Менделеев съездида учрашганман. У билан Олимлар уйида бирга бўлганман.

 

4. Рауф Расулий у Германияда ўқиган. СССРга 1927 йилда қайтган, самарқандлик, у менинг эски танишим”.

 

1937 йил 17 январда давлат хавфсизлиги лейтенанти Ғайнутдинов яна ўша ҳужжатлардан қолганларига ҳам изоҳ беришни талаб қилади. Саттор Жаббор жавобида ён дафтаридаги адреслар бўйича бундай дейди:

 

“Сайфулмулюков илмий ходим, агроном. У 1932 йили Ўзбекистон Давлат нашриётида ишлаган. 1935-1936 йилларда у вақтинча Фан комитети қошидаги “Социалистик фан ва техника” журналига муҳаррир бўлиб турган. Мен уни мазкур журнал ходими сифатида танийман.

 

Гринберг А. СССР Фанлар академияси Кимё институти профессори. Мен у киши билан 1934 йили Москвада ўз илмий ишим бўйича учрашганман.

 

Абрамов у 1937 йилда чақирилган Менделеев съездининг раҳбари, профессор.

 

Шераҳмад Берлин, Кайзерале, 69. Ушбу адресда Насриддин Шераҳмедовнинг синглиси Саида Шераҳмедова яшаган. Мазкур адресни мен Мюнхендаги немис фирмаси ходими Даутен Шлегерга жўнатганман. Мен мазкур фирма билан кимё бўйича Германиядан илмий китоблар олиш масаласида ёзишмалар олиб борганман.

 

1932 йил. Р.Энглянд тақдим этган откритка. У 1932 йили Ўрта Осиё Давлат Медицина институтида илмий ходим бўлиб ишлаган. У Германия фуқароси бўлиб, ёши 50 ларда. 1932 йили ватани Германияга кетган. Мен у билан 1931 йилда танишдим. Ўзининг айтишига қараганда, Энглянд Германияда 1918-1919 йилларда Германия коммунистлар партиясининг аъзоси бўлган”.

 

Терговчилар 1937 йил 23 январда бирор далил-ашёлари бўлмаганига қарамай, Саттор Жабборга 19221931 йилларда Германияда ўқиган вақтида у ердаги Ўзбекистонда мустақил миллий буржуа давлатини қуришни мақсад қилган “Туркистон” аксилинқилобий-миллатчилик ташкилоти раҳбарлари билан алоқада бўлганликда, СССРга қайтгач, советларга қарши бўлган чет эл фуқаролари билан алоқа ўрнатганликда ва Тошкентдаги педагогик фаолияти давомида ўқитувчи ҳам талабалар ўртасида аксилинқилобий-миллатчилик руҳидаги гапларни айтганликда айблаганлар. Саттор Жаббор шу куни мазкур айбнома тагига уни эшитганлиги ҳақида лотин алифбосидаги ўзбек тилида: “Ушбу қарор менга бугун 23/1-37 да ўқиб берилди, ўзимни айбдор, деб билмайман”, деб имзо ҳам чеккан. Ва шу куни терговчининг: “Сиз Ўзбекистон Жиноят Кодекси 66- ва 67- моддаларининг 1-қисми бўйича қўйилган айблов юзасидан ўз айбингизга иқрор бўласизми?” деган саволига жавоб берар экан, мазкур моддаларга бирма-бир тўхтаб, бундай дейди: “19221931 йилларда Германияда ўқиган йилларимда ҳеч қандай аксилинқилобий-миллатчи муҳожирлар билан алоқада бўлмаганман. Германияда ҳам, СССРда ҳам ҳеч қаерда аксилинқилобий-миллатчилик руҳидаги гапларни айтган эмасман. Мен ўзимни қеч бир масалада айбдор деб билмайман. Агар мен профессор Энглянд билан таниш бўлган бўлсам, бу танишлик фақат хизмат юзасидан бўлган. Мен Энглянд билан фақат Ўрта Осиё Давлат медицина институти илмий ходими сифатидагина таниш эдим, холос”.

 

Шундан кейин уни яна бир неча ой тергов қийноқлари осгида ушлаб, бўйнига қўйилган “айблар”ни тан олишга мажбур қиладилар. Ўзининг ҳақлигини исботловчи ҳар қандай жавобларига қарамай, Саттор Жаббордан қисман айбдор эканлиги ҳақидаги эътирофномани тасдиқлатиб оладилар. Шундай қилиб, Саттор Жаббор НКВДнинг чиқиб бўлмас домига илиниб қолади, унинг онаси, хотини ва норасидалари эса “халқ душмани” оиласининг аъзолари сифатида узоқ йиллар мобайнида азоб-уқубат чекадилар.

 

Саттор Жабборнинг хотини Маҳбуба Муҳамедованининг хотирлашига кўра, 1937 йил январида тунда уйларига уч киши келиб, Саттор Жабборни тинтув ва сўроқлар қила бошлаган. Сўнг уни олиб кетиб, хат ёзиш ҳуқуқидан маҳрум қилишган. Ёлғондан уни 10 йилга қамоққа ҳукм этилди, деб гап тарқатишган. Тошкент Тўқимачилик институтининг сўнгги курсида ўқиётган Маҳбубахон эса икки ўғли Урхон (1933 йил) ва Ўзхон (1935 йил) билан қолиб, сал ўтмай, болалари билан яшаб турган уйидан ҳам, ўқиб турган институтидан ҳам ҳайдалган. Тахтапулда қишлоқ ўқитувчиси бўлиб ишлаётган отаси Дадамат Нурмуҳамедов унинг жонига оро кириб, кўчада қолган қизини икки боласи билан ўз паноҳига олган. Маҳбубахон фақат марказқўм котиби Ивановнинг шахсан аралашуви билангина ўқишга қайта тикланган ва кейинчалик ўқишни битириб, Текстиль комбинатида ишлай бошлаган ва квартира олишга муваффақ бўлган.

 

Фақат Сталин вафот этганидан кейин, 50-йилларнинг охирига келибгина шахсга сиғиниш оқибатлари қораланиши билан 1937-1938 йиллардаги бедодликлар қайта кўрила бошлади. Бундан рағбатланган Саттор Жабборнинг онаси Камолахон ая Мавлонхўжаева ва хотини Маҳбуба Муҳамедова 1956 йил апрель ойининг охирларида ўша вақтда Ўзбекистон марказқўмининг биринчи котиби бўлиб ишлаган Н.А.Муҳиддиновга Саттор Жабборни оқлаб беришни илтимос қилиб ариза бердилар. Шундай аризалардан бирида Камолахон ая бундай ёзган эди:

 

“Ўғлим Саттор Жаббор 1937 йил 8 январда НКВД органлари томонидан асоссиз репрессия қилинган эди. Унинг бешта боласи қолган. Каттаси ўн ёшларда бўлиб, ўша кунлари вафот қилиб кетган. Қолган тўртта боласининг энг каттаси ишлайди. Уни ўқитиш учун имконият бўлмади.

 

Хотини тиним билмай ишлайди, кисалманд. Биз ҳаммамиз унинг боқимандаси бўлиб қолганмиз. Мен ҳозир 80 ёшга кирдим. 20 йилдан буён туну кун ўғлимни кутиб йиғлаб, кўзим кўр бўлиб қолди.

 

Бизнинг ҳаммамизнинг илтижоимиз шуки, унинг ишини қайта кўриб, бегуноҳ жабрланган киши сифатида қамоқдан бўшатишга ёрдам беришингизни сўраймиз.

 

20 йилдан буён унинг қайтишини умид билан кутмоқдамиз.

 

Аризамни эътиборсиз қолдирмаслигингизни ўтиниб сўрайман.

 

Менинг турар жойим: Тошкент шаҳар, Жар кўча, 9-тор кўча, 70-уй. Мавлонхўжаева Камола.

 

1956 йил, 24 апрелъ”.

 

Мазкур аризадан кейин хийла вақт ўтгач, Н.А.Муҳиддинов бу ишни пайсалга солмай, республиканинг ўша вақтдаги адлия министри Хадича Сулаймонова, Давлат хавфсизлик комитети бошлиғи А.М.Бизов, ЎзССР прокурори Мурод Шералиевларни чақириб, мазкур масалани ўрганиб чиқишни топширади. Ўша йилнинг декабрь ойи охирларида 1922 йили Ф.Хўжаев ва Т.Рисқуловларнинг Саттор Жабборни Германияга ўқишга юборганлиги, унинг советларга қарши унсур бўлмасдан, яхши ўқиб, ишлаганлиги ҳақида маълумот тўпланади. 1958 йилнинг бошларида, СССР Олий судининг ўша йиллардаги раиси Горкиннинг аниқлашича, Саттор Жабборнинг Германияда ўзини яхши тутгани унинг тамомила оқланишига асос бўлади. Ниҳоят, 1959 йил 13 апрелда у тамомила оқланади. Бу ҳақда СССР Олий суди Ҳарбий коллегиясининг 1959 йил 13 апрель Н-4-Н-13699/57 рақамли маълумотномасида бундай дейилган:

 

“Дело по обвинению Джаббара Саттара пересмотрена Пленумом Верховного суда СССР от 26 марта 1959 года.

 

Приговор Военной коллегии от 9 октября 1938 года и постановление Пленулш Верховного суда СССР от 21 мая 1958 г. в отношении Джаббара Саттара отменены и дело прекращено из-за отсутствия состава престуления.

 

Джаббор Саттар реаблитирован посмертно.

 

Зам. председателя Военной коллегии Верховного суда СССР генерал майор юстиции П.Лихачев.

 

Г. Москва, ул. Воровского, дом 15”.

 

Ҳақиқат, ниҳоят, ғалаба қозоқди. У эгилди, лекин синмади. Бироқ шунга қарамасдан, Германияда ўқиб келган дастлабки ўзбек кимёгар олими Саттор Жаббор кабиларнинг бошлаган хайрли ишлари, ёзган мақолалари, китоблари ва таржималари тақдири нима бўлади? Уларнинг оила аъзолари кечирган азоб-уқубатлар, хўрликлар учун ким жавоб беради? Буни қандай хун билан тўлаш мумкин? Бегуноҳ маҳбусларни қийнаб таҳқирлаган, отиб ташлаган, қамоқхоналарда чиритган, уларнинг уйларини, мол-мулкларини тортиб олиб, болаларини беватан қилган НКВД ходимлари-чи? Улар ҳеч нарса кўрмагандек, мўмайгина нафақа пулини олиб ёки ҳали ҳам теварак-атрофларидагиларга ғазаб ва нафрат оловини сочиб яшай берадиларми?!.

 

Аммо инсон зоти қанчалар азоб-уқубат кўрса ҳам, шукр қилиб яшайди. Камола ая ўғлининг, Маҳбуба опа эса эрининг оқланганини эшитиб, Аллоҳга шукроналар айтди. Тирик қолган фарзандларини отасига ўхшаб эл-юрт манфаати йўлида ҳалол ишловчи кишилар қилиб ўстирди. Урхон Жаббор Ўзбекистон Фанлар академияси Механика институтининг катта илмий ходими сифатида кўп йиллар ишлаб, ҳозир меҳнат нафақасида яшамоқда. Кичик ўғли Тошкент Архитектура-қурилиш институтининг профессори Ўзхон Жаббор ҳам меҳнат нафақасига чиққан. Келини, Ўрхон Жабборнинг рафиқаси Муҳбира Жаббор Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетининг чет тиллар кафедрасида немис тили бўйича катта ўқитувчи, набиралари Саттор Ўрхон ўғли Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида хизмат қилади, Соҳила Ўрхон қизи эса немис тили мутахассиси. У ҳозир Германияда яшайди. Яқинда Ўрхон Жаббор рафиқаси билан Германияда бўлиб, отаси ўқиган ва яшаган ерларни зиёрат қилиб қайтди.

 

Шерали ТУРДИЕВ,

“Улар Германияда ўқиган эдилар” китоби, 66–81-бетлар

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10357
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//