Бир хоинлик тарихи: Иброҳимбек Лақай қандай тутилган?


Сақлаш
12:51 / 28.07.2025 315 0

Қадим замонларда бир шаҳарда Баҳром исмли саркарда яшаган экан. У юрти ҳимояси йўлида халқ орасида жасур ва садоқатли сифатлари билан ном қозонган эди. Энг яқин ёрдамчиси – Барсбек исмли йигит ич-ичидан унга ҳасад қиларди, саркарданинг шон-шуҳратига тоқат қилолмасди.

 

Бир куни душман лашкари шаҳарга ҳужум қилиш арафасида экан, Баҳром мудофаа режасини энг ишончли одамлари билан муҳокама қилди. Улар сафида Барсбек ҳам бор эди.

 

Тунда, халқ ухлаб ётган пайтда Барсбек душман лагерига яширинча бориб, Баҳромнинг режасини сотди. Эвазига олтин, мансаб ва душман ҳукмдорининг дўстлигига эришди.

 

Эртаси куни жанг бошланди. Душман Баҳромнинг ҳаракатларини олдиндан билгандек, бирин-кетин зарба берди. Шаҳарнинг мудофаа чизиғи ёрилди, кўплаб одамлар ҳалок бўлди. Баҳром охирги нафасигача жанг қилди, лекин охир-оқибат душман қўлига тушди.

 

Аммо қизиқ ҳол юз берди: душман Барсбекни ҳам ўлдирди. Унга айтишдики:

 

– Хоин бир кун бизга сотилса, эрта-индин бизни ҳам сотади. Сенга ишониб бўлмайди.

 

Ҳикоядан кўриниб турибдики, душман ҳам хоиндан жирканди, унга ишонмади ва жонини олди. Бироқ, бундан қарийб юз йил олдин совет ҳукумати Туркистон миллий истиқлолчилик ҳаракатининг йирик вакилларидан бири Иброҳимбек Лақайни тутиб берган хоинларнинг нафақат бошини силаган, балки уларга юксак лавозим ва ишонч ҳам билдирган эди. Ҳа, СССРда миллатларнинг ичидан чиққан хоинлар доимо қадрланган. Иброҳим Лақайнинг аччиқ қисмати бунга яққол мисолдир. Қуйида шу ҳақда.

 

Мулла Муҳаммад Иброҳимбек Чақабой тўқсабо ўғли 1889 йил Душанбе шаҳридан 12 километр узоқликда Каппон дарё бўйидаги сўлим Кўктош қишлоғида туғилган. Унинг отаси 80 уйлик Кўктош қишлоғидаги лақай уруғи оқсоқоли бўлиб, амир томонидан тўқсабо, яъни полковник унвони берилганди. Чақабой тўқсабо тўрт аёлидан 6 ўғил, 6 қизи кўрган, Муҳаммад Иброҳимбек кенжаси бўлган. У аввалига мактаб, сўнг бир ярим йил давомида маҳаллий мадрасада сабоқ олган.

 

Иброҳимбек амалдор отаси даврида қишлоқ тўйларида улоқ чопиб, кураш тушиб, эл орасида номдор полвон деган ном чиқаради. 1911 йил отаси вафот этгач, Ҳисор беги хизматига киради ва 1919 йилда Ҳисор беги ҳузурида қилган хизматлари эвазига қоровулбеги унвонини олади.

 

1920 йил сентябрида Қизил армиянинг Бухоро амирлигига шиддатли ҳужуми оқибатида Амир Олимхон мағлубиятга учраб, Шарқий Бухорога, ундан Афғонистонга чекинишга мажбур бўлади. Шундан сўнг Амир Олимхон Бухорони большевиклардан озод қилиш учун бутун ваколатни Иброҳимбек Лақайга топширади. Афсуски, олиб борилган жангларда ўзаро кучлар нисбати тенг эмаслиги натижасида Иброҳимбек Лақай аксарият ҳолларда мағлубиятга учрайди. Баъзида кичик бўлса-да маълум ғалабаларга ҳам эришган.

 

Иброҳим Лақай 1926 йилда Афғонистонга қочиб ўтишга мажбур бўлади. “Камбағал деҳқон” газетасининг 1926 йил 7 июль сонида ёзилишича, Иброҳимбек шу йилнинг 21 июнида Афғонистонга қочиб ўтган. У Афғонистонда ҳам фаол сиёсий хатти-ҳаракатларни олиб борган, туркистонликларни юртни озод қилишга чақирган, хитобномалар чоп эттириб тарқата бошлайди. Иброҳимбекнинг хитобномаси “Камбағал деҳқон” газетасида ҳам чоп этилган бўлиб, у қуйидагича эди:

 

О биродарлар! Большевик ҳокимияти зулми остида қолган қизил аскарлар, ишчи ва халқ. Сизга маълум бўлсинки, мусулмон, рус ё бошқа миллат ва қавмлар, улар ҳокимиятни олгандан бери йиллар давомида сиз Ватан, дин, миллату оилангиздан, мулкингиздан ажралдингизлар. Балки, яқинда қалбингизни танингиздан ҳам ажратиб олишар. Шукрки, Аллоҳнинг инояти билан Афғонистон, Англия ва бошқа хориж давлатлари хотиржамлигимизга келдилар. Сизни таҳқир ва зулмдан озод этишга! Ҳокимият зўравонликларига қарши курашга бош қўшинг, динингизни қутқаринг! Хотиржамликни қутқаринг, ризқингиз кенгаяди. Советлардан сизга яхшилик йўқ! Улар фақат зулм ва йўқ қиларлар. Бу сизга энг яхши маълумдир. Шартсиз Сиз кураш бошланг, ҳокимиятини йўқ қиларға, ўзингизни озод этинг ва дин равнақи учун уларға қарши курашга киришинг. Салом сизларга!”

 

Иброҳимбек томонидан тарқатилган хитобномалар ўз самарасини кўрсатди. У ўз атрофига муҳожиротдаги ватандошларни тўплаб 1930 йилда большевикларга қарши ҳужумга ўтади. Бу ҳақида “Шарқ ҳақиқати” газетасининг 1930 йил 22 сентябрда С.К. имзоли муаллиф томонидан босилган “Иброҳимбек бандасининг чегарамизга босқини” номли мақолада сўз юритилган. Мақола номидан яққол кўриниб турибдики, совет ҳукумати миллий истиқлолчилик курашини олиб бораётган Иброҳимбек бошчилигидаги жасур йигитларни шунчаки ўғри ва қароқчилар тўдаси сифатида тасвирлаб, уларнинг халқ орасидаги обрўсини туширишга қаттиқ тиришган эди. 

 

Афсуски, Иброҳимбек Лақай большевикларга қарши жиддий кураш олиб бораётган бир пайтда – 1931 йилда маслакдошлари билан бирга қўлга олинади. Бу ҳақида “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1931 йил 2 июль сонида “Иброҳимбек ва ёрдамчиларининг ушланиши” номли кичик хабар чоп этилган. 

 

Қўлга олинган Иброҳимбек (1931 йил).

 

Хўш, Иброҳимбек Лақайни рус большевиклари қўлга олдими? Афсуски йўқ! Иброҳимбекни ўзи озод қилишни истаган халқнинг ичидан чиққан хоинлар ушлаб берди. Бу тўғридаги батафсил маълумот “Ёш Туркистон” журналининг 1936 йилги 74-сонида босилган “Иброҳим Лақайли қалай тутилғон эди?” номли мақолада келтирилган. Мақола “Жанай” имзоси билан ёзилган бўлиб, бу Мустафо Чўқайнинг тахаллусларидан биридир. 

 

Мустафо Чўқай мақоласининг илк саҳифаси.

 

Мустафо Чўқай мақоласининг кириш қисмида: “Бундан тўрт ярим йил аввал, 1931 йил ўрталарида, Чақабой ўғли Иброҳимбек Лақай тутилиб қолғон эди. Иброҳимбек тутилғоч Тошкентга келтирилган ва унинг очиқ маҳкама этилажаги, унинг “байналмилал импералистлар” ва юрт ичидаги ва муҳожиротдаги Туркистон миллатчиларидан кимлар билан муносабатда бўлғонлиғи очилиб эълон этилажак деб кутилган эди. Иш бу кутилгани каби бўлмади. Иброҳимбек Тошкентга келтирилганидан сўнг, суди Тошкентдай жим-жит бўлиб кетди. Ортиқ на Москов ва на Туркистон газеталари унинг ҳақида баҳс этдилар. Иброҳимбек ва унингла бирга тутилғон йўлдошлари устида ҳар қандай бир шаклда маҳкама (суд) юритилдими?  Бу ҳам англашилмади. Фақат аниқ бўлғон бир нуқта бўлса, у ҳам Иброҳимбекнинг большевиклар тарафидан ўлдирилганлигидир…”, деган ҳолда “босмачилиқ” ҳаракатлари тўғрисида ёзилган большевиклар матбуотида Иброҳимбекка кенг ўрин берилгани, бироқ унда айтилган гапларнинг аксарияти ёлғон ва сафсатадан иборатлигини қайд этиб ўтади.

 

Мустафо Чўқай гарчи большевистик матбуотда босилаётган Туркистондаги миллий истиқлолчилик ҳаракати тўғрисидаги мақолаларнинг аксарияти ёлғон ва бўҳтондан иборатлигини таъкидласа-да, бироқ Иброҳимбек Лақайни тутиб берган шахслар тўғрисидаги эътирофлар рост ва чинлигига иймони комиллигини урғулаб, “Известия” газетасининг 1935 йил 29 ноябрь, 277-сонида чоп этилган Муқим Султон ўғлининг хотираларидан иқтибослар келтиради.

 

Хўш, Муқим Султон ўғли ўзи ким эди?

 

Муқим Султонов 1894 йилда Бухоро амирлигига қарашли Карки қишлоғида туғилган. У 1912–1917-йилларда Карки бойлари – Кандунбой ва Шаймардонқулбойга хизмат қилган. 1919–1921-йилларда Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи карвонбоши Валиназарбойнинг қўлида аравакашлик қилган. 1922–1924-йилларда 13-ўқчи корпусининг разведка бўлимида ишлаган ҳамда ҳозирги Тожикистон ҳудудида қўрбошилар ичида юриб махфий ходим (агент) сифатида фаолият олиб борган.

 

Муқим Султонов 1924 йилда Кабодиён тумани Давлат хавфсизлик бошқармаси (ГПУ) ходими, 1936-1937-йилларда Тожикистон Қишлоқ хўжалиги халқ комиссарлиги ҳузуридаги отчилик бошқармасининг бошлиғи, 1938–1942-йилларда Тожикистон маҳаллий саноат халқ комиссари, 19421947-йилларда Тожикистон Олий Совети Президиуми раисининг ўринбосари каби юксак лавозимларда ишлаган. Энди Мустафо Чўқайнинг мақоласига қайтсак:

 

Мустафо Чўқайнинг ёзишича мана шу Муқим Султон ўғли Московнинг “Известия” газетасида (1935 йил 29 ноябрь, 277-сони) Иброҳимбек Лақайни тутиш жараёни қандай кечганини хотира ўлароқ ҳикоя қилиб берган. М.Чўқайга кўра Муқим Султон ўғлининг ҳикояси қуйидагичадир: “Менинг ҳаётимда икки бахтли кун бор. Бу бахтли кунларимнинг бири тожик халқининг ашаддий душмани Иброҳимбекни ўз қўлим билан тутиб боғлағон куним эди (Муқимбекнинг умридаги иккинчи энг бахтли куни эса Московга келган кун эмиш). Мен бу ҳақида бироз кўпроқ англатсам дейман.

 

Муқим Султон ўғли (1894–1976).

 

Иброҳимбекнинг Тожикистон чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги хабар менинг қишлоғим Эсонбойға келганда ёзги экин ишларининг қизғин даври эди. Иброҳимбекнинг дўстлари билан илгари дафъаларча қаршилашғон эдим. Мен эски партизанлардан бўлиб, инқилобнинг биринчи йилларидаёқ вақтимни Шарқий Бухорода ўз қишлоқдошларим ва йўқсуллар билан биргаликда юртимни босмачилардан тозалаш учун от устида ўтказдим.

 

Иброҳимбекнинг ҳудудни кесиб ўтгани хабарини олар-олмас, унинг энг аввал эскида ўз уруғининг ишғол этган бойлар орасидан яқин ва танишлари қолғон Кўктош раёнига келишини англадим. Менинг қишлоғим Эсонбой эса Кўктошнинг яқинидадир. Мен ўзимнинг эски курашчан йўлдошларимдан колхозчи Эгамберди Йўлдош, Карим Алимардон ўғли, Абдураҳмон, Қорахон Сардор ўғли, Чўта Кўчар ўғли, Гилхўжа Назар ўғли, Муҳаммад Ражаб ва Ёрмуҳаммад ўғлиларни тўпладим. Биз у замон колхозчилиқни эндигина бошлағон эдик. Биз келажакка ишонар ва ўз тупроғимизни оталари оталаримизни қул қилиб ишлатган бойларға бермакни истамадик.

 

1931 йилнинг 23 июль кечаси (Бу сана хато бўлса керак. Чунки Иброҳимбек 23 июнь кечаси тутилғондир – М.Чўқай) Иброҳимбек шиддатли оқадиган Кофирнихон наҳри ёнига келади-да, қайиқчиларға “Ўлдираман” деб қўрқитиб ўзини наҳрнинг у тарафиға ўтказишни буюради. Бу хабарни менга Эгамберди Йўлдош ва Карим Алимардон ўғиллари келтирдилар. Мен дарҳол йўлдошим Гилхўжа Назарга қайиқчи бўлиб кийиниб Иброҳимбекни наҳрнинг бу соҳилига ўтказишини буюрдим. Гилхўжа ҳам зиммасига олган вазифасини яхшилаб бажарди. Иброҳимбек босмачилар қўмондони соҳиб ва ўзининг котиби ила биргаликда наҳрни кечди. Гилхўжа наҳрнинг шиддатли оқимини баҳона қилиб уларни милтиқ ва тўппончаларини қайиқнинг четига боғлаб олишга унатди.

 

Иброҳимбек соҳилға келгач мен яширинғон ердан сакраб чиқиб милтиқни кўкрагига тирадим ва унга: “Иброҳимбек, энди сенинг ажалинг етди. Орқангға айлан. Мен сенинг қўлларингни боғлайман” дедим”. Шундай қилиб Муқим Султон ўғли Иброҳимбек Лақайни тутишда жонбозлик кўрсатади ҳамда “Шарқ Напалеони” деб аталмиш буюк Туркистон фарзандини большевикларнинг чиркин қўлларига топширади. Натижада Иброҳимбек ўлдирилади.

 

Албатта, совет ҳукумати Муқим Султон ўғлининг бу кўрсатган “жасорати”ни ортиғи билан тақдирлади. У юксак лавозимлардан ташқари бир марта “Ленин” ордени, икки марта “Қизил байроқ” ордени, тўрт маротаба “Шараф белгиси” ордени (бунақаси СССРда камдан кам кузатилган – М.Алижонов), Тожикистон Олий советининг икки фахрий ёрлиғи (Айнан мана шу фахрий ёрлиқ Иброҳимбекни тутгани учун махсус тақдим этилган – М.Алижонов), “Босмачиларга фаол қаршилик кўрсатгани учун” ёдгорлик нишони ва ниҳоят СССР Мудофаа халқ комиссари К.Ворошилов томонидан 1935 йилда олтин соат билан тақдирланган.

 

Муқим Султон оғлининг кексаликдаги сурати.

 

Иброҳимбекни тутишда Муқим Султон билан бирга жонбозлик кўрсатган сафдошлари ҳам қуруқ қолмаган. М.Чўқайнинг ёзишича: “Муқим Султоннинг дўстларидан бўлмиш Абдураҳмон ҳозирги кунда Кўктош раёнининг ижро қўмитаси бошлиғи экан. Қорахон эса раён милиция бошлиғи, Чўта Кўчар ўғли “Қаҳрамон” колхозининг раиси, Гилхўжа зироат агронўми, Муҳаммад Ражаб “Қизил байроқ” колхозининг раиси, Карим Алимардон ўғли эса Кўктошдаги 41-сонли отчилиқ савхўзининг бошлиғи ўринбосари экан”.

 

Мустафо Чўқай ўз мақоласини қуйидаги огоҳлантирувчи сўзлари билан тамомлаган: “… Муқим Султон ўғлининг ўзи сўйлаб ўтирган хоинлиги Туркистон миллатпарварлари, Туркистон зиёлиларини чуқур-чуқур ўйлашға мажбур этадурғон ҳодисадир”.

 

Америкалик ёзувчи ва журналист Эрнест Ҳемингуэй ўз пайтида “Хоинлик қилган одамнинг сўнгги манзили ёлғизликдир” деб ёзган эди. Бироқ, буюк ёзувчининг бу сўзлари СССРдаги мантиққа зид эди. Яъни, Иброҳимбек Лақайни тутиб берган хоинлар умрларининг охиригача роҳат-фароғатда, ордену мансабларга кўмилган ҳолда яшади, ёлғиз ташлаб қўйилмади.

 

Муслимбек АЛИЖОНОВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Фойдаланилган манбалар:

1) “Камбағал деҳқон” газетаси. 1926 йил 7 июль.

2) “Камбағал деҳқон” газетаси. 1926 йил 14 июль.

3) “Шарқ ҳақиқати” газетаси. 1930 йил 16 июнь.

4) “Қизил Ўзбекистон” газетаси. 1931 йил 2 июль.

5) “Ёш Туркистон” журнали. 1936 йил январь. № 74.

6) Б.Ҳасанов, Б.Ирзаев. Миллатимиз фидойилари. – Т.: “Фан ва таълим” нашриёти. – Б. 504.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 23354
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//