
Меҳмон
Чорраҳада учратдим уни, эгнидаги ридо ва қўлидаги асодан бўлак ҳеч вақоси йўқ, юзини андуҳ пардаси ўраб олган. Аввалига ҳол-аҳвол сўрашдик, сўнг уни уйимга таклиф этдим, “Меникига марҳабо, биродар, азиз меҳмоним бўл”, дедим.
У менга эргашди.
Остонада бизларни аёлим ва болаларим қарши олишди, меҳмон оилам аъзоларига табассум қилди, улар уйимизга меҳмон келганидан мамнун эдилар.
Дастурхон атрофига ўтирдик, унинг ташрифидан масрур эдик, қандайдир сокинлик ва сирлилик зоҳир эди унинг чеҳрасида.
Кечки таомдан кейин гулхан қаршисида ўтирар эканмиз, ундан дарбадарликда кечирган саргузаштлари ҳақида сўрадим.
Ўша кеча ҳам, ундан кейинги кечада ҳам у бизга кўпдан-кўп саргузаштларини сўзлаб берди, ровий нақадар хотиржам бўлмасин, камина кейинчалик қоғозга туширган ривоятлар унинг дарбадар кунлари аламидан дунёга келди.
Уч кундан сўнг у бизни тарк этди, биз бу ҳолни меҳмон уйимиздан кетганидек эмас, балки оиламиздагилардан бири ташқарига чиқиб, боғ оралаб юргану ҳалигача қайтмагани каби қабул қилдик.
Либос
Бир куни Гўзал ва Хунук денгиз қирғоғида учрашиб қолишди. “Денгизга тушиб чўмилмаймизми-а?” дейишди улар бир-бирига.
Икковлон ечиниб хўб чўмилдилар. Бироздан сўнг Хунук қирғоққа қайтди-ю, Гўзалнинг либосини эгнига илиб, йўлига равона бўлди.
Гўзал ҳам сувдан чиқди, зеҳн солиб қараса либослари йўқ, яланғочлигидан ҳаё қилиб, ноилож Хунукнинг уст-бошига ўранди ва йўлига равона бўлди.
Ўша кундан буён эркагу аёл икковини нуқул адаштириб юрармиш.
Икки малика
Шавакис отлиғ кентда бир шаҳзода яшарди. Эркагу аёл уни бирдай севишарди. Ҳатто қирлардаги жонзотлар ҳам унга таъзим қилиш учун ҳар тонг ҳузурига келарди. Эл оғзида бўлса, бу шаҳзодани рафиқаси асло хушламайди, ҳатто ундан нафратланади ҳам, деган гап-сўз юрарди.
Кунларнинг бирида қўшни кентнинг маликаси Шавакис маликасини кўргани келди. Маликалар суҳбат қураркан, эрлари ҳақида ҳам гап очилди.
Шавакис маликаси жўшиб сўз бошлади:
– Турмушингизга кўп йиллар бўлган эса-да, шаҳзодангиз билан бахтли ҳаёт кечираётганингиздан баъзан ҳасадим қўзийди. Менинг эса эримни кўрарга кўзим йўқ. У якка ўзимга тегишли бўлишини истардим, аммо афсус, оламдаги энг бахтсиз аёл мен бўлсам керак.
Меҳмон малика унга узоқ тикилиб турди-да, сўнгра сўз қотди:
– Дугонажон, сиз шаҳзодангизни севасиз – ҳақ гап шу. Унга ташна бир эҳтирос ила боғлангансиз. Бундай ҳаёт гулбоғ учун баҳор янглиғ зарур. Аммо менга ҳарчанд аччиқ қилсангиз арзир, чунки биз сассиз бир сабр ила бир-биримизга кўнишдан бўлак ҳеч иш қилганимиз йўқ. Кўплар буни бахт деб ҳисоблайди.
Чақин
Ўшанда бўронли кун эди, насроний роҳиб черковда биқиниб ўтирарди. Унинг ҳузурига бир ғайридин аёл келди.
– Мен тарсо эмасман, – дея гап бошлади аёл. – Камина учун дўзах оловидан омон қолишнинг бирор иложи борми?
Роҳиб аёлга бир қур назар солди-да, жавобини баён этди:
– Асло, йўқ! Муқаддас сув ила чўқинтирилганлардан бўлак ҳеч кимсага жаҳаннам оловидан омонлик берилмас!
Роҳиб сўзини якунлашга улгурмасидан қулоқларига гумбурлаган овоз чалинди; томга чақин тушиб, черков бир зумда аланга ичида қолди. Шу ерлик одамлар югуриб келиб, аёлни қутқариб олишди. Аммо роҳиб аланга комида жизғанаги чиқиб, аллақачон нобуд бўлганди.
Зоҳид ва ҳайвонлар
Бир зоҳид ям-яшил тепаликлар бағрида ёлғиз умргузаронлик қиларди. Руҳияти тамиз ва кўнгли оқ эди унинг. Ер юзидаги барча ҳайвонлар, кўкдаги жами паррандалар зоҳид ҳузурига жуфт-жуфт бўлиб келар, узоқ-узоқ суҳбат қурардилар. Улар зоҳидни жон қулоқлари билан тинглардилар, атрофида тўпланмоқдан шодланардилар, қош қорайиб, зоҳид уларни шамол ва ўрмонга омонат айлаб, дуолари билан кузатиб қўймагунча ундан айрилмоқни ихтиёр этмасдилар.
Шундай оқшомлардан бирида зоҳид ишқ ҳақида ваъз ўқиркан, қоплон унга савол берди:
– Бизга ишқ бобидан сўз очаётирсан, биродар. Хўш, энди бизга айт-чи, сенинг жуфтинг қаерда?
– Каминанинг жуфти йўқ, – жавоб қилди зоҳид.
Шу заҳоти мажлисда шовқин-сурон кўтарилди. “Ўзи ҳеч балони билмас экан, бу киши қандай қилиб бизга ишқдан ва қовушмоқдан дарс беради?” дея ғўлдирашди жонзотлар. Улар зоҳиднинг хилватгоҳини бесас ва беписанд тарк этишди.
Ўша кеча зоҳид бўйрасига юзтубан ётганча аччиқ-аччиқ кўз ёши қилди, кўксига муштлади.
Инжу
– Ичимда кучли оғриқ сезяпман: оғир ва юмалоқ нимарсадай бир оғриқ, – деди бир чиғаноқ қўшни чиғаноққа.
– Шукурлар бўлсин фалакка ва денгизгаким, дард деган нарса йўқ ичимда. Соғлиғим жойида, на ичимда, на ташимда бирор шикоят бор, – мағрурлик билан жавоб қилди нариги чиғаноқ.
Ўша вақтда қисқичбақа шу орадан ўтиб кетаётиб, уларнинг суҳбатига гувоҳ бўлди ва ичимда ҳам, ташимда ҳам шикоятим йўқ деган чиғаноққа қараб, деди:
– Тўғри, сенинг соғлиғинг жойида, аммо қўшнинг тортаётган дард унинг ичидаги гўзал инжудан дарак бераётир.
Бадан ва руҳ
Баҳор ҳавосига очилган деразанинг олдида бир эркак ва бир аёл ёнма-ён ўтирарди.
– Сизни севаман. Сиз басавлатсиз, бадавлатсиз, доим чиройли кийиниб юрасиз! – деди аёл.
– Сени севаман. Гўзал бир хаёлсан, кафтда тутиб бўлмас нимарсасан, тушларимдаги қўшиқсан гўё, – жавоб қилди эркак.
Аммо аёл ундан ўпкаланган бўлиб, нари сурилди.
– Азизим, – деди аёл, – дарҳол мени тинч қўйинг. Мен на бир хаёл ва на бир тушингиздаги нимарса ҳам эмасман. Аёлман мен, аёлман! Каминани жуфти ҳалол ва бўлғуси болаларингиз онаси сифатида кўришингизни истардим.
Сўнгра эркак ва аёл айрилдилар. “Афсус, яна бир орзу саробга дўнди”, деб ўйлади эркак йўлига равона бўларкан. Аёл эса, “Одамни туш билан рўёга менгзайдиган эркакдан нимаям кутиб бўларди?” деганча жиғибийрон бўлиб кетаётганди.
Қирол
Содиқ қироллиги аҳолиси қиролга исён ўлароқ сарой атрофини қуршаб олдилар. Бир қўлда тож, бирида асо ила шоҳона пиллапояларидан тушиб келди қирол. Юзидаги улуғворлик оломонни тинчлантирди, қирол халқининг истиқболига чиқарак сўз қотди:
– Биродарларим, бундан буён менинг измимда эмассиз, мана тожу, мана асо – барини сизларга беражакман. Камина ҳам сизларнинг бирингиз бўлгай. Мен-да бир инсонман сиз каби, бир инсон ўлароқ мулкимиз яна-да кўпайиши учун сизлар билан тер тўкмоқ истайман. Бу юртда энди қиролга ҳеч эҳтиёж йўқ. Далалару узумзорларга йўл солайлик ва енгимизни меҳнат учун шимарайлик. Фақатгина қайси дала ёхуд узумзорга бормоқни айтсангиз бас. Алҳол ҳар бирингиз қиролсиз!
Оломон ҳайратдан ёқа ушлади, қиёфаларда сассизлик ҳукмрон эди, зеро барча нохушликка сабаб деб ўйлаганлари қирол асо-ю тожини қўшқўллаб халққа топшириб, ўзи ҳам кўзлари ўнгида улардан бирига дўнганди.
Сўнг ҳамма ўз йўлига равона бўлди, қирол ҳам кимгадир эргашганча далага томон йўл солди.
Аммо Содиқ қироллигида ҳаёт ўнгланмоқ ўрнига баттарлашди, қиролсиз ҳам нохушликлар кўланкаси ҳануз тарк этмаганди ўлкани. Халқ қиролни тахтга қайтармоқ учун тағин бозоржойда ғала-ғовур кўтараверди. Ёшу қари бир овозда “Бизга қирол керак” деб вовайло қилди.
Қиролни излашга тушдилар ва қай бир далада жавлон ураётганида топдилар; тахтига қайта ўтқизиб, тожу асосини қайта қўлига тутқаздилар ва дедиларки:
– Алҳол бизни қудрат ва адолат ила бошқарсангиз!
– Қудрат ила бошқармоғим шаксиз, инчунин, еру само тангрилари мададкорим бўлса, халқимни адолат ила ҳам бошқаргайман, – жавоб қилди Қирол.
Бир куни унинг ҳузурига бир тўп эркагу аёлдан иборат оломон келди ва уларга ножўя муносабатда бўлган барондан шикоят қилишди. Шу оннинг ўзида қирол баронни чақиртириб, деди:
– Бир инсоннинг ҳаёти Тангримнинг тарозусида бошқасиники билан теппа-тенгдир. Шундай экан, сен далаю узумзорларингда тер тўккан кишиларнинг иззатини билмаганинг учун сургунга ҳукм қилингайсан ва зинҳор бу ерларга қадамингни босмагайсан!
Эртаси куни ўзга бир тўп оломон келиб, тоғлар ортида яшовчи графинядан, унинг халқ бошига солаётган зулмидан арз этдилар. Шу заҳоти графиняни саройга келтирдилар ва қирол уни ҳам сургунга ҳукм қиларак, деди:
– Далаларимизда тер тўкиб, узумзорларимизни парваришлагувчилар биздай асилзодалардан авлодирлар. Биздайлар улар пиширган нонни паққос тушириб, улар тайёрлаган мусалласни ичишдан бошқасига ярамаймиз. Бундан воқиф бўлмаган экансан, қиролликни тарк этиб, бу ерлардан узоққа гумдон бўлгайсан!
Сўнгра яна бир гуруҳ эркагу аёл келиб, роҳиб черковга деб ғишт ташитгани, тош йўндирганини айтишди ва эвазига ҳеч вақо бермаганидан арз қилишди. Роҳибнинг сандиғи сийму зарга тўлаю, унинг учун меҳнат қилган авомнинг қурсоғи бўм-бўш эканидан нолидилар. Қирол тезда роҳибни ҳузурига чақиртириб, деди:
– Кўксингда осиғлиқ турган мана бу хоч яхшиликка яхшилик ила жавоб бермоқни уқтиради. Аммо сен бировнинг яхшилигини қабул қилиб, эвазига ҳеч вақо бермабсан. Инчунин, қироллигимизни тарк этиб, бу ерларга бошқа қадам босмасликка маҳкумсан.
Шундай қилиб бир ой мобайнида ҳар куни тўп-тўп оломон қирол ҳузурига келаверди арзу доди билан. Шундай қилиб, қиролликдан бир ой мобайнида ҳар куни зулмкорлар бадарға қилинаверди.
Бу ҳолдан ҳайратга тушган Содиқ қироллиги аҳлининг юраклари кунба-кун қувончга тўлиб борарди.
Бир куни ёшу қари сарой атрофида тўпланиб, олий ҳазратни чақирдилар. Қирол бир қўлида тож, бошқасида асо тутганча халқига пешвоз чиқди ва деди:
– Алҳол нима истайсиз мендан? Истасангиз, ўзингиз каминага топширган тожу тахтни қайтариб берайин.
– Йўқ-йўқ, сиз адолатли қиролимизсиз. Еримизни зараркунандалардан фориғ этдингиз, қашқирларни қувғин қилиб, кунини кўрсатдингиз, раҳматимизни изҳор этгали сизга бағримизни очмоқдамиз. Тож кўркамлиги ила сизнингдир, асо улуғворлиги ила сизнингдир, олампаноҳ, – дея гуррос шовқин солди оломон.
– Зинҳор, мен эмас. Сиз ўзингиз қиролсиз. Сиз мени бир заиф ва жоҳил қирол ўлароқ кўрганингизда, аслида ўзингиз заиф ва жоҳил эдингиз. Алҳол ўлкамизнинг аҳволи дуруст, чунки бу сизнинг иродангиз. Камина сизларнинг зеҳнингиздаги бир тушунчаман, холос. Аслида, сизнинг иродангиз ила тирикман. Бунда бирор раҳнамо кимсанинг ўзи йўқ. Ўзларига бир раҳнамо истаган йўловчиларгина бор, – дея оқилона жавоб қилди қирол.
Қирол кўнглида кечганини айтиб, бир қўлида тож, бирида асо билан саройига қайтиб кирди.
Ёшу қари келган йўлларига равона бўлдилар, ҳар кимсанинг оғзи қулоғида эди. Ҳар кас ўзини бир қўлда тожу, бирида асо тутган қирол ҳис этарди гўё.
Қирғоқда
Бир киши ёнидаги кимсага сўз қотди:
– Кўп замонлар олдин, денгиз тўлқинлари юқорилаган чоғда, ҳассамнинг учи ила қум сиртига бир мисра битгандим. То ҳануз кимсалар каминанинг битганини ўқимоқ учун оёқ илиб ўтарлар ва битикни ўчириб юбормаслик учун оёқ учида юрарлар.
– Мен-да қум сиртига бир мисра битгандим, аммо унда денгиз тўлқинлари пастлаган эдиким, буюк наҳрнинг тўлқинлари ёзганимдан асар ҳам қолдиргани йўқ, – деди ёнидаги кимса. – Сир бўлмаса, сиз нима деб ёзган эдингиз?
– “Мен танҳоман” деб ёзгандим, – деди биринчи киши. – Хўш, ўзлари нима битгандилар?
– “Мен шу улкан наҳрнинг бир томчисиман, холос” деб ёзгандим, –
жавоб қилди иккинчи киши.
Қўриқчи фаришталар
Бир оқшом икки фаришта кент дарвозаси олдида тўқнаш келдилар, кўришдилар ва гурунглаша бошладилар.
– Шу кунларда нималар билан машғулсан, зиммангга қандай вазифа юкланди? – сўради биринчи фаришта.
– Шу десанг, водий этагида яшовчи тушкун, гуноҳга ботган, руҳи сўник бир кишини қўриқлашга ёлланганман. Ишонтириб айтаманки, елкамдаги вазифа жуда муҳим, буни эплашнинг ўзи бўлмайди, – жавоб берди иккинчи фаришта.
– Ҳеҳ, бундан осони бор эканми? – деди биринчи фаришта. – Камина кўпдан-кўп гуноҳга ботганларни кўрган, кўп бор уларга қўриқчилик қилишни ҳам қойиллатган. Лекин бу гал ҳув наридаги кулбада истиқомат қилувчи хушфеъл бир авлиёни қўриқлаш буюрилган. Ишонтириб айтаманки, ўта даражада мушкул ва инжиқ иш мана шу.
– Карамшўрвангни қўйсанг-чи, оғайни, – дея эътироз қилди иккинчи фаришта. – Ҳеч замонда авлиёни қўриқлаш гумроҳга кўз-қулоқ бўлишдан ҳам қийин бўларканми?
– Қандай бедодлик бўлди бу, карамшўрвамиш-а? – тутақиб кетди биринчи фаришта. – Сенга ҳақ гапни айтяпман. Менимча, бу ерда сафсата сўқиётган ёлғиз сенсан.
Икки фаришта баҳслашиб, бир-бирининг гўштини еди; бир-бирларига аввал сўзлар билан, кейин мушт ва қанотлар билан ҳамла қилишди.
Икковлон жиққамушт бўлиб турганда можаро устига фариштабоши келиб қолди. Аввал уларни ажратиб, сўнг сўради:
– Нега талашяпсиз? Нимани бўлишолмаяпсиз, ахир? Қўриқчи фаришталарнинг кент дарвозаси олдида ёқалашаётгани нақадар хунук кўринишини биласизми ўзи? Хўш, сўйлангчи, ўртангиздан қайси оламушук ўтди экан?
Шунда иккала фаришта ҳам бараварига гапиришиб, ўзларига берилган вазифанинг қийинроқ эканини ва уларнинг хизмати яхшироқ эътироф этилмоғи лозимлигини айтдилар.
Фариштабоши қаншарини қашлаб, бироз ўйга толди. Сўнг қарорини баён қилди:
– Биродарлар, алҳол қай бирингиз кўпроқ эътирофга сазовор иш қилаётганингизни айтмоққа ожизман. Бироқ токи елкамда тинчликни сақламоқ ва қўриқчиликни назорат қилмоқ масъулияти бор экан, яхшиси сизларнинг вазифаларингизни алмаштириб қўяйин, кимнинг иши мушкуллигини шунда ўзингиз хулоса қилурсиз. Алҳол айтилган ерга бориб, ишингиз билан машғул бўлинг.
Шундай қилиб фаришталар йўлга равона бўлди. Бироқ иккиси ҳам ортига боқиб, фариштабошига мислсиз нафрат кўзлари билан қаради. Иккови ҳам ич-ичидан шундай деётганди:
– Вой, бу фариштабоши тушмагур! Қачон қарама биз хизматчи фаришталарнинг ишини қийинлаштиргани қийинлаштирган!
Аммо фариштабоши жойидан жилмас, тағин ўйга толганди.
– Эътиборли бўлиш ва қўриқчи фаришталарнинг назоратида собит туриш бурчимиздир, – деб қўйди у ҳам ичида.
Ҳайкал
Анча замонлар бурун тоғ бағрида бир киши яшар, унинг ҳовлисида қадим замонларда ўтган донгдор уста томонидан ясалган тош ҳайкал бор эди. Ўша ҳайкал тоғлик кишининг эшиги олдида юзтубан ётар, эгаси унга умуман эътибор қилмасди.
Бир куни унинг эшиги олдидан шаҳарлик киши ўтиб қолди. Шаҳарлик зукко одам эди, ерда ётган ҳайкални кўрибоқ, ҳайкал соҳибидан сотишини илтимос қилди.
– Бу алмисоқдан қолган палид тошни ким ҳам сотиб оларди? – деди соҳиб кулгига олиб.
– Ҳайкал эвазига бир кумуш танга бераман, – деди шаҳарлик.
Бундай таклифдан ҳайкал соҳиби гарангсиб, оғзи қулоғига етди. Қандай рози бўлганини ўзи ҳам билмай қолди.
Ҳайкални филга ортиб, шаҳарга элтдилар. Орадан ойлар ўтиб, тоғлик кишининг йўли шаҳарга тушди; кўчалардан ўтиб бораркан, бир дўкон олдида тўпланган тумонат одамни ва оломон ўртасида томоғини йиртиб жавраётган кишини кўрди.
– Кеб қолинг, олам-жаҳондаги энг гўзал ва энг ғаройиб ҳайкални томоша қилинг! Шундай муҳташам санъат асарини кўриш атига икки кумуш танга, кеп қолинг!
Тоғлик киши икки кумуш танга тўлаб, анча илгари ўзи бир кумуш тангага пуллаган санъат асарини кўргали дўкон ичига кирди.
Жуброн Халил Жуброн
(1883–1931)
Инглиз тилидан Шоҳрух Усмонов таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2025 йил 6-сон.
Тил
Фалсафа
Санъат
Тарих
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ