Адабиёт
Абул Ғозихоннинг “Шажарайи турк” китоби Турон тарихини ёритишда муҳим манбалардан ҳисобланади. Дунё бўйлаб каталогларда асарнинг 22 та қўлёзмаси қайд қилинган, шулардан 5 таси ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади. Мақолада “Шажарайи турк”нинг юртимиз ўтмишини ўрганишдаги аҳамияти, бошқа муаллифлар асарларидан фарқли жиҳатлари, энг асосийси, янги қўлёзма нусхаси топилиши хусусида сўз юритамиз.
Турон ўтмишида уч ҳукмдор ёзиб қолдирган тарихий асарлар дунё илм-фани доирасида маълум ва машҳур. Улардан бири темурий Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1506–1530) таълиф этган “Бобурнома” (1518/19–1530), кейингиси чингизийлар сулоласидан хоразмшоҳ Абул Ғози Баҳодурхон қаламига мансуб (1643–1663/1664) “Шажарайи тарокима”, “Шажарайи турк” асарларидир. Темурийларнинг яна бир беҳад довруқли вакили, Турондаги иккинчи юксалиш даври содир бўлишига улкан ҳисса қўшган ҳукмдор ва аллома Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” асари ҳам, албатта, ушбу сирада саналади.
“Тўрт улус тарихи”ни манбашунослик асосида етарлича илмий ўрганилган, деб бўлмайди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Абул Ғози Баҳодурхон асарлари борасида эса кенг қамровли тадқиқотлар амалга оширилган. Дунёнинг бир қанча тилларига ўгирилиб, чоп этилган. Манбашунослик ва матншунослик асосида бажарилган таҳлиллари мавжуд. Шунга қарамай, ҳозиргача мазкур уч тарихий асарга шоҳ-муаррих қаламига оид китоб сифатида айрича баҳо берилмаган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”си автобиографик мазмунга эга. Муаллиф ўзи учун эсдаликлар тарзида ёзган. Бир ҳукмдорнинг кундалиги сифатида баҳоланса ҳам унчалик хато бўлмайди. Бобур халқ учун тарих ёзишни олдига мақсад қилиб қўймаган эди. Абул Ғозихоннинг шажара асарлари айнан шу жиҳати билан фарқ қилади.
Хоразм шоҳи Абул Ғозихонда халқи учун бир тарихий асар ёзиш нияти пайдо бўлади. Тарих, миллат ва юрт олдидаги бурчини адо этиш учун “Шажарайи тарокима” ва “Шажарайи турк” асарларини (1643–1663/1664) таълиф этади. Бундай мазмун асар матнида бор. Биринчи китоб туркман қабила бошлиқларининг илтимосига кўра (1658–1661 йиллар оралиғида) ёзилган (Кононов А.Н. Родословная туркмен. Сочинение Абу-л-гази хана хивинского. Перевод на русский язык и сводный текст. – Москва-Ленинград, 1958 г. – 192+96 стр; СВР/История, составители: Д.Ю. Юсупова, Р.П. Джалилова. – Ташкент, 1998 г.– С.152-154). Бу асар Ўғузхон, туркий қавмлар ва туркман халқининг келиб чиқиши тарихига бағишланади. Ёзма манбалардаги ахборотлар халқ орасида юрадиган оғзаки маълумотлар билан тўлдирилган.
Хоннинг айнан ўз халқи тарихига бағишлаб ёзган шоҳ асари “Шажарайи турк”дир. Китобда Хоразмнинг XVI–XVII аср биринчи ярмидаги ижтимоий-сиёсий тарихи баён этилган. Ота-боболарининг ўз тарихига бепарволиги ва Хоразм халқининг ўз ўтмишидан бехабарлиги муаллифни қўлига қалам олишга мажбур қилади. У Чингизхон ва Чингизийлар тарихига оид ўнлаб, ўттизталаб тарихий асарлар битилганини қайд этади. Аммо ўз юрти ўтмишига оид бирор жиддий китоб ёзилмагани хонни қаттиқ изтиробга солади. Худди шундай қайғули ҳолатлар, шунингдек, Абул Ғозихон ва катта аждоди Шайбоний Ёдгорхон ҳукмронлиги даврлари оралиғидаги воқеалар тафсилоти баён қилинган бирор солнома йўқлиги мазкур асарнинг ёзилишига кучли туртки бўлган (Абулғозий. Шажарайи турк. Нашрга тайёрловчилар: Қ. Муниров, Қ. Маҳмудов. – Тошкент, 1992. – Б. 5, 11).
Муаллиф ушбу кемтикни тўлдириш учун иқтидорли муаррих қидиради. Аммо муносиб номзод топа олмайди ва «ўксуз (ўкусук) ўз киндигин ўзи кесар» (етим ўз кунини ўзи кўради, ўзи учун ўзи қарор қилади) деган туркий мақолга риоя этиб, қўлига қалам ва давот олади, ёзишга киришади. Анъанага кўра муқаддима қисмида Аллоҳга ҳамд ва пайғамбарга наът айтилгач, асар буюртмачиси ва ёзувчиси ҳам ўзи бўлгани боис, бирдан асосий матнга ўтилади.
Китобда мусулмон тарихнавислиги услубига хос равишда Одам Отадан муаллифнинг ҳукмронлигига қадар тарих йиллари қайд қилинган. Асар дебоча ва тўққиз бобдан иборат: Турон туркийси (чиғатой тили)да ёзилган, воқеалар содда ва лўнда ифодаларда баён этилган. Мадҳ (мақтов) ва саж (қофияли наср) ишлатилмаган ва ҳукмдорларга тимсолий қутловлар (эпитетлар) берилмаган. Аммо Чингизхон ва унинг ўғли Ўгадай қоон тимсолий қутловлар билан шарафланган.
Анушахон (1663 – 1686) буйруғига биноан Маҳмудий ибн Муҳаммад Замон Урганчий томонидан Абул Ғозихоннинг ҳукмдорлик йиллари тарихи ёзилган 9-бобда унга нисбатан хони жаннатмакон, хони гитистон каби қутлов сифатлари ва унинг шахсига ҳурмат маъносида гапдаги феълларга -лар кўплик қўшимчаси қўшилган (дедилар, бордилар, кўрдилар каби).
Европада XVII асрда мусулмон Шарқига қизиқиш кучайган пайтда айнан шундай содда тилда ёзилган ва информатив мазмундаги асарлар кўпроқ таржима қилингани кузатилади. Улар қаторида “Шажарайи турк” ҳам кенг тарқалган эди. Марказий Осиёдаги мўғул ва турк тарихининг европача тасаввури айнан шу асар орқали шаклланган ва тадқиқотчиларга икки асрдан зиёд асосий манба бўлиб хизмат қилган. Асар қулликка тушиб қолган швед офицери Табберт томонидан илк бор илмий муомалага киритилган. Бу хизмати илмий жамоатчилик томонидан юқори баҳоланиб, кейинчалик фон Страленберг фамилияси ва дворянлик унвони берилган. Мазкур мулоҳазаларимиз асарнинг илк таржимасига оиддир.
Асарнинг немис, лотин, рус, инглиз, турк ва французча таржималари мавжуд. Аксарияти дастлабки нашрлар асосида бажарилган. 1726 йили француз тилига ўгирилган нусха 1770 йили рус, 1780 йили инглиз тилига қилинган таржимага асос бўлади. Кейинчалик асарнинг илмий-танқидий матни тайёрланади ва навбатдаги таржималар учун асосий манба вазифасини ўтайди.
“Шажарайи турк”нинг тарихшуносликдаги ўрни ва ўрганилиши ҳам қизиқарли мавзудир. Пётр Демезон 1871 йили Санкт-Петербург қўлёзмалари асосида чоп эттирган илмий-танқидий матн ҳозиргача халқаро тадқиқотчиларга бирламчи манба бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу нашр ўзгаришсиз 1970 йили Лейденда қайта чиқарилди. Марказий Осиё тарихи бўйича йирик мутахассис Юрий Брегель (1938–2016) бугунги замонавий шарқшунослик талаблари бўйича асарнинг илмий-танқидий матнини тайёрлашни таклиф қилган. Текширувлар чиғатой туркийсида битилган ушбу муҳим манбанинг жаҳондаги барча қўлёзма нусхаларини йиғиш, ўрганиш, замонавий илмий-танқидий матнини яратиш Ўзбекистон манбашунослиги олдида турган долзарб масалалардан бири эканини кўрсатмоқда.
Сўзимиз аввалида айтилганидек, “Шажарайи турк”нинг дунё бўйлаб 22 та қўлёзмаси каталогларда қайд қилинган, шулардан 5 таси ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади. Ҳурматли Қувомиддин Муниров ва Қозоқбой Маҳмудов домлалар №851 рақами остида сақланаётган қўлёзмаси асосида асарни ўзбек кирилл алифбосига табдил қилиб, Тошкентда 1992 йили нашр эттирган эди. Қолган тўртта нусхаси матнлари нуқсонлидир. Бироқ Тошкент нусхалари дунёнинг бошқа кутубхоналари сақланаётган қўлёзмаларига қараганда тўлиқлиги ва баъзи жиҳатдан қадимийлиги билан ажралиб туради.
Асарнинг янги илмий-танқидий матни, рус тили таржимаси Нурёғди Тошев ва инглизча таржимаси Паоло Сартори томонидан амалга оширилмоқда. Келгуси йилларда Австрия Фанлар академияси томонидан нашр қилиниши режалаштирилган. Қувомиддин Муниров ва Қозоқбой Маҳмудов табдили асосида Шодмон Воҳидов ва Наргиза Ҳайдарова китобни қайта чоп эттиришди. Лекин нашрда табдил муаллифи Бўрибой Аҳмедов деб нотўғри маълумот берилган (бу олим китобга сўзбоши ёзган). Мақола муаллифи ҳам “Шажарайи турк”ни янги ўзбек лотин алифбосига табдил қилган бўлиб, тез орада “Фан” нашриётида чиқарилади.
Яқинда ушбу мавзуга тааллуқли қувонарли ҳодиса содир бўлди. “Шажарайи турк” асарининг яна бир тўлиқ матнли нусхаси топилди. Манбашуносликда “Гурлан нусхаси” номи билан қайд этилиб, илмий муомалага киритилади. Китоб колофонида 1317 ҳижрий йили (1899–1900) кўчирилгани ёзилган. Келгуси тадқиқотларимизда янги қўлёзмани бошқа Тошкент нусхалари билан солиштириб, янги маълумотларни тақдим этиш ниятидамиз.
“Шажарайи турк”нинг Гурлан нусхаси топилиши ҳам ажойиб тарзда кечди. “O‘zbekiston tarixi” телеканалидаги “Javohir” кўрсатувида Абул Ғозихон асари хусусида мулоҳазаларимизни билдирган эдик. Кўрсатувни кўрган гурланлик Матюсуф Салимов “Шажарайи турк”нинг саноқли нусхалари сақланиб қолганидан ҳайратланади (мамлакатимизда юзлаб нусхалари бўлса керак, деб ўйлаб юрар экан) ва ота-боболаридан мерос қўлёзма ноёб манба бўлиши мумкинлигини англайди. У киши биз билан телефон орқали боғлангач, тезда Гурланга етиб бордик. Сафарда бизга ҳамроҳлик қилган, яқиндан кўмак берган Дилдора Рўзметова, Озод Саидовга алоҳида ташаккур билдирамиз. Матюсуф Салимов суҳбат чоғида Муҳаммад Раҳимхон иккинчи Феруз даврида бош қозикалон бўлган Муҳаммад Салим охунд авлодларидан эканини билдирди.
“Шажарайи турк” асарининг Гурлан нусхаси матни тўлиқ, чиройли насталиқ хатида кўчирилган. Матн атрофи қизил рангли ҳошия чизиғи билан ўралган. Ҳозирча ушбу маълумотлар билан чекланиб турамиз. Қўлёзма манбанинг тадқиқи энди бошланди. Иш жараёни натижаларини, албатта, яқин келажакда жамоатчиликка етказиш ниятидамиз. Мазкур қимматли топилдиқни тақдим қилгани учун қўлёзма эгасига чуқур миннатдорлик билдирамиз.
“Олма дарахти тагига олма, ёнғоқ дарахти тагига ёнғоқ тушади”, деган ҳикматли гап бор. Аждодларимиз маърифатли бўлган, дунё илм-фани, маданиятига улкан ҳисса қўшган, дея фахрланамиз. Халқимизнинг юқорида келтирилган мақоли қанчалар тўғрилигига “Шажарайи турк” асарининг янги нусхаси топилиши мисолида ҳам гувоҳ бўлдик. Маърифат дарахти тагига маърифат мевалари тушади.
Ҳилола НАЗИРОВА,
ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги
Шарқшунослик институти катта илмий ходими,
тарих фанлари фалсафа доктори
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Абдусафихон
12:01 / 01.01.1970
Яхши, ҳайрли иш