Худо жазо бераман деса, аввало одамнинг ақлини олади – Достоевскийнинг “Телба”сидан сара иқтибослар


Сақлаш
00:12 / 21.12.2022 0 940

...жимжима – бу жуда ҳам хатарли нарса.

 

* * *

Бола энг мушкул вазиятда ҳам ҳаддан зиёд фойдали маслаҳат бериши мумкинлигини катталар билмайдилар.

 

* * *

...ҳар кимнинг ўзига яраша камчилиги ва... ўзига хос одатлари бўлади, баъзан бировнинг қилиқларини бармоқларини бигиз қилиб кўрсатишади, лекин ўзларини суриштириб қаралса, бундан беш-баттарроқ чиқади.

 

* * *

Пулнинг қабоҳати ва ярамаслиги шундаки, у ҳатто йўқ талантни бор қилади.

 

* * *

...одамнинг қандай ёлғон сўзлаётганини кузатиб ўтиришнинг ўзи қизиқ.

 

* * *

Раҳм, эҳтимолки, бутун одамзод борлиғининг энг улуғ ва бирдан-бир қонунидир.

 

* * *

...бу шеърда идеал билан яшашга қобил бўлган одам тасвирланган, иккинчидан ўз идеали йўлида бутун умрини бағишлайдиган ва ҳеч нарсадан тоймайдиган одам. Бизнинг замонамизда бунақаси ноёб учрайди.

 

* * *

...олижаноб ва софдил одам, яъни соғлом фикрлайдиган одам демоқчиман, қонунлар мажмуаларида ёзилмаган нарсалар борасида ҳам олижаноб ва софдил бўлиб қолмоғи даркор.

 

* * *

Алданган қизни ҳамманинг ҳукмига олиб чиқиб шарманда қилиш ваҳшийлик, инсонгарчиликдан йироқ нарса. Агар шундай қиладиган жамиятни одамгарчиликдан узоқ деб ҳисобласанг, унда қиз бечоранинг аҳволини шу жамият оғирлаштирганини тан олишинг керак.

 

* * *

...ҳатто энг ашаддий, ғирт қотил ҳам ҳар қалай ўзининг жиноятчи эканини билади, яъни виждонан ёмон иш қилганлигини англайди, лекин пушаймон қилмайди.

 

* * *

Ўзини ўзи хароб қилиш ва ўз-ўзини сақлаш қонунлари одамзод учун баравар даражада кучлидир! Шайтон одамзод устидан ҳали бизга тобе бўлмаган замонларга қадар ҳокимлик қилиб боради.

 

* * *

...ёлғон гапираётганда, агар ёлғонга жуда ҳам ақл бовар қилмайдиган, антиқа, ҳаётда бўлмайдиган ёки жуда кам учрайдиган бирон нарсани қўшиб-чатиб юборсангиз, ёлғон худди чинга ўхшаб қолади.

 

* * *

Филҳақиқат, Худо жазо бераман деса, аввало одамнинг ақлини олади.

 

* * *

Инсониятга бўлган мубҳам муҳаббатингда доимо деярли фақат ўзингнигина яхши кўрасан.

 

* * *

О, ишончингиз комил бўлсинки, Колумб Американи очгандан кейин эмас, Американи очаётган чоғда бахтли бўлган; ишончингиз комил бўлсинки, у Янги Дунёни очмасидан уч кун илгари ўз иқболининг энг баланд чўққисига кўтарилган, ўшанда унинг кемасидаги одамлар ғалва кўтаришган, сал бўлмаса Европага қайтиб кетмоқчи бўлишган!

 

* * *

...инсон калласида туғиладиган ҳар қандай даҳо ғояда ёки фикрда бошқа одамларга англатиб етказиб бўлмайдиган, жилд-жилд асарлар ва шарҳлар ёзиб, ўттиз беш йил тушунтиришга ҳаракат қилиб ҳам англатиб бўлмайдиган алланима қолиб кетади; миянгизда асло четга чиқишни истамаган алланима доим қолади, абадий сиздан ажралмайди; сиз шундай ўлиб кетасиз, ўзингизнинг энг асосий фикрингизни ҳеч кимга билдирмай, ҳеч ким билан ўртоқлашмай ўтиб кетасиз.

 

* * *

Тажанг ва хафа бўлишни яхши кўрадиган одамлар тоифаси бўлади, улар хафа бўлишдан лаззат топадилар, айниқса хафагарчиликлари ўзининг охирги нуқтасига етган бўлса (бу тез-тез бўлиб туради), бу нарса уларда жуда кучайган бўлади. Бундай пайтларда улар ўзларини хафа бўлмагандан кўра хафа бўлган ҳолда кўришни маъқул сезадилар.

 

* * *

Шахсий яхшилик ҳеч қачон йўқолмайди, чунки у шахснинг эҳтиёжи билан боғлиқ, бир шахснинг иккинчи бир шахсга тўғридан-тўғри таъсиридан келиб чиқадиган жонли эҳтиёждир.

 

* * *

...инсон хатти-ҳаракатларининг сабаби одатда кейин биз уни тушунтирганга қараганда ҳаддан ташқари чигал ва ранг-баранг, жуда камдан-кам ҳолларда аниқ бир белгига эга бўлади.

 

* * *

Камолотга эришиш учун олдин кўп нарсаларни тушунмаган бўлиш керак.

 

Бекзод САЙФИЕВ тайёрлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Ҳикмат

10:07 / 03.07.2025 0 24
Армон бобо

Биласизми?

16:07 / 02.07.2025 0 32
Елиб келди

Биласизми?

10:05 / 20.05.2025 0 141
Фарзанд нега тирноққа ўхшатилади?



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 10728
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5592
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 5128
Бир қоп ун

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 5011
Миллий урф-одатлар

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4568
Тинчлик

Қомус

15:04 / 18.04.2023 0 3694
Радикализм

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3661
Ўқиш пули

//