Қорақалпоқ адашганда ўзбекни чақирган экан – Тўлепберген Қаипбергеновнинг Арофатда йўқолиб қолгани ҳикояси


Сақлаш
15:07 / 05.07.2022 0 1703

Тўлепберген оға қай бир йили Ҳаж зиёратига борган эди. Бу ҳикояни кейин ўзи айтиб берди.

 

Қурбон ҳайитининг биринчи куни юртимиз ҳожилари билан Арофатда ибодат қилиб ўтирган адиб нима юмуш биландир чодирдан ташқарига чиқибдию адашиб қолибди. Олдинига тепасида Ўзбекистон байроғи ҳилпираб турган қўнимгоҳни бирпасда топиб оламан, деб ўйлабди.

 

Аммо бир миллиондан ортиқ зиёратчи бир хил чодир тикиб ўтирган бепоён даштда у ёққа юрибди, бу ёққа юрибди, қайтиш йўлини тополмабди. Битта-яримта учраган полициячилардан сўрай деса, на арабча, на инглизчани билади, ўзбекча, русчани ҳам тушунмайди.

 

Шом қоронғуси туша бошлабди ҳамки, бечора адиб ҳамон адашиб-улоқиб, чор атрофда бетўхтов юрар эмиш. Охири юрагига ваҳима кирибди, нима қилишни билмасдан, ўйлаб-ўйлаб, баландроқ бир жойга чиқибди-да, тўрт томонга қараб:

 

– Ҳо-ой, қорақалпоғим, қаердасан? – деб нидо қила бошлабди.

 

Беш-ўн дақиқа шундай деб фарёд урибди, бирон кимса ёнига келмабди, ҳеч кимдан нажот етмабди.

 

Бир маҳал ҳушини йиғиб, ўзига разм солиб қараса, эгнида эҳром, бошида оқ дўппи, тоқ қатрон бир майдонда бўзлаб ўтирган эмиш. Яна баттар саросимага тушиб:

 

Эй, қорақалпоқ, бормисан? Эй, ўзбек, қаердасан? – деб жонининг борича бақира бошлабди. Томоғи бўғилиб қолгунича шундай деб қичқираверибди.

 

Орадан ярим соатча ўтиб, олдида оппоқ соқолли озғин бир чол пайдо бўлибди, секин билагидан тутиб:

 

– Ҳой, биродар, тинчликми, нима фарёд қиляпсиз? – деб сўрабди.

 

Ўзбекча каломни эшитиб, Тўлепберген оға йиғлаб юборай дебди.

 

– Э, сиз ўзбекми? – деб уни маҳкам қучоқлаб олибди. – Сизни Худо етказди, мен... адашиб қолдим, пешиндан буён қўнимгоҳимизни тополмайман.

 

– Хўш, хўш... Сиз қайси элнинг мардуми бўласиз? – деб сўрабди у одам.

 

– Мен қорақалпоқман, – дебди оқсоқол адибимиз.

 

Чол Тўлепберген оғага ҳайрон қарабди-да:

 

– А, бошингиздаги қалпоқ қора эмас, оқ-ку? – деб унинг дўпписига ишора қилибди.

 

–Йўқ, менинг миллатим қорақалпоқ, – дебди Тўлепберген оға. – Сиз ўзбекмисиз? Сурхондарёликка ўхшайсиз?

 

– Ҳай, мен ўзбак, аммо Майманага ўлтираман, Афғонистонга, – дебди у киши. – Сиз Ўзбекистоннинг паккасига боришингиз керакми?.. Ҳозир полисдан сўраймиз. – Афғонистонлик ҳожи шундай деб нарироқдан ўтиб кетаётган полициячининг олдига бориб, араб тилида ниманидир суриштирибди, охирида: “Шукран касиран”, (Катта раҳмат), дебди, сўнгра Тўлепберген Қаипбергеновга “Қани, мани изимдан юринг”, деб ярим соатдан кейин уни ўзбекистонлик ҳожилар ўтирган қўнимгоҳга бошлаб борибди.

 

Хайриддин СУЛТОН

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

15:05 / 07.05.2024 0 154
Омад ёш танламайди

Биласизми?

16:04 / 26.04.2024 0 121
Японларнинг яхши одати



Кўп ўқилган

Барчаси

Қатра

15:08 / 18.08.2022 15 3890
Илк ватан

Қатра

20:01 / 09.01.2022 7 3851
Бир қоп ун

Қатра

12:08 / 21.08.2022 6 3276
Тинчлик

Қатра

20:01 / 17.01.2022 2 2952
Ўқиш пули

Бир куни...

22:12 / 08.12.2021 3 2580
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

22:12 / 27.12.2021 1 2429
Туғилган кун

Қомус

10:04 / 19.04.2023 0 2278
Жадидчилик