Бўри боласи


Сақлаш
16:09 / 16.09.2021 0 992

Бўри боласи бўри, илон боласи илон...

Менглибой бобо бойсунлик галамерган тўдасидан. Ҳақиқатан ҳам ота-боболарининг кўпчилиги овчилик билан шуғулланарди. Улар Ҳисор ва Боботоғда ов қилишарди. Бу тоғларда кийикнинг марол аталмиш тури, алқорлар, какликлар кўп. Ҳатто какликнинг ноёб хили – ҳилол каклик ҳам шу тоғларнинг энг юксакликларини эгаллаган. О, бўриларни айтмайсизми? Қаерда емак-емиш мўл бўлса, улар ўша ерда ҳозиру нозир. Катта урушдан эсон-омон қайтиб келган Менглибой овга ружу қўйди. Эртаю кеч оёғи тоғда.

Кунлардан бир куни она бўрини отиб олди. Унинг болалари бор экан. Бир нарини уйга олиб келиб боқа бошлади. Боққанда ҳам ҳеч бир нарсага зориқтирмай боқди. Кийик, алқор, каклик гўшти билан меҳрибонлик қилди. Бир сўз билан айтганда, меҳр берди. Ошна тутинди. Ит каби эргаштириб, овларга чиқиб юрди. Кунлардан бир куни навбатдаги овга чиқишди. Лекин бугун Менглибойнинг ови бароридан келмади. Алқорлару кийиклар юқорилаб кетган эди. Тўрт-бешта каклик отиб, жилдираб оқиб ётган жилға бўйидаги туғдона дарахтининг тагини қўналға тутди. Жилғадан чоғроқ ҳовузча ясади. Тонг-саҳарда ов қилмоқчи бўлди. Қуруқ шох-шаббалардан ўтин тўплади. Тоғ туни совуқ бўлади, гарчи ёз бўлса-да этни жунжиктиради. Оловни гуриллатиб юборди. О, тоғ дарахтларининг чўғи... жоннинг ҳузури.

Какликлар гўштини ирғай шохларидан ясалган қўлбола сихларга ўтказди. Оромижон чўғда тоблаб-пишириб еди, роҳатланди. Албатта, бўри боласини – ошнасини ҳам унутмади. Каклик гўштидек мазали таом билан сийлади. Алламаҳал бўлиб қолди. Ухламоқ керак. Барвақт туради. Ўриндиқ солди. Қайроқтошлардан ёстиқ ясаб олди. Милтиғини ёнига қўйди. Ётиб, чакмонини ойқара ёпинди. Ногаҳон Менглибойнинг кўзлари нимадандир безовталанаётган бўри боласининг кўзларига тушиб қолди. Ҳа, бўри боласи қандайдир безовта эди. Кўзлари қизарган. Беихтиёр отаси раҳматлининг «лоп» этиб «...бўри боласи бўри, илон боласи илон» деган гаплари ёдига тушди.

У отасининг гапларини бир синовдан ўтказмоқчи бўлди. Бу ҳам бир гап-да. Менглибой ўзини уйқуга солди. Лекин чакмон остидан нигоҳлари ёнидан сал нарида ётган бўри боласидан узилмади. О, бўри! Бўри! У Менглибойга бир қараб олди-да, силкиниб ўрнидан турди. Жилға томон йўналди. Жилғадаги боя Менглибой ясаб қўйган ҳовузчага ағанади, бир-икки думалади-да, ҳамма жойини сув-ҳўл қилди. Орқасига қайтиб, бозиллаб турган чўғлар устига силкинди. Бу ҳолат иккинчи бор такрорланди. Овчининг ҳайрати ошди. Нима қилмоқчи у?

Учинчи бор бўри боласи жилға ёққа кетганда, апил-тапил ўрнидан турди. Чакмон остига тошларни, бир-икки тарашани, худди ўзи ётгандай қилиб тахлади ва милтиғини олиб, дарахтга чиқиб, жойлашиб олди. Бўри боласи қайтиб келиб, тағин чала ўчинқираган чўғлар устида силкинди. Чўғлар ҳали ўчмаган, чала ёнаётган тараша буриқсираб тутарди. Бўри боласи яна жилға томон кетди... келди... ниҳоят, ўт батамом ўчди!

О, бўри! Бўри... ўзини чакмон устига зарб билан отди! Чакмонни ғажиб ташлади. Менглибой ҳаммасини кўрди, тушунди ва... қўшоғиз милтиқдан отилган икки ўқ тун сукунатини бузди! Бўри боласи бўри, илон боласи илон, деганлари ҳаққост-рост бўлиб чиқди.

Азим CУЮН

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:03 / 12.03.2025 0 144
Туркистондаги қадимий аёллар байрами

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 126
“Қозонди” феълидаги “қозон” ҳақида

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 163
Маржумакдан шўрва қилиб бўладими?

Биласизми?

15:02 / 28.02.2025 0 140
Маймунжон, парманчак ва болдирғон

Биласизми?

14:02 / 28.02.2025 0 123
Хўжайин бўлолмаган хўжағат



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 9163
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5302
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4894
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4323
Тинчлик

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 4107
Миллий урф-одатлар

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3555
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3140
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

//