Мени кечир, жон болам!


Сақлаш
00:04 / 19.04.2022 0 1137

Бешинчи синфда ўқийдиган кичик қизимни синфдошлари  икки ўғил бола хафа қилибди. Аясига йиғлаб телефон қилди, ёнида эдим. Тушундимки, биринчи марта эмас, олдин ҳам шунақа ҳолатлар бўлган. Қизим тинчлантирилган, ўқитувчисидан илтимос қилинган, ота-оналарга тушунтирилган...

 

Албатта, ҳеч ким ўз боласини ёмон демайди. Лекин қизим жуда одобли ва бировга озори тегмайдиган, ўзим биламан буни. Ўғил болалар шўхлик қилиши ҳам табиий, ўзимиз улғайгунча қизларимизни неча марта хафа қилиб йиғлатганмиз.

 

Лекин барибир отаман, қизимнинг кўз ёшлари қаттиқ таъсир қилди, онасининг қаршилигига қарамай мактабга бордим. Икки болани чақирдим. Шўхлиги қайнаб турган беғубор полвонлар...

 

Ўзларига гапирсам бошқача қабул қилинади, шу боис сўроққа тутдим:

 

– Дадангнинг номерини бер, гаплашаман!

 

Кўзлари катта-катта боланинг кўзлари янаям катта-катта бўлиб кетди. Секин ерга қараб деди:

 

– Билмайман номерларини...

 

Гап отасига етмаслиги учун алдаяпти деб ўйлаб янаям қаттиқроқ сўрадим:

 

– Бер дедим, барибир топаман!

 

Боланинг кўзлари ёшга тўлди. Негадир тескари қараб кўксини муштлаб-муштлаб йиғлай бошлади. Уни кўриб шериги ҳам йиғлади ва ўртоғини овутди:

 

– Йиғлама...

 

Устозининг олдига олиб чиқиб ҳар иккисини койидим, огоҳлантирган бўлдим.

 

Пастга тушсам аёлим кутиб турган экан. Дарҳол олдимга келди:

 

– Қаттиқ гапирмадингизми? Телефон қилсам олмадингиз. Мен ҳам ҳозир билдим, у боланинг отаси йўқ экан...

 

Тор дунё кўзларим олдида икки карра торайди. Боланинг кўксини муштлаб-муштлаб йиғлаши кўз ўнгимдан ўтди. Қайтиб тўртинчи қаватга югурдим. Устозининг қаршилигига қарамай болакайни яна чақириб олдим. Қучоқладим, кўзларим тўлди:

 

– Мени кечир, жон болам... Билмагандим. Нега айтмадинг?! Кечир мени!

 

Бола олдингидан икки карра кўпроқ ёш олди кўзига.

 

– Айтолмадим...

 

Қандай бедодлик қилдим. Отасиз бола олдига қизимнинг ҳимоячиси – ОТА бўлиб келиб, кўнглини бир ўкситдим. Кейин отасини дўқлаб суриштириб, бу дардни икки қилдим.

 

– Энди сенга бегона эмасман. Дўст бўлинглар. Агар бирор муаммонг бўлса менга айт, қўлимдан келса ёрдам бераман. Фақат мени кечир...

 

Бир олам юк билан пастга тушдим. Бунгача онаси аёлимга телефон қилган экан. Менга ҳам боғланиб хафа бўлди табиийки. Узримни сўрадим яна бир бор.

 

Ҳалигача кўз ўнгимда ўша болакай...

 

Аброр ЗОҲИДОВ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:03 / 12.03.2025 0 144
Туркистондаги қадимий аёллар байрами

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 126
“Қозонди” феълидаги “қозон” ҳақида

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 163
Маржумакдан шўрва қилиб бўладими?

Биласизми?

15:02 / 28.02.2025 0 140
Маймунжон, парманчак ва болдирғон

Биласизми?

14:02 / 28.02.2025 0 123
Хўжайин бўлолмаган хўжағат



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 9163
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5302
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4894
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4323
Тинчлик

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 4107
Миллий урф-одатлар

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3555
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3140
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

//