Салом, ўртоқ Боқибеғамов! – кулги дарғаларидан аскиялар


Сақлаш
12:04 / 01.04.2022 0 946

 

Охунжон қизиқ ҲУЗУРЖОНОВ

 

Ревизёрнинг иши йўқ

 

Оҳунжон қизиқнинг танишларидан бири кўчада ҳол-аҳвол сўради.

– Оҳунжон ака, ишларингиз қалай?

– Э ука, қалай нимаси, олтин!

– Ростдан-а?

– Ҳа-да! Қизиқчиликнинг ревизияси бўлмаганда кейин ёмон бўлармиди?

 

Телефондаги ҳангома

 

Жиринг, жиринг…

–Қаердан?

–Колхоздан.

–Кимсиз?.. Қўрқмасов? Эй, салом ўртоқ Қўрқмасов! Ишлар қалай? Кишиларни жой билан таъминлаш масаласи қандай боряпти?

–Ёмон эмас, келган кишилар жой-жойида – вокзалда, чойхонада, кўча-кўйда…

–Ўзингиз қаердасиз?

–Таъминлаш маҳалласида, дарахтдаги паррандалар билан бирга ётибмиз.

Жиринг, жиринг!..

–Қаердан?

–Бозорқўмдан!..

–Кимсиз?.. Боқибеғамов?.. Салом, ўртоқ Боқибеғамов! Сбор йиғиш  ишлари қандай?

–Жуда чатоқ, савдо-сотиқлар уй-уйда, кўча-кўйда бўлиб тургани учун сборни кимдан олишимизни билмай, яримта дорига қовун уруғини закуска қилиб ўтирибмиз.

Жиринг, жиринг!..

–Қаердан?.. Райпишторгнинг сомса дўконидан?.. Кимсиз??? Бепарвоев?.. Салом, ўртоқ Бепарвоев! Сомсаларнинг сифати қалай?

–Чакки эмас. Гўштларни мудиримиз ўғлининг тўйига юборгани сабабли нуқул пиёзнинг ўзидан ажойиб ва ғаройиб сомса тайёрлашни кашф қилиб ўтирибмиз.

 

 

Саидаҳмад аския

 

Муҳрга гап сиғдириш

 

Кунлардан бир куни Оққўрғонга янги сайланган қози Аннақулибек муҳр ўйдиргани келиб, Исахонга дебди:

– Муҳрга қайнотамнинг отини ўясан, исмлари Хуш Муборак, менинг исмим эса Аннақулибек. Азрўйи шариат Қуръондан икки сурани ҳам шу муҳрга қўшиб ўясан! Муҳрнинг катталиги бир мири тангадек бўлсин!

– Ия, муҳр сопол лаган эмас-ку, – деб отаси ҳайрон бўлиб турганида Саидаҳмад ёрдамга келибди:

– Дадажон, сира ташвишланманг, мен бу киши айтган узундан-узун гапни муҳрга сиғдириш йўлини топдим.

– Қани айт-чи, ўғлим, буюртмачининг ўзи ҳам эшитсин.

– У гап – икки мисра шеър:

“Қуръондан икки сура: “Ёсин” билан “Таборак”,

Қози Аннақулибек, қайнота Хуш Муборак!”

Бу шеър ўйилган муҳр қозига ёқиб, эртасига хурсанд бўлиб, олиб кетганмиш.

 

Муҳиддин қизиқ ДАРВИШЕВ

 

Тезлаштириш

 

Жуда катта қурилиш бўлаётган жойга комиссия келибди. Муҳандис у ёққа, ишбоши – прораб бу ёққа ҳаллослаб чопармиш. Етти-саккиз қурувчи эса қуруқ замбилғалтакни шалдиратиб, у ёқдан-бу ёққа ғилдиратармиш. Комиссия аъзолари ҳайрон бўлишиб, қурилиш бошлиғидан сўрашибди.

– Нима иш бўляпти ўзи?

– Қурилишда қайта қуришни жадаллаштиряпмиз, – деб жавоб берибди бошлиқ.

– Замбилғалтакларда юк йўқ-ку?!

– Ишларни тезлаштирганимиз учун юкларни ортишга ҳам вақт етишмаяпти-да!

 

 

Афанди ва иғвогар

 

Бир одам иғвогарлиги туфайли қишлоқда отнинг қашқасидек бўлган экан. Кўчада кетаётган Афандининг рўбарасидан ўша иғвогар чиқиб қолибди. Шунда Афандининг эшаги кетма-кет ҳанграб юборибди. Ҳалиги иғвогар Афандига дебди:

– Бу қанақаси, айтиб қўйсангиз бўлмайдими? Менинг ёнимда ҳанграйдими?

– Биродар, – дебди Афанди, – бунинг тилига сиз тушунмасангиз, мен тушунмайман.

Шу пайт эшак бошини қaттиқ силкиб, ҳалиги одамнинг башарасига сўлагини сачратибди.

– Айтиб қўйинг, унинг устидан ёзиб, таъзирини бераман!

– Э-э, тушунарли, – дебди Афанди, – мен эмас ўзингиз айтинг, унинг тилига сиз тушунаркансиз. Эшак ҳар ҳолда эшак-да!

 

Ҳожибой қизиқ

 

Гапларимиз қизиқ

 

Кўча чеккасида турсам рўбарамга “Жигули” келиб тўхтаб, ҳайдовчи ойнани тушириб сўради:

– Биродар, бу йўл қаёққа боради?

– Ҳеч қаёққа бормайди, – дедим.

– Наманганга борадими?

– Қизиқ экансиз, йўл бормайди, ўзингиз борасиз!

 

Аския включена в Репрезентативный список ЮНЕСКО – Газета.uz

 

***

Салдан кейин бир танишим келиб деди:

– Ошна, самоварга чиқиб, уч-тўрт улфат ош дамлайлик!

– Ё тавба! Самоварга чиқиб? Ахир қайнаб турган самоварга чиқамизми? Яна уч-тўрт киши ош дамларканми? Самоварнинг устига бир киши зўрға сиғади-ку! Қайнаб турган самоварга-я? Ўзинг чиқавер. Ундан кўра, чойхонага борайлик, дегин!

 

“Кулги дарғалари” китобидан

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

15:05 / 07.05.2024 0 116
Омад ёш танламайди

Биласизми?

16:04 / 26.04.2024 0 104
Японларнинг яхши одати



Кўп ўқилган

Барчаси

Қатра

15:08 / 18.08.2022 15 3858
Илк ватан

Қатра

20:01 / 09.01.2022 7 3836
Бир қоп ун

Қатра

12:08 / 21.08.2022 6 3259
Тинчлик

Қатра

20:01 / 17.01.2022 2 2943
Ўқиш пули

Бир куни...

22:12 / 08.12.2021 3 2567
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

22:12 / 27.12.2021 1 2414
Туғилган кун

Қатра

16:01 / 01.01.2022 0 2252
Қўнғироқ