Биласизми?
Учта банан
У ишдан қайтишда уч нафар фарзандига гоҳ уч дона банан, гоҳ уч дона шоколад харид қилади. Кўпроқ банан, албатта. Бундан болалар бениҳоя хурсанд бўлиб, бананни олишлари билан уйни бошларига кўтаришади.
– Дадам банан олиб келдилар, – деб қийқиришади. Сўнг қўлларидаги бананларни пўстидан айириб, бир-бирларига мақтаниб ея бошлайдилар. Бобо билан буви бир-бирларига сездирмасдан қараб, астагина тамшаниб қўядилар. Иккаласи ҳам беихтиёр «мен боламга, болам боласига», – деган мақолни эслайди…
Ашурали ЖЎРАЕВ
Баҳо
Танқидчи:
– Асарингиз лотин тилида ёзилганми дейман?
Муаллиф ҳаяжонланиб кетди:
– Нега... нега бундай деяпсиз?
– Ўлик тил экан...
Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ
Тинчлик
− Эрингизни доим безовта, беҳаловат ҳолда кўрамиз, нима гап? − сўради маҳалла оқсоқоли.
− У киши тинчлик ҳақида асар ёзяпти, эътибор берманг, − деб жавоб берди аёл
Луқмон БЎРИХОН
Конверт
«У хонасида ёлғиз ўтирибди. Бир йигит кириб келди ва саломлашиб, қўлига конверт тутқазди. Кейин хонани тарк этди. У конвертни тортмасига ташлаб қўйди...»
Экранда ўзини кўрган кишининг чап кўксида оғриқ турди. Қўли билан кўксини тутмоқчи эди, иложи бўлмади. Хонада кишаннинг шиқирлаган товуши ва маҳбуснинг ихрангани эшитилди.
Аслиддин МУСТАФО
Хабар
Чўпоннинг қизи тўсатдан вафот этди. Бу пайтда чўпон тоғда эди. – Ҳадемай қуёш ботади, унгача кимдир чўпонга хабар етказиши керак. Бироқ ҳамма ўзини четга тортди.
– Кимдир айтиши керак-ку!
– Тўқлибойни жўнатамиз. Чўпон – унинг ашаддий душмани. У ўч олиш учун жанозани дангал айтади.
Тўқлибой акани йўқлаб боришди.
– Чўпонни тоғдан чақириб келинг.
– Бормайман! Ўлим хабарини, ҳатто душманинггаям етказиш оғир.
Шониёз МЕЛИБОЕВ
Йўлакда
Йигит шошиб келарди. Кўзи йўлак четида турган ёш болали тиланчи аёлга тушди. Гўдак тамшаниб унга мўлтираб боқди. Йигит тўхтаб қолди. Чўнтагидаги ғижим пулни шундоқ олди-да, болакайнинг кир қўлларига тутди. Тағин йўлида давом этди, аммо қаерга боришни билмасди.
Бу пул унинг дори олиш учун уйидан олиб чиққан охирги пули эди...
Камолиддин ШУКУР
Статистика
Жувон газета ўқиб ўтирар экан, ғалати бир статистикага дуч келди: «Мамлакатимизда ҳар бир оилага уч яримтадан фарзанд тўғри келади».
– Ёлғон! Ғирт уйдирма бу! – дея газетани ирғитиб юборди жувон. − Ишонмайман бу статистикага!
«Бизда, ҳеч бўлмаса, шу яримта ҳам йўқ-ку!» – дея унсиз йиғларди у. Сабаби, жувон тирноққа зор эди.
Жасур КЕНГБОЕВ
Она ҳақида қасида
– «Онажоним» номли шеърингиз юксак мукофотга лойиқ кўрилибди! Табриклаймиз, – деди мухбир шоирга.
– Ташаккур! – мағрурланди ижодкор. Буни телевизордан томоша қилаётган онанинг шодликдан кўзларига ёш келди. Ўғли – машҳур шоир!
Сўнг қариялар уйидаги чироқлар ўчирилди. Она ўрнига чўзилди.
Нодирабегим
Унутиш
Автобусда ёши каттароқ рус аёлига жой бериб:
– Пожалуйста, садитесь, – дедим.
– Раҳмат, барака топинг, – деди рус аёл.
Қизиқ... Иккимиз ҳам ўз тилимизни «унутиб» қўйибмиз.
Комилжон АСЛОНОВ
Улғайиш
– Улғайишни истамайман!
– Нега?
– Чунки... Отам қариб боряпти.
Маъруф МЕНГЛИ
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ