Миртемирнинг машъум кунлари, 25 йил яширилган сир – Носир Фозилов хотиралари


Сақлаш
18:02 / 28.02.2022 0 1023

Носир ФОЗИЛОВ

 

Одам умрида рўй берадиган хайрли ишларга кимлардир сабабчи бўлар экану, сўнг ўша яхшилик кўрган одам уни бир умр алқаб юрар экан. Собит оға билан Миртемир ака менинг таржимонлик фаолиятимга сабабчи бўлганлардан. Шунинг учун мен уларни ҳар гал чуқур ҳурмат ва фарзандлик меҳри билан эслайман.

 

1952 йил. САГУда ўқиб юрган кезларимиз эди. Бир бахтли тасодиф бўлиб, қўлимга Собит оғанинг “Менинг мактабларим” деган китоби тушиб қолди. Қозоқ тилини унча-мунча билишим қўл келиб, китобни ўқий бошладим. Китоб – автобиографик роман бўлиб, тахминан ўттиз беш-қирқ босма тобоқча келарди. Ўша пайтлардаги студентларнинг ўзига хос риёзатларига, дарс ва конспектларнинг кўплигига қарамай, китобни икки кунда ўқиб чиқдим. Ниҳоятда енгил, ширали тилда ёзилган бу китоб муаллифининг бошидан кечирганлари, кўрган-билган воқеалари, ҳаётда мулоқотда бўлган кишилари ҳақида ҳикоя қиларди. “Ёзувчи бўлиш учун  биографиянг бой, кўрган-билган нарсаларинг кўп бўлиши керак. Ана шунда ёзган асарларинг самимий ва ростгўй чиқади... деган гапларни ўрта мактабда муаллимлардан ҳам, кейинчалик университетда олимларнинг маърузаларидан ҳам талай-талай марта эшитганмиз, мақолаларидан ҳам кўп ўқиганмиз. Менда: Баъзи ёзувчи бўлишни ҳавас қилиб юрган ўртоқларимизнинг бир ҳовучгина биографияси бор-у, тағин ёзувчиликни даъво қилиб юришибди. Шу асар ўзбек тилига таржима қилинса, ана шу ўртоқларга дарс бўлмасмикан?..” деган бир хомаки фикр туғилиб қолди. Аммо бу фикримни кимга айтишни, ким билан маслаҳат қилишни билмасдим. У пайтларда китоб ёзиш у ёқда турсин, ёзилган асару қилинган таржимани қаерга олиб бориш, ким билан гаплашишни ҳам тузукроқ билмас эдик. Собит оғани Ғафур ака билан дўст, сирдош деб эшитган эдим-у, аммо у пайтда Ғафур Ғуломдек улкан шоир билан гаплашишга юрагим унчалик дов бермас эди.

 

Кунлардан бир кун Собит оғанинг қалин китобини қўлтиқлаб, ҳамшаҳарим Миртемир аканинг олдига бордим. У вақтларда бир-биримизни танимас эдик. Мен ўзимни таништирдим. Мақсадимни айтдим. У киши бироз сукут қилди-да:

 

– Яхши ўйлабсан, иним, – деди. – Бироқ... бироқ сал кичикроқ асардан бошлаш керакмиди? Бу жуда катта асар, бошловчи таржимонга сал оғирлик қилар...

 

Мен индамай ўтирардим. Индамай ўтирганимни у киши қайсарикка йўйди шекилли:

 

– Ҳай, бўлмаса эртага нашриётга кел. Мен ҳам бораман, ўзимнинг ҳам ишларим бор эди. У ердаги ўртоқлар билан бир гаплашиб кўрайлик-чи? – деди.

– Нашриёт қаерда? – деб сўрадим Миртемир акадан.

У киши пиқ этиб кулиб юборди.

– Э, ҳали нашриётнинг қаердалигини билмай, ёстиқдай романни кўтариб юрибсанми, бўтам.

 

Нашриёт шундай биқингинамизда бўла туриб, уни билмаганим учун қизариб, Миртемир ака билан эртага қайси вақтда учрашишимизни келишиб олиб, ётоққа қайтиб келдим. Миртемир ака билан танишганимдан, озгина бўлса ҳам ишим юришай деганидан бошим осмонда эди.

 

*  *  *

Эртасига дарсдан чиқиб, соат учларда нашриётнинг олдига борсам, Миртемир ака эшик олдида кутиб турган экан. Боришим билан мени ичкарига олиб кириб, қорачадан келган, сочлари қуюқ бир киши билан таништирди. Чамаси илгарироқ келиб, бор гапни у кишига айтган шекилли, аслида камгапми ё у кишига ҳам китоб каттароқ кўриндими, столни чертиб бироз индамай ўтирди. Миртемир ака гаплашаверинглар, дегандай бошқа хонага чиқиб кетди. Ҳалиги қуюқ қора сочли, эгнига янги қора костюм кийган чорпаҳил киши китобни қўлига олиб аста варақлар экан, қошларини чимирди.

 

– Талаба экансиз-да... Қайси курсдасиз?

– Иккинчи.

– Таржимага биринчи қўл уришингизми?

– Энди... Ҳали қўл урганим йўқ, домла, – дедим ийманиброқ.

 

Талабалик йиллари ўзимиздан каттароқ кишиларни кимлигини суриштириб ўтирмай “домла” деб чақиришга одатланиб қолган эдик.

 

– Мен бу китобнинг ихчамлаштирилган русча нусхасини кўрган эдим, – деди нашриёт ходими бояги ҳолатини бузмай. – Бу китоб бизга ҳам, сизга ҳам катталик қиларди. Авторга бир хат ёзмайсизми?

– Нима деб?

– Мана шу китобни ихчамлаштириб бера оласизми, деб-да.

– Қайдам.

– Бир ёзиб кўринг. Бизнинг фикримизни ҳам айтинг. Агар хўп десалар планга киритамиз.

 

Маслаҳат шунга келиб тақалиб, мен у киши билан хайрлашиб коридорга чиқдим-да, кейинги келганимда адашмай деб эшигига қарадим. Эшикда “бўлим мудири Шукур Саъдулла” деб ёзиб қўйилган эди. “Шукур Саъдулла деган шоир шу киши экан-да”. Ўрта мактабда ўқиб юрганимизда у кишининг шеърларини талай марта ёд олганмиз, пьесаларини саҳналаштирганмиз.

 

Таниш адибларим яна биттага ортганидан хурсанд эдим. Чамаси, Миртемир ака мен ҳақимда дуруст фикр айтган шекилли, яхши муомала қилишди. Шу хурсандчилик билан дарҳол қўлимга қалам олиб, Собит оғага хат ёздим. Хатда бояги гапларни батафсил айтдим, у кишининг розиликларини сўрадим. Собит оғанинг аниқ адресини билмаганим учун Чеховнинг Ванкасига ўхшаб: “Олмаота шаҳри, Қозоғистон Ёзувчилар Союзи, ёзувчи Собит Муқоновга деб ёздим-у, почта қутисига ташладим.

Бировни интизорлик билан кутиш, айниқса хат кутишнинг қанақа бўлишини яхши биласиз. Бир ҳафталардан сўнг ётоқхонага почтальон аёл телеграмма кўтариб кириб келди.

 

– Фозилов қайси биринг?

– Мен.

– Телеграмма. Мана бу ерига қўл қўй...

 

Қувончли ҳаяжондан қўлларим титраб, почтальон аёл кўрсатган жойига имзо чекиб, телеграммани олдим. Собит оғадан!

 

Ҳурматли Носир Фозилов. Хатингизни олдим. Тез кунда “Менинг мактабларим”нинг қисқартирилган вариантини юбораман. Миртемирга мендан салом айтинг. Собит Муқонов”.

 

Бирпасда ётоқдош дўстларим атрофимни ўраб олишди. Улар менинг ниятимдан бехабар эдилар. Бир бошдан гапириб бердим. Сўнг телеграмма қўлдан-қўлга ўтиб кетди. Ўзимда йўқ хурсандман, бунинг устига курсдошларим олдида бирпасда обрўйим ошиб кетди. Ўша куниёқ телеграммани нашриётга, Шукур Саъдуллага олиб бориб кўрсатдим. У киши ҳам хурсанд бўлдилар. Қандайдир папкани очиб, “С. Муқонов. “Менинг мактабларим” деб қайд қилиб қўйдилар-да:

 

– Энди қўлёзмани кутамиз, – дедилар.

 

Шу орада ҳовлиқиб телеграммани Миртемир акага ҳам олиб бориб кўрсатдим. Хурсанд бўлдилар.

 

*  *  *

Миртемир аканикига кириб борганимда аллақачон оқшом салқини тушиб, атроф нимқоронғи тортиб қолган эди. Ҳовлида Миртемир ака атиргулларга сув сепиб юрар, садарайҳоннинг тароватли бўйи ҳовлини тутиб кетган, гулларнинг баргларига сепилган сув тонг-ги шудрингдай тиниқ йилтиллар, ҳовлига аллақандай бир гўзаллик бахш этар эди. Миртемир ака мени кўриши билан қўлидаги резина шлангни шундоққина атиргуллар жўягига тўғрилаб қўйди-да, пешвоз чиқди.

 

– Кел, мулла Носир.

– Ассалому алайкум.

 

Одатдаги салом-аликдан сўнг ўртадаги каттагина пинг-понг ўйнайдиганга ўхшаш столга таклиф қилди.

 

– Марҳамат. Хўш, бояги гап нима билан тугади? – деди Миртемир ака ток шохида илиғлиқ турган сочиққа қўлини артаётиб. Эгнида кўкиш финка, пижаманинг жигарранг йўл-йўл шаравари; почалари сув текканидан ҳўл бўлиб, шалвираб турар эди. – Ишга кирадиган бўлдингми?

– Кирадиган бўлдим шекилли, – дедим сал дудмалроқ қилиб. Миртемир ака ҳайрон бўлиброқ қаради. Мен гапимга аниқлик киритдим. – Ўн беш кунлардан кейин борадиган бўлдим.

– Нега?

– “Қарағанда” романининг таржимасини битириб, машинкага берган эдим. Шуни биратўла тугатиб, устидан кўриб, нашриётга топшириб олай деб...

– Шунга рози бўлишдими ахир?

– Кутамиз, дейишди-ку. Рози бўлгани шу бўлса керак-да.

– Яхши, – деди Миртемир ака ниманидир ўйлагандай бўлиб.

– Боя келгин, бир маслаҳатли иш бор, деганингизга келувдим, – дедим ўртадаги сукутни бузиб.

– Ҳа, айтгандай, – деб Миртемир ака уйга йўл олди. – Мен ҳозир...

 

Негадир ҳовлида Миртемир аканинг болалари кўринмас, келинойимиз ошхона томонда кечки овқат билан куйманар, менинг келганимдан бехабар эди. Ҳовлида қандайдир таомнинг иштаҳани қитиқловчи ҳиди райҳон ва атиргулларнинг бўйига омухта бўлиб кетган, ҳозиргина сепилган сувдан атроф қўнғир салқин тортиб, одамга ором бахш этар, бу манзара менга – эндигина университетни тугатиб, адабиёт деб аталмиш сеҳрли гулшанга қадам қўйишни мўлжаллаб юрган муллақуруқ бир бола учун жаннатнинг гўзал бир гўшасига ўхшаб кўринар эди.

 

Хаёл билан бўлиб Миртемир аканинг чиқиб келганини ҳам пайқамай қолибман. У киши столга поп этказиб қандайдир оғир папкани қўйганида ўзимга келдим. Қарасам, бояги таниш папка! Ҳайрон бўлиб Миртемир акага қарадим.

 

– Мулла Носир, сени чақирганим... – деди жиддий тортиб. – Менга бугун мана бу асарни беришди. Мухтор оғаники. Абайнинг иккинчи жилди. Шуни таҳрир қилиб берасан, дейишди. – Менга бу асарнинг нима алоқаси бор экан, деб ҳайрон бўлиб ўтирардим. Миртемир ака бироз сукутдан сўнг сўзида давом этди. – Биринчидан, бу менинг ишим эмас, бунақа катта асарни ҳеч қачон таҳрир қилмаганман. Иккинчидан, Некрасовни қўлга олганман. “Кому на Руси жить хорошо”ни таржима қилишим керак, – деб менга тикилиб қолди. Орага бироз жимлик чўкди.

 

– Олмасликнинг иложи бўлмади. Сенинг анча қўлинг келиб қолди. Собит оғани таржима қилиб бердинг. Таржиманг маъқул. Ғабиден оғанинг Қарағандасини ағдардинг. Ишончим комилки, бу ҳам жойида бўлади. Мухтор оғанинг ижоди билан ҳам яхши танишсан. Қолаверса, шу китобнинг биринчи жилдига тақриз ёзгансан. Тақризинг “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”)дек мўътабар газетада босилиб чиқди. Одамларга маъқул. Гапнинг қисқаси: шу асарнинг таҳририга бир қарашиб юбор...

 

Нима дейишимни билмай қолдим. Анча вақтгача индамай ўтириб:

 

– Бу иш менинг қўлимдан келармикан? – дедим минғирлаб.

– Келади! – деди Миртемир ака ишонч билан. – Мана қозоқча оригинали. Таржима билан оригинални солиштириб, маъно бузилган жойлари бўлса бемалол тузатаверасан. Ҳали ўн беш кундан кейин ишга кираман, дедингми? Иложи бўлса шу ўн беш кун ичида кўриб берсанг. Ўзингнинг қўлёзмангни, ёш нарсасан, ишлаб юриб кўрсанг ҳам бўлаверади.

– Майли, – дедим сал чўчиброқ.

 

Чўчишимнинг боиси бор эди албатта. Университетни эндигина тугатганман, шаҳарда турар жой йўқ, оиламиз шаҳардан олтмиш чақирим нарида Вревский (ҳозир Олмазор деб аталади) деган жойда истиқомат қиларди. Мен энди қўлёзма билан оригинални олиб ўша ёққа кетиб ишлаш ниятида ишончсизроқ гап қотдим.

 

– Унда беринг қўлёзмани...

– Олиб кетмоқчимисан?! Йўқ, буни бериб бўлмайди. Зумрадхоним сал тихирроқ таржимон. Мендан тез-тез хабар олиб турмоқчи, – деди Миртемир ака. – Яхшиси, шу ерга келиб ишлай қол. Мана бу уйга жой қилиб бераман, – у киши дарвозадан кираверишдаги – ўнг қўлдаги кичкина уйга ишора қилди. – Бемалол ишлайверасан. Зумрадхоним келиб қолгудай бўлса, кўринмасликка ҳаракат қил...

 

Миртемир ака шундай деди-ю, қорнини ушлаб қотиб-қотиб кулди. Мен у кишининг гапига кўндим: эртадан бошлаб келиб ишлайдиган бўлдим.

 

– Тўраш! – деб чақирди Миртемир ака. У киши нимагадир келинойимни шундай деб чақирарди. Ваҳоланки, келинойимнинг оти Ёрқиной эди. – Бир чой ичайлик.

 

Ҳаммамиз дастурхон атрофига жам бўлдик...

 

*  *  *

Атрофга куз нафаси уриб, ҳамма костюмга ўтган, япроқларнинг ранги сарғайиб, қушларнинг чуғури камайган пайт эди. Журналда иш бошлаб юборганимга икки ойлар чамаси бўлган. У пайтларда журнал нашриёт биносининг ўнг қанотида, биринчи қаватда эди. Тушликда журнал ходимлари билан Тахтапулдаги “чоллар чойхонаси”га тамадди қилгани борардик. Энди тушликдан қайтиб, хонамда ишлаб ўтирсам, Миртемир ака кириб келди. Чамаси, нашриётга бир иш билан келган-у, буёққа тушган. Ўша маҳалда журналнинг муҳаррири Эркин Жабборов эди. Ҳазил-мутойибага суяги йўқ, бағрикенг одам. Бирпас Миртемир ака билан чақчақлашиб ўтирдик. Миртемир аканинг бугун негадир кайфи чоғ кўринди. Билмадим, ҳақиқатан ҳам кайфи бормиди ўшанда? Ҳар ҳолда менга шундай туюлди.

 

– Бизга Мулла Носир керак эди-да! – деди у бироз гурунглашганимиздан сўнг.

Мен ялт этиб муҳаррирга қарадим.

– Мана мулла Носирингиз, – деди Эркин ака шўхлик билан.

– Бирпас кечикса койимайсиз-да... – деди Миртемир ака.

Бу рухсат сўрагани эди.

– Бамайлихотир. Бугунга рухсат. Аммо-лекин кўп ичиб қўймасин...

 

Енгил кулишдик. Менинг ичмаслигимни ҳамма биларди. Бу гап шунга ишора эди. Бирпасда столимнинг устини йиғиштириб, Миртемир акага эргашдим. Нашриёт эшигининг олдига чиққанимизда у киши мени хиёбондаги дарахтнинг тагига бошлаб борди-да, чўнтагидан бир даста пул олди.

 

– Ма, мана буни олиб қўй, – деди ҳалиги пулларни менга чўзиб.

Мен шошиб қолдим. Ҳар пулларки, шапалоқдай-шапалоқдай келади. Нуқул юз сўмлик, эллик сўмлик... Бир даста! Эски пул-да, чўғи кўп!

– Ол, олавер, – деди Миртемир ака ҳамон мени қистаб. – Қўрқма, бу сенинг ҳаққинг.

Мен умрим бино бўлиб бунча пулни кўрмаганман. Уни қўлимга олишдан чўчирдим.

– Қанақасига меники бўлади? – дедим мен орқага тисарилиб. – Қўйинг, Миртемир ака.

– Олаверсангчи ахир, булар сеники дедим-ку... Анави таҳрирингга. Ҳозир беришди. Ма!

– Майли, ундоқ бўлса бўлишамиз.

– Ол дегандан кейин олавер-да. Бу пуллар сеники-ку, ахир.

– Йўқ, иккаламизники, – дедим мен сал бўшашиб, – ахир мен... буни нашриёт сизга берган-ку, ахир. Таҳрир ҳам сизнинг номингизда, қанақа қилиб меники бўлсин. Мен сизга қарашиб юбордим, холос.

– Ҳа, хўп, мана бўлмаса, – деб Миртемир ака ҳалиги қўлидаги бир даста пулдан учта юз сўмлигини олди-да, қолганини менга узатди. – Мана, ўзимга тегишлигини олдим. Яна эллигини Қассобовга ҳам бердим. Бош бўғолтир-да, пулни беради-ю, қўлингга тикилади. Бир нарса бермай кетолмайсан.

 

Мен пулни худди чўғ ушлагандай авайлаб олиб, ён чўнтагимга солдим. Пул турган жой бамисоли ёндириб борарди. Хижолатдан юзларим ёниб, худди ўғирлик устида қўлга тушгандай Миртемир акага тўғри қараёлмасдим. У бўлса менинг эгни-бошимга қараб бошини чайқарди. Нега эканини ким билсин? Балки костюмимнинг тирсагидаги бир парча ямоққа кўзи тушиб қолгандир. Эҳтимол...

 

*  *  *

Мен қаёққа, деб сўрамадим, у киши ҳам айтмади. Катта йўлга чиққанимизда қандайдир бир машинани тўхтатиб, чиқиб олдик. Машина ишчилар шаҳарчасига қараб зувиллаб борарди. Боя машина эгасига нимадир дегандай бўлувди, мен нима деганини англамадим. Қарасам, машина зувиллаганча Миртемир аканинг уйи олдидан ўтиб кетди. Ҳайрон бўлдим. Қаёққа кетяпмиз? Бир маҳал машина ҳозирги Миконд заводининг олдига бориб тўхтади. Миртемир ака кира ҳақини тўлади. Иккаламиз бошлашиб, кўчанинг нариги томонига ўтдик. Кичкинагина бир мато дўкончаси олдига борганимизда Миртемир ака, юр, дегандай ишора қилди. Кирдик. Дўкончи билан яхши таниш шекилли, қуюқ сўрашиб кетишди. Пировардида:

 

– Олиб қўйдингизми, мулла? – деб сўради.

 

Дўкончи бошини лиқиллатиб, ичкарига кириб кетди-да, қоғозга ўроғлиқ мато олиб чиқиб, пештахта устига қўйди. Шундоққина қоғознинг очиқ жойидан кўриниб турибди: тўқ кўк жун материал, ўзидан чиққан майда йўлли... Афтидан, чет элдан олиб келинган мато бўлса керак. Ялтирарди. Миртемир ака мени дўкончига кўрсатиб, бир нима дегандай бўлди. Сал матога ҳушим кетиб қолган шекилли, ўзимга келдим. Дўкончи менга бошдан-оёқ тикилиб:

 

– Бу болангизга уч метрдан бемалол чиқади, – деди. – Берайми?

– Маъқул, беринг, – деди Миртемир ака, – бу мулла болаям бир костюмлик бўлиб қолсин.

 

Мен ҳайрон бўлиб турардим. Ҳаш-паш дегунча ҳалиги дўкончи яна қоғозга ўраб ҳалиги материалдан олиб чиқди.

 

– Қанча бўлади? – Миртемир ака дўкончининг жавобини кутмасдан бояги олиб қолган уч юз сўмни олиб пештахтага ташлади. Дўкончи керагини олди-да, озроқ майда қайтим берди. Мен чўнтагимдаги пулдан олиб беришни ҳам унутиб, бақрайиб турардим. Чатоқ бўлди!

– Раҳмат сизга, – деди Миртемир ака дўкончига.

– Келиб турсинлар, – деди дўкончи икки қўлини кўксига қўйиб.

Иккаламиз қўлтиқларимизда ўроғлиқ мато билан йўлга тушдик. Менда ун йўқ. Чамаси, бугунги воқеалардан гаранг эдим чоғи.

– Уйга борамиз, – деб қолди Миртемир ака кўчанинг бериги бетига ўтганимизда. – Костюмларни ювмасак бўлмайди энди.

 

Кўча бўйлаб аста келаётганимизда кун ботай-ботай деб қолган, атрофга оқшом салқини тушган эди. Келинойим худди бизнинг келишимизни олдиндан билгандай, ҳовлини чиннидай қилиб супуриб, сув сепиб қўйган, ўртадаги катта столда дастурхон ёзиғлик турар, болалар ҳовлини бошига кўтаришиб, бир-бирларини қувлашиб, қийқиришар эди. Ўроғлик матоларни столнинг бир четига қўйиб, крандан қўлимни ювиб келгунимча, Миртемир ака уйга кириб, ечиниб, қўлида икки рюмка, бир ғалати графин кўтариб чиқиб келди. У графин ва рюмкаларни столга қўяркан:

 

– Кавказ коньягини кўрганмисан? – деб сўраб қолди.

 

Мен графинга тикилдим. Жуда антиқа: ўнгдан чапга бураб қўйилгандай, оппоқ, нафис. Биллур бўлса керак. Тиқини ҳам дид билан ишланган эди.

 

– Оқ коньяк!

 

Мен оқ коньяк у ёқда турсин, ҳали қизилига ҳам ишим тушмаган. Мени унинг ичидагисидан кўра, сиртидаги идиши мафтун қилиб қўйган эди.

 

– Тўраш, – бир ниманг борми газакка! – деди Миртемир ака ошхона томонга қараб.

 

Келинойим келиб мен билан сўрашди-да, “ҳозир” деб уйга кириб кетди. Унгача Миртемир ака қадаҳларга ичимлик тўлдириб қўлига олди.

 

– Қани, мулла, ишларимиз ҳамиша ўнгидан келаверсин. Ол.

 

Нима бўлса бўлар қабилида қадаҳдаги ичимликни ютиб юбордим-да, кўзимни очдим. Ҳаммасини ичдим, деб ўйловдим, йўқ бир энлик қолибди. Назаримда томоғимдан ошқозонимгача нимадир ўртаб бораётгандай бўлди. Келинойим бир тарелкада яримта қази, яхна гўшт, иккита нон олиб чиқиб қўйди. Ёнида дандон сопли пичоқ ҳам бор.

 

– Қани, тўғра, – деди Миртемир ака. – Ҳар ҳолда ёшроқсан.

 

Мен тақсимчани олдимга олиб тўғрай бошладим. Негадир дармоним қуриб, аъзойи баданим бўшашиб борарди. Фалокат-да, бир қалтис ҳаракат қилиб, чап қўлимнинг кўрсаткич бармоғига пичоқ теккизиб олдим. Сўнг уни Миртемир акадан беркитган бўлиб, пичоқни чап қўлимга олдим. Чап қўлда, бунинг устига ишни эплай олмаётганимни кўриб қолиб, оға:

 

– Э, ўзлари чапақаймилар? – деди. Бир тўғрам қазини қўлига олиб туриб, менга жиддий қаради. – Ие, мулла, мана, бу нима?!

 

Қазининг бир четига жиндек қон юқи илашган эди.

 

– Сал қўлимни... – дедим ғулдираб.

 

Миртемир ака олдимда турган қадаҳни нарироққа суриб қўйди. Ҳароратим сал ошганидан бўлса керак, нега?.. дегандай Миртемир акага қарадим.

 

– Буни ҳам ичсанг, мени сўйиб юборасан, – деб қадаҳ тагида қолган коньякка ишора қилди-да, ўзининг гапи ўзига нашъа қилди чоғи, қорнини ушлаб қотиб-қотиб кулди. Бу кулгига чор-ночор мен ҳам қўшилдим. Ўрнимдан туриб ошхона томондаги сувдан қўлимни ювгани борганимда ойнага қарасам, юзим лоларанг бўлиб кетибди. Столга келиб ўтирганимда Миртемир ака бир-икки қадаҳ бенавбат ичган шекилли, жуда кўнгилли, сергап бўлиб қолган эди. Қизариб кетганимни кўриб кулар, деб ўйлаган эдим, йўқ, аҳамият бермади.

 

– Мен сенга бир гап айтай, – деб гап бошлади Миртемир ака. У анча жиддий тортиб қолди. Афтидан, айтадиган гапи муҳим шекилли. – Энди айтсам ҳам бўлаверади. Кап-катта йигитсан, дунёнинг пасти-баландини тушунадиган бўлиб қолдинг.

 

Мен миқ этмай у кишига тикилиб ўтирардим. Энди мени уришса керак, деб ўйладим. Чунки, “кап-катта йигит бўлиб, дунёнинг пасти-баландини тушунадиган бўлиб қолганимни” юзимга солаётган оҳангда гап бошлаган эди.

 

– Хабаринг бор, бир маҳал мени союз аъзолигидан ўчиришган эди. Нима учун ўчиришганининг сенга кераги йўқ, – деди у чуқур тин олиб. Сўнг қўлида айлантириб томоша қилиб ўтирган қадаҳни сипқориб юборди. – Энди союзга қайта тиклашлари учун мен уларнинг бир шартини бажаришим керак эди. Яъни Абай романини таҳрир қилиб беришим керак эди. Бу ишда сен менга тенги йўқ хизмат қилдинг. Мен сендан жуда миннатдорман. Бугун мен жуда хурсандман. Союз аъзолигига қайта тикландим...

 

Май таъсириданми ё кап-катта бир шоирга, бегуноҳ бир инсонга машъум шарт қўйилгани таъсир этдими, ҳар қалай дийдам бўшаб, кўзимга ғилт-ғилт ёш келиб, ўзимни идора қилолмай қолдим. Шартта ўрнимдан туриб бориб Миртемир аканинг юзларидан ўпа бошладим. У киши ҳам кўнгли бўшаб кетди чоғи, бўйнимдан маҳкам қучиб:

 

– Баъзан шундай ишлар ҳам бўлиб тураркан, мулла Носир, начора... – деди. Унинг товушига ҳам титроқ инган, кўзлари ёшланган эди.

 

Беихтиёр графиндан қадаҳимга коньяк қуйиб отиб юбордим.

 

– Ўҳў, зўрсан-ку...

 

Келинойим олиб келган шилпилдоқдан тортинмай туширдим. Алламаҳалда кетиш учун рухсат сўрадим.

 

– Майли борақол. Ҳалиги гаплар сир, а?

– Ишонаверинг... – дедим кўрсаткич бармоғимни лабларимга босиб.

– Айтгандай, мато шу ерда қола қолсин. Бир устам бор. Қўл текканда олиб бориб иккаламиз ҳам тиктириб оламиз.

– Майли...

 

*  *  *

Миртемир ака билан хайрлашиб кўчага чиққанимда теварак-атрофга қоронғи тушиб қолган эди. Кўрмаган жойнинг уйдим-чуқури кўп деганларидай, қоқилиб-суриниб борар эдим. Оёқларим одатдагидан енгилроқ ҳаракат қилар, кўнглимда тушуниб бўлмас бир мав-ҳум ғалаён бор эди: “Наҳотки шундоқ одамга шунақа машъум шарт қўйишса?! Наҳотки...”

 

Ишга кирган кунимнинг эртасигаёқ Жонрид Абдуллахонов иккаламиз бир рус оиласининг ҳовлисидан бир хоналик, олди равонлик уйни ижарага олдик. Бу шундоққина ишчилар шаҳарчасидаги ўнинчи трамвайнинг охирги бекатига яқин, “Шуҳрат” кинотеатрининг ёнгинасида эди. Уйга кириб борсам, Жонрид каравотга чўзилганича китоб ўқиб ётган экан. У мени кўриши билан:

 

– Ҳа, қаёқларда санқиб юрибсан? – деди.

– Юрибмиз-да даврингда, – дедим илжайиб.

Товушимдан билдими ё қизариб кетганимни кўрибми, китобни ранги ўчиб кетган кўрпасининг устига қўйди-да, ўрнидан туриб ўтирди.

– Янгилик-ку... Эҳ-ҳе, – деди чўзиб. – Отибдилар-да!

– Нима бўпти, – дедим бўш келмай.

– Дард бўпти, бало бўпти! Ҳали уйнинг хўжайини кирди. Икки ойлик ижара ҳақини тўлаб қўйинглар, деб. Сен бўлсанг, кайфи сафо қилиб юрибсан... – деди у жиғи бийрон бўлиб.

– Тўлаймиз... Тўрт ойлигини ҳам тўлаймиз, – дедим мен парво қилмай.

 

Сўнг чўнтагимдан бир даста пул олиб, ўртадаги стол устига отиб юбордим. – Тўламаган номард...

 

Жонрид анграйиб қолди.

 

Қаёқдан ўмардинг бу пулларни, овсар?!

– Жим. Бу сир!

 

*  *  *

Ҳа, ҳурматли ўқувчим. Бу айтиб бўлмайдиган сир эди. Бу сирни мен йигирма беш йилдирки, кўксимда кўтариб келардим. Бу сир кўнглимнинг бир чеккасида гоҳ кир бўлиб табиатимни хира қилар, гоҳ бир нурли хотира бўлиб кўнглимни ёритиб юрар эди. Ҳар қандай сир йигирма беш йил ўтгач, ўз кучини йўқотади, деган гап бор. Ҳаётда шунақа ҳодисалар ҳам бўлиб турар экан. Мен сизларга кўнглимни бўшатдим, холос.

Хуллас, шунақа гаплар...

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

14:01 / 16.01.2025 0 90
Қуриб кетсин музейинг!..

Қатра

12:01 / 13.01.2025 0 84
Муаллимдан таёқ еган султон



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 7447
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5039
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4681
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4110
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3457
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3031
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2948
Туғилган кун

//