“Cиз бемалол кетаверинг, мен гапиравераман!”


Сақлаш
20:02 / 25.02.2022 0 1001

 

Барибир гапираверади

 

Шоир Йўлдош Эшбек сўзамол, гапга чечан, суҳбати жонон йигит. Фақат гурунгга берилиб кетганда гоҳо меъёрни сал унутиб қўяди. Тошкентдан ёзувчиларнинг Чорвоқдаги дала ҳовлисига кетаётганимизда ҳамроҳ бўлиб қолсак, манзилга етгунча фақат у гапиради… Эшитиб биз чарчашимиз мумкин, аммо гапириб у чарчамайди.

Кунлардан бир кун Чорвоқдаги Йўлдош ҳамсуҳбат, аниқроғи, гапини эшитадиган тешик қулоқ қидириб, қўни-қўшниларнинг  дала ҳовлисини оралайди. Қараса, ҳамма иш билан банд. Қўшниси Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ҳам энгашиб, астойдил ер чопаётган экан. Йўлдош нима бўлса бўлар дея Нуруллоҳ билан салом-алик қилгач, суҳбатни, аниқроғи, монологни бошлаб юборади. Нуруллоҳ аҳён-аҳён соатига қараб, пешонасидаги реза-реза терларни қўли билан сидириб, ишлайверади. Йўлдош эса гапираверади…

Ахийри Нуруллоҳ бош кўтариб, хижолатомуз дейди:

– Кечирасиз, Йўлдош ака, мен тезроқ шу ишни битириб қўйиб, охирги электричкага улгурмоқчи эдим.

Шунда Йўлдош пинагини ҳам бузмай, ҳамсуҳбатига далда беради:

– Э, сиз бемалол кетаверинг, мен гапиравераман!

 

Бўш келмади

 

Кунлардан бир кун ашаддий китоб мухлиси, журналист Маҳмуд Саъдий кўчада бир даста китоб кўтариб кетаётса, олдидан шоир Йўлдош Эшбек чиқиб қолади.

– Маҳмуд ака, бу қандай китоблар? – қизиқсиниб сўрайди шоир.

– Борхес, Маркес, Жойс, Шелли, Пристли, Лорка… – дея Маҳмуд ака фахрланиб, китобларни кўз-кўзлайди. Ногоҳ шоирга бир тегажоғлик қилгиси келади: – Сен буларни ўқимай қандай шоир бўлиб юрганингга ҳайронман.

– Улар ҳам мени ўқимай қандай ёзишганига ҳайронман! – дейди шоир ҳам бўш келмай.

 

Ярим кунга зўрға чидади 

 

Ёзувчиларнинг Чорвоқдаги дала ҳовлисида Йўлдош қурган пахса кулба девор қиш-қировнинг қор-ёмғирида нураб, қулаб тушади. Қўни-қўшнилар ҳашар қилиб, ҳужрани қайта тиклаб беришади. Бу ишда камтар-камсуқум, ўта камгап ва ўта меҳнаткаш журналист Шариф ака Холмуродов жонбозлик кўрсатади. Бир неча кун ўзи устачилик қилиб, ғишт теради. Йўлдош ўшанда “Сиз ҳам иморат қурганингизда қамишдан бел боғлаб, хизмат қилодурман”, дея катта ваъда беради. Ниҳоят, Шариф ака қурилиш бошлаганда шоир ваъдасида туриб, “Бизга нима хизмат?” дея енг шимариб келади. Хуллас, иш бошланади.

Ишлаб чарчамайдиган Шариф ака Йўлдошнинг тинимсиз гапларидан безор бўлиб, гангиб қолади. Шу боис тушликдан кейин ийманибгина гап қотади:

– Йўлдош, ҳалиги… сизга катта раҳмат, мана, шунчалик ёрдам бердингиз. Энди бу ёғини ўзим бир амалларман, сизга рухсат…

– Йўғ-э? – Йўлдош бу гапларга ишонқирамайди. – Ахир битта ўзингиз… Ким лой олиб беради? Ким ғишт узатиб туради?

– Айтяпман-ку, ўзим эплайман.

– Қийналиб қоласиз-да.

– Йўқ, қийналмайман.

Йўлдош қарайдики, аҳвол жиддий, ака Шариф ҳазиллашмаяпти.

– Ахир мен уйдан сизникида ишлайман деб уч кунга жавоб олиб келувдим. Уйга қайтиб боришим ноқулай. Овқат ҳам олмагандим. Энди нима қиламан?

– Сиз сира хавотирланманг, – дейди Шариф ака хижолатомуз жилмайиб. – Уч кунлик овқатингизни мен ўзим бериб тураман, фақат…

– Мен сизни тушундим, Шариф ака, тушундим, – дейди Йўлдош кулимсираб. – Фақат бир илтимос – овқатни шу ерда – биргаликда баҳам кўрсак.

– Нега энди?

– Гапимни биров эшитиб турмаса, овқат егандай бўлмайман-да!

 

“Антиқа” деҳқончилик

 

Йўлдошнинг Чорвоқдаги дала ҳовлисида енг шимариб ариқ қазиётганини кўрган қўшниси, деҳқончилик бўйича ёзувчиларга беминнат ёрдам, текин маслаҳат бериб юрадиган меҳнаткаш адиб Эркин Малик ҳайрон бўлиб сўрайди:

– Ҳой Йўлдош, нима қиляпсиз?

– Кўрмаяпсизми, ариқ қазияпман.

– Нима, сув чиқармоқчимисиз?

– Йўқ, экин экмоқчиман.

– Нима экмоқчисиз?

– Писта экаман.

– Пистага шунчалик чуқур ариқ олинадими?

– Шаҳардан келиб, суғориб туришга вақтим бўлмайди. Ариққа сувни бир тўлдириб қўйсам бас – экин  бир-икки ойгача сувсамай тураверади.

Бунақа “антиқа” деҳқончилик усулини эшитган Эркин ака ҳоҳолаб кулиб юборади.

 

Шодмон ОТАБЕК

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

14:01 / 16.01.2025 0 90
Қуриб кетсин музейинг!..

Қатра

12:01 / 13.01.2025 0 84
Муаллимдан таёқ еган султон



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 7447
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5039
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4681
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4110
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3457
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3031
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2948
Туғилган кун

//