…Бобур гулнинг хуш бўйи димоғига урилган заҳоти жиловни беихтиёр тортиб, отини тўхтатди. Узангига оёқларини тираб, эгардан бўй чўзди-да, девор тепасидаги қизга тикилиб қаради. Энди унга қизнинг олов чақнатиб турган қоп-қора кўзлари, бу кўзларга ниҳоятда ярашган гулранг ёноқлари аниқ кўринди. Бобур бу кўчадан аввал ҳам ўтган эди. Қиз аввалари ҳам уни кўриб, таниб қолган эканми, кўзлари мўлтираб ва уялиб бош эгди. Бу унинг салом берганимиди ёки хайрлашганимиди? Ўн етти-ўн саккиз ёшлардаги бу қизнинг жозибасию мўлтираб бош эгиши Бобурга шундай таъсир қилдики, у бир лаҳза нима қилишини билмай эсанкираб турди.
Бобурни Музаффар Мирзонинг Хирот бўйича доруғаси Юсуф Алибек кузатиб бормоқда эди. Қирқ ёшлардан ошган кўнгилчан бу бек девор тепасидаги қизни таниб кулди-ю:
– Ийе, Моҳиммисиз! – деди. – Оббо, Моҳчучук-ей, катта қиз бўлиб қолибсиз-а!
Қиз гўё энди ўзига келди, «лип» этиб, бошини девор ортига олди-ю, кўздан ғойиб бўлди.
Юзи қандайдир ички оловнинг тафтидан қизарган, кўзлари ғалати чақнаган Бобур Юсуф Алибекдан шошиб сўради:
– Ким? Ким дедингиз?
– Амирзодам, бу ҳовли Султон Соҳибқироннинг узоқ қариндошларидан бирига қарашли. Қизнинг отаси Ҳусайн Бойқаронинг нуфузли девонбошиларидан эдилар. Борди-келдимиз бор эди…
Отлар юриб бормоқда эди. Бобур Моҳим деб аталган қизнинг тобора узоқда қолаётганини ўйлаб, кўнглида кучли бир армон сезди. Йигирма кун Хиротда юриб, бу қизни нега фақат энди, жўнаб кетаётган пайтда кўрди?
…Ўша қиш Бобур кўрсатган мардлик ва довюракликнинг мукофоти шу бўлдики, Қосимбек Хирот чорбоғида учраган гўзал қизни излаб топди. Бобур Кобулда катта тўй қилиб, Моҳим бону исмли бу олов қизга уйланди ва орадан бир йил ўтар-ўтмас ундан ажойиб ўғил кўрди. Бахтли истиқбол орзуси билан бу тўнғич ўғилни Ҳумоюн деб атадилар.
Пиримқул ҚОДИРОВ,
“Юлдузли тунлар”дан
Биласизми?
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Биласизми?
Қатра
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ