Биласизми?
Товуқ катагининг бурчагидан алоҳида пана қилиб тўсилган ним қоронғи жойда тухумларни босиб ётган курк товуқ деярли емас, ичмас... икки-уч кунда бир дунёни бузгудек овоз билан қақоғлаб ташқарига чопиб чиқар, ўн-ўн беш сония шу ҳолатда туриб, яна ичкарига учиб кириб кетарди. Шу алфозда иккинчи ҳафта ўтиб борарди.
Йигит охирги марта хабар олганида кўрдики, тухумларнинг айримлари дарз кетган. Демак, жўжаларнинг ёруғ дунёга келиш фурсати етибди. Йигитнинг дилига шайтон ғулғула солдими, хаёлидан: “Товуқ курк бўлиб турган пайтда яна ўн-ўн бешта жўжа очдириб олсам-чи!” деган гап ўтди. Она товуқнинг ташқарига чиқиб кетишини пойлаб турди-да, ўша пайтда ичида митти жонлар бетоқат бўлаётган тухумларни йиғиштириб олиб, ўрнига бошқа тухумларни қўйди. Она товуқ шитоб билан қақағлаб кирди ва тухумларни бағрига олиб ётди. Ҳозиргина иссиққина бўлган тухумлар нима учун муздеккина бўлиб қолганини сездими, йўқми...
Тухумларни астагина синдириб ичидан жўжаларни чиқариб олган йигит товуқхонадан доим хабардор эди. Тонглар отиб қуёш ботар, озиб кетган она товуқ ҳар икки-уч кунда ташқарига қақағлаб чопиб чиқиб келарди. Муддати етди чоғи, иккинчи бора қўйилган тухумлар ҳам дарз кета бошлади ва йигит товуқ ташқарига чиққанда иссиққина, ичидан жўжаларнинг майин “чий-чий”лагани эшитилиб турган тухумларни шошилмай яна саватчага териб олди. Уларнинг ўрнига аввалдан тайёрлаб қўйилган совуқ тухумларни жойлаштирди, шошилмади, чунки энди она товуқнинг аввалги шахду шиддати йўқ эди – узуқ-юлуқ қақоғлаб кириб келди-ю, тухумларни босиб ётди.
Кеча она товуқнинг бағридан ўғирлаб чиқилган тухумларни ёриб, уларнинг ичидан чиққан жўжаларни аввалгиларига қўшиб хурсанд юрган йигит эрталаб хабар олгани кирганда бир сиқимгина бўлиб қолган она товуқнинг боши осилиб ётарди. Йигит шалвираган қоқ суяк жониворни ҳовлининг бир бурчагига кўмди. Атроф жим-жит, назарида тинмай “чий-чий” қиладиган жўжалар ҳам она товуқ аҳволини ғойибдан сезиб сукут сақлаётгандек эди. Йигит бир-бир қадам босиб катакка яқинлашаркан, ерга сочилиб ётган майин патчаларга кўзи тушди. Онасиз – ҳимоясиз қолган жўжаларни мушукми, итми еб кетганди...
Муҳтарама УЛУҒОВА
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ