Дунё уммонлари бўйлаб сузган ўзбек кемалари


Сақлаш
19:01 / 16.01.2022 0 1123

«Титаник», «Британик», «Аврора». Кўпчилигимиз бу машҳур кемалар ҳақида яхши биламиз. Одатда машҳур кемаларнинг архитектори, давлати ёки қайси компанияга тегишли эканидан кўра, унинг номи машҳур бўлади.

 

Ҳозирги кунда дунёдаги энг катта круиз кемаси «Harmony of the Seas» («Денгизлар гармонияси») деб аталади. Унинг қурилишига 1 млрд доллар сарфланган. Ўз бағрига 6300 йўловчи ва 2100 экипаж аъзоларинини сиғдира оладиган 16 палубали лайнернинг узунлиги 362 метр (Эйфель минорасидан 50 метр узун), кенглиги 66 метр, вазни 120 минг тонна.

 

Ўзбекистон дунё уммонига бевосита чиқа олмайдиган жаҳондаги энг йирик давлатдир. Илгари Ўзбекистонда Амударё ва Орол денгизида кемалар қатнаган, юклар ва йўловчилар ташилган. 1924 йили Ўрта Осиё сув йўлларида 20 кема, 1500 қайиқ қатнагани айтилади. Амударёда «Астрахан», «Киев», «Нарва», «Термиз», «Хива», «Юрий Гагарин», «Қорақалпоқ», «Тошкент» номли кемалар қатнаган. Ҳозирда эса кемалар асосан Амударёда ҳаракатланади. Оролда эса қатнов аллақачон тўхтаган.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Дарё транспорти бўлимининг Кемачилик инспексияси рўйхатида Ўзбекистон Республикаси ички сув йўлларида ва сув ҳавзаларида фойдаланишда бўлган жами 224 та сув транспорти воситаси (кемалар) ҳисобга олинган.

 

Хўш, ўзбек кемалари дунё уммонига чиққанми? СССР ва кейинги даврда бошқа мамлакатлар байроғи билан дунё кезган кемаларнинг 20 га яқини Ўзбекистон билан боғлиқ. Уларнинг аксарияти юк ташувчи кемалар бўлган. Қуйида улардан баъзилари ҳақида маълумот берамиз.

 

«Алишер Навоий» кемаси

 

 

 

1969 йили Югославиянинг Риека заводида қурилиб, шу йили Владивосток шаҳрида сувга туширилган. 1992 йили Россия таркибига ўтган. 1994 йилгача «Алишер Навоий» номи билан дунё кезган кема шу йили Малта давлатига сотилиб, номи «Eastern Star» деб ўзгартирилган. Кема 1999 йили утилизация қилинган. Кема АҚШ, Канада, Буюк Британия, Япония, Канада, Янги Зеландия, Австралия, Ҳиндистон каби давлатларга юк ташиган.

 

«Тошкент» кемаси

 

 

1914 йили АҚШнинг Maryland Steel Co. компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Иккинчи жаҳон уруши пайтида Тинч океани портларида СССР ва унинг иттифоқдошлари орасида экпорт-импорт амалиётларини бажарган. 1945-1966 йилларда Тинч океанида ҳарбий юкларни ташиган. 1966 йили кема СССР денгиз флоти вазирлиги ҳисобидан чиқарилиб, КХДРга берилган.

 

«Бухоро» кемаси

 

 

1965 йили Полшанинг Гданск шаҳрида ишлаб чиқарилган. Владивосток шаҳрида сувга туширилган. Асосан денгизда ёғоч маҳсулотларини ташиш билан шуғулланган. 1988 йили утилизация қилинган.

 

«Самарқанд» кемаси

 

 

1986 йили Германияда ишлаб чиқарилган. 1996 йилгача шу номда жаҳон бўйлаб контейнер, енгил автомобил ва автобуслар, ғилдиракли техникаларни ташиган. 1992 йили СССРдан Россия ҳисобига ўтган. 1996 йили Греция ҳисобига ўтиб, номи «Oasis»га, 2004 йили Панама ҳисобига ўтиб, номи «Hyundai Hawk»га, 2005 йили Швейцария ҳисобига ўтиб, номи «Ocean Wave I»га, 2007 йили Либерия ҳисобига ўтиб, номи «KKG 1″га ўзгарган. 2011 йили утилизация қилинган.

 

«Андижон» кемаси

 

 

1958 йили Германияда ишлаб чиқарилган. 1985 йилгача шу ном билан ҳаракатланган. Асосан қуруқ юкларни ташиган. 1985 йили Вьетнам ҳисобига ўтказилиб, номи «Song Da 02″га ўзгарган. 1996 йили утилизация қилинган.

 

«Қўқон» кемаси

 

 

1985 йили йили Полшанинг Гданск шаҳрида ишлаб чиқарилган. Уммон ва денгизларда балиқ тутишга мўлжалланган. 1992 йили Россия ҳисобига ўтган. 2020 йили кема номи «Ахтиар»га ўзгарган.

 

«Марғилон» кемаси

 

 

1965 йили Полшанинг Гдиня шаҳрида ишлаб чиқарилган. 1992 йили Украина ҳисобига ўтган. 1996 йили утилизация қилинган. Теплоход асосан Ҳинд ва Атлантика океанлари бўйлаб юк ташиган. Марғилон шаҳрининг тарих музейида ушбу кеманинг макети сақланади. Кема дунё уммони бўйлаб 30 йил давомида Марғилон номи билан ҳаракат қилган.

 

«Ҳамза» кемаси

 

 

Ўзбек ёзувчиси Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий шарафига шундай номланган. 1982 йили Россиянинг Навашино шаҳрида ишлаб чиқарилган. 1992 йили Украина ҳисобига ўтказилган. 1999 йили Малта ҳисобига ўтказилгач, номи «Sagitta»га ўзгарган. 2012 йили утилизация қилинган.

 

Шунингдек, дунё сувларида «Ўзбекистон», «Қорақалпоғистон», «Фарғона», «Наманган», «Урганч», «Орол», «Садриддин Айний» каби кемалар ҳам ҳаракатланган.

 

Давронбек ТОЖИАЛИЕВ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 11
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 36
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 121
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 156
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 237
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6083
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4916
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4554
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3981
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3411
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2979
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2894
Туғилган кун

//