Биласизми?
Олишув
Кўксимга пичоқ санчдилар мулойимлик билан. Суғуриб олмадим. Ранжиб қолишин истамадим душманларимнинг.
Бу кўнгилчанлигимдан болаларим таъзирини еди.
Яхши одам дегани аслида ваҳший экан. Қотили экан у ўзининг, яқинларининг, авлодларининг.
Ҳаётимни бошидан бошлагим келар гоҳида. Аммо янги кунимни ҳам бошқаришга етмайди тоқат.
Мен исён қиламан термилиб кўкка.
Ўзимга ўзим ҳукм ўқийман.
Энди чиқиб келар бошқа қиёфам.
Душманларимнинг пичоқ санчиш тугул сўзламоққа мажоли қолмас. Эзғилаб чиқаман уларнинг барин. Энг ёмон одамга айланган чоғда – ҳис қила бошлайман ўзимнинг нақадар яхшилигимни...
Меҳроб
Ҳар кимнинг сиғинадиган жойи бўлсин экан. Ҳеч кимсага суянмасанг, ишонмасанг – сенинг фожианг. Жилла қурса, онангга тўкиб сололмасанг дилда борингни. Санамларга гап отишдан не наф?
Отангнинг метин кифтига бошингни қўёлмасанг. Қоялардек юксакка кўтармасанг отанг пойини. Яшаб юрмоқликдан нима маъно?
Акангни яқин йўлатмасанг. Ҳасратингдан чанг чиқмаса унинг қошида. Жигарликнинг маъноси қайда?
Опа-сингилларингга бир йўловчидек вақт тополмасанг. Жиянчалар танимаса яқиндан сени. Оқибатдан лоф урмоқ уят!
Қўлинг кўкка чўзиб нолалар қилсанг. Аҳд қилсанг сиғиниб саждада. Унутсанг барини бошингни кўтарган маҳал. Бир кунда беш маҳал ётиб-турмоқликда не маъни?
Ўзингни фаришта санама. Бурканиб яшама ёлғонларингга. Ниқоб тутма. Борингча руҳингни меҳробга отгин!
Сиртмоқланган тафаккур
Мен ўз дилимда туғилиб келаётган саноқсиз ҳис-туйғулар, исёнлар, истак ва орзуларни ўлдириб турдим. Дийдам қотиб бораверди.
Алалоқибат, дунёнинг энг бахтиёр одами бўлганим ҳолда куну тун ғуссага ботиб яшай бошладим. Оғриқлар зўридан юрагимнинг туб-тубида инграётган мусаффолик яшаб қолишга ҳали имкон борлигини уқтираётгандек бўлади. Мен эса туйғуларнинг пайини қирқишда давом этаман.
Ўлимдан, айрилишдан ҳадиксираб яшайман. Бироқ аллақачон нола чекишга арзийдиган ҳеч вақо қолмаганини хаёлимга келтирмайман. Маҳкам ёпишган, ҳаётимни бағишлаётган “занжир”ларимни узиб ташлашни ўйлаб ҳам кўрмайман.
Чегара ва қолиплар – тасаввуримдаги кенг дунё. Сиртмоқланган тафаккурим ён-атрофни эркин кузатишга-да бўйлатмайди. Қўлу оёқларимгача танғиб ташланган ҳолда завқланмай, ҳаяжонланмай, ҳайратланмай яшайвераман. Уларнинг узилиши жонимнинг чиқиб кетиши билан баробардек.
Энди ҳам қотил эмассан, деб кўринг-чи!
Неча йилларки, бечора жонимга жабр қилиб яшайман.
Ўлим бу – яшаб ҳам яшолмаслигинг, дейди шоир. Сўнгги бора қотиллик қилишга мажбурман.
Бу кеча ўз Менимни ўлдириб, унинг мурдаси устида қаҳқаҳа отаман.
Эртага сизнинг қаршингизга лабда табассум билан янгидан туғилган Ўзим пешвоз чиқади. Сўз бераманки, бошқа қотилликка қўл урмайман.
Таги кўриниб қолган кўза
Икки қулоч ер, икки газ сурп кифоя қилгулик танимиз учун икки дунёмизни бой берамиз.
* * *
Ўта жиддийлик билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Зотан, дунёнинг яратилиши қалтис ҳазилга ўхшайди.
* * *
Ҳар тонг пешвоз чиқаман, уйқусираб, кўзларимни уқалаб сенинг қаршингга. Худди бир нарсадан қуруқ қолаётган каби ютоқиб.
Узоқ кезинаман топа олмасдан. Қўлимни силтайман охир. Сўнг чайқаб, артаман этакларингга.
Ҳар кун, такрор-такрор қидираман сени, Ўзлигим.
* * *
Мен ўзимни ташлаб юбордим. Осилиб турган тўрларимдан воз кечиб.
Учиб бораяпман... Қаерга қўнишни билмайман.
* * *
Тескари аксиомага ўхшайди. Севаман, деб қанча ҳайқирсам, шунчалар севмайман. Сен эса севинасан.
Мен эса қўрқаман. Энг сўнгги илинждан айрилмоқликдан.
* * *
Ҳеч бўлмаса, ўзимни алдамай яшаёлсайдим. Сенга ёлғон сўзламасдим сира. Сирларимдан дўмпайиб қолмасди қабрим.
* * *
Парчаланиб ётган ўзлигим синиқларида аксим жилваланади. Аммо яхлит Мен эмас. Аллакимлардан йиғилган ямоқ.
Жойимда депсиниб, қадам товушларимни куйга ўхшатаман. Завқланиб, мароқ билан давом этаман. Оламни наво билан гўзалликка буркамоқчи бўламан.
Ўзлигим сочилар теварагимга.
Мен қачон ўзингга қўшиламан, Ўзлигим.
* * *
Оёқ-қўлларингиз билан чирмашиб вақтни тўхтатиб қўя оласизми?
Сўнгги дақиқаларингизни ўтказаётган бўлишингиз мумкинлигини ўйланг. Буюк қудрат уйғонади. Ўзингизни беҳисоб сармоя эгасидек тутманг. Кўзанинг таги кўриниб қолганидан кейинги таваллолар беҳуда!
* * *
Улар шу даражага келгандиларки, танбаллик билан таваккулни қориштириб юборгандилар.
* * *
Инсонлар уйқудалар, ўлгач кўзлари очилади.
* * *
Ҳаётнинг шундай лаҳзалари борки, унга бутун умрингни бахш этсанг арзийди.
* * *
Инсонга баъзида билишини билмаслиги, баъзида билмаслигини билмаслиги панд бераркан.
* * *
Дунё шу қадар омонатки, гоҳида нима учун ёзиб ўтирганимга тушунолмай қоламан.
* * *
Вақт ичкарисига ҳам чексиз, деб ёзади адибларимиздан бири. Назаримда, олам ҳам ўзининг ичида чексиз дунёларга бўлинган. Биргина воқеанинг ичида минглаб ҳодисалар яширин. Одамнинг қиймати ана шу оламларни кашф қила олиш даражаси билан ўлчанса не ажаб.
Азиз НОРҚУЛ
“Tafakkur” журнали, 2019 йил 4-сон.
“Тескари аксиома”
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ