Бир куни...
* Ўзингники эмас, ўзгаларнинг нодонлиги ҳам ёзишга ҳалақит беради.
* Эшик ёпилганда жимликнинг этаги қисилди.
* Лаганбардор бошлиқнинг эриш нуқтасини билади.
* Бу танқидчи мисли жарроҳдек: аввал жиндек мақтов билан ухлатиб, кейин операция қилади.
* Ёзувчи саёз жойда чўкади.
* Талант ҳақида куюниб гапирганларнинг ҳаммаси ҳам талантли бўлавермайди. Чунки ҳеч ким ўзини талантсизман деб ўйламайди.
* Кичкина бир яхшилик қилиш учун ҳам одам (балки буюк одам) бўлиш керак; катта ёмонлик қилишга кичик одам ҳам қодир.
* Кичкина бир аҳмоқдан қўрқинг (масалан, у “қизил” тугмачани босиб юбориши мумкин).
* Китоб – бойлик. Лекин сотиб олгани эмас, ўқилгани.
* Ўйлайманки, Ҳамлет, Фарҳод, Дон Кихот, Обломов сингари образлар инсон хотирасига типик характер эмас, асосан типик муаммо, абадий савол сифатида михланиб қолган. Чинакам бадиий асар ҳамма вақт жавобсиз саволдир, борди-ю, адиб унда бирор муаммо кўтарган бўлса ҳам, бу – амалда ҳал қилиб бўлмайдиган муаммодир. Агар муаллиф амалда ҳал қилинадиган вазифа қўйса, асосан, очерк ёки мақола бўлади. Ёзувчи эса ташвиқотчи эмас, шоир бўлиши керак.
* Танқидчи ёш адибни қимматбаҳо фикрларининг олтин ёмбиси билан уриб майиб қилди.
* Адабиёт фан-техника инқилоби даврида ҳам ишонч билан иш кўриш керак. Экзюпери мақтаган самолётлар ҳозир ҳеч нарсага ярамай қолди. Лекин Митти Шаҳзодаси ҳали узоқ яшайди.
* Денгиз, гўё Ерни ҳушига келтирмоқчидек, ҳадеб қирғоққа сув сепарди…
* Одиссей арвоҳларни ўзи билан суҳбатлашишга кўндириш учун уларга ўз қонидан бериб тирилтиради. Ёзувчи тарихий шахслар ҳақида ёзганида шундай қилиши керак.
* “Муз ўчиб қолди!” деди бола сувда эриб кетган муз парчасини кўриб.
“Биз XII-XIV аср Дашти Қипчоқ (Олтин Ўрда) туркий адабиётини негадир яхши ўрганмаймиз. Ваҳоланки, бу адабиёт (Қутб, Сайфи Саройи, Ҳисом Котиб) соф туркий тил, халқчиллик жиҳатидангина эмас, умуминсоний мундарижаси билан ҳам катта эътиборга лойиқ. Биргина “Жумжума Султон” достонини олинг, Ҳисом Котиб уни Фаридиддин Атторга (“Жумжуманома”) тақлид қилиб ёзган. Замондоши Дантенинг “Илоҳий комедия”си билан таққосласангиз, жуда антиқа фикрларга келасиз. (Масалан, дунёни вертикал ҳолда олиб, яъни ҳамма замонларни бир вақтда жамлаб (хронотоп), абадият учраштириб тасвирлаш…) Бу икки муаллиф бир-бирини билмай туриб, маънан жуда оҳангдош асар ёзганига ҳайрон бўласиз.
Алишер Навоийдан олдинги туркий тилга қулоқ солинг:
Чун ки келдинг дунёя – кетмоқ керак,
Бор кунинг етганча хайр этмоқ керак!
Ҳисом Котиб
Сўнгакка иликдур, эранга билик,
Биликсиз эран ул – сўнгак беилик.
Адиб Аҳмад, XII аср
(Дарвоқе, “Илоҳий комедия”сининг мотивлари Ал-Мааррийдан буён давом этиб келади).
* Ёзувчи ёлғонни тўқийди-ю, ҳақиқатни ёзади.
* Шамол шамни ўчиради. Шунга ўхшаб, айрилиқ ҳам шунчаки хушторликни совитиши мумкин, чин муҳаббатни эса ўт олдиради.
* Ҳақиқат – худодир: уни ҳамма билади-ю, ўзини ҳеч ким кўрмаган.
* Ўзимизда бўлган туйғуларни яшириш қийинми ёки ўзимизда бўлмаган туйғуларни ифодалашми? Шукур Бурхон менинг бу саволимга шундай деб жавоб берган эди: иккаласига ҳам артистизм керак.
* Реал Александр Македонский – Искандар бор. Афсонавий Искандар Зулқарнайн бор, уни улуғлаб пайғамбар даражасига кўтардилар (Хусрав, Жомий, Навоий, Тожиддин Аҳмадий… ўнлаб “Искандарнома”ларда). Бу – ўрта асрларга хос нарса. Менимча, Темурни биз бундай қилишимиз керак эмас.
* Шоир бўлиш яхши, шоирлик даъво қилиш ёмон.
* Милтиқ ҳар отганда ўзи сесканиб орқага тисарилади.
* Тун шафақнинг тасмасини кесди…
* Сизиф афсонасини биласиз, “абадий харсанг”ни ҳам биласиз.
Менинг авлодим ўша харсангни 70 йил давомида “чўққи”да юмалатди.
Ичимда нола бор. Гоҳо шу нолани эшитиб, Максим Горькийнинг гапи эсимга тушади. Ундан “Аҳволингиз қалай?” деб сўраганларида “Максимально горько!” деб жавоб берган экан.
Садриддин Мақсудий (Сорбонна дорилфунунини битирган Истанбул дорилфунунинг профессори) “Ўрта Осиё турк давлатлари”, “Қутадғу билиг”, “Турк тарихи”, “Форобийнинг ҳуқуқ фалсафаси” деган асарлар ёзган. Топиш керак эди, қизи ҳаёт экан, Одила (Аида) деган. Йирик дипломат. Анқарада. Шундан сўралса, балки отасининг китобларини топиб берарди. Бир уруниш керак. Садриддин Мақсудий Русия думасида нутқ сўзлаб, русларнинг Қўқонда йигирмата мусулмон мактабини ёпганини, Тошкентда Мунавварқорини таъқиб қилишганини, Олмаотада, Ўшда, Наманганда мусулмон зиёлилари сиқувга олинганини рўй-рост гапиради. (Бу нутқ “Вақт” газетасида босилган).
Яна топиш керак бўлган нарсалар мана булар:
Ҳусайн Файизхонов (Маржонийнинг шогирди) 1862 йилда татар мактаблари учун дарслик чиқарди. Унда Навоийинг “Мажолисун-нафоис” тазкирасидан парча бор.
Абдулаълам Файизхонов (укаси) 1891 йилда Абулғозихоннинг “Шажарайи турк” асарини нашр қилдиради. Бу олим ҳам Маржонийнинг қўлида ўқиган, унинг таклифи билан беш йил Ўрта Осиёда яшаб, ўзбек тилини ўрганган (араб, форс, рус, француз тилларини биларди). “Калила ва Димна” ҳамда “Тўтинома”ни татарчага таржима қилган.
Зоҳир (эҳтимол Зокирдир) Бегиевнинг укаси Мусо Беги 1907 йилда Ал-Мааррийнинг “Лузумият” асарини таржима қилиб бостирган.
Шарқшунос Ризо Фахриддиннинг (1939 йилда вафот этган) Абу Али ибн Сино, ибн Баттута, Фузулий ҳақидаги китобларини топиш керак.
* Туркий “Искандарнома”нинг муаллифи Тожиддин Аҳмадий (XIV аср) Амир Темур билан кўришгандан кейин Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарини турк тилига таржима қилган экан. Бу – Соҳибқирон сиймосига яна бир чизги.
* Биз атеист ҳам эмасмиз, художўй ҳам эмасмиз. Биз шунчаки ялқовмиз: худонинг бор ёки йўқлиги ҳақида астойдил ўйлашга эринамиз.
* Араб алифбоси тиллардаги талаффуз ўзгачаликларини йўққа чиқаради, дейди А.Боровков. Демак, бу алифбо туркий халқларни бирлаштириб турарди. Уларни ажратиб ташлаш учун алифбони ўзгартиришдан ҳам қулай сиёсат бормиди?
* Хотин кишини қимматбаҳо мўйналарга ўрасанг – совимайди.
* Ўргимчак шамолдан нимадир тикяпти…
* Юрак қони билан ёзган одам узун ёзолмайди.
* Истеъдодсиз шуҳратпараст жуда тубан ва шафқатсиз бўлади.
* Таржимондан аниқлик талаб қилманг. У чизмакаш эмас, рассом!
* Бизни танқидчилар қўрққанимиз учун эмас, кўпинча дадиллигимиз учун уришди.
* Бир қолипдаги (типовой) иморатлар, бир қолипдаги шаҳарлар худди шундай бир қолипдаги одамлар ва бир қолипдаги фикрловчиларнинг пайдо бўлишига ёрдам беради.
* Унинг шоир бўлиши учун фақат бирорта камчилик етишмасди.
* Қадимда бир донишманд айтган экан: “Мен вақтнинг нима эканини биламан. Аммо “Вақт нима?” деб сўрасалар, айтолмайман”.
Назаримда, шеърият ҳақида ҳам худди шуни айтиш мумкин. у бениҳоя, у битмас-туганмас.У ўзи рад этган одамгина уни рад этади.
* Худо инсонни бир умр бахт излаш азоби билан жазолаган.
* Бизнинг авлодда замонадан қочганлар қутулди.
* Баъзилар ҳақида яхши гапирсанг, лаганбардор бўласан, ёмон гапириш – хавфли.
* Шундай йилларни кўрдикки, бахтли бўлиш уят эди.
Бир куни...
Ҳикмат
Ҳикмат
Ҳикмат
Қатра
Ҳикмат
Қомус
Қатра
Қомус
Биласизми?
Қатра
Қатра
Қомус
Қомус
//
Изоҳ йўқ