Улғайган, шаклланган миллатгина ўзига тик қарай билади – Эркин Аъзамдан иқтибослар


Сақлаш
12:11 / 07.11.2025 0 5

Нимаики ҳадеб кўз-кўз қилинаверса, билингки, ё бир иллати, ё нозикроқ бир сабаби бор!

 

***

Табассум бировга ярашар, бировга ярашмас. Лекин гап бунда эмас. Гап – унинг самимийлигида!

 

* * *

Рекламага тушмаган нима қолди? Инсоф, уят, андиша эмас, ғирромлик, қаллоблик шиорга айланиб кетмадими?

 

* * *

Ширин сўз – жон озиғи, кимга ёқмайди дейсиз! Аммо у хушомаду ялтоқиликка айланиб кетса-чи? Унга ғараз, таъма аралашса-чи?..

 

* * *

Баъзи асарларнинг “устида” кўпинча бутун бошли бир бригада меҳнат қилади – ҳашар. Устоз учун, устознинг шон-шуҳрати йўлида. Устознинг ўзи эса қўлига қалам олиб бирор нима ёзишига шубҳа қиласиз. Ундан кейин, ана, нашриёту таҳририятларда енг шимариб адабий негрлар, мардикорлар ўтирибди...

 

Кимга керак бундай “эъжод”? Қўлингиздан келмаса, китоб ёзмай ўтсангиз ҳам биров урушмайди. Дунёда ном қолдиришнинг бошқа йўллари кўп. ...Китобингизни ўзингиз ҳам ўқиганмисиз, устоз?

 

* * *

“Улғайган, шаклланган миллатгина ўзига тик қарай билади”. Кимнинг гапи бу? Фикр моҳиятан тўғри бўлса, ким айтганининг нима аҳамияти бор? Ким гапираётганига эмас, нима деётганига қара деб ўгит беради улуғ Навоий.

 

* * *

Ибн Арабий шогирди билан кетаётса йўлда бир киши учраб, унга роса ҳақорат ёғдирибди: сиз ундоқсиз, сиз бундоқсиз. Устоз сукутини бузмаганини кўриб шогирд таажжубланган экан, “Қўявер, ахир мен у айтгандақа эмасман-ку” дебди Ибн Арабий.

 

* * *

Пештахта тўла чала китоб, экранни хом-хатала филм босган, бу ёқда қўлбола “юлдуз”лар базми!.. Бозор санъати, бозор адабиёти! Бозордан ҳам кўнглингиз қолиб кетар экан. “Ишқ бошқа, ҳавас бошқа” деган гап бор элда. “Ойнаси бор кишининг бари Искандар эмас” дейди ҳазрат Навоий. Ўртадан чизиқ тортиш мавриди келмадимикан?

 

* * *

Ўтган аср бошларида Беҳбудий ҳазратлари миллат фарзандларини икки эмас, тўрт тилни эгалламоққа даъват этган. Биз эса тўрт эмас, ўн тилни билишни орзу қиламиз. Аммо фарзандларимизнинг дастлабки таълимни она тилида олиши, миллий мактабда, миллий руҳда тарбия топиши тарафдоримиз, холос. Бизга нима бўлди? Одатдаги бегонапарастликми бу ёки яна манний кашаларни соғиниб қолдикми? (Оббо, ўзбекча ўқиганимиз тағин панд берди-ку: “манная” бўларди шекилли...)

 

* * *

Биз – одамлар, токи тирик эканмиз, бир-биримизга ёрдам беришимиз керак...

 

* * *

...бағоят эътиборли бир зот илк танишганимизда дафъатан каминани бағрига босиб, “Миллатни сиз мендан ҳам кўпроқ яхши кўраркансиз!” деб қолди. Худони яна шоҳидликка қўйсам гуноҳ бўлмас, аммо қарангки, шу чоққача миллатни севиш-севмасликни ўйлаб кўрмаганманми (шоир эмасман-да), бу туйғуни тарозига солмоқ ҳам хаёлимга келмаган экан. Ахир уни яхши кўрсам-кўрмасам – ўзимники, ўзимга муносабат эса ўзимнинг ихтиёримда. Шундай эмасми?

 

* * *

Замонавий ашқол-дашқоллар кўмагида уч-тўртта хиргойи билан чиқиб, ҳали ғўр ёш-ялангнинг чапагини олган бугунги “юлдуз”ларни шахс деб, миллат шарафига лойиқ санъаткор деб бўладими? Аммо, таажжубки, Абдулла Қаҳҳор ёки Ҳабиб Абдуллаев кимлигини сўрасангиз бармоқ тишлаб қоладиган аксар ёшларимиз гап ановиларга келганда сайраб кетади – номма-ном санаб беради. Аҳвол шу. “Шуҳрат – чолвордаги кўзга ташланиб турадиган зар ямоқдир” деган экан бир вақтлар Пушкин. Чолвордаги зар ямоғи бор одам шахс аталаверадими?

 

* * *

“Унвону мукофотлар ортидан югурманг, лойиқ кўрилсангиз – олингу унутинг, кўрмагандек бўлиб юраверинг” деган экан бир донишманд. Ибратли гап, тўғрими? Лекин негадир эсдан чиқиб кетаверади-я?

 

* * *

Эртага ҳам кун бор. Эртага ҳам, Худо хоҳласа, тонг отажак, бобо қуёш юз кўрсатажак. Унга тик қарамоқ-ку мушкулдир, бир-бировимизнинг юзимизга, кўзимизга қараш азобидан қўрқайлик, бугуннинг завқи билан маст юрган эй ҳозирийлар!

 

* * *

Ҳозирги ёшлар шундай гапиради, домла! Чунки улар биз ёзган китобларни ўқиган, биз ишлаган киноларни кўраяпти... у ёғи ўзингизга маълум. Ахир телефон гўшагини олиб, ўзбекона тавозе билан “лаббай” демоқнинг ўрнига “эшитаман” (“слушаю”) деймиз-ку тўраларча! Ҳолбуки, биров бизга “Эшитмайсан, қулоғинг оғир, карсан” деяётгани йўқ. “Малакасини оширди”, “маҳоратини оширди” деган гап турганда хунукдан-хунук, бемаъни – “ўз устида ишлади” (“над собой работал”) деб қўллаймиз. “Ош бўлсин” эмас, “ёқимли иштаҳа” демоқ билан маданий кўринмоқ бўламиз.

...Афсуски, савол саволлигича турибди: қачон ўзбекча гапирамиз?

 

* * *

Қора-қура қизларга Мажнуннинг кўзи билан боқинг!

 

* * *

Ёшлик тақлидга мойил бўлади.

 

* * *

Халқимиздаги бир одат менга унча маъқул эмас. Бегонапарастлик. Ўзимизни ўзимиз гоҳо ёмон кўрамиз, қадримизга етмаймиз. Мана, масалан, россиялик хонанда Кристина Орбакайтенинг кечагина ўтган концертини олайлик. Концертдан бир ой олдинги рекламаларни кўриб ақлингиз шошади. Билетнинг нархи осмондан сал берироқ.

 

...Бу тарғиботдан, менимча, ўртада турган даллол манфаатдор, холос. Агар у ўзбек бўлса, юраги ўзбекона бўлса, бу ишни қилмас эди.

 

* * *

Чамаси Лев Толстой айтган: “Ҳукм қўлимда бўлса, маъносини яхши билмаган сўзини ишлатган ёзувчига минг дарра буюрардим”.

 

* * *

Ҳикоя – жуда санжоб ва нозик жанр.

 

...Хўш, нимани ҳикоя қилиб ёзса бўлади? Ҳамма нарсани! Кўрган-билганингиз – ҳаммасини! “Мана шу кўз олдингизда турган сиёҳдондан ҳам ҳикоя ясаб беришим мумкин” деган экан буюк ҳикоянавис Чехов.

 

...Ҳикоя ёзмоқ учун энг аввало нима керак дейсизми?

Инсоний дид ва истеъдод керак!

Бунинг эса мактабини билмаймиз.

 

* * *

Эскишаҳар жинкўчаларида адашиб-улоқиб юрган унча-мунча жайдари “қўшиқчи”ларни кўпчилик яхши биларди-ю, Асқад Мухтор номи асосан адабиёт мухлисларигагина маълум эди. Нега бундай? Адиб ўзини ҳар ёнга урмагани, ўта маданиятли, камтарину камсуқум бўлгани учунми? Ё бунинг бошқа сабаблари ҳам бормиди? Ана шу сабабларни мулоҳаза қилиб кўриш бугун бизга тан. Токи бу сабаблар сабоқ бўлсин!

 

* * *

“Ғоявийлик дедик, партиявийлик дедик... бизлар ютқаздик. Ёзганларимиз бугун ғариб кўринади. Энди келди чинакам ёзиш даври. Сизлар ёзинглар энди...”. “Опа-сингиллар”, “Туғилиш”, “Давр менинг тақдиримда”, “Чинор”, “Бўронларда бордек ҳаловат”, “Бухоронинг жинкўчалари” каби ажойиб адабий обидалару теран фалсафий шеърлар муаллифи бир гал бизга ўкинч билан ана шундай деган эди. Бундай мардона эътирофга нима дейсиз!

 

* * *

Абдулла Қаҳҳорнинг “ёмонлиги” – унинг бешафқат қалами, ёзган асарларидаги айрим нусхаларга муросасиз нафрати, ҳаётнинг, адабиётнинг софлиги йўлида ҳалол туриб айтган мардона сўзлари, холос!

 

* * *

Одамзод нега бундай экан-а: тириклигида бировни ҳадеганда эслайвермаймиз, боши ёстиққа текканда йўқлаб боргани гоҳо вақт тополмаймиз – ўлганидан кейин эса, марҳум номдорроқ бўлса, таърифини осмону фалакка етказиб, кўтариб-кўпиртириб хотиралар ёзамиз, гўё шу йўсин қарзимизни узган бўламиз. Аммо бефойда.

 

* * *

Хўш, ўртада – майдонда ким қолди? Айбдорнинг бир ўзими? Дарвоқе, айбдор уми ёки “Қани бу ёғи нима бўларкан, кўрайлик-чи?” дегандек бетараф турган бизми? Ана шундай лоқайд томошабинлик кайфияти хароб этмасми жамиятни?! Уни гунгу соқов оломонга айлантирмасми?! “Машраб осилганда қаёқда эдинг? Чўлпон отилганда қаёқда эдинг?” дея боз таъналар отмасми келажак авлод?!

 

* * *

Томошабинлик театрда ярашар!

 

* * *

Хижолатдан қизара билган банда нақадар ғолиб!

 

* * *

Адабиёт, санъат – ҳаёт бўронларида чорасиз қолган инсонга таскин қидирувчи, умид бахш этувчи, эзгуликка даъват қилувчи қудратли куч, доно маслаҳатгўй. Ундан воз кечиб бўладими, айтинг!

 

* * *

...чинакам адабий мунаққид ҳасаду бахиллик дардига мубтало, муайян асар муаллифининг белини синдирмоққа қасд қилган болтабардор эмас, адибнинг яқин маслаҳатгўйи, ҳомийси, адабиёт гулшанининг холис, ҳассос бир гулчини бўлмоғи даркор.

 

* * *

Ватан – шунчаки бир жўғрофий тушунча-ю миллат – мавҳум омма эмас.

 

...Оилангизга қарамасангиз, ота-онанинг дуосини олмасангиз, ёр-дўстга ҳамдам бўлмасангизу, нуқул “ватан, ватан!” дея ҳайқириб юрсангиз... қанақа ватан учун курашаяпсиз ўзи?!

 

Эркин АЪЗАМ

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 3-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Ҳикмат

12:11 / 07.11.2025 0 6
Қаҳрамон

Қатра

11:09 / 17.09.2025 0 137
Қаҳрамон

Биласизми?

14:07 / 15.07.2025 0 326
“Кимсан” аслида ким?



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 12713
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 6102
Илк ватан

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 5741
Миллий урф-одатлар

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 5424
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4870
Тинчлик

Қомус

15:04 / 18.04.2023 0 4405
Радикализм

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3795
Ўқиш пули

//