Меҳр кучи


Сақлаш
01:12 / 24.12.2021 1 1279

Ишдан қайтаётиб, яхмалак ерда тойиб йиқилган аёл, неча кундан бери уйда икки оёғи гипсланиб ётибди. Турай деса, туролмайди, ўтирай деса, ўтиролмайди – фақат ётади. Ташқарига чиқмоқчи бўлса, эри ёки катта болалари ёрдамида бир амаллаб жойидан туриб олади. Охирги кунларда зерикканидан овунчоқ бўлсин, деб икки ёшли ўғилчасини боғчага ҳам юбормай қўйди. Ҳамма ўз ишига, ўқишига кетади. Уйда ёлғиз бемор она ва боғчадан олиб қолинаётган ўғилча. Бола онаси учун овунчоқ, ҳам дастёр. Ҳали уни олиб беришни, ҳали буни жойига қўйиб келишни буюради. То пешингача аҳвол шу. Она-бола бир-бирига овуниб ўтиради. Болакайнинг пилдирабгина иш қилишларидан кўзлари қувнаб кетади, оғриқларини унутгандек бўлади.

−Ўзимнинг меҳрибоним! Айланай сендан! – ўғилчасини ёнига ётқизиб олган она уни эркалайди. Юзларидан ўпиб, сочларини силайди. – Жоним мени…

Кўп қаватли уйларнинг хонаси тор. Бетон уйда шу тор хонанинг ҳам исиши қийин. Гипсда ётган одам эса иссиқ кунда ҳам совқотади. Она хонанинг бир чеккасига спирал плита ёқиб қўйибди. Ҳарна хонанинг заҳрини ютади.

Бугун ҳам кун совуқ. Спирал плита ёниқ. Она тўшакда, боласи атрофида «лего» ўйинчоқларидан уйча ясаб ўтирибди. Телевизорда спорт ҳақида кўрсатув намойиш этиляпти. Бола спортга қизиқади. Ўйиндан чалғиб, экранга тикилиб қолди ва бир маҳал ирғиб ўрнидан туриб, ойнаи жаҳондагиларга тақлид қилдими ёки аввал ҳам бир-икки қилган машқини яна бажармоқчи бўлдими, бошини ерга қўйди-да умбалоқ ошди. Бироқ чинқириб йиғлаб юборди. Оёғи плита устига тегиб куйган эди.

Ана шунда бемор ётган онанинг жон-пони чиқиб кетди. Қандай турди, қандай уй бурчагидаги плита ёнига борди, ўғилчасининг оёғидаги куйиб, тутаётган пайпоқни қачон ечиб отди, билмайди. Билгани – ўғли бағрида, унинг пешанасидан ўпяпти, овутяпти, ўзининг эса иккала оёғи худди биринчи кундагидек қақшаяпти… Гипс силжиб кетдими, билмайди… Аммо энди биладики, то эрими, болаларими келиб, жойига ётқизиб қуймагунча шу аҳволда зор қақшаб ўтиради…

Холиёр САФАРОВ

1 Изоҳ

Javoxir

12:01 / 01.01.1970

Onani yaratmasin ekan😪😪😪

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

12:05 / 04.05.2026 0 27
Йигит ва ўгит



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 16267
Жадидчилик

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 6808
Миллий урф-одатлар

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 6653
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 5940
Бир қоп ун

Қомус

15:04 / 18.04.2023 0 5380
Радикализм

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 5368
Тинчлик

Қомус

16:12 / 25.12.2023 0 4815
Ўзбекистон тарихи

//