Афанди бир куни...


Сақлаш
10:12 / 23.12.2021 0 856

 

Эҳтиёт шарт

 

Афанди кўза кўтариб сувга кетаётган ўғлининг юзига бир тарсаки уриб, кўзани синдирма, деди.

– Бу нимаси, – деди хотини, – кўзани синдирмасдан туриб нега урасиз болани?!

Афанди жавоб берди:

– Синдиргандан кейин уришнинг нима фойдаси бор, ҳозир эҳтиёт шарт-да.

 

Эй, нодон

 

Афанди зиғир ёғи олиш учун коса кўтариб бозорга борди. Ёғфурушдан бир тангалик ёғ сўради. Ёғфуруш бир тангалик ёғни косага қуйган эди, тўлиб, пича ортиб қолди.

– Қолганини нима қиламиз? – деб сўради ёғфуруш.

– Орқасига қуй, – деб афанди косани ағдарди, ичидаги ёғ тўкилиб кетди. Афанди бундан бехабар косани кўтариб уйига кетди. Уйига кириши билан қозонни қиздириб турган хотини қичқирди:

– Шугина ёғни олдингиз холосми?

Афанди:

– Эй, нодон, кўп қичқирма. Бу ёғида ҳам бор! – деди-да, косани ағдарди, қолган ёғни ҳам тўкиб юборди.

 

Афанди ва ўғри

 

Бир куни кечаси Афандининг уйига ўғри кирди ва ҳаммаёқни қидириб ҳеч нарса тополмади. Уни кузатиб ётган Афанди кўрпадан бошини чиқариб деди:

– Эй, нодон, ўзим кундузи уйимдан ҳеч нарса тополмайман-у, сен кечаси нима қиласан овора бўлиб!

 

Хайрият

 

Афандининг яктагини хотини ювиб, дорга илиб қўйган эди. Афанди кечаси уйғониб, ҳовлига чиқди. Дордаги яктагини ўғри гумон қилиб, қўлига камонини олди-да, яктакка қараб ўқ узди. Эрталаб туриб қараса, ўзининг яктаги экан, хурсанд бўлиб:

– Хайрият, яктакнинг ичида ўзим йўқ эканман, – деди.

 

Офтобда эриб кетди

 

Афанди ёшлигида отасидан олган жумалик пулларни ҳафтасига етказмасдан еб қўяр ва шунинг учун аксари сўкиш эшитар эди. Ёзда отаси Афандига бир танга жумалик бериб, тайинлади:

– Тўрт жумаликни оляпсан, энди бир ойгача сенга жумалик йўқ! Бу гап Афандининг у қулоғидан кириб, бу қулоғидан чиқди, пулни эса икки кунда еб тамом қилди.

Учинчи куни чошгоҳ пайтида Афанди отасининг ёнида ўтирган эди, отаси куннинг иссиқлигидан нолиди:

– Ҳеч чидаб бўлмайди, агар одамнинг бадани темирдан бўлса ҳам, офтобда туриш бермай эриб кетар эди.

– Тўғри, дада, –  деди Афанди, –  кеча сиз берган бир тангани офтобга қўйган эдим, дарров эриб кетса бўладими.

 

Сенинг гапинг ҳам маъқул

 

Афандининг олдига биров келиб, ёмон кўрган бир одами устидан арз қилди. Афанди, гапингиз маъқул, деб жўнатиб юборди.

Эртасига бошқаси келиб, ундан шикоят қилди. Афанди унга ҳам, гапингиз маъқул, деб чиқариб юборди.

– Эркак бўлмай қолинг, – деди Афандининг хотини, – ҳар иккаласига ҳам, гапинг маъқул, дедингиз. Дунёга келиб сиз ҳам: “Йўқ, гапинг номаъқул”, десангиз-чи!

Афанди ўйлаб туриб:

– Хотин сенинг ҳам гапинг маъқул, – деди.

 

Мулла Мамарасулнинг қироати

 

Афандининг боласи ниҳоятда йиғлоқи бўлиб, хотини тонготар бешик тебратиб чиқар эди. Бир кеча хотинининг жонидан ўтиб, афандини уйғотиб:

– Мен онаси бўлсам, сиз отасисиз. Бу кеч ўзингиз ухлатинг, менга ҳам жон керак, – дебди.

Афанди дарров туриб кийина бошлабди ва хотинига:

– Мен бориб Мулла Мамарасулни айтиб келай, – дебди.

Хотинининг фиғони чиқибди:

– Болани ухлатинг деётибман! Мулла Мамарасулни нима қиласиз?!

Шунда Афанди:

– Мачитда Мулла Мамарасул қироат қилганда, ҳаммамиз ухлаб қоламиз. У келиб қироат қилса, ажаб эмас боламиз ҳам ухлаб қолса, – дебди.  

 

“Афанди латифалари” китобидан олинди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

15:04 / 24.04.2024 0 42
Гўзаллик қимматга тушмасин

Қатра

10:04 / 16.04.2024 1 176
Велосипед

Қатра

14:04 / 08.04.2024 0 151
Тошбақанинг хатоси



Кўп ўқилган

Барчаси

Қатра

20:01 / 09.01.2022 7 3772
Бир қоп ун

Қатра

15:08 / 18.08.2022 15 3746
Илк ватан

Қатра

12:08 / 21.08.2022 6 3204
Тинчлик

Қатра

20:01 / 17.01.2022 2 2909
Ўқиш пули

Бир куни...

22:12 / 08.12.2021 3 2533
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

22:12 / 27.12.2021 1 2372
Туғилган кун

Қатра

16:01 / 01.01.2022 0 2210
Қўнғироқ