Муаллимдан таёқ еган султон


Сақлаш
12:01 / 13.01.2025 0 352

(Эски мактаб ҳикояти)

 

Олам султони эркатой ўғлини мактабга берди. Саройда ўйнаб-кулиб, егани олдида, емагани ортида бўлиб юрган тантиқ шаҳзодага ўқиш тартиб-қоидалари қийинлик қилди. Муаллим болаларга қаттиқ талаблар қўяр, яхши ўқимаганларни таёқ билан урарди. Унинг адаб таёғи зарбидан еб кўрган шаҳзода чидай олмади. Кечки пайт отасига шикоят қилди:

 

– Отажон, мен сизнинг ўғлингиз эмасманми?

 

– Нимага ундай дейсиз, ўғлим, – деди султон, – сиз тахту тожимнинг ярашган гавҳари, салтанатимни безаган умид юлдузимсиз.

 

– Сиз шавкатли Румнинг улуғ султони, мен ўғлингиз бўладиган бўлсам, унда анави муаллим афанди нега мени ётқизиб олиб товонимга таёқ билан ураверади, қул болалар қатори ҳар куни таёқ ейман?

 

– Хафа бўлманг, ўғлим, – деди ота, – мен эртага мактабга бориб, шаҳзодага қўл кўтаришга журъат қилган ўша зўравон муаллимингизнинг ўзига адаб таёғи қанақа бўлишини кўрсатиб келаман.

 

Тонг ҳам отди. Султон Йилдирим Боязид бир мулозимини мактаб муаллими ёнига юборар экан, унга шундай дейишни тайинлади: “Амир Сулаймоннинг соғлиги яхши эмас, бироздан кейин ўзим олиб бораман. Мен бориб муаллимни қаттиқ койий бошлаган заҳотим у мени аяб ўтирмай ураверсин. Бўлмаса иш бузилади, шаҳзода ўқишга қизиқмай қолади”.

 

Алқисса султон ўғлини етаклаб мактабга борибди. Ичкари кириб сўз бошлабди:

 

– Эй замона домуллоси, мен сизга ишониб ўғлимни ўқишга берувдим. Янглишган эканман. Сиз уни ўқитиш ўрнига қул болалар қатори урар экансиз.

 

Муаллим бир узун таёқни деворга тираб қўйган экан. Султон гапини тугатиши билан муаллим жавоб берибди:

 

– Ҳар оғочнинг меваси ундан узоққа тушмайди. Сиз ўзингиз ким бўлибсизки, ўғлингиз яхши бўлсин?

 

Муаллим шундай деб таёқни олиб гоҳ султоннинг этагига, гоҳ деворга, гоҳ ерга тарс-тарс ура-ура мактабдан қувиб чиқарибди. Кейин шаҳзодани бир-икки таёқ уриб ўрнига ўтқазибди. Бўлган воқеадан қўрқиб ҳайратга тушган шаҳзода жим ўтириб ўқишга мажбур бўлибди.  

 

Ўша куни кечқурун ота ўғлига шундай дебди:

 

– Ўғлим, ўша муаллимингиздан қандай таёқ еганимни ўзингиз кўрдингиз. Энди жим ўтириб ўқимасангиз бўлмайди. Мен ҳам болалик пайтимда устозларнинг адаб таёғини еб, итоат ва хизмат қилиб одам бўлганман. Ота-боболаримиз устоз жабри ота меҳридан афзал, деганлар.

 

Толиб НОСИР

 

Али ибн Ҳусайннинг “Тож ул-адаб” (1453) китобидан фойдаланилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

14:07 / 15.07.2025 0 175
“Кимсан” аслида ким?

Ҳикмат

10:07 / 03.07.2025 0 108
Армон бобо

Биласизми?

16:07 / 02.07.2025 0 86
Елиб келди



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 11279
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5724
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 5256
Бир қоп ун

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 5241
Миллий урф-одатлар

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4694
Тинчлик

Қомус

15:04 / 18.04.2023 0 4043
Радикализм

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3705
Ўқиш пули

//