Биласизми?
Сарлавҳани ўқиб ҳайратланманг, қанчалик ғалати туюлмасин дунёда шундай жойлар бор. У ерда ўлиш тақиқланган. Бугун ер юзидаги шундай чекловлар бўлган жойлар ҳақида маълумот берамиз.
Ўлиш ёки марҳумни дафн қилиш тақиқланган жойлар асосан Европада мавжуд ва табиийки бундай чекловлар жорий этилишининг маълум бир сабаблари бор. Шундай шаҳарчалардан бири Испаниянинг жанубий қисмидаги Гранада автоном вилоятининг таркибига кирувчи Ланжарон шаҳарчаси ҳисобланади. Ҳудудда ўлим тақиқланиши ҳақидаги қонун 1999 йил Гранада шаҳри ҳокими томонидан имзоланган. Бунга сабаб сифатида Ланжарон шаҳарчасида эски қабристонлар кўплиги ва дафн қилиш учун бўш жой қолмаганлиги айтилган. Қонуннинг яна бир қизиқ томони шундаки, ҳудудда нафақат дафн қилишни тақиқланган, балки эски қабристонлар бутунлай текисланиб, қайта очилмагунча шаҳарчада яшовчи 4 минг кишининг ўлмаслиги ҳам мажбурий деб белгиланади. Албатта, одамлар қонунга тўлиқ бўйсунолмаган, ўлганларни қўшни шаҳарчалар қабристонига дафн қилишда мажбур бўлишган.
Бундай тақиқ фақат кичик шаҳарча ёки қишлоқларда бўлади деб ўйлаган бўлсангиз янглишасиз. Вафот этиш тақиқланган жойлар рўйхатида ўзининг соҳилбўйи пляжлари билан бутун дунёга машҳур, Франциянинг жануби-шарқидаги Ле Лаванду коммунаси ҳам бор. Бу жойда ўлишни тақиқлаш ҳақидаги қонун 2000 йилда шаҳар мери томонидан имзоланган. Қонунни жорий қилинишига сабаблардан бири мавжуд қабристонларнинг тўлгани, янгисини очишга жой қолмаганида эди. Бу муаммо юзага келишига ҳам етарлича сабаблар мавжуд эди.
Биринчидан, ҳудуднинг сокин ва нисбатан илиқ иқлимли соҳиллари ҳар йили минглаб ишқибозларни ўзига жалб қилади, сайёҳлар учун меҳмонхоналар эса шаҳарнинг дуч келган жойига қуриб ташланган. Режасиз ва мўмай даромадни кўзлаб қилинган қурилишлар шаҳар инфратузилмасини жуда ёмон аҳволга олиб келди, натижада шаҳарда ўликни кўмиш учун 2 метр жой топиш катта муаммога айланди.
Иккинчидан, бу чекка ҳудудда халқаро аэропорт йўқ. Сайёҳлар автомобилларда соатлаб тирбандликда қолиб кетишдан норозилик билдириши сабаб, маъмурият маҳаллий ички йўлларни кенгайтиришга мажбур бўлади. Оқибатда ўзи шундоқ ҳам танқис бўлган ер янада камаяди.
Францияда ўлиш қонунан тақиқланган жой фақат Ле Лаванду эмас. Мамлакат жануби-ғарбида жойлашган Сарпуренкс қишлоғида ҳам 2008 йилдан бери ўлим қатъий тақиқланган. Ҳатто кимдир вафот этса қариндошлари жазоланади. Нега қоидалар жуда кескин? Гап шундаки, қишлоқда мавжуд қабристон жуда эскилиги ва бузиб қайтадан кенгайтирилиши ҳақида буйруқ чиқарилади. Бироқ қишлоқда яшовчи 300 нафар атрофидаги аҳоли қарорга жиддий қаршилик қилади. Бундан ғазабланган маҳаллий ҳокимият қишлоқда ўлишни тақиқловчи қонунни имзолайди ва бу воқеадан сўнг Сарпуренкс қишлоғида яшовчи доимий аҳоли сони янада камаяди. Ҳозирги кунга келиб қишлоқда бармоқ билан санарли деҳқонлар яшайди холос.
Шунингдек, Францияда нисбатан катта коммуна Кюнода ҳам бемалол «ўла олмайсиз». Эски қабристонлар тўлгани, уларни бузса, турли касалликлар тарқалишидан хавфсираган Кюно мери 2007 йилда янги қабристон очиш мақсадида Тулуза департаментидан ер ажратишини сўрайди. Бироқ тулузаликлар таклифни қабул қилмагач, Кюно ҳокими ҳудуддаги қабристонларда дафн қилишни тақиқловчи қонунни имзолашга мажбур бўлади. Ҳужжат заруратини тўғри тушунган коммуна аҳли мерни қўллаб-қувватлайди ва Тулуза вилояти вакилларига ер ажратмагани учун норозиликлар билан мурожаат қилади. Бироз вақт ўтгач Тулуза департаменти ер ажратишга рози бўлади ва Кюнода ҳам ўлишга «рухсат берилади».
Бу каби антиқа қонунлар фақат аҳоли зич яшайдиган ғарбий Европада эмас, балки кенг ҳудуд, нисбатан кам сонли аҳолига эга шимолий Европа, жумладан Норвегияда ҳам мавжуд. Чеклов ер танқислигидан эмас, балки мутлақо бошқа сабаб туфайли жорий қилинган. Норвегиянинг Свалбард ороллари таркибига кирувчи Лонгйир шаҳарчасида мингдан ортиқ аҳоли яшайди ва у Ернинг энг шимолий аҳоли пункти ҳисобланади. Шаҳар яқинида Свалбард аэропорти жойлашган бўлиб, у дунёдаги энг шимолдаги аэропорт. Шаҳарда Свалбард халқаро университети ва БМТ шафелигида ер ости халқаро ўсимликлар уруғларидан намуналар сақланувчи улкан омбор қурилган. Глобал фалокат юз берган тақдирда ўсимлик дунёсини сақлаб қолиши керак бўлган ушбу муҳим объект жойлашган ҳудудда вафот этиш ва дафн қилиш ҳукумат томонидан бундан 86 йил олдин тақиқланган. Тақиқнинг бир қатор жиддий сабаблари мавжуд.
Биринчидан, бу ерга жасад кўмилганда ҳам бир неча йиллар асл ҳолида сақланиб туради. Тақиқ жорий қилинишига бош сабаб ҳам шу эди. Воқеа 1938 йилда бўлган. Ҳудудда илмий изланиш олиб бориш учун келган олимлар 1917 йилда ўткир юқумли вирусдан вафот этган одамнинг жасадини қазиб олиб ўрганишади. Жасад ҳеч қандай бузилишларсиз сақланган эди. Унинг чиримаслигига сабаб Лонгйир ҳавосининг жуда совуқлиги, ер ҳам деярли муз қатламидан иборат. Шундан сўнг олимлар ҳукуматга ўлганларни дафн қилишни тақиқлашни таклиф қилади. Негаки, ҳар қандай юқумли вируслар билан вафот этган инсон танасида бир неча йил давомида сақланиб қолиши хавфи юқори. Натижада вирус бошқаларга юқиши мумкин.
Иккинчи сабаб, бу ерда яшайдиган қутб айиқлари туфайли юзага келган. Қутб айиқлари минг йиллардан буён яшаётган ерига ХХ аср бошида инсон қадами етишини ёмон қабул қилган. Лонгйирга ташриф буюришни истаган ҳар қандай инсон оқ айиқлардан ҳимояланиш йўлларни билиши шарт. Айиқлари нафақат тирик одамларга ҳужум қилиши билан хавфли, балки ўлган одамлар жасадини топиб, бурдалайди ҳам. Бундан ташқари, айиқлар қанча кўп одам жасадини истеъмол қилишса, шунчалик ваҳшийлик хусусияти ортиб, одамларга ҳужум қилиш ҳолатлари кўпайган. Шу сабаблар натижасида Лонгйирда вафот этиш таъқиқланган. Ҳозирги кунда ҳудудга хаста одамларнинг келишига қатъий чеклов мавжуд. Қолаверса, шаҳарда доимий яшовчи аҳолидан бирортаси касалланса ёки қариса, тезда шаҳардан чиқарилиб, бошқа ороллар ёки Норвегиянинг жанубий ҳудудларига жўнатиб юборилади.
Ўқиганингиздек, бундай тақиқлар асосан ер етишмаслиги сабабли жорий қилинган. Дунё аҳолиси 1804 йилда 1 миллиард бўлган бўлса, ҳозир 8 миллиарддан ортиқ. Инсоният шу зайлда кўпайишда давом этар экан, ҳозирча айрим кичик ҳудудлардагина юзага келаётган ер муаммоси бир неча йиллардан сўнг бутун сайёрамизни қамраб олиши мумкин. Муаммо яқин йилларда дунёнинг бошқа шаҳарларида, жумладан бизда ҳам кузатилмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шундай экан одамлар фақат ўз роҳат-фароғатини ўйлаб ердан аёвсиз фойдаланмаслиги, келажак авлод ҳам бу ерда яшашда ҳақли эканлигини ўйлаб масъулият билан ёндашиши, ер ва ундаги ресурсларни асраши керак.
Нусратжон ҚОДИРОВ.
Oyina.uz
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ