Бир куни...
Этноцентризм (юнонча этнос – гуруҳ, қабила, халқ ва лотинча центрум – марказ, жамланиш) – этник онгнинг воқеликдаги ҳодисаларни ўз этник гуруҳи анъана ва қадриятлари нуқтаи назаридан баҳоланишини англатади. Этноцентризм ижтимоий ҳаётдаги воқеа-ҳодисаларга баҳо беришда этник стереотип ва қадриятлар асос қилиб олинишини билдиради. Бу атама ХХ аср бошларида америкалик психолог Самнер томонидан илмий муомалага киритилган. Унинг фикрича, гуруҳ ва қабила ичидаги муносабатлар унинг ташқарисидаги муносабатлардан жиддий фарқланади. Этноцентризм, бир томондан, этнос доирасидаги бирлик ва бирдамликни билдирса, иккинчи томондан, шу этноснинг бошқа этносларга нисбатан шубҳа ва душманлик билан қарашини англатади. Этноцентризм миллатчилик, уруғ-аймоқчилик, қабилачилик шаклларида намоён бўлади. Миллатчилик ўз миллатини бошқалардан устун қўйиш, бошқа миллатларга менсимай қараш, уларга ишонмаслик кўринишларида мавжуд. Миллатчилик буюк давлатчилик шовинизми ва мазлум миллат миллатчилиги шаклларида бўлиши мумкин.
Шовинистик сиёсат юритадиган давлатлар миллий манфаатлар ниқоби остида бошқа давлатлар, уларда яшайдиган миллатлар манфаатларини камситади. Мазлум миллатлар миллатчилиги эса мустабид тузумга, ҳукмрон миллатга қарши қаратилган бўлади. Шўролар тузуми доҳийси Ленин мазлум миллатлар миллатчилигини ижобий ҳодиса сифатида баҳолаган эди. Аслида бу миллатчилик фақатгина мустамлакачи давлатнинг миллатчилигига нисбатан прогрессивроқдир. Аслида эса, мазлумлар миллатчилиги ҳам салбий ҳодиса бўлиб, у ҳукмрон миллатга эмас, ҳукмрон давлат сиёсий тузумига қарши қаратилади. Бунда у миллатчилик хусусияти, яъни этник хусусиятини йўқотиб, соф сиёсий ҳодисага айланарди. Уруғчилик этноцентризмнинг кўринишларидан бири бўлиб, уруғнинг бошқа уруғлардан устунлигини эътироф этиш, унинг манфаатларини бошқа уруғ ва этник бирликлар манфаатларидан устун қўйиш шаклида намоён бўлади. Қабилачилик эса қабила манфаатларини бошқа қабилалар ва этник бирликлар манфаатларидан устун қўйишни билдиради. Уруғчилик ва қабилачилик, айниқса, феодализм тузуми шароитида авж олади. Масалан, Чингизхон давлатида ўзи мансуб бўлган қиёт уруғи, унинг амакиваччаси ва лашкарбошиси – Қорачор нўён мансуб бўлган барлос уруғи вакилларига катта имтиёзлар берилган эди. Мингбоши ва ундан юқорироқ лавозимларга фақат шу уруғларнинг вакиллари қўйилар, сипоҳсолор – лашкарбоши лавозимига эса фақат барлос уруғи вакиллари тайинланар эди. Бошқа уруғларнинг имтиёзлари йўқ ёки чекланган эди. Масалан, салжиутлар ва қирайтларнинг ҳуқуқлари чекланган бўлиб, уларнинг вакиллари ўнбошилик лавозимидан юқорироқ лавозимларга қўйилмас эди.
ХХI аср бошларида этноцентризм ҳодисаси ривожланаётган ва ривожланган мамлакатларда намоён бўлмоқда. Ривожланаётган мамлакатлардаги этноцентризмга Африка қитъасидаги Руанда давлатида хуту ва тутсилар ўртасида юз берган қонли тўқнашувларни мисол тариқасида келтириш мумкин. Бу тўқнашувларда юз минглаб одамлар фақат муайян қабила вакили бўлгани учун ўлдириб юборилди. Айрим ривожланган давлатлар томонидан дунёнинг турли бурчакларида ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ниқоби остида амалга оширилаётган ўзбошимчаликда этноцентризм юз бераётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Этноцентризмнинг зарарли оқибатларидан яна бири шундаки, у нафақат сиёсат ва давлатлараро муносабатларда, балки кўпмиллатли ва кўп элатли мамлакатларда шахслараро муносабатлар, илм-фан, санъат вакиллари ўртасидаги муносабатларда ҳам зиддиятлар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Ҳозирги глобаллашув жараёни этник чегаралардан ўтиб, маданий хилма-хилликни келтириб чиқараётган бўлса, иккинчи томондан, бошқа маданиятлар таъсирига қаршилик кўрсатиш мақсадида этноцентризмнинг кучайиши кўзга ташланмоқда. Шунга қарамай, глобаллашув шароитида маданиятлараро мулоқотнинг кучайиши, маданиятларнинг байналмилаллашуви этноцентризмнинг негизларига зарба беради ва унинг сусайишига олиб келади.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ