
Узоқ океан саёҳатдан сўнг, Америкага келганларни Озодлик ҳайкали кутиб олади. Бедлоу оролида қад кўтарган бу ҳайкалга янги дунё рамзи сифатида қарашади. АҚШ уни мустақиллигининг 100 йиллиги муносабати билан Франциядан совға сифатида қабул қилган. Лекин Америкадаги энг бой ва мафтункор аёллардан бири бу ҳайкалга “юзини берган”ини кўпчил билмаса керак. Унинг исми – Изабелла Бойер эди.
Изабелланинг ҳаёти ҳақиқий романга ўхшайди. У 20 ёшида тикиш машиналари ихтирочиси, 50 ёшли Исаак Зингерга турмушга чиқади. Унинг вафотидан сўнг эса Изабелла мамлакатдаги энг бой аёлга айланади.
Гўзал, бой, зеҳнли аёл – уни эътибордан четда қолдириб бўлмасди. Шу сабабдан ҳайкалга юз модели сифатида айнан унинг чеҳрасини танлашади. У Америка орзусининг тиниқ ифодасига айланганди.
Эркинлик рамзи бўлган бу аёл Парижда туғилган. Унинг отаси Африкадан келган қандолатчи, онаси эса инглиз эди. Янги туғилган қизалоққа “Изабелла” деб исм қўйишган (ўшанда гўзал исм гўзал тақдирга олиб боради, деб ишонишган). Аёллик жозибаси унда бенуқсон бўлган. Ёшлигидан моделлик қила бошлайди, аммо муваффақият учун гўзаллик етарли бўлмади – таниш-билиш ва тўғри муҳитга эҳтиёж сезилди. Шундай экан, у халқаро шаҳарларни “забт этиш” учун сафарга чиқади.
Орадан йиллар ўтиб, Изабелла голланд скрипкачиси, граф Виктор Ройбстетга турмушга чиқади. Бу билан у расман графиняга айланади. 40 ёшида ҳам жозибаси сўнмаган қаҳрамонимиз, энг сўнгги урфдаги кийимлари билан жамиятни ҳайратга соларди.
У тез орада элита йиғинларининг юлдузига айланди. Ана шундай кечаларнинг бирида машҳур ҳайкалтарош Огюст Бартольди билан танишади. Баъзи манбаларга кўра, Бартольди айнан Изабеллада “Озодлик” образини кўради.
Бартольди 11 метрли гипс ҳайкал яратишга киришади: бир қўлида машъал, иккинчисида мустақиллик Декларацияси ёзилган лавҳ. Кейинчалик бу гипс асосида 50 метрли мис ҳайкал яратилади. Бу учун 31 тонна мис бўлаклари керак бўлган.
Мазкур лойиҳада бошқа машҳурлар ҳам қатнашади. Масалан, машҳур муҳандис Гюстав Эйфель – металл конструкцияни лойиҳалаштирган. Генерал Шерман ҳайкал ўрнатилиши учун жой танлашда ёрдам берган. Журналист Жозеф Пулитцер эса газеталар орқали одамларни хайрияга ундаган.
Шу тарзда Бедлоу оролида антик, лекин юзи Изабелла Бойер-Зингерга хос бўлган ҳайкал қад ростлайди. Изабелла 62 ёшда, 1904 йилда Парижда вафот этади. Унинг юзи эса Америка орзусининг рамзига айланади.
Сарвар РАҲИМИЙ
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Қатра
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қомус
Қатра
//
Изоҳ йўқ