Этномаданият. Этник гуруҳ. Этник жараёнлар


Сақлаш
16:12 / 18.12.2023 0 522

Этномаданият – социология, антропология, маданиятшунослик, фалсафа, этнопсихология сингари қатор фанлар томонидан ўрганиладиган ҳар бир халқнинг муайян тарихий жараёнда шаклланадиган маданияти. Этномаданият умуминсоний қадриятлар, маданий ва ахлоқий анъаналарнинг битмас-туганмас манбаидир. Ҳар бир халқ маданияти уч таркибий қисмдан иборат бўлади:

1. Жаҳон маданиятининг таркибий қисми бўлган умуммиллий маданият.

2. Миллат таркибидаги турли ижтимоий гуруҳлар, ҳудудлар, маданиятларнинг ўзаро таъсири натижасида шаклланган маданият.

3. Турли ижтимоий гуруҳлар ва ҳудудлар маданияти.

 

Ўзбек этномаданияти жаҳон маданиятининг таркибий қисмидир. Айни пайтда унинг таркибида турли ҳудудлар этномаданияти мавжуд. Масалан, Хоразм этномаданияти, Фарғона водийси этномаданияти, Қашқадарё ва Сурхондарё этномаданияти ва ҳоказо. Этномаданиятнинг асосини қадриятлар ташкил этади. П.Сорокин таъбири билан айтганда, «Қадриятлар ҳар қандай маданиятнинг асоси ва пойдеворидир». Этник қадриятларнинг аксариятида умуминсоний қадриятлар ҳам акс этади. Масалан, ўзбек учун хос бўлган меҳмондўстлик қадриятида умуминсоний қадрият ҳам акс этган. Фарқи шундаки, меҳмондўстлик турли миллатларда турли даража ва шаклларда намоён бўлади. Этномаданият бир томондан, социумнинг таркибий қисми бўлса, иккинчи томондан, этнос яшайдиган табиат билан бевосита алоқадор. Шунинг учун ҳам шимол халқлари фольклорида музликлар, бепоён ўрмонлар акс этса, жануб халқлари оғзаки ижодида саҳролар, чўллар, қуёш тафти тараннум этилади. Этномаданиятнинг вужудга келиши этногенез билан параллел ва боғлиқ тарзда юз беради. Этноснинг пайдо бўлиши, шаклланиши ва тадрижи этномаданиятда акс этади. Ҳар бир халқнинг этногенези ўзига хос шакл ва усулда юз бергани учун унинг этномаданияти ҳам ўзига хос бўлади. Ҳар қандай этнос бошқа этнослар таъсирида ва улар билан ўзаро алоқада шаклланади. Ҳатто оролларда яшовчи қабила ва халқлар ҳам ташқи дунёдан мутлақо ажралган ҳолда ривожланмайди. Бу қабила ва халқлар, аввало, ўзаро, қолаверса, ташқи дунё таъсирида ривожланади. Худди шунингдек, этномаданият ҳам полиэтник муҳитда, яъни кўп ва турли этнослар маданияти таъсирида шаклланади ва ривожланади.

 

Этномаданият мавжудлиги ва ривожланиши ворислик орқали таъминланади. Лекин бу ворислик ирсий йўл билан эмас, ижтимоий тараққиёт жараёнида, кекса авлод томонидан маданий анъаналарни ёш авлодга сингдириш, узатиш орқали шаклланади. Этномаданият этник стереотипларда, анъана ва қадриятларда, фольклорда намоён бўлади. Этник ўзини ўзи англаш этномаданият асосида юз беради. Бу ҳол этномаданиятнинг халқлар ва миллатлар ривожланишида нақадар муҳим ўрин тутишидан далолатдир. Этномаданият бўлмаса, миллий ўзликни англаш мумкин эмас, демак, миллат ёки бошқа этнос мустақил этнос сифатида мавжуд бўла олмайди ва бошқа этнос маданиятига сингиб кетади. Миллий ўзига хослик, миллий характер, миллий менталитет негизида этномаданият ётади.

 

Этник гуруҳ – умумий этник ўзликни англаш қобилияти, умумий ном ва маданият белгиларига эга бўлган ҳамда бошқа жамоалар билан мунтазам алоқаларга киришувчи инсонлар гуруҳини англатувчи тушунча. Этник гуруҳ этнографик гуруҳдан фарқ қилиб, анча кенг ва мавҳум тушунча ҳисобланади ва кўпинча бир-бирлари билан ўзаро яқин бир неча халқлар гуруҳини (масалан, туркийлар, славянлар ва ҳоказо) англатади. Этник гуруҳни анча тор доирада тушунувчи қарашлар ҳам мавжуд. Уларга кўра, этник гуруҳ бирор-бир халқ (қабилалар уюшмаси, элат)нинг парчаланиб, алоҳида қисмларга бўлиниб кетиши натижасида вужудга келади. Этнографик гуруҳдан этник гуруҳнинг фарқини қуйидагича изоҳлаш мумкин: ўз халқи (қабила, элат)дан ажралиб чиққан гуруҳ бошқа халқ таркибига кириб, узоқ муддат яшаб, шу халқнинг тили, хўжалик фаолияти, урф-одатлари, турмуш тарзини қабул қилиб, унга батамом сингиб, ўзини шу халқ номи билан атайдиган бўлиб қолади. Аммо шу билан бир қаторда, бу гуруҳ ўз этник номини ўтмишда қайси қабила, элатга мансуб бўлганини, баъзи анъаналарини сақлаб қолган бўлади. Масалан: қипчоқлар XIX аср иккинчи ярми – ХХ аср бошларида ўзбек халқи таркибида (ўз лаҳжалари, турмуш тарзи, маданий ҳаётидаги баъзи хусусиятларини сақлаб қолганликлари туфайли) этнографик гуруҳ бўлган бўлсалар, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, туркман, бошқирд ва бошқа халқлар таркибида улар (қипчоқлар) этник гуруҳ ҳисобланган. Шунга ўхшаш, қанғли, уйшун ва бошқа уруғлар ҳам юқорида номи қайд этилган халқлар таркибида мавжуд бўлган. Булар ўз этник номларини қайси халқ орасида яшасалар, ўша халқ (қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, туркман, бошқирд ва бошқа) номлари билан аташган. Ажралиб чиққан этник қисм, бошқа этносларга қўшилмасдан ўзи мустақил этник гуруҳ бўлиб қолиши ҳам мумкин. Вақт ўтиши билан унинг таркибига айрим бошқа этник гуруҳлар қўшилиб, йирик қабила иттифоқини ташкил қилади. Бунга XIII–XIV асрларда Дашти қипчоқда яшаган қипчоқ этник гуруҳи мисол бўла олади. Этник гуруҳларнинг узоқ яшаб қолишида улар урф-одатлари билан бирга маънавиятларига тегишли элементларнинг кучлилиги ҳам муҳим роль ўйнаган. Тарихда кичик бир этник гуруҳнинг ўз маънавий бойлиги билан катта-катта инсоний бирликларни ўзига сингдириб юборганини исботловчи далиллар ҳам кўп учрайди. Баъзан маълум бир этник гуруҳга мансуб маънавий қадриятларнинг бир бутун халқлар қадриятларига айланганини кўриш мумкин.

 

Этник жараёнлар у ёки бу этнос (этник бирлик) билан боғлиқликда кечадиган барча ўзгаришларни ифодаловчи тушунча. Этник жараёнлар кенг қамровли тушунча бўлиб, этнос билан боғлиқ генетик, лингвистик, психологик, хўжалик-иқтисодий, маданий ва маънавий ўзгаришларни ўз ичига қамраб олади. Этник жараёнлар икки хил вазиятда: бўлиниб кетишга ҳамда бирлашишга мойил вазиятларда намоён бўлади. Этник жараёнларнинг биринчи кўриниши учун илгари бўлинмасдан келган этносдан бир неча этник гуруҳларнинг ёки унинг маълум бир бўлагининг ажралиб чиқиши натижасида алоҳида мустақил этноснинг ташкил топиши характерлидир. Бирлаштирувчи этник жараёнлар эса аксинча, турли мустақил этносларнинг ўзаро яқинлашуви, бирикиши ва аралашиб, қоришиб кетиши ҳолатларида намоён бўлади. Мутахассислар фикрича, этник жараёнларнинг бу кўриниши мазмун-моҳияти билан турли мустақил этнослар орасидаги муносабатлардан иборат, шундай экан, бу жараёнларни яхлит ҳолда этнослараро жараёнлар сифатида ҳам тушуниш мумкин. Демак, этнослараро жараёнлар этник жараёнларнинг ўзига хос бирлаштирувчи кўринишидир.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 29
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//