Бир куни...
Энг буюк жасорат – маънавий жасорат тушунчаси, унинг асл маъноси эса ана шу майдондаги тинимсиз кураш, қийинчиликларни енгиб, инсонга хос улуғворлик, покликни асраб ўта олишдан иборат. Оддий ўт-ўлан ҳаёт учун курашиб, тош қотган ер бағрини ёриб чиқади, ҳар бир жонзот ўз наслини сақлаш учун курашади. Жасорат намуналарини кўрсатади. Инсон ҳаёти ҳам ана шундай тинимсиз курашдан иборат. Аммо инсонга бошқа жонзотлардан фарқли ўлароқ буюк неъмат – ақл ато этилган, руҳият берилган. У нафақат жисми, балки кўпроқ руҳияти талаблари билан яшайди, онгли ҳаёт кечириш учун ички дунёси, маънавий оламига суянади. Айни маънавий тамойиллар асосида одамзод қадим-қадимдан дунёни диалектик идрок этиб, икки куч – ёруғлик ва зулмат, яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги доимий кураш сифатида талқин этиб келган, эзгуликка интилиб яшаган. Дунёдаги кўп халқларнинг эртагу ривоятларида қаҳрамонлар айричорраҳа йўлга рўбарў келадилар ва дунё неъматларини, нафси талаб этган нарсаларни ваъда қилган йўлни эмас, балки фақат «борса-келмас» йўлини танлайдилар. Бунга адолат ва эзгулик рамзи сингдирилиб, шу йўлга кирган инсоннинг маънавий қудратини, ўзидан, ҳузур-ҳаловатидан кеча олишини англатади. Жаҳон цивилизацияси, ана шу энг буюк жасорат, азму шижоат, маънавий жасорат соҳибларини улуғлаб, шарафлаб келган. Ёзувчи Е.Шварц таъбири билан айтганда, ҳаммаси тугашини била туриб, севишга жазм этганларга, умрининг ўткинчилигини била туриб, эзгулик учун курашганларга шон-шарафлар ўқиганлар.
«Ҳар куни, ҳар соатда фидойи бўлиш, ўзини томчи ва томчи, заррама-зарра буюк мақсадлар сари чарчамай, толиқмай тинимсиз сафарбар этиб бориш, бу фазилатни доимий, кундалик фаолият мезонига айлантириш – ҳақиқий қаҳрамонлик аслида мана шу». Яқинлар учун, ўзгалар учун, инсоният учун, бутун борлиқ учун жон куйдириш ёки азиз жонини фидо қилиш учун инсон метин иродали, буюк қалб эгаси бўлиши керак. Юнон афсоналаридаги Икар каби ҳалок бўлишини била туриб, қуёшга, ёруғликка, буюк орзулар сари парвоз қилиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Аммо инсоният тараққиётини ҳар доим айнан ана шундай одамлар йўлга қўйганлар, шулар тарих ғилдирагини олға силжитганлар. Улардаги энг буюк жасорат одамлар учун ибрат мактаби бўлган. Эрк ва озодлик йўлида энг буюк жасорат кўрсатган миллий қаҳрамонларимиз Тўмарис, Широқ, Спитамен биз учун ибрат бўла олади. Инсоният тараққиёт йўлларини белгилаган буюк кашфиётлар, одамларни руҳан покланиш, қалбан улғайишга даъват этган фан, маданият, санъат ва адабиёт ва бошқа бунёдкорлик дурдоналари ана шундай маънавий жасорат меваларидир. Суқрот яратган илм, унинг инсон ва жамиятга доир фалсафаси мана қарийб 2,5 минг йил мобайнида Шарқу Ғарб алломаларини руҳлантириб келмоқда. Унинг ҳаёти ва ўлими тарихи инсон руҳий қувватининг чинакам рамзига айланган. Одоб ва ахлоқни фалсафий теран тадқиқ қилган Суқрот ҳокимият томонидан айбланиб, ўлим жазосига ҳукм этилади. Шогирдлари унга қамоқдан қочиб жонини сақлаб қолишни таклиф этишганда, у бундан воз кечади. Суқрот учун қамоқдан қочиш ўзи тарғиб қилган ва ўзи бутун умр риоя этган қоидаларга, Ватанга хиёнат бўлар эди. Зеро, унинг қатъий фикрича, ҳар қандай, ҳатто энг юксак ва адолатли мақсад ҳам, унга эришмоқ йўлидаги паст ва жиноий воситаларни оқламайди. Шарқу Ғарб илмининг ривожига кучли таъсир ўтказган, Шарқ илм-фанида «устоди аввал» (биринчи муаллим) деган шарафли ном олган Афлотун нафақат илм-фан, балки маънавий жасорат бобида ҳам Суқротнинг муносиб шогирди бўлди.
Инсониятнинг бугунги тараққиёт даражасини Николай Коперник, Жордано Бруно, Галилео Галилей, Кампанелла каби олимларнинг кашфиётларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ваҳоланки, масалан, черков тазйиқларига учраган Ж.Бруно жонини сақлаб қолиш учун ўз кашфиётидан воз кечса, тавба қилса бас эди. Аммо у бундай қилмади ва ўтда куйдирилди. Худди шундай, ўнлаб Европа алломалари жаҳолат қурбонлари бўлишди. Марказий Осиёда ҳам юзлаб ана шундай энг буюк жасорат соҳибларини санаб ўтиш мумкин. Хусусан, Хоразм Маъмун академиясида фаолият кўрсатган Абу Наср ибн Ироқ, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд Хўжандий, Аҳмад ибн Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад ибн Ҳамид Найсабурий каби алломаларнинг фидойилиги туфайли Шарқ зиё масканига айланди. Уларнинг илмий кашфиётлари, машаққатли меҳнат ортида яратган асарлари жаҳон илм-фанининг ривожига беқиёс ҳисса бўлиб қўшилди. Илоҳий ишқ йўлида энг буюк жасорат кўрсатган Мансур Ҳаллож, Насимий, Машраб кабиларни бугунги авлод ёдидан чиқармайди. Эл-юрт мустақиллиги йўлида ўз жонини фидо қилган Нажмиддин Кубро ёки Жалолиддин Мангубердиларнинг жасоратисиз, мамлакатни ривожлантириш, давлатни мустаҳкамлашга умрини бахшида этган Амир Темурсиз, халқ фаровонлиги, жамият барқарорлиги ҳақида қайғурган Алишер Навоийсиз, Ватан ишқи билан буюк салтанатни яратган Заҳириддин Муҳаммад Бобурсиз ўзбек халқининг тарихи ва буюк келажагини тасаввур этиш мумкин эмас.
ХХ асрнинг кўп халқлар учун қайғули тарихида ҳам бундай улуғ сиймолар кўп. Масалан, Ҳиндистонда миллий озодлик кураши унинг раҳбарларидан бири, атоқли мутафаккир, файласуф «Маҳатма» («Буюк қалб») тахаллуси орқали машҳур бўлган Ганди номи билан боғлиқ. Ганди муаммоларни ҳал этиш воситаси сифатида ҳар қандай урушларни инкор этган. Шунинг учун Ганди номи бугунги кунда нафақат Ҳиндистонда, балки бутун дунёда тинчлик, ижтимоий ҳамкорлик динлараро бағрикенглик ғояларининг рамзига айланган. Ўлка тарихига қайтилса, Ўзбекистон мустақиллигининг илк тамал тошларини қўйган истиқлол фидойилари – жадидларнинг маънавий жасорати ибрат мактаби бўлди. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир каби юзлаб маърифатпарварлар Туркистон ўлкасини Чор мустамлакачилигидан халос этиш, юртни тараққий топтириш йўлида ўз ҳузур-ҳаловатидан воз кечдилар, керак бўлса азиз жонларини қурбон қилдилар. Тарихдан маълумки, Чор ҳукуматининг мустамлака ўлкалардаги сиёсатини шўролар давом эттирди. Бу сиёсатнинг асл моҳияти халқларни, хусусан ўзбек халқини тарихдан айириш, ўзлигини йўқотиш, ўлкани хом ашё базасига айлантиришдан иборат эди. Шунинг учун халқнинг миллий тарихи, орияти, маданиятини ҳимоя қилишга ҳаракат қилган ҳар қандай инсонга «халқ душмани», «ватан хоини» каби тамғалар босилиб, қатағон қилинди. Шундай таҳликали даврда ҳам ўзбек зиёлилари халқнинг орияти ҳимоясига отланиб, фидойилик кўрсатишди, бу йўлдаги қийинчилик ва таъқиблардан руҳан букилмай дадил туришди. Шундай шахслар қаторида Абдулла Қодирий, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода, Саид Аҳмад, Шукрулло сингари шоир ва ёзувчилар, Яҳё Ғуломов, Иброҳим Мўминов каби ўнлаб, юзлаб олимларнинг номларини келтириш мумкин. Масалан, археолог олим Яҳё Ғуломов собиқ Иттифоқ даврида Ўзбекистонни яхлит пахта даласига айлантириш сиёсати туфайли қаърида тарихий обида ва ёдгорликлар яширинган тепаликлар текисланишига қарши чиқади. Шу туфайли тазйиққа учраганда ҳам олим ўз ҳаётий ва илмий қарашларидан воз кечмади.
Тарих ва келажак олдида масъулиятини ҳис этиб тизимга, унинг бемаъни сиёсатига мардона қаршилик кўрсатган шундай инсонлар туфайли ўзбек халқининг бой тарихий мероси келажак авлодлар учун сақланиб қолинди. Инсон ҳаётида шундай дамлар бўладики, шахсий дард-аламлар юки уни эзиб ташлайди, руҳий ёки жисмоний дарддан дунё қоронғу бўлиб кетади. Бундай пайтларда фақат катта юрак, букилмас ирода эгаларигина ўзини унутишга қодир бўлади. Атоқли ўзбек шоираси Зулфия, ҳассос олим Озод Шарафиддинов ана шундай маънавий жасорат соҳибларидандир. Умр йўлдоши, ҳаётидаги суянчиғини бевақт йўқотган Зулфия айрилиқ ва ҳижрон азобларига бардош берди, ғам-андуҳ ва ҳасратларини матонат билан енгди, ўз ижоди, шеърияти орқали энг эзгу туйғуларни одамларга улашди. Умрини таълим-тарбия, илм-фанга бахшида этган Озод Шарафиддинов эса умрининг сўнгги йилларида касалликка дучор бўлди, бир неча оғир операцияларни бошидан ўтказганига қарамай, тушкунликка тушмади, ўз дарди билан ўралашиб қолмади ва ижодий фаолиятини бир зумга ҳам тўхтатмади. Халқ келажаги, Ватан истиқболи учун курашиб, ёниб яшаган ана шундай қаҳрамонлар энг буюк жасорат тимсолидир.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ