Эзгулик


Сақлаш
16:12 / 12.12.2023 0 433

Эзгулик – маънавий-ахлоқий категориялар орасидаги энг муҳим тушунчалардан бири. Эзгулик инсон фаолиятининг асл моҳиятини англатади, Тангри иродасининг инсон қалбидаги тажассуми сифатида намоён бўлади. «Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал» ғояси «Авесто»дан тортиб барча муқаддас китобларда етакчи ўрин эгаллаши ҳам шундан. Эзгулик инсонга энг кучли маънавий лаззат бағишлайдиган, уни ижтимоий шахсга айлантириб, чинакам бахт сари етакловчи фазилат; шахсни комилликка, жамиятни эса юксак тараққиётга етказувчи юксак қадрият. У инсоннинг ахлоқий фаолияти туфайли муайянлашади, юзага чиқади. Уни синфийлик ёхуд партиявийлик қобиғига ўраш мумкин эмас. Чунончи, «синфий душман»ни, яъни бирор-бир шахсни ёки гуруҳни фақат бошқа синфга мансуб бўлгани учун жисмонан йўқотиш, қанчалик бўяб-бежалмасин, эзгулик бўлолмайди. У том маънодаги ёвузликдир. Тоталитар тузумлар мафкурасида эзгуликни бундай талқин этишнинг ноилмийлиги, сохталиги ҳозирги кунда ҳаммага аён. Эзгулик ва ёвузлик одатий, кундалик ҳаёт мезонлари билан ўлчанмайди, улар ҳам «муҳаббат» ва «нафрат» тушунчалари сингари қамровлилик ва ижтимоийлик хусусиятига эга.

 

Эзгуликнинг ахлоқий идеал билан боғлиқлиги шундан. Шу туфайли у амалиётда қаҳрамонлик, ватанпарварлик, инсонпарварлик, жасурлик сингари тамойилларни ўз ичига олади. «Муҳаббат» ва «нафрат» жуфт тушунчасида улар бир-бирини инкор этмай, аксинча, унинг барқарорлигидан далолат берса, эзгулик ва ёвузлик жуфтлигида ҳар икки тушунча бир-бирини тамомила инкор этибгина қолмай, улар ўртасида ҳаёт-мамот кураши кетади ва бу абадий кечадиган жараён сифатида оламни ҳаракатга келтирувчи куч тарзида намоён бўлади. Эзгулик ва ёвузликнинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, бу жуфт тушунча инсон фаолиятини баҳолаш хусусиятига эга. Уларни инсон табиатидаги эзгулик ва тубанликни ўлчайдиган ўзига хос тарозига ўхшатиш мумкин. Инсоннинг комиллиги, жамиятнинг маънавий такомилга эришган-эришмагани шу мезон билан ўлчанади. Айни пайтда ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатадики, ҳар қандай тараққиёт маҳсулидан икки хил мақсадда – эзгулик ва ёвузлик йўлида фойдаланиш мумкин. Агарки башарият тарихини, унинг тафаккур ривожини тадрижий равишда кўздан кечирадиган бўлсак, ҳаётда инсонни камолотга, юксак марраларга чорлайдиган эзгу ғоя ва таълимотлар билан ёвуз ва зарарли ғоялар ўртасида азалдан кураш мавжуд бўлиб келганини ва бу кураш бугун ҳам давом этаётганини кўрамиз. Чунончи, Ленин, Сталин, Гитлер, Пол Потларни ёвузлик тимсоллари, собиқ шўролар иттифоқини эса «Ёвузлик салтанати» деб баҳоланиши бунинг ёрқин мисолидир.

 

Эзгулик ахлоқ категорияси бўлиб, ахлоқий баҳонинг энг умумий шаклидир. Эзгулик ўзида ижобий нарса, воқеа-ҳодисалар, жараён ва вазият ҳамда фазилатларни мужассам этади. «Авесто» китобида зардуштийлик илоҳи Аҳура Мазда – эзгулик, яхшилик, ҳаёт, ёруғлик тимсоли сифатида намоён бўлади. Эзгулик ҳақидаги тасаввурлар халқдан-халққа, асрдан-асрга, авлоддан-авлодга ўтиб шаклланиб келган. Эзгуликнинг маъно-моҳияти ёвузликка қарши курашда ўз ифодасини топади. Ёвузлик ҳамиша ҳам яққол намоён бўлмайди, баъзан у эзгулик ниқобида ҳам кўриниши мумкин. Буни англаб етиш кишидан огоҳлик ва ҳушёрлик, зийраклик ва лоқайд бўлмасликни талаб этади. Эзгулик ахлоқий баркамоллик негизидир. У олижаноблик, меҳр-оқибат, самимийлик, сахийлик, беғараз туйғуларда ўз ифодасини топади. Умуман олганда, эзгулик ижтимоий, шахсий хулқ-атвор ва хатти-ҳаракатни маънавий жиҳатдан баҳолашнинг муҳим мезонидир.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 29
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//