Шарқ ренессанси


Сақлаш
22:12 / 05.12.2023 0 505

Шарқ ренессанси – Шарқ маънавий-маърифий, маданий ҳаётидаги Уйғониш, яъни Шарқ халқлари ривожининг юксалиш даврлари. Шарқ ренессансини икки даврга бўлиш мумкин. Биринчиси – Марказий Осиёда мўғиллар истилосигача бўлган давр, у ал-Бухорий, ал-Хоразмий, Форобий, Беруний, Ибн Сино каби қомусий олимлар, астроном ал-Фарғоний, Бухоро тарихчиси Наршахий, мутафаккирлар Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Хожиб ва бошқа номлари ва ижодлари билан боғлиқ. Бу даврда яшаган мутафаккирларнинг деярли барчаларига қуйидаги хусусиятлар хос: маданиятнинг ўтмишда эришган ютуқларини, хусусан, қадимги юнон, ҳинд, Хитой меросини чуқур ўрганиш ва уни ижодий ривожлантириш; табиатни ўрганишга қизиқишнинг ортиши ва табиий фанлар тарёти (астрономия, география, математика, риёзиёт, тиббиёт ва ҳоказо); рационализм, яъни ақлни ҳақиқат мезони сифатида тан олиш ва бунинг натижасида мантиқни ривожлантириш; ақидапарастликни рад этиш ва ҳурфикрлиликнинг ривожланиши; инсонпарварликни улуғлаш, инсоннинг ахлоқий, маънавий гўзаллигини, камолотини Аллоҳнинг юксак инъоми сифатида талқин этилиши; сўз санъатига муҳаббат; илмий асарнинг бадиий шаклига алоҳида эътибор берилиши; қомусий билимларга эга бўлишлик. Бу даврда яшаган мутафаккирлар фан ва санъатнинг кўп соҳаларини чуқур билган алломалар бўлган. Бу даврда Яқин Шарқда ал-Маъмун халифалик қилган вақтда (813–833) давлат илм-маърифатнинг ўсишига ёр дам берди. Бағдодда, сўнгра Дамашқда астрономик обсерваториялар қурилди. Бағдодда «Байт ул-ҳикма» («Донишмандлик уйи») ташкил этилди. Бу илм даргоҳларида Ўрта Осиёлик олимлар фаол иштирок этдилар.

 

ХI аср бошларида Хоразмда машҳур «Маъмун академияси» ташкил қилинди. Бу ерда Беруний атрофига ўша замоннинг бир гуруҳ олимлари, жумладан, Абу Али ибн Сино, Абу Наср бин Ироқ, шунингдек, файласуф Абу Саҳл Масиҳий, табиб Абулхайр Ҳаммор ва бошқа олимлар жам бўлиб, кўплаб илмий изланишлар олиб бордилар. Бу даврда табииёт илми, пантеистик фалсафа билан бирга ислом илоҳиёти ҳам кенг ривожланди. Муҳаддис сифатида бутун мусулмон оламида машҳур Имом Бухорий, Имом Термизий, калом таълимотининг асосчилари Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний ва Абу Ҳомид Муҳаммад Ғаззолийлар ислом дини ривожига катта ҳисса қўшдилар. Иккинчи Ренессанс Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар сулоласи ҳукмронлик қилган (XIV–XVI асрлар) даврга тўғри келади. Бу даврда яшаб, ижод этган олим ва мутафаккирлар Саъдиддин Тафтазоний, Мир Саййид Шариф Журжоний, Муҳаммад Тарағай Улуғбек, Ғиёсиддин Жамшид ал-Коший, Алоуддин Али ибн Муҳаммад Қушчи, Абдураҳмон Жомий, Лутфий, Низомиддин Мир Алишер Навоий, Камолиддин Ҳусайн Воиз Кошифий, машҳур тарихчилар Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд ва Хондамир, рассомлар Камолиддин Беҳзод ва шоҳ Музаффарларнинг номлари дунёга машҳур бўлган. Бу даврда давлатни бошқаришда дин ва тасаввуф қоидаларига алоҳида эътибор берилган. Аҳмад Яссавий ва Баҳоуддин Нақшбанд таълимотлари маънавият ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Илм-фан ривожланди, меъморчилик санъати юксак даражага кўтарилди. Амир Темур Кўксарой масжиди, Шоҳизинда, Бибихоним мадрасасини қурдирди. Кешда (Шаҳрисабз) Оқсарой барпо этилди. Мирзо Улуғбек даврида Регистонда, кейинчалик Бухоро ва Ғиждувонда мадрасалар, Бибихоним масжиди, Гўри Амир мақбараси, Улуғбекнинг фалакиёт расадхонаси қурилди.

 

Илм-фан, хусусан, фалсафа мантиқ илми ривожига катта эътибор берилди. Бунинг натижасида XIV–XV асрдан бошлаб ислом мадрасаларида мантиқ илмини ўқитиш ҳуқуқ ва тилшунослик фанлари билан боғлиқ ҳолда олиб борилди. Буюк фалакиётчи олим ва давлат арбоби Муҳаммад Тарағай Улуғбек математика, астрономия, геометрия, тарих, кимё ва бошқа соҳаларда илмий тадқиқот олиб борди. Унинг энг машҳур асари «Зижи жадиди Кўрагоний»да 1118 юлдузнинг ўрни ва ҳолати аниқлаб берилган. Улуғбек Қуёш ва Ой ҳаракатларини, уларнинг тутилиш вақтларини тўғри ҳисоблаб чиққан. У атрофига иқтидорли ёшларни тўплаб, ўзининг илмий мактабини яратди. Шарқ Ренессанси II даврида яратилган фалсафий, бадиий тафаккур ривожининг ёрқин намунаси Алишер Навоий ижодида ҳам ўз ифодасини топган. Мустақиллигимиз туфайлигина миллатимиз ва жаҳон маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган Шарқ Уйғониш даврини илмий, холис ўрганиш, баҳолаш имкони пайдо бўлди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 61
“Қозонди” феълидаги “қозон” ҳақида

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 111
Маржумакдан шўрва қилиб бўладими?

Биласизми?

15:02 / 28.02.2025 0 81
Маймунжон, парманчак ва болдирғон

Биласизми?

14:02 / 28.02.2025 0 79
Хўжайин бўлолмаган хўжағат

Биласизми?

12:02 / 27.02.2025 0 99
Етти ва ҳафта



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 8904
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5233
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4843
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4277
Тинчлик

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 3622
Миллий урф-одатлар

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3537
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3118
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

//